Мессининг рекордини янгилаган Боян Кркич ҳозир қаерда?
28 май 2021 11:53
Янгиликлар
Мессининг рекордини янгилаган Боян Кркич ҳозир қаерда?
Клубнинг бир муддат жаҳонда тенгсиз бўлишига "Ла Масия" тарбиялаб берган олтин авлоднинг ўрни беқиёс. Пике, Хави, Иньеста, Месси ёки Бускетс ҳақида кўп ва хўб гапирилган. Академияда улар билан бирга тарбия топган, истиқболи ҳам юқоридаги футболчилар сингари ёрқин бўлиши кутилган яна юзлаб футболчилар борки, бугун эсланмайди ҳам. Шундайлардан бири Сербиядан Каталонияга кўчиб борган Боян Кркичдир. У кўк-аноррангли либосда дебютини 17 ёш-у 19 кунлигида нишонлаб, Лео Мессининг бу борадаги рекордини янгилаган эди. Гвардиоланинг "Барселона"сида 162 ўйинда 41 та гол урган форвард Испаниянинг турли ёшдаги терма жамоаларида ҳам мунтазам равишда ўйнарди. Эътиборли жиҳати, Кркич "Барса" таркибида 100-ўйинини ўтказган энг ёш ўйинчи ҳам ҳисобланади. Ла Лига тарихида эса ундан яхшироқ натижани фақат 2 футболчи қайд этган: афсонавий Раул ҳамда Хосеба Эччеберриа.
Бироқ, каталон клубида сояда қолишни истамаган Боян 2011 йилда А Серияга кўчиб ўтди ва шу орқали ўз оёғига "болта урди". "Рома" ва "Милан"даги 2 йиллик фаолият, "Барселона"га қайтиш, "Аякс", Бундеслига, "Сток Сити" — Кркич буларнинг ҳеч бирида порлай олмади.
Оқибатда, 2019 йилнинг ёзида Европадан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Канаданинг "Монреал Импакт" жамоаси учун 22 ўйинда 7 гол урган ҳужумчи жорий йилнинг бошида эркин агентга айланди. Аммо, ҳозирча янги клубини топганича йўқ.
Хориж матбуотининг таъкидлашича, Кркич янги мавсумни Франциянинг ўртамиёна жамоаларидан биридан бошлайди. Маълумот учун, у айни пайтда 30 ёшда ва бу пайтга келиб, еврофутболнинг энг яхши форвардларидан бирига айланиши тахмин қилинган эди.
Фикрлар