Бир ўйин тарихи. Отаси мураббийлигидаги жамоага ғалаба голини урган ўзбекистонлик легионер

Оқил Абдубарноев
22 апр 2026, 16:30
Ушбу воқеа Ўзбекистон чемпионатининг 2004 йилги мавсумига тайёргарлик доирасида юз берган.

Бир йиллик танаффусдан сўнг элитага қайтган Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби 30 январь куни Тошкентда Қозоғистоннинг "Ордабаси" жамоаси билан ўртоқлик ўйинида куч синашган. Қизиқарли воқеаларга бой бўлган мазкур баҳсда чимкентликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Ўша вақт ичида жиззахликлар таркибида бир қатор янгиланишлар юз берган эди. Хусусан, чимкентликларга қарши баҳсда Шуҳрат Асатов ("Нефтчи"), Станислав Прохоров ва Мурод Жалилов (ҳар иккиси – "Гулистон") майдонга тушишган. Бироз аввалроқ эса "Металлург"дан Фарҳод Мавлонов ва Тимур Галеев ҳам келиб қўшилган эди.

Бунгача Фарғонада йиғин ўтказиб, сўнг Ўзбекистон пойтахтига етиб келган "Ордабаси" таркибида эса тўрт нафар ўзбекистонлик футболчи ҳаракат қилган: Муртазоев, Собиров, Ни ва Павлов. Муртазоев ва Собиров "Ордабаси" сафида аввалги йилдан буён ўйнаб келаётган бўлса, Ни ва Павлов жамоага яқиндагина келиб қўшилган эди. Бундан ташқари, чимкентликлар таркибида яна бир қатор ҳамюртларимиз – Сергей Андреев ("Нефтчи"), Ёқуб Маматов ("Цементчи"), Азиз Ҳошимов ("Қайсар") ва Баҳодир Абдураимов ("Самарқанд-Д") кўрикдан ўтаётган эди.

Қизиғи шундаки, мазкур учрашувдаги ғалаба келтирувчи ягона голни "Сўғдиёна" бош мураббийи Суюн Муртазоевнинг ўғли Спартак киритган. У ўйиннинг 44-дақиқасида боши билан йўллаган зарбаси орқали тўпни Шарипов қўриқлаётган дарвоза тўрига жойлаб қўйган ва ўз отаси бошқараётган жамоанинг мағлубиятига сабабчи бўлган.

"Сўғдиёна" – "Ордабаси" 0:1
30 январь. 2004 йил.

"Сўғдиёна": Шарипов, Бекетов, Усмонов, Асатов, Прохоров, Зокиров, Жалилов, Мавлонов, Дўрмонов, Алиқулов, Галеев.
Захирадан тушганлар: Аҳмедов, Жабборов, Ҳайитов, Шихов.
Гол: Муртазоев (44).

Спартак Муртазоевнинг футболчилик фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, у ўз карьераси давомида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қатор клубларида тўп тепган. У турли йилларда "Сўғдиёна", "Пахтакор", "Қизилқум", ОКМК ва "Динамо" каби ўзбек клублари шарафини ҳимоя қилган. Қозоғистон чемпионатида эса "Ордабаси"дан ташқари "Ясси Сайрам" ҳамда "Атирау" жамоаларида фаолият юритган. Футболчилик фаолиятини эса 2010 йилнинг бошида Самарқанднинг "Динамо" клубида якунлаган.

Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›