"Ювентус"дан кетма-кет 10 ғалаба ёхуд Пауло Дибала порламоқда
18 янв 2016 15:18
Новости
"Ювентус"дан кетма-кет 10 ғалаба ёхуд Пауло Дибала порламоқда
Массимилиано Аллегри бошчилигидаги "Ювентус" жамоаси А Сериядаги дастлабки турларини жуда нурсиз ўтказганди ва бир қатор мағлубиятларга учраганди. натижада эса "Юве" турнир жадвалининг қуйи поғоналаригача тушиб кетган пайтлар ҳам бўлганди.
"Ювентус"ни бир қатор етакчилари - Тевез, Видаль, Пирло каби футболчилари тарк этганидан сўнг Аллегри жамоани янгитдан тузишни бошлаб юборганди. Аллегри "Ювентус" ўйинига янгича нафас олиб киргунга қадар жамоа бир қатор учрашувларда муваффақиятсиз ўйнади. Бироқ Аллегри тўғри йўлдан кетаётганини исботлади ва "Ювентус" тезда ўзини ўнглаб олиб, ғалабали серияларини бошлаб олди. "Юве"га янги келиб қўшилган футболчи Марио Манжукич, Симоне Заза, Пауло Дибала каби ҳужумчилар жамоа ўйинига мослашиб кетишди. Ҳужум чизиғи бутунлай янгилангани боис мавсум стартида бу борада муаммолар бўлганди. Айни пайтда эса янги ҳужумчилар ҳам ўз ўйинларини топиб олишди. Симоне Заза майдонга тушаётган баҳсларда ишончни оқламоқда, голлар урмоқда. Марио Манжукич эса жуда муҳим ўйинларда жамоа жонига оро кирмоқда. Умуман Марио Манжукич ҳар доим жамоасининг ҳал қилувчи голларини уришни яхши кўрадиган ҳужумчилар сирасига киради. Мавсум аввалида жуда катта пуллар эвазига "Палермо"дан сотиб олинган ёш истеъдодли ҳужумчи Пауло Дибала "Ювентус"да порлашни бошлаб юборди. Ушбу вундеркинд "Ювентус"нинг сўнгги ўйинларидаги ғалабаларига катта ҳисса қўшмоқда. Ёш иқтидор соҳиби "Ювентус"нинг кетма-кет 10та учрашувда ғалаба қозонишига бош сабабчилардан бири бўлмоқда.
Пауло Дибала сўнгги 10 ўйинда еттита гол киритиб, бешта голга ҳаммуаллифлик қилди.
Дибала ушбу мавсумда Италия чемпионатида жами 11та гол уриб, тўпурарлар пойгасида Игуаиндан кейин иккинчи поғонада кетмоқда.
"Ювентус" қайтди, Дибала порламоқда...
Комментарии