Улуғбек Бакаев: "Селекция ишлари бошлаб юборилган. Таркибдаги бир қанча футболчиларнинг кетиши аниқ"
19 мая 2023 23:44
Новости
Улуғбек Бакаев: "Селекция ишлари бошлаб юборилган. Таркибдаги бир қанча футболчиларнинг кетиши аниқ"
- Биринчи бўлимда ҳам иккинчисида ҳам зўр ўйнадик. Яхши вазиятлар яратдик. Гол уриш учун барча ишни қилдик, гол урдик ҳам. Нима сабабдан голни ҳисобламаганини тушунмадим, ҳакамлар ўзаро суҳбатлашиб, оффсайд қарорини чиқаришди. Тушунарсиз ҳолат. Улар оффсайдни қай тариқа аниқлашганини билмадим. Голдан кейин бир қанча ўзгаришлар қилдик ва бу ўйлашимча, муваффақиятсиз бўлди. Ўйинга қайтадан кираётганимизда иккинчи голни ўтказиб юбордик. Футболда ким гол урса, ўша ютади. Демак, футболчиларимнинг бугунги даражаси шундай. Демак, йил бошида селекция ишларини амалга оширган инсонга юзланиш керак. Айрим футболчилар эса умуман жамоа даражасида эмас. Баъзилар эса ҳаракат қилишмоқда. Бугунги кунда ҳолатимиз шундай. Ўз навбатида клубдаги ҳолат ҳам яхши эмас. Йигитларга ўйин учун раҳмат айтаман. Навбатдаги ўйинларга тайёрланамиз.
- Жамоага келганингиздан буён беш ҳимоячилик тактикада жамоани ўйнатяпсиз. Бу қаналик фойда бермоқда. Балки эътиборни ҳужум ва марказий ярим ҳимояга бериш керакдир...
- Биз қўл остимиздаги футболчиларнинг даражасидан келиб чиқяпмиз. Яъни, таркибдаги футболчиларнинг имконияти, қўлидан келадиган ишларига қараяпмиз. Бугун ушбу футболчилар билан шундай ўйин кўрсатиш мумкин ва биз қандайдир даражада меҳнатимиз мевасини кўряпмиз. Ўтган ўйинда ҳам биз мағлуб бўлмаслигимиз керак эди. Шунингдек, бугун ҳам. Футбол шунақа. Жамоанинг қандай тактикада ўйнаши футболчиларнинг маҳорати, устамонлигига боғлиқ. Бугунги кунда "Бухоро" футболчиларининг даражаси шундай тактикада ўйнаш учун етарли. Бунда ҳам ўсиб, ривожланса бўлади. Барчаси натижа кўрсатиш учун. Натижа - очко беради. Натижа - мухлисларга хурсандчилик тақдим қилади ва ҳоказо. Шу сабабли ҳолат шундай. Мухлислар нуқтаи назаридан олиб қарасак, улар бизни, футболчиларни қўллаб-қувватлаши ёқимлироқ бўларди. Бундай гапларни эшитиш унчалик яхши эмас.
- "Бухоро"нинг ҳисобга олинмаган голи жамоага қанчалик таъсир қилади деб ўйлайсиз?
- Рухий томондан бу албатта, таъсир қилади. Агарда гол инобатга олинганида ўйин даражаси бошқача бўлиб кетарди. Футболчиларнинг рухияти кўтариларди. Шунингдек, хавфлироқ ўйин намойиш қилардик. Унинг таъсири катта бўлади. Балки, бугун ютқазмасдик. Аммо барчаси бунга боғлиқ эмасди. Тўғриси, бунга баҳо бериш жуда қийин. Чунки биз ҳакам эмасмиз. Ҳакамлар қўмитаси бор, назорат қилишади. Гол ҳисобланмадими, демак, сабаби бор. Агарда гол ҳисобланганида, балки, 2:0, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлармидик...
- Ўтган интервьюларингизда таркибга олиб келинадиган футболчилар рўйхатини тузиб олишга вақт бор дегандингиз. Ҳали ҳам шу фикрдамисиз ёки трансферлар учун ишлар бошлаб юборилганми?
- Селекция ишлари бошлаб юборилган. Буни яшириб ўтирмайман. Таркибдаги айрим футболчиларнинг кетиши аниқ бўлган. Чунки бу таркибни мен йиғмаганман. Директор, спорт директори бу борада ишлаяпти. Бу бизнинг ишимиз эмас. Ҳолатимиз оғир, трансферлар орқали вазиятдан чиқиб кета олишимиз мумкин. Барчаси яхши бўлади.
- Жамоанинг ўнг қанот ҳимоясида муаммолар пайдо бўла бошлади. Мавсум бошида ўнг қанотда Ихтиёр Тошпўлатов ҳаракат қилаётганди. Сиз келганингиздан кейин у ўйинларга тушмай қўйди. Балки уни синаб кўриш керакдир.
- Агарда ёдингизда бўлса, у "Бунёдкор"га қарши ўйнаганди. Ким ўйинга тушишга лойиқ бўлса, ўша майдонга тушади. Футболчининг рухий, жисмоний ҳолати яхши бўлганлар ўйнайди. Лойиқ бўлмаганлар эса йўқ. Бу оддий арифметика.
- Мухлисларга айтадиган сўзларингиз борми?
- Сабр қилишингизни, футболчиларни, жамоани қўллаб туришингизни истайман ва биз Сизларга ҳали хурсандчиликлар тақдим қиламиз.
Комментарии