Тўрт грандлар жанги ёхуд премьер-лигадаги кучли тўртлик қандай кўринишга эга бўлади?
26 мар 2019 12:20
Новости
Тўрт грандлар жанги ёхуд премьер-лигадаги кучли тўртлик қандай кўринишга эга бўлади?
Қисқа танаффусдан кейин яна миллий чемпионатлар ўйинларига қайтамиз. Кучли бешлик чемпионатларининг баъзиларида чемпионлик масаласи ҳал бўлиб улгурган бўлса, баъзиларида эса юқори даражадаги интрига ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Биз бугун эътибор қаратмоқчи бўлган Англия Пример-лигасида ўзгача шиддат билан чемпионлик ва Чемпионлар Лигаси учун кураш кечмоқда. Лигадан тушиб кетувчи жамолар деярли аниқ. Фақатгина учинчи йўлланмага эга бўлиб қолмаслик учун жадвалнинг қуйи қисмида баҳс қизимоқда. Лекин бу мавсум Туманли Албионда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш ҳар доимгиданда ўзгача давом этяпти. Айниқса, сўнгги турларда “Тоттенхэм” ва “Челси”нинг кетма-кет мағлуб бўлиши, “Арсенал”нинг эса “Манчестер Юнайтед”ни Эмирейтсда мағлуб этиши оловга гўё мой сепгандек бўлди. Чемпионлик учун курашувчи икки жамоа номи аниқ. Қолган икки йўлланма учун тўрт гранд жамоа даъвогарлик қилмоқда. Ҳа-я, икки Лондон жамоасида Европа Лигаси деб аталмиш захира имконияти ҳам мавжуд. Келинг, масалага оптимистик тарзда ёндашиб, жамоаларнинг Чемпионлар Лигасига илиниш имкониятини чамалаб кўрамиз.
"Тоттенхэм" — ўйин 30, ўрин 3, тўплар нисбати +25, очко 61.
“Шпорлар” тақдирнинг бу ишларига биринчи навбатда ўзларини айбдор сифатида ҳис қилишлари керак. Чунки Ҳарри Кейн сафга қайтишидан олдин жамоа чемпионлик учун курашаётган ва яхшигина имконият ҳам ҳосил қилаётган эди. Жамоа тўпурарининг қадами ёқимсиз келдими, хуллас, клуб ҳозирда тўртинчи ўриндан ҳам тушиб кетиш хавфида қолган. Жадвалга эътибор берадиган бўлсак, “Тоттенхэм” яқин таъқибчиси “Арсенал”дан 1 очко олдинда, лекин жамоа келаётган турда Энфилдга сафар қилади ва катта эҳтимол билан учинчи ўринни қўлдан бой беради. Қолган турларда жамоа беш бора ўзининг майдонида ва уч марта сафар баҳсларида майдонга тушади.
Топ-6 жамоаларига қарши “шпорлар” “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” жамоаларига қарши меҳмонда майдонга тушишади. Чемпионлик учун курашаётган бу икки гигант ўз уйида шимолий лондонликларни аяб ўтиришмаса керак. Бундан ташқари, жамоа “Борнмут” майдонига ҳам сафар қилади. Бу ҳам Маурисио Почеттино шогирдлари учун бошоғриқ бўлиши мумкин. Қолган баҳсларда эса “шпорлар” ўзларининг янги қурилган ва очилган стадионларида майдонга тушишади ва асосан турнир жадвали ўрталаридаги ва ҳеч қандай мотивацияга эга бўлмаган жамоаларга қарши ўйнашади. Бу баҳсларни “товуқлар” ўз фойдаларига қийинчиликсиз ҳал этишса керак. Дарвоқе, жамоа ҳозирда Европа Чемпионлар Лигасида ҳам юришни давом эттирмоқда ва бу ҳолат жамоанинг ички чемпионат ўйинлари натижасига салбий таъсир этиши ҳам мумкин. Боиси, “товуқлар” нинг заҳираси потенциал рақибларига қараганда унчалик ҳам узун эмас. Европа Чемпионлар Лигасидаги рақиб ҳам кимсан – “Манчестер Сити”!
Мавсум охиридаги тахминий ўрни: 5-ўрин
"Арсенал" — ўйин 30, ўрин 4, тўплар нисбати +22, очко 60.
Унаи Эмери шогирдларининг мавсум бошидаги ўйинлари ва мағлубиятсиз серияларини томоша қилган мухлислар икки мавсумлик танаффусдан сўнг Чемпионлар лигасига қайтиш ҳақида орзу қила бошлашди, лекин ҳаммаси мавсум ўртасига келиб жуда тез якунланди ва жамоа олтинчи ўрингача шўнғиб кетди. Навбатдаги турда жамоа учинчи ўринга чиқиб олиши кутиляпти. Сабаби улар ўз уйларида “Нюкасль”ни қабул қилишади. Улардан олдинги поғонадаги “шпорлар” эса айтиб ўтганимиздек Энфилдга сафар қилишади. “Тўпчилар”нинг қолган рақибларидан устун жиҳатлари шундаки, улар қолган турларда топ-6 жамоаларига қарши майдонга чиқишмайди. Устига-устак уларнинг таркибидаги жароҳат олганлар тикланиб боришмоқда. Месут Ўзил атрофидаги муаммолар ҳам ҳал бўлди. Жамоа грандларга қарши ўйнашни ҳам ўрганиб олгандек. Жамоа учун ортиқча куч сарфланишига сабаб бу Европа лигасидир. Бу ерда эса уларни “Наполи” га қарши оғир ӯйинлар кутиб турмоқда. Лекин Унаи Эмери ўзининг севимли турниридан Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун осонгина кечиб юбормаса керак. Устига-устак бу ерда ҳам Чемпионлар лигаси йўлланмаси ўйналмоқда. Примьер-лигада эса тўртинчи ўринни ҳеч ким кафолатламайди. Жамоа таркиби эса ҳар иккала турнирда муваффақиятли қатнашиш учун етарлича узун.
Бевосита чемпионатдаги ўйинларга тўхталадиган бўлсак, “канонирлар” уч марта ўз майдонларида саф тортишса, беш марта сафар ўйинларида майдонга чиқишади. Айнан шу нарса жамоанинг оёғидан чалиши мумкин. Чунки “Арсенал” бу мавсум том маънодаги уй жамоасига айланиб қолди. Сафар ўйинларида улар ўзларига умуман ўхшамаяптилар. “Вулверхемптон”, “Лестер”, “Эвертон” каби жамоаларга қарши сафардаги баҳслар ҳар қандай рақибни ҳам сергаклантириши аниқ. Бу ўйинларни Унаи Эмери шогирдлари фақат класс эвазига ўз фойдаларига ҳал қилишлари мумкин.
Мавсум охиридаги тахминий ўрни: 3-ўрин
"Манчестер Юнайтед" — ўйин 30, ӯрин 5, тўплар нисбати +18, очко 58.
Ҳа, чиндан ҳам Оле Гуннар Сулшернинг келиши жамоага тўла мос тушди. Сабаби айнан унинг келишидан сўнг жамоа ҳеч кимдан қўрқмай қуйди. Натижалар эса бир маромда кета бошлади. Мағлубиятсиз серия эса уларнинг потенсиал рақиби “Арсенал”га қарши баҳсда тўхтади. Умуман олганда “МЮ” охирги ўйинларда муаммоларга дуч келмоқда. Бу жамоанинг “Саутгемптон”га қарши ўйинида ҳам билинди. Бунга жамоадаги жароҳатлар эпидемияси ҳам сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, Чемпионлар лигасида “ПСЖ” га қарши ўйинда “қизил иблислар”нинг таркибига ҳавас қилиб бўлмас эди. Фақат “МЮ”да керакли пайтда ўйинни ўз қўлига оладиган ўйинчи топиляпти. Агар раҳбарият Жозе Моуриньога чиқиш эшикларини кўрсатмаганда, жамоа ҳозир нечанчи ўринда кетаётган бўлишини “Манчестер Юнайтед” фанатлари ҳатто тасаввур қилишга ҳам қўрқсалар керак. Лекин яхшиямки, уларнинг бахтига раҳбарият вақтида “беназир”ни истеъфога чиқарди( ҳа, айнан бежизга истеъфога чиқарди сўзига урғу берилмаяпти. Шахсан, менинг фикримча “Юнайтед”нинг ўйинида Сулшернинг имзосидан кўра ўйинчиларнинг кайфияти юқорилигининг таъсири сезилмоқда).
“Қизил иблислар”нинг навбатдаги ўйинлар жадвалига эътибор қаратар эканмиз, уч марта сафарда ва бешта “Олд Траффорд”да кечиши керак бўлган ўйинларга кўзимиз тушади. Нисбатан қулайроқ тақвим, шундай эмасми? Лекин, шу уйдаги ўйинларнинг иккитасини улар “Манчестер Сити” ва “Челси”га қарши ўтказадилар. Тўғри “Челси” ни Олд Траффордда мағлубиятга учратишни жамоа уддалайди, лекин чемпионлик учун аёвсиз курашаётган пайтдаги ҳамшаҳарларининг қаршилигини синдириш осон бўлмайди. Иккинчидан, “Эвертон” ва “Вулверхемптон” га қарши кечиши керак бўлган сафар ўйинлари ҳам Оле Гуннар Сулшер шогирдлари учун осон кечмайди. Бундан ташқари жамоа Европа Чемпионлар лигасига ҳам эътибор қаратишга мажбур. Кўзи кўр бўлган қуръа уларни дейлик “Порту” рўпара қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳолда, “Барселона”ни танлади. Лекин жамоа “ПСЖ” қарши ўйиндаги иродасини кўрсата олса, буни ҳам уддаласа бўлади. Лекин бунинг учун жуда катта куч сарф қилинади. Бу эса Примьер-лига ўйинларига таъсир этиши шубҳасиз. “Вулверхемптон”, “Манчестер Сити”, “Барселона”га қарши иккита учрашув… Хуллас, “Манчестер Юнайтед”ни қўрқинчли апрель кутмоқда.
Мавсум охиридаги тахминий ўрни: 4-ўрин.
"Челси" — ўйин 30, ўрин 6, тўплар нисбати +17, очко 57.
Мавсум бошидаги тахминларга кўра бу мавсум “Челси” чемпионликка асосий даъвогарлардан бири бўлиши керак эди. Умуман, “Аристократлар” мавсумни ҳам ёмон бошлашмаган эди. Қатор ғалабалардан кейинроқ пасайиш яққол кўзга ташланди. Бу эса, асосан, кийиниш хонасидаги муаммолар билан боғлиқ. “Кўклар” да азалдан уюшган кийиниш хонаси мавжуд. Эҳ, кимларни истеъфога чиқариб юборди бу кийиниш хонаси. Навбатдаги қурбон кўп эҳтимол билан Маурисио Сарри бўлади. Футболчилар мураббий билан келиша олишмаса, очиқчасига у учун ўйнамай қўя қолишади. “Челси”да шунақа. Италиялик мураббийнинг ҳам тактикаси “кўклар”га мос тушмаслиги тўғрисида ёзишмоқда. Айниқса унинг Нголо Кантенинг позитсиясида ўзининг эски қадрдони Жоржиньони ўйнатаётгани кўпчиликка манзур эмас. Мутахасисларнинг ҳам фикрида жон бор, чунки “Лестер Сити” ва ундан кейин чемпионликка эришган “Челси”нинг ҳам асосий мотори Канте эди-да.
Жамоа муаммоларига яна бир сабаб бу мавсум аввалидаги нотўғри трансфер сиёсати ҳам дейиш мумкин. Сабаб, жамоа учун битта “қотил” ҳужумчи керак эди. Алваро Мората ва Оливе Жиру кўпроқ иккинчи заҳирадаги ҳужумчи ролига мос тушишади. Узоқ карвонга ўхшайдиган ва ҳар қадамда қароқчилар ҳужумига дуч келиш мумкин бўлган примьер- лигада эса жамоалар учун “қотил” ҳужумчи ҳаммасидан ҳам керак. Гонсало Игуаин эса анча кеч олиб келинди.
Муаммолар гирдобига тушиб қолган “Челси” ҳали ҳам ундан чиқиб кета олганича йўқ. Жамоа охирги ўйинни унчалик ҳам кучли кўринмаётган “Эвертон”га бой берди ва ўз аҳволини ёмонлаштириб юборди. Ҳозирда жамоада ҳисобида 57 очко ва улар навбатдаги баҳсларнинг тўрттасини уйда ва тўрттасини сафарда ўтказади. Айниқса,”Манчестер Юнайтед”га қарши Олд Траффорддаги ва мавсум охирларида Энфилддаги ўйинлар “аристократлар”га осон бўлмаслигини кўрсатмоқда. Бундан бир неча мавсум олдин ҳеч қандай мотивациясиз “Челси” Энфилдда Стивен Жерарднинг чемпионлик орзусини тортиб олганди. Бу сафар ҳам айнан шундай ҳолат, лекин тарих яна такрорланиши даргумон. Чунки бу сафар бундай ишларга устаси фаранг бўлган Жозе Моуриньо жамоада эмас. Қолган баҳсларда эса лондонликлар турнир жадвалининг ўртароғидаги жамоалар билан баҳс олиб борадилар. Лекин айнан ўртамиёна “Борнмут” “Челси”га жавобсиз тўртта гол урганини эсдан чиқармаслик керак. Шунингдек элитада қолиш учун ҳаракат қилаётган “Кардифф Сити” га қарши сафардаги баҳс ҳам осон кечмайди.
Мавсум охиридаги тахминий ўрни: 6-ўрин.
Маъмуржон Ибрагимов тайёрлади
Комментарии