Шомуродовнинг омади нимада?
06 авг 2021 14:13
Новости
Шомуродовнинг омади нимада?
Шомуродовнинг "Рома"га ўтиши бир пайтлари Илёс Зейтуллаевнинг "Ювентус"га қўшилишидан тубдан фарқ қилади. Зейтуллаевни кўпчилик "Ювентус"га ўтганидан сўнг таниган бўлса, Шомуродов кўз ўнгимизда улғайди. Зейтуллаев олий лигада ўйнамасдан хорижга йўл олганди, Элдор эса иккинчи лига, биринчи лига, кейин олий лигада ҳам тўп тепиб қадам-бақадам юқорига кўтарилиб борди.
"Машъал"да ишлаб юрган кезларим Элдор ҳали академияда таҳсил олар ва асосан Қашқадарё вилоят биринчилиги мусобақаларида майдонга тушиб турарди. Муборакка келгач, дастлаб Отажон Авезов қўл остида шуғулланишни бошлаган Шомуродов кейинчалик Дилшод Андаев мураббийлигида футбол сир-асрорларини ўргана бошлади.
Айтиш мумкинки, Элдор Шомуродов учун энг катта мактаб бу "Машъал" академияси бўлган. Негаки у Муборакда фақат тўп тепиб қолмасдан, мактабга қатнади, доим мураббийлар назоратида бўлди ва академия биносида истиқомат қилиши катта таъсир ўтказган. Шомуродов билан бирга таҳсил олган футболчилардан бир нечта яхши ўйинчилар етишиб чиққани ҳам шундан далолат.
Шомуродовнинг болалар футболидан сўнг биринчи омади бу унинг "Машъал"га келгани деб ҳисобласак, иккинчи омади "Бунёдкор"га ўтгани бўлди. Унинг фаолиятига Муборакда Александр Хомяков ҳам катта таъсир кўрсатган. "Бунёдкор"да эса Сергей Лушан билан ишлаши иккинчи бор омади чопгани бўлди. Сергей Лушан ёшлар билан яхши ишлай оладиган мураббий бўлгани Шомуродовнинг янада ўсишига хизмат қилди.
Унинг "Ростов"га - Валерий Карпин қўл остига йўл олиши ҳам айни муддао бўлди. Кўриниб турибдики, Карпин ҳам ёшлар билан ишлашни хуш кўрадиган мураббий экан. Уч йил шу жамоада фаолият олиб борган Элдор сўнгра кўпчилик орзу қиладиган Италия "А" сериясига йўл олди. Албатта, "Женоа" кучли клуб эмасди, бироқ у бошқа етакчиларга трамплин вазифасини ўтаб бериши мумкин эди. Ва якунда шундай бўлди ҳам.
Элдор "Женоа"га борганида бирданига ўйинга қўшилиб кета олмади. Кейинчалик жамоада бош мураббий ўзгариб, Давиде Баллардиненинг келиши яна Элдор фойдасига хизмат қилди. Бу мураббий қўл остида ҳамюртимиз ўзини анча эркин ҳис қила бошлади ва кўпроқ майдонга тушиб, голлар ҳам урди.
Мана энди Шомуродов бу мавсумдан фаолиятини "Рома"да давом эттиради, яна кимсан машҳур Жозе Моуриньо қўл остида. Менимча, Элдор янги жамоасида захирада ўтириб қолмайди ва кўп ўйинларда майдонга тушиб, голлар уради.
Элдор Шомуродовнинг энг асосий омади шундаки, у ҳар доим тўғри жамоада, тўғри мураббийлар билан ишлагани. Ҳар бир футболчининг ўз мураббийи бўлади деймиз. Бу томондан Элдорга омад кулиб боқмоқда дея оламиз. Ва албатта, унинг футболчи оиласидан чиққани ҳам ижобий таъсирга эга. Хусусан отаси Азамат ака ўз вақтида футболчи бўлган, акаси Санжар ҳам яхши футбол ўйнаган. Қолаверса, амакилари Отабек Шомуродов "Сурхон"да, Илҳом Шомуродов "Машъал" ва "Насаф"да ёрқин фаолият олиб борганини биласиз.
Қиссадан ҳисса шуки, бизда иқтидорлар кўп, фақат ҳамма гап уларни тўғри тарбиялашда. Бу ўринда футболчилардан ҳам кўп нарса талаб қилинади. Асосий таркибда бир-икки тушиб гол урса ҳаволаниб кетмаслик, ўзини юлдуз санамаслик ва доим мураббий гапларига амал қилиш. Чунки ҳеч бир мураббий шогирдини ёмон бўлсин демайди.
Шу ўринда яна бир шахсий фикримни айтиб кетсам. Хоҳлардимки, футболчиларимиз иложи борича савияси биздан паст чемпионатларга бормасин. Малайзия, Бангладеш, Вьетнам, Таиланд, Ҳиндистон, Латвия, Литва, Беларусь - бу чемпионатларни мен Ўзбекистон Суперлигасидан кучли деб ўйламайман.
БАА чемпионати кучлими? Бир нарса дейиш қийин, лекин арабларда пул кўп, футболчи футболчи сифатида ўсадими конкрет гап айтиш мушкул. Масалан, Саудия Арабистони чемпионати бошқа гап. Уларда олий лига ҳақиқатан кучли. Қатарда иккита зўр клуб бор: "Ал Садд" ва "Ал Дуҳайл". Иордания, Қувайт чемпионатлари ҳам биздан кучли эмас.
Шу ўринда Элдор Шомуродов ҳаммадан зўр бўлгани учун "Рома"га ўтди демаган бўлардим. Тўғри, у кучли, бироқ терма жамоамизда ўз позицияси бўйича ундан кучсиз бўлмаган футболчилар ҳам бор. Масалан, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков - булар маҳорат бобида Элдордан кам эмас. Фақат улар Осиёни танламай, Европага ошиққанида балки ҳозирги пайтга келиб яхши-яхши клубларда ўйнаётган футболчиларимиз кўпроқ бўлиши мумкин эди.
Шундай экан, футболчиларимиздан пулга қизиқиб ким кўп берса, дарҳол ўшанинг олдига югурмай сал фикр-мулоҳаза қилишларини сўраб қолган бўлардик. Тўғри, ҳаёт ҳар кимнинг ўзиники, ҳеч ким борма, пул ишлама, шу ерда қолиб Европадан таклиф кут деб тақиқ қўя олмайди. Ҳозир Осиёда бир қанча давлатлар футболчиларга маош бериш бўйича биздан анча ўзиб кетганини ҳам биламиз. Лекин у ерга борган билан футболчининг савияси ўсиб қолмаётгани ҳам бор ҳақиқат. Демак, бу ниҳоятда жиддий мавзу бўлиб, ЎФА ҳам беэътибор бўлмаслиги керак.
Кимдир "карьера" қилгиси келади, кимдир куч борида ишлаб қолгиси. Элдор пулнинг ортидан қувмади, сабр қилди ва ўз меҳнати билан шу даражага етди. Яхши ўйнашда давом этса, пул энди унинг ортидан қувади. Лекин ҳамма ҳам Элдор бўла олмайди. Кимгадир кучсиз чемпионатдан мўмай пул эвазига таклиф ҳам имкон борида қандингни ур тарзида ишлаб қолиши мумкин. Лекин бу иккинчи томондан терма жамоамизнинг халқаро майдондаги натижаларига салбий таъсир қилишини унутмайлик.
Комментарии