RU

Последние новости

20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  0 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  4 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  18 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  30 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  4 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  8 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14 16:49Эшитдик-да! "Андижон" икки нафар легионер билан шартнома имзолайди   17 16:33"Нефтчи" Билолхон Тошмирзаев билан шартномани узайтирди  1

Санъат Шарипов: Болалар футболига кўз юмиб, ЖЧга чиқиш – маънисизлик! Новости

Санъат Шарипов: Болалар футболига кўз юмиб, ЖЧга чиқиш – маънисизлик!

Сайтимиз ўқувчилари ҳукмига кеча ўзбекистонлик таниқли агент Санъат Шариповнинг Жанубий Африка футбол ассоциациясидаги фаолияти билан боғлиқ суҳбатнинг биринчи қисмини ҳавола қилгандик.

Бугун сизларга мазкур суҳбатнинг 2-қисмини тақдим этамиз. Биринчи қисмга ҲАВОЛА.

- Санъат, маълумки, ЖАРда регби ҳам жуда оммавийлашган. Футбол регби билан рақобатда қандай қилиб устун келмоқда?

- Иккала спорт тури ҳам росаям баланд рейтингга эга. Шунингдек, крикетнинг ҳам ихлосмандлари кўп. Тўғри, футбол бироз олдинроқда. Регби оқ танли аҳоли орасида, футбол эса кўпроқ қора танли аҳоли орасида катта обрўга эга.

Футболни реклама ва тарғиб қилиш, миллионлар ўйинидаги маркетинг ва мерчендайзинг, ҳомийлар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, ўйинларни бир нечталаб ТВ-каналларда аввалига ҳафталар давомида анонс қилиш, кейин эса он-лайн тарзда трансляция қилиш, ишқибозлар билан ишлаш, уларни стадионларга жалб этиш йўлидаги тадбирлар, турли хил атрибутикалар ишлаб чиқариш ва уларни мухлислар учун қулай тарзда сотиш, чипталар савдосини ҳамма учун қулай ва эркин ҳолда ташкил этиш... Буларнинг барчаси Европа даражасида олиб бориляпти. Маркетинг бўйича алоҳида жалб этилган компаниялар ишлаяпти, бу борада федерациянинг ўзи ҳам алоҳида ишлаяпти. Ҳар бир стадион ўйин кунлари байрамона ва кўзни қувнатадиган ҳолда ранг-баранг қилиб безатилган. Стадион атрофида диджейлар мусиқа орқали футбол шайдоларига аъло кайфият улашишяпти, турли кўнгилочар ўйинлар, робот қўриқлайдиган дарвозага тўп тепишлар, ҳар хил ҳомий компаниялар томонидан ташкил этилган совринли ўйинларда мухлислар тўп, футболка, сувенирлар, юмшоқ ўйинчоқлар ютиб олишяпти, овқатланиш шоҳобчалари, одамлар ўйингоҳга оилалари билан оқиб келишяпти... Хуллас, ишқибозлар учун барча шароитлар муҳайё. Шунинг учун ҳам стадионлар доимо тўлдир. Масалан, бу ерда янги чемпионат бошланишидан аввал, ҳар йилги анъанага кўра, мавсумни Carling Black Label Cup учун учрашув очиб беради. Худди бизнинг Суперкубок ўйини янги чемпионатдан олдин ўтказилиши каби. 30 июль куни “Соккер Сити” стадионида мамлакатнинг энг машҳур икки жамоаси - “Кайзер Чифс” ва “Орландо Пайретс” тўқнаш келишди. Ўйинда “Кайзер” 2:0 ҳисобида устун келди ва кубокни қўлга киритди. Шу куни стадионга 80 мингдан ошиқ мухлис келди. Ўша-ўша овози жарангдор машҳур вувузелалар. Уларнинг овози кўпчиликка ёқмасада, африкаликлар уларни мароқ билан чалишмоқда. Стадиондаги муҳит худди ЖЧ-2010 пайтидаги манзарани ёдга солади (Изоҳ: Carling Black Label Cup-2016нинг ташкил этилиши, бориши, стадиондаги муҳит ва тақдирлаш маросимига оид 5 дақиқали видеони мана бу ҳаволадан кўришингиз мумкин - https://www.youtube.com/watch?v=b2mmSvGTthg).


- Жанубий Африка футбол ассоциацияси таълим йўналишида қандай янгиликларга қўл урган?
- Биласизми, мени ҳайрон қолдирган нарса, федерацияда ҳар ҳафта турли катта-катта семинарлар уюштирилади. Уларда иштирок этишга бутун мамлакат бўйлаб мутахассислар таклиф этилади. Ўқув семинарларини хориждан чақиртирилган миллионлар ўйинидаги машҳур кишилар ўтказишмоқда. САФА бу борада Германия ва Голландия футбол уюшмалари билан қалин ҳамкорлик ўрнатган. ФИФА ва Африка футбол конфедерациясидан ҳам мутахассислар тез-тез келиб туришади. Мисол учун, яқинда ҳамма Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебаснинг семинарида клублар футболини ривожлантиришга доир лекцияларни тинглади. Ўша семинарда мен ҳам қатнашдим ва ўзим учун жуда ҳам муҳим бўлган билимларни олдим.

Потенциал ҳомийлар билан учрашувлар уюштириш мунтазам равишда йўлга қўйилган. Ҳар ҳафта ҳомийларни федерация ўзи ташкил этадиган тантанали кечки овқатларга таклиф этиб, маросим мобайнида томонлар келгуси режаларни “пишириб олишади”.

Ўз навбатида, маҳаллий мураббийлар ва клубларнинг менежерлари, медиа-офицерлари, маркетинг мутахассислари “Бавария”, “Аякс”, “Манчестер Юнайтед” каби клубларга бориб, иш ўрганиб қайтишяпти. Масалан, Ла Лига президенти билан учрашувда 5-6 нафар мутахассисдан иборат жанубий африкалик бир гуруҳ мураббийларнинг яқин орада (мавсумда бир ойлик танаффус бўлган маҳалда) “Барселона”, “Атлетико” Мадрид, “Мальорка”, “Эспаньол” клубларига тажриба орттириш учун бориб келишлари масаласи кўтарилди.


- ЖАРда клублар футболи даражаси қанчалик ривожланган?
- Менга ёққани, 90 фоиз клублар барча ишчи-ходимлар, мураббий ва футболчиларга маошларни ўз вақтида беради. Футболчиларга иш ҳақи тўлаш бўйича ЖАР дунёдаги кучли ўнталикка кирар экан. Бу ерда ҳам ойликлар сезиларли тарзда баланд.

PSL (Professional Soccer League) офиси федерацияникидан алоҳида. Шаҳарнинг умуман бошқа қисмида жойлашган. ПСЛ 5та лигадан иборат: Премьер-лига (16 клуб), Миллий Биринчи дивизион (16 клуб), Иккинчи дивизион (144 клуб), Регионал лига (832 клуб), Минтақавий футбол ассоциация лигаси (1.600дан ортиқ клуб). Эътибор беринг, бу жуда катта тизим. Анча-мунча манаман деган давлатлар футболида ҳам бундай бахайбатликни кузатмаймиз.

ПСЛ бир мавсумда тўртта мусобақа ўтказади. Чемпионат (умумий мукофот жамғармаси 2.065.000$), мамлакат кубоги (1.421.000$), Лига кубоги (994.000$), Кучли саккизлик кубоги (952.000$). Ҳар бир мусобақанинг ўз титул ҳомийси бор. Шунга мос равишда, ушбу мусобақалар ҳомийлар номи билан номланади: Чемпионат - ABSA Premiership (ҳомийси – Британиядаги Barclays Bankнинг Жанубий Африкадаги ABSA филиали), Кубок - Nedbank Cup (банк), Лига кубоги - Telkom Knockout Cup (интернет провайдер), Кучли саккизлик кубоги (аввалги мавсумда энг юқори 8 ўринни эгаллаган жамоалар ўртасида ўйналади) – MTN 8 (уяли алоқа оператори).
Нафақат премьер-лиганинг, балки барча турнирлардаги ҳар бир иштирокчи баҳслар якунларига кўра албатта мукофот пуллари билан тақдирланади. Мукофот пулларининг миқдори жамоаларнинг эгаллаган ўринларига қараб белгиланади.


Қуйидаги жадвалда 2014/2015 йиллардаги чемпионатда (биргина чемпионатнинг ўзида!) жамоалар қанчадан мукофот пули олганини кўришингиз мумкин.

Ўрни            

Клуб

Мукофот пули ($)                

1

Kaizer Chiefs

700.000

2

Mamelodi Sundowns            

350.000

3

Bidvest Wits

210.000

4

Orlando Pirates

140.000

5

Ajax Cape Town

105.000

6

SuperSport United

91.000

7

Bloemfontein Celtic

77.000

8

Maritzburg United

70.000

9

Free State Stars

52.500

10

Black Aces

49.000

11

Platinum Stars

45.500

12

Polokwane City

42.000

13

University of Pretoria

38.500

14

Chippa United

35.000

15

Moroka Swallows

31.500

16

AmaZulu

28.000



ПСЛнинг бир қанча ишчилари бир пайтлар ФИФАда ҳар бири 4-5 йилдан фаолият олиб боришган мутахассислар. Улар билан ПСЛнинг обрўсини ошириш анча осон кечмоқда. Ҳатто Африканинг кўп давлатлари футбол хўжалигини юритишни ЖАРга келиб ўрганиб кетишяпти.

Жамоаларда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилган. Ҳамма клублар ўйинчилари бақувват, жисмонан жуда кучли футболчилар эканлиги шундоққина кўриниб турибди.

- ЖАР термаси аъзоларининг бир қанчаси бугунги кунда Бельгия, Дания, Туркия, Франция, Голландия, Руминия лигаларидаги “Локерен”, “Брондбю”, “Генчлербирлиги”, “Лилль”, “Аякс”, “Твенте”, “Динамо” Бухарест каби клубларда тўп суришяпти. Бундай трансферларни амалга оширишга улар қандай эришишмоқда?
- Аввало, футболчи чиндан ҳам кучли бўлса, уни Европага тавсия этишга ҳамда ўйинчини олмоқчи бўлган клубга уни чақиришга аслида ҳеч ким ўйланиб ўтирмайди. Иккинчидан, жанубий африкалик футболчилар ва уларнинг клублари раҳбарлари биринчи ўринга молиявий манфаатни қўйишмас экан. Терма жамоанинг эртасини ўйлаб ва ўсишни кўзлаган ҳолда, улар, биринчи галда, рақобат баланд бўлган сиз санаб ўтган ўша лигаларга жон деб кетишяпти. Бизда-чи? Сардор Рашидовга мен орқали ҳам Осиёнинг гранд клублари чиқишганди. Шу билан бирга, унга Франциянинг “Нант” клубидан ҳам таклиф бор бўлган. Аммо “Бунёдкор” ва Рашидов “Нант” томонидан туҳфа этилган шароитларга қиё боқишмади. “Ал Жаиш” вариантини афзал кўришди. Лекин, қаранг, жаҳон тан олган Марио Балотелли ҳам “Нант”дан кўра машҳурроқ бўлмаган “Ницца”га ўтишни ўзига сира уят санамаяпти-ку! Ўтган йили Забиҳилло Ўринбоевга Португалиядан, “Пасуш де Феррейра” клубидан таклиф олиб келдим. Бироқ “Бунёдкор” клуби уни қўйиб юбормади. Ёки Достонбек Ҳамдамовни олайлик. У Осиёнинг 2015 йилдаги энг яхши ёш футболчиси деб топилганидан сўнг, мен истеъдодли ярим ҳимоячимизни “Кўҳна қитъага” олиб чиқмоқчи бўлдим. Лекин, афсуски, у музокараларга жиддий киришмади. Достон ишимни ҳал қиладиган у одамим бор, бу одамим бор деб, вақтни чўзди. Унга фақат ва фақат омад тилайман! Унинг тақдири қандай кечишини, легионер мақомини қайси давлатда олишини кузатамиз. Диёрбек Туропов билан Сардор Собирхўжаевни ЦСКА (Москва)га кўрикка обориб келдим. Ўтишолмади... Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги ЖЧларда қатнашиб, анча тобланган, бунинг натижасида, 2014-2015 йилларда “қалдирғочлар”нинг асосий таркибида чемпионатда нақд 40та учрашув ўтказган, Чемпионлар лигасида дадил ўйнаган, миллий терма жамоагача етиб келган Собирхўжаевни “Бунёдкор” аввалига “Сўғдиёна”га, ҳозир эса “Обод”га ижарага берди. “Бунёдкор”нинг ўйинига унчалик ҳам безак беришмаган Самир Бекрич ё Александар Алемпиевичлардан кўра, Сардорни кўпроқ ўйин амалиёти билан таъминлаб, уни янада ўстириш (ҳам клуб келажаги учун, ҳам терма жамоамиз учун) яхши эмасмиди?! Мана, кўряпсизми, маҳаллий иқтидорлардан биз қандай қилиб маҳрум бўляпмиз. Келажагига мутахассислар томонидан анчайин юқори баҳо берилган кўп футболчиларимизда мен ҳозир пасайишни кўряпман. Бизнинг менталитетимиз ўзи шунақа, узоқни кўзламаймиз, узоқни кўра олмаймиз. Омад қушини вақтида ушлашни билмаймиз. Майли, ҳаммаларининг омадларини берсин! Фаолиятлари буёғига яна баландликка қараб йўл олсин!


...Сўнги йилларда жуда кўп футболчиларимиз билан муомалада бўлдим. Аксариятининг фикр юритиш даражасига ҳайрон қоламан. У-бу мамлакатга тавсия қилиш масаласида гап очсам, “менга жамоа топиб беришни фалончи ваъда бериб бўлган, менга эрта-индин пистончи орқали таклиф келяпти, бунгача мана бу клубни шароитлари менга ёқмади, мени мана бунча шароит қониқтиради” ва ҳ.к. қабилида тап тортмай гапиришади. Ўзбекистондан ҳали ташқарига чиқмаган, шу ерда турволиб осонгина гапириб юбораверадиган, хориж клубларида меҳнат муносабатлари қай тартиб, қай талабларда юритилиши ва улар қўядиган шартларнинг аслида қандайлигидан умуман тасаввури йўқ ўйинчиларимизнинг бундай кўринишдаги фикрлашларига ичимда кулиб қўяман. Катта гапиришга йўйманг-у, ахир доимо юрт кезиб юрган мен биламан-ку, аслида бизнинг футболчиларга ким қандай баҳо билан қарашини. Бизнинг ўйинчилар ўта ишонувчан. Ким нима деса, дарҳол ишониб кетаверишади. Аслида уларга ваъда берган кимсани яхши танишмаса ҳам, у инсон ушбу соҳадан йироқ бўлса ҳам. Бу нимадан? Очиқ гапираётганимга ҳафа бўлишмасин-у, лекин кўп футболчилар ёшлигидан китоб ўқишмайди, таълим олишга қизиқишлари суст. Бунинг оқибатида, фикрлаш доираси тор бўлиб шаклланади. Ва кейинчалик уларда вазиятни реал таҳлил қилиш, тўғри хулосага келиш қобилияти, афсуски, йўқ бўлади. Футболчилик умри ўта қисқа. Улар қандайдир ўн йилда жуда кўп нарсаларга улгуриб қолишлари даркор. Бироқ керакмас одамларга ишониб қолиб, ўйинчи сифатида бутунлай йўқ бўлиб кетганларни биламан мен. Нафақат мен, балки кенг жамоатчилик ҳам бундайларни яхши билади.

- Яна суҳбатимизнинг асл йўналишига қайтсак. Биз учун ўта долзарб мавзу: Жанубий Африкада терма жамоаларга шароитлар яратиб бериш, айниқса, ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш масаласига ҳам тўхталсангиз.
- Биздаги “Терма жамоалар маркази” иши ЖАРда САФАнинг “Техник марказ”ига юклатилган. Бу департаментни мамлакат футболи тарихидаги энг таниқли ўйинчилардан бири бўлган Нейл Товей бошқаради. Мен у билан айнан ўртоқлик учрашувлари уюштириш борасида бошқа федерациялар билан музокараларни қай тартибда олиб боришлари ҳақида суҳбатлашдим. Биринчидан, улар музокараларга йиллаб, ойлаб олдин киришишар экан. Қўлида ФИФАнинг 2018 йилгача бўлган халқаро учрашувлар тақвими турибди. Улар шу кунларда Уругвай ва Жазоир терма жамоалари билан 2018 йили ўйнайдиган ўртоқлик беллашувлари юзасидан бўлган, 4 ойдан буён давом этган музокараларни якунлаш арафасида эканликларини билдирди. Иккинчидан, сенда албатта музокара олиб бориш таланти бўлиши шарт, деб айтди у менга. “Бусиз ўртоқлик баҳсига сен ҳатто Гибралтарни ҳам кўндира олмайсан”, - дейди САФАнинг техник директори Товей.


Яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. САФАнинг ҳомийлари жуда кучли. Ўртоқлик ўйинлари ташкил этишга ҳомийлар катта ёрдам кўрсатишади. Шунинг учун ҳам ЖАРга вақти-вақти билан Бразилия, Испания, Норвегия, Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўйнагани келиб кетишяпти, “Бафана-Бафана” эса Польша, Австралия, Янги Зеландия, Марокашлар билан учрашувларга боряпти. Кўп кучли терма жамоалар ЖАРдан ўртоқлик баҳси учун таклиф келишини интизорлик билан кутишлари бу бор гап. Чунки манфаатли таклиф бўлишини барча хоҳлайди ва бунга бажонидил розилик беради.

- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаш турнири ҳал қилувчи босқичидаги юз фоизли стартини кузатишга улгурдингизми?
- Ҳа, албатта. Жанубий африкалик дўстларим ҳам мени бу билан табриклашди. Улар олдида ўзимни хурсанд кўрсатдим-у, аммо ичимда ўйга чўмдим: “термамизда биз кутган зўр ўйин ҳали йўқ, ҳозирча фақат омадимиз келяпти. Ўтган гал ҳам янги “Бунёдкор”да Ливанни базўр ютиб олиб, гуруҳда 1-ўринда бўлиб турганимизда, бир оёғимиз билан Бразилиядамиз деб, тўйдан олдин ноғора чалиб, рақс ўйнашга тушиб кетгандик. Якунда нима бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз”.

Биз ҳозирча гуруҳимиздаги энг кучсиз икки рақиб билан ўйнадик. Ҳақиқий кучимизни октябрь ва ноябрь ойларидаги учта учрашув кўрсатиб беради.


Илоҳим, ўша ЖЧга ниҳоят чиқайлик. Бутун 32 миллионли ўзбек халқи каби, мен ҳам фақат шуни истайман. Аммо чиққанда ҳам жаҳон чемпионатига албатта тайёр ва муносиб ҳолда боришимиз даркор. Заиф ҳолатда бориб, 2002 йили Саудия Арабистони (Германияга 0:8), 2010 йили эса Шимолий Корея (Португалияга 0:7) учраган шармандали мағлубиятлардек натижаларни қайд этиб юрмайлик тағин. Мен буларни термамиз ҳалиттан ҳаволаниб кетмаслиги учун айтяпман.

Яна бир гап. Аслида қайси юрт термаси ЖЧга чиқса, ўша мамлакатда футбол тўғри йўлдан кетаётган экан, деб таъкидланади. Ўзбекистон Россия-2018 йўлланмасига эга бўлса, мен бу фикрни барибир бизнинг футболимизга нисбатан қисман бўлса ҳам қўллай олмасдим. Чунки футболнинг пойдевори – болалар футболи бизда ҳали-ҳамон оқсоқ ҳолди. Биз ҳалигача самарадор система ярата олмадик. Менинг ўзимга нечталаб одамлар шикоятлар билан боғланади: “Илтимос, бизга ёрдам бера оласизми, бир ўзига тўқ инсонни ўғли келганлиги учун, мураббийи менинг ўғлимни жамоадан кетказиб юборди, таркибга болаларни таниш-билишчилик билан қўйяпти. Мана бу баҳсда бизнинг болалар жамоамизни ҳакам “синдириб ташлади”. Мана бу ўйинда бизнинг 2005 йилда туғилган болалардан иборат жамоамизга қарши рақиб мураббийи икки-уч ёш катталарни ўйнатди ва ҳ.к. ва ҳ.к.”.

Болалар футболини, худди Германия ёки Жанубий Африка сингари, қатъий ва бир текис тарзда йўлга қўйиб олайлик, кейин ЖЧларга қандайдир омад эвазига эмас ёки тўсатдан эмас, рақиблардан яққол устун эканлигимиз, яққол устун бўлганлигимиз туфайли чиқамиз. Менинг фикримча, бошқаси бекор: бир тарафда болалар футболидаги муаммоларга кўз юмиб ёки панжа ортидан қараб, иккинчи томонда эса мундиалга чиқишга интилиш – бу ҳақиқий маънисизлик! Вақтинчалик ютуқларга овуниб қолмасдан, ўзбек футболи доимий ва мунтазам тарзда қайд этилажак муваффақиятларга калит топиши айни муддаодир.


- Санъат, жудаям сермазмун суҳбат бўлди. Бу учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Тўплаётган бу тажрибаларингиз ўзбек футболига келажакда албатта асқотади, деган умиддамиз.
- Раҳмат. Мен олдин ҳам бир неча бор айтганман, менинг асосий мақсадим – ўз билим ва кўникмаларим билан ўзбек футболига хизмат қилиш, футболимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшиш.

- Бу ниятларингиз амалга ошишига тилакдошмиз. Айтингчи, эндиги режаларингиз қандай?
- Шу кунларда Швейцарияга учиб кетаман. У ерда Цюрих университетининг 2016 йилги битирувчиларига тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтади. Рио Олимпиадаси туфайли бу тадбир августдан сентябрга кўчирилганди. Чунки ушбу маросимда Халқаро олимпия қўмитаси, ФИФА, Спорт арбитраж суди ва бошқа кўплаб халқаро спорт федерациялари раҳбарлари ҳам иштирок этишлари кўзда тутилган.

Улуғбек МИРЗАЕВ суҳбатлашди

Рейтинг: +14   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика