Самвел Бабаян Олий Лига жамоалари мураббийлари билан учрашди
26 апр 2016 13:15
Новости
Самвел Бабаян Олий Лига жамоалари мураббийлари билан учрашди
Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги раунди олдидан ҳамкасблари билан давра суҳбатини ташкил қилган Самвел Бабаян олий лига клубларидаги мураббийларнинг ёрдамисиз миллий терма жамоа муваффақиятга эриша олмаслигини таъкидлади.
«Иккинчи саралаш босқичи олдидан учрашган эдик. Ўшанда терма жамоалар штаби мураббийларнинг фикрини эшитган эди. Терма жамоа атрофида бирлашишимиз натижасида бизнинг жамоа гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Бу муваффақиятда мураббийларнинг, ишқибозларнинг ва ОАВнинг ўрни беқиёсдир», - дейди Самвел Бабаян.
Самвел Бабаян олий лига клублари мураббийларига миллий терма жамоанинг кейинги режалари ҳақида гапириб берар экан, номзод футболчиларни қўллаб-қувватлашда мураббийлардан ёрдам сўради.
Миллий терма жамоа бош мураббийи учрашувда терма жамоага номзод бўлган футболчилар ҳақида мураббийларнинг фикрини ҳам тинглади.
Таъкидлаш керакки, жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичига йўл олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу босқич учрашувларига тайёргарлик кўриш мақсадида 1 - 7 июнь кунлари Австрияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади. Ушбу йиғин доирасида Канада терма жамоасига қарши назорат учрашуви ўтказиш борасида келишувга эришилган. Ўйин 7 июнь куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияда бўладиган жаҳон чемпионати саралашининг якуний босқичи ўйинларини шу йилнинг 1 сентябрь куни Тошкентда Сурияга қарши ўйин билан бошлайди.
Комментарии