"Қалдирғочлар" фақат баҳорда парвоз қилади
04 июл 2023 17:00
Новости
Бир неча йил муқаддам, аниқроғи, футбол деганда, "Реал Мадрид" ва "Барселона"дан ҳам бошқа жамоалар мавжудлигини фарқлашни бошлаган кезларимизда юлдузли таркиби билан кишининг оғзидаги сақичини тушириб юборадиган даражадаги клуб бугун ари уяси сингари муаммолар гирдобидан чиқа олмаяпти. Бу гирдобнинг тубига сингиш учун метро сингари чуқур кавлаштириш шарт эмас, яқин бир йиллик можаролар ва ўзгаришлар ҳам қалинлиги Толстой асарларидан кам бўлмаган достон битишга арзийди.
Келинг, ўша достонни бир саҳифа ортга варақлаймиз. Ўтган йил талаба, ўқувчилар таътилдан сўнг таълим даргоҳига қадам ранжида қила бошлаган даврда "Бунёдкор" клубида йиғилиш ўтказилди. Клуб президенти Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида клуб раҳбарияти, футболчилар ва Фан клуб аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда сўнгги вақтда клубдаги носоғлом муҳит, клубнинг Суперлигадаги салбий иштироки кескин танқид қилинди. Ўша вақтда пойтахтликлар 18-турдан сўнг 20 очко жамғарган ҳолда 9-ўринда бораётганди.
Йиғилишда клуб директори Улуғбек Мирзаев лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига “Бунёдкор” Академияси директори Азиз Ҳайдаров тайинланди. Асосий жамоа мураббийи Виктор Карпенко ўрнига эса U-21 жамоаси бош мураббийи Иван Бошкович тайинланди. Шунингдек, академия раҳбари сифатида фаолият юритиб келган Азиз Ҳайдаровнинг бош директор бўлгани сабаб, ўрнига Ислом Аҳмедов тайинланганди.
Бош мураббийликка тайинланган Бошкович шундай фикрларни билдирганди: "Мураббийлик иши осон эмас, қийинчиликларга бой. Айни пайтда қандай ҳолатда эканлигимиз барчага маълум. Лекин биз "Бунёдкор"миз. Ўйлайманки, вазиятни яхшилаш ва мавсумни ҳозирги эгаллаб турган ўрнимиздан тепароқда якунлашимиз мумкин".
Черногориялик мутахассис чиндан жамоага янги қон олиб кира олди. Қолаверса, у ёш "полапонлар"ни майдонга туширишдан чўчимади. Ҳатто мактаб ёшидаги болаларни қайдномага киритди. "Қалдирғочлар" эса аста-секин яна парвоз қилишни бошлади.
Менинг истагим "Бунёдкор" ўз тарбияланувчиларидан ташкил топиши лозим. Чунки улар ўтган ўйинларда ўз иқтидорларини кўрсатиб бўлишди. "Бунёдкор" академиясида Ўзбекистон терма жамоасининг келажакдаги ўйинчилари бисёр.
Мавсум сўнгида жамоани Иброҳим Томива, Павел Могилевец, Дмитрие Побулич каби легионерлар тарк этди. Шунингдек, Умарали Раҳмоналиев Россиянинг "Рубин" клубига, Фарруҳ Икромов эса "Навбаҳор"га йўл олди.
10 декабрдан бошлаб "Бунёдкор" ўз қароргоҳида янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Янги футболчилар билан бир қаторда, "Олимпик" дарвозабони Владимир Назаровнинг ҳам янги мавсумни тошкентликлар сафида бошлаши кутилаётганди.
Қишки трансферлар чоғида жамоага черногориялик ҳужумчи Игор Иванович, шунингдек, Алексей Носко, Исломжон Асролов, Дониёр Абдуманнопов ҳамда Шоҳруҳ Абдураҳмонов сингари футболчилар жалб этилди. Бироқ трансферларнинг барчаси ҳам етарлича ўзини оқламади.
Йил сўнгида клуб Қозоғистонда йиғин ўтказишни режалаштирганди, аммо турли сабабларга кўра, бекор қилинди. Унинг ўрнига жамоа январь ойида Бирлашган Араб Амирликлари сари отланди. Бироқ кемани айсбергдан қутқариб қолган адмирал лавозимидан озод этилди. "Бунёдкор" Ҳикмат Ҳошимов билан биргаликда Абу-Дабига йўл олди.
Шунингдек, клуб директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келган Азиз Ҳайдаров ўрнига "Бунёдкор" стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси директори Шерзод Ҳақбердиев директор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу орада Владимир Назаров Фарғонага "қочиб қолди".
"Бунёдкор"дан кетишим кутилмаганда рўй берди. Менда раҳбарият билан келишувим бор эди. Улар ўз ўрнида қолса мен ҳам қолардим. Аммо Азиз Ҳайдаров ишдан кетди, кейин эса Иван Бошкович. Натижада таваккал қилгим келмади. Бу ерда гап клубга ишонмаганимда эмас. Шунчаки келишув борлиги сабаб тарк этдим.
27 январь куни мураббий Иван Бошкович Лига ҳамда ЎФА қўмитасига мурожаат билан чиқди. Маълум бўлишича, мутахассис “Бунёдкор” клуби билан 2022 йилнинг 27 декабрь санасида амалдаги шартномасига қўшимчалар киритилган шартномага имзо чеккан. Бироқ мазкур шартнома ҳозирга қадар лига рўйхатидан ўтказилмаган. 10 февраль куни эса Бошкович ва "Бунёдкор" ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик расман бекор қилинди. Кейинчалик Про лицензиясига эга бўлган Мурод Отажонов бош мураббий сифатида ишлай бошлади.
Февраль ойида жамоа Анталияда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиб қайтган "қалдирғочлар" март ойининг илк кунларида баланд парвозни амалга ошириб, Суперлига доирасидаги дастлабки 5 ўйинда 4 ғалаба ва бир дуранг қайд этди. Шу билан, гўёки Сусамбил сари етакловчи йўл бошлангандек эди гўё. Бироқ клуб яна ўша чанг кўчага қайтди. Кетма-кет 8 ўйиндан буён мундарижасидан ғалаба сўзи тушиб қолган клубда яна ғалаён бошланди. Июнь ойида Мурод Алиев "Бунёдкор" клуби бош директори этиб тайинланди. Бу орада эса номдор клуб фан-клуб мухлисларисиз қолди.
Шунингдек, Қирғиз Республикаси миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Александр Крестинин тез орада клубда иш бошлаши кутилмоқда. Мазкур мутахассис тўғрисида Абдулазиз Искандаров батафсил тўхталиб ўтган.
"Бунёдкор"ни музей экспонатига қиёслаш мумкин. Ташқи кўриниши бинойидек кўринса-да, ишлаш тизими носозликка учраган. Янги мураббийнинг ҳам дарҳол Америка кашф этиб юборишиги ишониш қийин, бироқ ҳеч бўлмаганда, Бошковичнинг ишини такрорлаш имкониятига эга.
Тилимизда кенг тарқалган ўхшатишга зидроқ фикр билдирган ҳолда "қалдирғочлар"ни фақат кўклам элчилари сифатида эмас, бутун мавсум давломида парвоз қилишини истаймиз. Музей экспонати унга тўсқинлик қилаётган "рамка"сини ёриб чиқмас экан, йил якунида деярли ҳар йили муолажа оладиган стадион узра "қузғунлар" парвозинигина кузатишимиз мумкин.
Комментарии