ПФЛ раҳбари қандай тайинланади? Уни ким тайинлаши керак?
22 мая 2020 14:57
Новости
ПФЛ раҳбари қандай тайинланади? Уни ким тайинлаши керак?
Энди бўлса савол туғиляпти: буёғига ким ПФЛни ким бошқаради? Янги раҳбарни ким тайинлайди? Умуман янги раҳбар қандай тайинланиши керак?
Бироз узоқдан бошламоқчиман. Раҳматли Нуриддин Зайниев Қашқадарё ҳокими бўлиб ишлаган кезлари "Насаф" ва "Шўртан" каби "Машъал" иштирокидаги баҳсларни ҳам ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиларди. Нуриддин Зайниевич Муборакдаги марказий ўйинларга тез-тез вақт ажратиб келиб турарди.
Шундай ўйинлардан бирига ташриф буюрган Зайниев "Машъал" академияси билан мураббийлари билан суҳбати чоғида савол берганди: "Ишлашдан мақсад нима?" Табиийки бу саволга мураббийлар бир хил жавоб берган: "Ишлашдан мақсад, яхши футболчиларни тарбиялаб терма жамоага етказиш".
Бу жавобдан Нуриддин Зайниевнинг жаҳли чиқиб кетгани ва шундай дегани ёдимда: "Сизларнинг мақсадингиз футболчи тарбиялаб терма жамоага етказиш эмас, балки "Машъал"нинг асосий таркибига тайёрлаш бўлиши керак. Терма жамоанинг ўз мураббийлари бор, кимни хоҳласа шуни чақиради".
Умуман бизда мақсад - терма жамоа кучайишига ҳисса қўшиш деган гап аллақачон бир қолипга тушиб бўлган. Лекин Зайниев ҳам бекорга айтмаганди, ҳамма аввало ўз клуби ривожини ўйлаши керак деб. Чунки клублар ривожланиши - бу ўз-ўзидан терма жамоа ютуғига олиб келади.
Нодирхўжа Юлдашев ўз Телеграм каналида пост қолдирди. Ундаги 4-банд эътиборимни кўпроқ тортди: "ПФЛ ва ЎФА битта бўлгани билан улар рақобат қилиши керак. ПФЛ МТЖ манфаати йўлида мана неча йилдирки ўйинларни қолдириб келади. Мана неча йилдирки, биз ЖЧга чиқмаганмиз. Демак, бу ечим эмас. Хитой ҳам, Россия ҳам легионерларни 3 кун қолганда юборади. Турини ўйнаб келади. Бизда эса бутун чемпионат МТЖ ўйинига 10 кун қолганда тўхтайди. Бундай бўлиши керак эмас. 10 нафар футболчини деб 500 нафари азият чекмаслиги лозим. ПФЛ ҳам керак бўлса МТЖ ўйинига 5 кун қолганда тур ўйинини ўтказиб олсин. Қисқаси, ПФЛ МТЖни эмас, ўз лигасини ўйлаши керак. Кучли ПФЛ лигаси, бу кучли МТЖ".
Бу жуда тўғри ёзилган гаплар. Масалан, бошқа лигаларда ҳам раҳбар асосан Лигани кучайтириш йўлларини ўйлайди. Федерация эса терма жамоаларни мақсад сари етаклаш йўлларини қидиради.
Шу пайтгача ЎФА кимни қўйса, ПФЛ раҳбари бўлиб ишлаб келди. Бу Магометов даврида бошланди ва ундан кейин Омон Ғофуров билан Даврон Шоқурбонов пайтидаям давом этди. Бунинг натижасида ПФЛ раҳбарлари ЎФА раҳбарининг гапини икки қилмайдиган бўлишди. Чунки шунга мажбур ҳам эдилар.
Мана энди ПФЛга бошқа бир раҳбар тайинланиши кутиляпти. Умуман ташкилотга янги раҳбар яна аввалги тизимдагидек тайинланадими ёки бошқа йўл топиб айтайлик, сайланадими? Агар ЎФА раҳбари томонидан тайинланув бўлса, вазият ўша-ўшалигича қолади. Чунки янги раҳбар ҳам ЎФАнинг измидан чиқмаслиги шарт. Мободо сайланадиган бўлса, унда Лиганинг кучайишига, ўз сўзига эга бўлишига ишонса бўлади.
Ҳозирча ушбу ташклотни ПФЛ бош директор ўринбосари сифатида ишлаб келган Диёр Имомхўжаев бошқариб турибди. Лекин бу бошқарув қанча давом этиши номаълум. Диёр Имомхўжаевнинг ўзи ПФЛга раҳбар бўлиши мумкинми? Ҳамма нарса бўлиши мумкин ва ҳеч нарса бўлмаслигиям мумкин.
Аслида гап ПФЛни ким бошқаришида ҳам эмас, балки ташкилотнинг кейинги иш режаси қандай кўриниш олишида. Бу бир тизим бўлиши керак ва қайси раҳбар бошқармасин тизимда бир маромда ишлаши керак. Ва бу тизимнинг ЎФА таъсирига тушиб қолиши ПФЛ ташкил топганидан бери давом этиб келаётган муаммолар барибир ечимсиз қолишини англатади.
Х.Холиқов
Комментарии