“Пахтакор” – 2002 йил Осиёнинг энг яхши клуби. Улар ҳозир қаерда?
21 апр 2017 11:21
Новости
“Пахтакор” – 2002 йил Осиёнинг энг яхши клуби. Улар ҳозир қаерда?
Биз ўқувчиларимизга ўша “Пахтакор” сафида ўйнаган асосий футболчилар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
Кўпчиликка ОФК нима учун айнан ўзбек клубини энг яхши деб топгани қизиқ бўлиши мумкин. Ўша йил Осиё футболи раҳбарлари “Осиё чемпионлар кубоги”ни “Осиё чемпионлар лигаси” деб ўзгартиришди ва мусобақа янги форматда ўтказила бошланди. Ўзбекистон вице-чемпиони сифатида турнирга плей-оффдан қўшилган “шерлар” Иорданиянинг “Ал Виҳдат” (3:0, 1:3), Қатарнинг “Ал Иттиҳод” (3:4, 3:0) ва БААнинг “Ал Аҳли” (3:2, 1:0) клублари тўсиғидан муваффақиятли ўта олишди. Гуруҳ босқич ўйинлари эса 2003 йил баҳорида ўтказиш режалаштирилганди. ОФК саралаш баҳсларида ажойиб ўйинлар намойиш этгани учун “Пахтакор”ни қитъанинг энг яхши клуби деб тан олганди.
Тошкент клуби ўша йил Виктор Жалилов бошчилигида Ўзбекистон олий лигасида 74 очко билан чемпион бўлганди. 9 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финалида Фарғонанинг “Нефтчи” клубига қарши шиддатли баҳс 6:3 ҳисобида “шерлар” фойдасига ҳал бўлганди.
Игнатий Нестеров – Ўша йил жамоага келган ёш посбон тез орада асосий дарвозабонга айланиб олганди. Нестеров “Пахтакор”нинг бир неча йил давомида Ўзбекистонда ва Осиёда гегемонлик қилишига салмоқли хиссасини қўша олган. Дарвозабон “шерлар” сафида қўлга киритиш мумкин бўлган деярли барча совринларни қўлга киритгач бир неча йил давомида “Бунёдкор”да ўйнади. Айни пайтда эса у Тошкентнинг бошқа бир клуби “Локомотив” шарафини ҳимоя қилмоқда. Нестеров Ўзбекистон терма жамоасида ҳам 100га яқин ўйин ўтказганини ҳам таъкидлаш лозим.
Гочгули Гочгулиев – Туркманистонлик ҳимоячини мустақиллик даврида “Пахтакор”нинг энг яхши легионерларидан бири деб бемалол айта оламиз. Ҳимоячи бўлишига қарамай рақиб дарвозасига гол уришда унча бунча ҳужумчига дарс берган. Гочгулиев 2002 йил олий лигада 26та учрашув ўтказиб 14та гол уриб клуб тўпурари бўла олганди. Ҳимоячи 2002-2005 йилларда "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилган. 2007-2010 йилларда Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасида ўйнаган. Гочгулиев 2014 йилдан буён "Олтин Аср" клубида катта мураббий лавозимида ишлаб келмоқда. Ҳимоячи Ўзбекистондаги фаолияти давомида 7 карра Ўзбекистон чемпиони, 6 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган. 3 марта ОЧЛ ярим финалига қадар етиб борган. 2002 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сўровномасида Александр Гейнрихдан кейинги иккинчи ўринни банд этган.
Бахтиёр Ашурматов – Ўша мавсум ҳимоя марказида Гочгулиев билан тандем ҳосил қилган Ашурматов жамоа ғалабаларига ўз хиссасини қўша олган. У “Пахтакор”дан сўнг маълум муддат Россиянинг “Спартак Алания”, “Торпедо Металлург” ҳамда “Крилья Советов” клублари шарафини ҳимоя қилган. 2007 йил олий лигага катта мақсадлар билан чиққан “Қурувчи” (ҳозирги “Бунёдкор”) тажрибали ҳимоячини Ўзбекистонга қайтарганди. Икки йил давомида “қалдирғочлар” сафида ўйнаган Ашурматов футболчилик фаолиятининг сўнгги йилларини “Хоразм” ва “Локомотив”да ўтказган эди. 2012 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган Бахтиёр Аъзамович дастлаб “Гулистон” сўнгра “Навбаҳор” ва “Андижон” клубларида бош мураббий сифатида ишлади. Бир муддат Ўзбекистон олимпия терма жамоасини ҳам бошқарди. Ҳозирги кунда “Бухоро” клубида Улуғбек Бақоев билан бирга фаолият олиб бормоқда.
Виталий Жалилов – Виктор Жалиловнинг ўғли қанот ҳимоясида жуда фаол ўйнарди. Керак пайтда ҳужумга ҳам қўшилиб тура оладиган ҳимоячи бир неча бор шериклари гол уришига замин яратиб берганди. 2003 йилда “Пахтакор”дан кетган Жалилов фаолиятини “Навбаҳор”, “Машъал” ва “Қизилқум” клубларида давом эттирди. 2007 йил бутсаларини михга илган Виталий айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасида маъмур сифатида фаолият олиб бормоқда.
Қайрат Ўтабоев – Ўзбекистонда туғилган қозоғистонлик футболчи 2000-2003 йилларда “Пахтакор” шарфини ҳимоя қилганди. Қанот ҳимоясида ўйнаган Қайрат рақиб ҳужумчилари учун ҳақиқий бош оғриғига айланарди. “Шерлар” сафини тарк этгач футболчи Қозоғистонинг бир қатор клубларида ўйнади. Орада 2009 йил “Андижон”да ўйнаган Ўтабоев футболчилик 2012 йилда фаолиятини тугатганди. Эътиборлиси Қайрат 2002 йил Ўзбекистон терма жамоасида майдонга тушган, 2005-2007 йилларда эса Қозоғистон терма жамоасида ўйнаганди.
Владислав Кирьян - Ўнг қанот ҳимоя ва ярим ҳимоясида ўйнаган футболчи ўша йил олий лигада 20та ўйин ўтказиб 3 бор рақиб дарвозасига тўп киритганди. Жуда тезкор ўйинчи ҳужумчиларга қанотдан тўп узатишларни маъромига етказарди. 2009 йилда Кирьян Наманганинг “Навбаҳор” клубига кўчиб ўтди. 2010 йил йил иккинчи даврасида Тошкентнинг “Локомотив” клубида кўриниш берган футболчи бутсаларини михга илишга қарор қилди. Айни пайтда Россиянинг Белгород вилоятида яшаб бизнес билан шуғулланмоқда.
Анвар Ғофуров – фаолиятининг илк даврларини “Пахтакор”да бошлаган Ғофуров ҳозирга қадар футбол ўйнамоқда. “Шерлар” сафини 2003 йил тарк этган футболчи кейинроқ “Навбаҳор”, “Динамо”, “Машъал” ва “Бунёдкор” клубларида ўйнади. Ўтган йил Тошкентнинг “Обод” клубига ўтган Ғофуров ҳозирга қадар шу жамоада ўйнаб келмоқда.
Сервер Жепаров – Ўша “Пахтакор”нинг асосий ўйинчиларидан бири бўлган Жепаров плеймейкер сифатида ҳужумларни бошлаш ва ҳужумчиларга пас оширишни ўз бўйнига олганди. Бундан ташқари Сервер кўплаб голлар ҳам уришга муваффақ бўлганди. 2007 йилга қадар “шерлар” сафида бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритган ярим ҳимоячи 2008 йил “Бунёдкор”га ўтганди. Осиёда икки марта йилнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган Жепаров Саудия Арабистони, Жанубий Корея клубларида фаолият олиб бориб, ўтган йил “Локомотив”да ўйнади. Бу йил бошида эса Эронинг “Истиқлол” клуби билан бир ярим йиллик шартнома тузди ва “Сепахон”га ижарага берилди.
Леонид Кошелев – Чап оёғидаги зарба рақиб дарвозабонларини тушларига кириб чиқарди. Жарима тўпларидан урган голлари “Пахтакор”нинг бир қатор муҳим ғалабаларига замин яратган. Кошелев “шерлар” сафини 2007 йилда бир қатор совринлар билан тарк этган. Ундан кейин “Динамо”, “Қизилқум”, “Шўртан” ва “Навбаҳор” каби клубларда ўйнаган. 2013 йил футболчилик фаолиятини тугатган Кошелев айни пайтда “Пахтакор” академиясида ёш болакайларга футбол сир асрорларини ўргатиб келмоқда.
Тимур Кападзе – Бугунги кунга қадар футбол ўйнаётган кам сонли ўйинчилардан яна бири. Кападзе ўша таркибда универсал футболчи эди. “Нефтчи”да ҳужумда ўйнаган футболчи “Пахтакор”да ярим ҳимояда ўйнади. Ўша йил олий лигада 20та учрашув ўтказиб 4та гол уришга эришган Кападзе ҳам Жепаров каби 2008 йилда “Бунёдкор”га кўчиб ўтганди. Бундан ташқари Жанубий Корея ва БАА чемпионатларида ўйнаган ярим ҳимоячи бугунги кунда “Локомотив” шарафини ҳимоя қилмоқда.
Миржалол Қосимов – Ўзбекистонинг энг кучли футболчиларидан бири бўлган Миржалол Қўшоқович ўша мавсум жароҳатлар туфайли бир қатор ўйинларда жамоасига ёрдам бера олмаганди. Аммо майдонга тушган баҳсларнинг ҳеч бирида рақибларга осон бўлмасди. Жарима тўпларидан заргарона голлар уришнинг ҳадисини олган Қосимов майдонни кўриш ва чиройли тўп узатишда ҳам шеркиларидан анчайин олдинда эди. Қосимов 2003-2004 йилларда Россиянинг “Алания” клубида 2005 йилда Муборакнинг “Машъал” клубида ўйнаб фаолиятини якунлашга қарор қилганди. Қосимов бутсаларини михга илиб тезда мураббийлик фаолиятини бошлаб юборганди. Ўзбекистон олимпия терма жамоасида ёрдамчи мураббий бўлган Миржалол Қўшоқович "Қурувчи" (ҳозирги "Бунёдкор") бош мураббийи сифатида икки йил ишлади. Кейин Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида ҳам салмоқли фаолият олиб борди.
Александр Гейнрих – 18 ёшли ҳужумчи “Пахтакор”даги илк мавсумидаёқ ажойиб ўйинлар намойиш этиб берганди. Йил якунида Ўзбекистонинг энг яхши футболчиси деб топилгани ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Олий лигада 22та ўйинда майдонга тушган ва 9 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган Саша фаолиятининг кейнги йилини Россиянинг ЦСКА клубида ўтказиб хатога йўл қўйганди. Ёш футболчимиз кучли рақобатда ютқазиб қўйган ва асосий таркибда деярли майдонга тушмаганди. Кейин "Пахтакор"га қайтиб ўз формасини тиклаб олгач яна Россияга, бу сафар Москванинг "Торпедо" клубига ўтганди. 2007-2011 йилларда "Пахтакор"да ўйнаган Гейнрих Қатардаги Осиё Кубогидан сўнг Жанубий Кореянинг "Сувон Самсунг" клубидан тушган таклифни қабул қилганди. Сўнгра БААда "Эмирейтс", Қозоғистонда "Актобе" клубларида ўйнаган ҳужумчи 2014 йилни "Локомотив"да ўтказди. Саша 2015 йилдан буён Қозоғистонинг "Ордабаси" жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда..
Зайниддин Тожиев – Ҳужумчи ўша йил олий лигада 16та учрашувда майдонга тушиб 3та гол урган. ОЧЛ плей-офф босқичида эса Тожиевларнинг тўнғичи “Ал Виҳдат”, “Ал Иттиҳод” ва “Ал Аҳли” билан ўйинларда жами 4та гол уришга муваффақ бўлганди. Унинг дриблинги рақиб ҳимоячиларини шошириб қўярди. 2010 йилга қадар “Пахтакор”да ўйнаган ҳужумчи фаолиятини олий лиганинг бир қатор клубларида давом эттирди. 2015 йилда “Бухоро” сафида бир давра ўйнаб бутсаларини михга илишга қарор қилган Тожиев айни пайтда “JFL Tashkent” клубида болалар футболи мураббийи бўлиб ишламоқда.
Анвар Солиев – “Сеҳрли таёқча” деб ном қозонган ҳужумчи “Пахтакор”да ўша мавсум кўпинча қанотда ўйнарди ва муҳим голларни урарди. Солиев 2008 йилда “Бунёдкор”ни танлаганди ва 2012 йилга қадар шу жамоада ўйнади. Фақат орада бир йил “Насаф”да ижарада ўйнаб қайтганди. 2013-2015 йилларда яна “шерлар” сафида ўйнаган ҳужумчи ўтган мавсум биринчи даврадан сўнг футболчиликни тугатишга қарор қилди. Бугунги кунда Наманганинг “Навбаҳор” клубида спорт директори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Неъматулла Қуттибоев – Қорақалпоғистонлик ҳужумчи ўша йил олий лигада 25та учрашувда майдонга тушиб 9та гол уришга муваффақ бўлганди. Қуттибоев ҳужумда кўпчинча Гейнрих билан тандем ҳосил қиларди. “Пахтакор”дан сўнг ҳужумчи “Қизилқум” ва “Хоразм” сафида ўйнади. Бир неча йил давомида “Орол” клуби бош мураббийи лавозимида фаолият олиб борди. Бугунги кунда Қуттибоев Нукус олимпия захиралари коллежида ёш футболчиларга сабоқ бермоқда.
Марат Бикмаев – Ўша таркибнинг энг ёш вакилларидан бири. Бикмаев ўша йил 16 ёшида олий лигада 7та учрашувда майдонга тушиб 1та гол уришга ҳам эришганди. Бикмаев "Пахтакор"дан кейин асосан Россия клубларида ўйнади. "Крилья Советов", "Рубин", "Спартак Нальчик" ва "Алания"да фаолият олиб борган Марат Қозоғистонда "Актобе"да икки мавсум ўйнади. 2014 йилда Ўзбекистонга қайтиб "Локомотив" билан шартнома тузди. Бугунга келиб жамоанинг асосий ҳужумчисига айланиб олди.
Бош мураббий
Виктор Жалилов - "Пахтакор"нинг ўша йиллардаги ғалабаларининг асосчиси Виктор Жалилов бўлганди. Бош мураббий жамоани Ўзбекистон чемпиони ва Ўзбекистон кубоги соҳибига айлантирганди. Шу сабабли ҳам 2002 йил айнан Виктор Романович мамлакатимизнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилганди. "Пахтакор"дан кейин Жалилов "Машъал", "Навбаҳор" ва "Динамо" клубларида ишлади. Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабида фаолият олиб бормоқда.
Нарзулла Сайдуллаев
Комментарии