Ўзбекистонга қай тариқа келгани, имкони бўлса яна “Турон”да қолиши ва Суперлига савияси борасида Даян Поньевич билан суҳбат
16 окт 2021 08:54
Новости
Ўзбекистонга қай тариқа келгани, имкони бўлса яна “Турон”да қолиши ва Суперлига савияси борасида Даян Поньевич билан суҳбат
Жорий мавсум ҳам легионерларга эътибор қаратадиган бўлсак, сербияликлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Болқон давлатидан ташриф буюрган легионерларнинг ҳар бири турлича таассурот қолдирмоқда. Хусусан, бу йил “Турон” сафига келиб қўшилган Даян Поньевич Ўзбекистонда дебют мавсумини ўтказаётган бўлишига қарамай, кўпчиликда ижобий таассурот қолдирмоқда. Гарчи унинг жамоаси Суперлигада илк мавсумида аутсайдер сифатида юрган бўлсада, Даян мудофаа чизиғида ўз ишини қойиллатиб бажармоқда. Шунинг чап қанот ҳимоячиси тез-тез ҳужумга ўтишни ҳам хуш кўрадиганлардан саналади. 31 ёшли футболчи билан суҳбатлашиш мақсадида таклиф киритганимизда, саволларимиз жавоб беришдан ўзини олиб қочмади.
- Даян, сухбатимизни энг аввало Ўзбекистонга қай тарзда келиб қолишингиздан бошласак.
- Дастлаб Ўзбекистонда бу йил биринчи мавсумимни ўтказаётганимдан хурсан эканлигимни айтиб ўтсам. Юртингизга келишим тўсатдан юз берди. Агентим менга қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон клубидан бири яъни “Турон” жамоасидан қизиқиш борлигини билдирди. Бир сўз билан айтганда, юртингизда ўйнаш истагимни сўради. Шу тариқа музокаралар бошланди ва мени янги жамоамдаги шароитлар қониқтиргач, келишувга эришдик.
- Сир бўлмаса агентингиз қаердан?
- Сербиялик. У ҳам олдин футбол ўйнаган.
- “Турон” жамоаси Суперлигада дебют мавсумини ўтказмоқда. Бу йил ушбу клубнинг чемпионатдаги натижалари қониқарли кечмаяпти. Бу жиҳат сизни ҳам ҳафа қилаётган бўлса керак?
- Айтиб ўтганингиздек, “Турон” Суперлигада биринчи мавсумини ўтказмоқда. Чемпионат аввалида юқори ўринлар учун курашишни ўйлагандик. Афсуски ҳозирда эгаллаб турган ўрнимиз барчамизни қаттиқ ранжитмоқда. Мен сизга шуни айтишим мумкинки, “Турон” келаси мавсум ҳам Суперлигада ўйнашга муносиб. Чунки клуб яхши ташкил этилган. Раҳбарият клубни ривожлантириш мақсадида тўғри йўлни танлаган.
- Сизнингча “Турон” жамоасининг қийин вазиятдан чиқиб кетишига нима тўсқинлик қиляпти?
- Ўйлайманки, биз чемпионат стартини яхши бошлай олмадик.
- Жамоада мураббийлар штабининг ўзгариши оқибатида қандай янгиликлар юз берди?
- Янги мураббий ҳақида гапирадиган бўлсам, Игорь Шквирин ўзбек футболининг афсонаси. Унинг “Турон”да иш бошлаши, жамоа обрўсини янада оширди. Албатта бир қанча янгиликлар юз берди. Игорь Анатольевичнинг футбол борасида катта тажрибаси борлиги билиниб турибди.
- “Турон” Суперлиганинг келаси турида асосий рақобатчиси бўлиб келаётган “Сурхон” жамоасини қабул қилади. Бўлажак баҳсга тайёргарлик қандай?
- Ўз уйимизда ўтадиган учрашувда фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Чунки “Турон”ни Суперлигада олиб қолишни истаймиз. Бунинг учун чемпионатдаги қолган барча ўйинларда астойдил курашамиз.
- “Турон” жамоасига жуда тез мослашиб кетдингиз. Хатто хар бир ўйинни алмаштиришларсиз ўтказиб келмяпсиз. Бунга қандай эришмоқдасиз?
- Айтишим керакки, мен жамоам иштирокидаги барча ўйинларни тўлиқ ўтказаётганимдан хурсандман. Жамоа мени биринчи кунданоқ жуда яхши кутиб олганди. Клуб томонидан яратиб берилган шароитлар аъло даражада. Шу туфайли ҳам жамоага мослашиб кетишим осон кечди. Асосий эътиборимни фақат ўйинга қаратганман. Келгусида ҳам ўз ўйинларим орқали жамоамга фойда келтириб, Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолишида ёрдам бермоқчиман. Мен ўз позициям бўйича энг яхшманми йўқми, буни билмайман. Лекин шуниси аниқки, мен учрашув чоғида ўзимни 100 фоиз жамоа ғалабаси учун бағишлайман. Бундан кейин ҳам яхшироқ натижа кўрсатишга харакат қиламан.
- Ўзбекистонда биринчи мавсумингизни ўтказяпсиз. Дастлабки таассуротларингиз қандай?
- Дарҳақиқат юртингизда биринчи маротаба футбол ўйнаяпман. Суперлига қизиқарли ўтмоқда. Ҳар бир ўйинда жиддий кураш кечади. Шу боис ҳам бу ерда исталган рақибни мағлуб этиш мумкин.
- Агарда сизга “Турон”да кейинги мавсум ҳам қолиб, фаолиятингизни давом эттириш бўйича таклиф бўлса, қандай йўл тутасиз?
- Энг аввало шуни айтиб ўтишни истардимки, “Турон” - Суперлигага қисқа вақт ичида чиққан энг ёш жамоа. Шунинг учун ўйлайманки, бу клуб йилдан-йилга ҳар жабҳада ўсиб бормоқда. Мабодо клуб ҳамкорликни давом эттиришни таклиф қилса, қолишга ва янги шартнома ҳақида гаплишишга тайёрман. Агар шартнома бандлари ҳар икки тарафни ҳам қониқтирса, нега қолмаслигим мумкин? Масалан менга Суперлигада ўйнаш ёқади. Бу ерда яхши текис майдонлар бор. Футболчиларнинг ҳам савияси яхши. Ўзимда йўқ нарсаларни кашф этиб бориш учун қулай. Лекин мен музокара жараёнини агентимга қолдираман. Ўзим эса эътиборимни ўйинларга қаратаман.
- Жамоа сизга яшаш учун алоҳида уй берганми ёки меҳмонхонада яшаяпсизми?
- Раҳбарият томонидан уй ажратилган. Оиламни ҳам Ўзбекистонга олиб келганман. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.
- “Турон” кичик бир шаҳарчани жамоаси ҳисобланади. Қўқонда яшаш сизин зериктириб қўймаяптими?
- Зерикишга вақт йўқ. Қўқонда сербиялик дўстларим бор. Бабич, Йосович, Лукич сингари ўртоқларим билан бўш вақтларимизда кўришиб, гаплашиб ўтирамиз.
- Жамоадаги энг яқин одамингиз ким?
- Клубда барча билан яхши мулоқотда бўлиб келяпман. Лекин Синиша Бабич билан кўпроқ гаплашамиз. Чунки у ҳам Сербиядан келган. Ундан ташқари яна кўпинча Владислав Касминин ва ёш дарвозабон Амал Шавкетов билан ҳам муносабатларимиз яхши. Чунки улар менга рус тили бўйича катта ёрдам бермоқда.
- Чемпиона охирлаб боргани сари аксарият жамоалар очколарини санаш билан банд. Қисқаси математика. Бунга нима дейсиз?
- Биласизми мен ҳар доим ўйиндан ўйингача қарайман. Чунки биз учун “Сурхон”га қарши ўтказадиган баҳсимиз муҳим. Агар биз ҳозир сиз айтгандек ҳисоблашга уринсак, бўлажак 4-5та ўйинимизда яхши натижага эришишимиз мумкин. Керакли очколарни жамғара олсак, ўз ўрнимизни сақлай оламиз. Шунинг учун назаримда, бизнинг вазиятимиз бошқа раобатчиларникига нисбатан яхшироқ. Лигадаги кейинги тақдиримизни рақобатчиларимиз билан бўладиган жангларда ҳал қиламиз деб ўйлайман.
- ФИФА кунлари сабаб юзага келган чемпионатдаги кичик танаффус жамоангиз учун фойдалими ёки аксинча?
- Олдимизда жиддий ўйинлар кутиб турибди. Учрашувларга пухта тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт берилди деб ҳисоблайман. Шунинг учун ФИФА кунлари биз учун яхши бўлди, деган умиддаман.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Комментарии