Ўзбекистон – Уругвай ўйинининг тактик таҳлили. Каннаваро ўзининг биринчи жиддий "синови"дан ўтдими?
14 окт 15:44
Новости


Ўзбекистон – Уругвай ўйинининг тактик таҳлили. Каннаваро ўзининг биринчи жиддий "синови"дан ўтдими?
Ўйин услуби
Ўзбекистон терма жамоаси Уругвайга қарши ўйинга ўзи учун одатий бўлган уч марказий ҳимоячи тизимида майдонга чиқди - 3-4-3 / 5-2-3. Қизиқ жойи шундаки, Каннаваро аввалги клуби (Загребнинг "Динамо")да бу тизимлардан деярли фойдаланмаган. Бироқ Фабио "Удинезе" ва "Беневенто"да кўпинча уч марказий ҳимоячи билан ўйнаган.
Ўйин режаси аниқ эди: ҳимояда ишончли ўйнаш ва қарши ҳужумларда олдинги чизиқда имконият яратишга ҳаракат қилиш. Аммо терма жамоанинг Катанец ва Кападзе давридаги ўйинидан битта фарқ бор эди - рақиб ярим майдонида бироз кўпроқ прессинг қўлланилди (айниқса, биринчи таимда). Шу билан бирга, мудофаа чизиғи анча қуйида жойлашганди, бу эса ихчамликка таъсир кўрсатди ва чизиқлар ўртасида катта бўшлиқлар пайдо бўлди. Бундай футбол яхши жисмоний тайёргарликни талаб қилади, чунки ўйинчилар катта ҳажмдаги ишни бажаришлари керак. Олдиндан айтиб қўяйлик, бу иккинчи таймда ўз таъсирини кўрсатди.
Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинига бир нечта асосий футболчилар - Юсупов, Ҳусанов, Алиқулов, Ҳамробеков, Файзуллаев, Ўруновларнинг йўқлиги ўз таъсирини ўтказди. Ўйиндан олдин Уругвай "иккинчи таркиб"да ўйнайди, деган фикрларни эшитгандим. Аммо миллий жамоамиз ҳам аслида аралаш таркибда майдонга тушди.
Каннаваронинг қизиқарли қарори Эшмуродовни вазиятга қараб таянч зонага ўтказиши бўлди. Бу эса марказий ярим ҳимоячилар (Мозговой ва Шукуров)нинг юқорироқ кўтарилишига имкон берди. Умар "Насаф"да бир неча бор таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнаган.
Бундан ташқари, ўнг қанот вингери сифатида майдонга тушган Ғаниев тез-тез марказга силжиб турди ва шу орқали ярим ҳимоячиларга ёрдам бериб, Алижоновнинг ҳужумга қўшилиши учун ўзи бириктирилган нуқтани бўшатиб берди. Хожиакбар бир неча маротаба майдонда Азиздан юқорироқ позицияда жойлашди.
Ҳимоя
Танаффусга қадар "тетик" оёқларда Ўзбекистон терма жамоаси яхши ҳимояланди. Ўйинчилар ўз вақтида мудофаага қайтишди, қанот ҳужумчилари қанот ҳимоячиларга ёрдам беришди. Тўп чизиғи ортида деярли ҳар доим фақат битта ўйинчи - Элдор Шомуродов қоларди. Қолганларнинг барчаси ҳимояда фаол иштирок этишди, ҳатто Шомуродов ҳам вақти-вақти билан прессингга қўшилиб, Уругвай терма жамоаси ҳимоячилари ва дарвозабонига тўпни ўйинга киритишга халақит берди.
Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи бўлимда яхши ҳимояланганини зарбалар статистикаси тасдиқлайди: танаффусдан олдин уругвайликлар дарвозамизга тўртта зарба йўллади (биттаси аниқ), кейин эса тўққизта зарба берди (иккитаси аниқ, иккаласи ҳам голга айланди).
Бироқ қуйи ҳимоя чизиғи ва шу билан бирга рақибни юқори босим остида ушлаб туриш истаги деярли бир-бирига мос келмайдиган нарсалардир. Бунга ёрқин мисол: Шукуров ўз ҳудудини очиқ қолдирган ҳолда майдон марказида рақибни ёпишга борган эпизод. Уругвайликлар охир-оқибат бундан оқилона фойдаланиб, босимдан чиқиб кетишди. Бу вазиятда Шукуров жойлашув бўйича ҳатто Шомуродовдан ҳам юқорироқда туриб қолди. Бу ерда Отабек ўз позициясини сақлаб, бунчалик юқори кўтарилмаслиги керак эди. Шу билан бирга, агар Ўзбекистон терма жамоасининг ҳимоя чизиғи бироз юқорироқ бўлганида, марказий ҳимоячилардан бири тўпга эга бўлган ўйинчига қараб олдинга чиқиб, уругвайликларнинг ҳужумини тўхтатиши мумкин эди.
Ҳужум
Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумни бошлашда жиддий қийинчиликларга дуч келди. Уругвайликлар Неъматов тўпни эгаллаб турганида прессинг қилмасдан, у марказий ҳимоячига (Ашурматов ёки Ҳамралиев) тўп узатгандагина фаоллашарди. Рақиб ҳимоячиларимизни қанот чизиғида "қисиб қўяр", натижада улар фақат узун пас беришга мажбур бўларди. Ўзбекистон терма жамоаси қисқа узатмалар билан тўпни ўйинга киритиш имкониятларидан камдан-кам фойдаланди.
Узун пасларнинг асосий манзили, табиий равишда, Элдор Шомуродов эди. Бироқ Уругвай терма жамоаси ҳимоячилари уни жуда қаттиқ назорат қилишди: ўйин якунига кўра, Шомуродов ҳужумдаги яккама-якка курашларнинг атиги 19 фоизида (16 тадан 3 тасида) ғолиб чиқди.
Ҳужумда асосий эътибор қарши ҳужумларга қаратилганди. Аммо қарши ҳужумлар самарали бўлиши учун яхши қўллаб-қувватлаш зарур. Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи бўлимда уругвайликлар дарвозасига энг хавфли ёндашувларидан бири айнан қарши ҳужумдан сўнг юз берди, бироқ Эркинов бу вазиятда учта ҳимоячига қарши ёлғиз ўзи қолди.
Ўзбекистон терма жамоаси қисқа ёки ўрта масофали паслар, ҳужумдаги муваффақиятли яккама-якка курашлар ёки рақиб майдонида тўпни эгаллаб олиш орқали ҳужумга чиқишга эришган камдан-кам ҳолларда, уругвайликлар ўз вақтида ҳимояга қайтишга улгуришарди. Масалан, бу вазиятда Эркинов Насруллаевнинг ҳужумга қўшилишини кутмоқда. Шу вақт ичида уругвайликлар ҳимояга қайтишга улгурди. Ўйинчилар нисбати - 8:4, рақиб фойдасига.
Ўзбекистон терма жамоасининг гол урилгунча бўлган энг хавфли вазиятида уругвайликларнинг қанот ўйинчиси Насруллаевнинг ҳужумга қўшилишига улгурмади. Натижада Шерзод Шомуродовга узатма берди, бироқ унинг ердан йўллаган зарбасини Уругвай дарвозабони қайтариб қолди.
Умуман олганда, ҳавода тўп узатишлар Уругвайга қарши яхши қурол бўлиши мумкин эди, аммо рақиб футболчиларимизга бундай имкониятни деярли бермади - бутун ўйин давомида атиги олтита шундай ҳаракат амалга оширилди.
Ўтказиб юборилган голлар
Ўзбекистон терма жамоаси Уругвайдан гол ўтказиб юборган вазиятларда ҳам тизимли, ҳам индивидуал хатолар мавжуд эди.
Биринчи голда Насруллаев уругвайликларнинг қанот ўйинчиси ҳаракатига ўз вақтида муносабат билдирмади. Тўрт сония ичида у Шерзоддан "узоқлашишга", тезликни оширишга ва тўпни қабул қилиб олишга улгурди.
Шундан сўнг Ашурматов тезликда ютқазди, Ҳамралиев рақибга осонлик билан алданди, Алижонов ҳам ўз вақтида орқага қайтишга улгурмади - гол унинг ҳудудидан урилди.
Қизиқ томони шундаки, гол ўтказиб юборишдан олдин Ўзбекистон терма жамоаси бир неча дақиқа давомида тўпга эгалик қилиб, ҳужумлар уюштирди. Эҳтимол, бу Марсело Бьелсанинг режаси бўлгандир: тўпни бериб қўйиб, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳушёрлигини "сусайтириш" ва қарши ҳужумда бўш нуқталардан фойдаланиш (чунки Уругвай позицион ҳужумларда деярли ҳеч нарса ярата олмаган эди).
Иккинчи гол Ҳамралиев яккакурашда мағлуб бўлгани оқибатида урилди. Бундан ташқари, Шукуров негадир ўнг қанотга силжиб кетди ва шу тариқа майдон марказидаги ҳудудни яна очиқ қолдирди. Айнан Шукуров бўлиши керак бўлган нуқтага узатма амалга оширилди. Мозговой Отабекнинг ўрнини тўлдиришга улгурмади, Эшмуродов эса узатмага кеч муносабат билдирди ва уругвайлик футболчининг зарбасини тўсиш учун масофани қисқартиришга улгурмади.
Урилган гол
Ўзбекистон терма жамоасининг голи асосан Элдор Шомуродовнинг ҳаракатлари туфайли амалга ошди. У майдон марказига келиб, рақибни айланиб ўтди ва кейин ўнг қанотга узатма берди.
Норчаев марказий ҳимоячилар орасида моҳирона очилди ва Бўриевдан узатмани қабул қилди. Тўғри, бу эпизодда офсайд бўлган бўлиши мумкин, лекин Уругвай терма жамоаси биринчи голни урган вазиятда ҳам офсайд бўлиши эҳтимоли бор эди.
Бу вазиятда уругвайликлар ўзаро келиша олмади: дарвозабон олдинга чиқди, ҳимоячи эса тўпни Ҳусайннинг оёғи остидан тепиб юборди. Натижада, воқеалар ривожини олдиндан кўра билган Жиянов биринчи бўлиб тўпга етиб борди ва эпизодни охирига етказди.
Хулоса
Ўзбекистон терма жамоаси, айниқса биринчи бўлимда ҳимояда ишончли ўйин кўрсатди. Танаффусдан кейин, чарчоқ таъсирида хатолар юзага кела бошлади: кимдир яккама-якка курашда мағлуб бўлди, кимдир ўз вақтида орқага қайтишга улгурмади.
Фабио Каннаваро ва унинг мураббийлар жамоаси, аввало, жамоанинг ихчамлиги устида ишлаши лозим. Агар ҳужумчилар прессингга ўтса, ҳимоячилар ва ярим ҳимоячилар чизиқлар орасида катта бўшлиқлар пайдо бўлмаслиги учун "қисилишлари" керак. Бундан ташқари, ўйин интизоми (масалан, Шукуровнинг бир неча бор ўз позициясини ташлаб кетиши) ва эҳтиёткорлик билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд.
Жисмоний тайёргарлик устида ҳам ишланиши лозим. Уругвайликлар жамоамизга нисбатан яхшироқ тайёрланган эди. Албатта, Малайзиянинг иссиқ ва нам об-ҳавоси ўз таъсирини кўрсатди. Бироқ ЖЧ-2026'да ҳам шароитлар тахминан шундай бўлади: клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати давомида жамоалар АҚШ шаҳарларидаги об-ҳаводан бир неча бор шикоят қилишган. Бундай юқори даражада жисмоний тайёргарлик деярли биринчи ўринга чиқади. Рақиб оддий тарзда бизни ортда қолдириб кетиши ва ўйин якунида, кучимиз тугаганда, устунликни қўлга киритиши мумкин.
Николай Егоричев
Похожие новости

Комментарии