Ўзбекистон терма жамоаси йиғини ҳақида (таҳлил)
17 окт 2018 17:45
Новости
Ўзбекистон терма жамоаси йиғини ҳақида (таҳлил)
Кеча Қатарга қарши учрашувдан сўнг терма жамоамиз Эктор Купер қўл остидаги иккинчи йиғинини якунлади. Жамоа йиғин доирасида КХДР ва Қатар термаларига қарши баҳс олиб борди ва иккаласида ҳам бир хил (2:0) ҳисобда ғалаба қозонди.
6-16 октябрга қадар давом этган йиғинда терма жамоамиз жами 10 кун Тошкентдаги "City Palace" меҳмонхонасида истиқомат қилди.
Ўтказилган учрашувлар терма жамоамиз Купер қўл остида ўсишга эришганини кўрсатди. Ўйин аста-секинлик билан шаклланаётгани, мудофаа чизиғида тартиб ўрнатилаётганини кўрдик. Ўйинда ўсиш кузатилиши биланоқ натижага ҳам яхшиланди. Купер тахмин қилганидек, бир ой ўтиб терма жамоамизнинг ҳақиқий қиёфаси кўрина бошлади. Аммо қўлга киритилган ғалабадан эйфорияга берилмаслик кераклигини, бу ҳали бошланиш жараёни эканлигини Купер яхши тушуниб турибди. Ўтган иккита йиғин доирасида ўтказилган ўртоқлик баҳслари Купер ўзи истаган баъзи жиҳатларни кўриб олди. Футболчиларни керакли даражада текширди. Фақатгина жароҳат ва дисквалификациялар туфайли баъзи футболчиларни текшириб кўриш кейинги чўзилган бўлиши мумкин. Ноябрда жамоа нисбатан Осиё Кубогига борадиган оптимал таркибга яқинроқ ҳолда йиғинга киришади. Ўшанда терма жамоамизнинг деярли 85% яқин ўзаги хосил қилинади.
Урилган ва ўтказилган голлар ҳақида
Ўзбекистон терма жамоаси Купер қўл остида ўтказган иккита йиғинда жами 4та ўртоқлик ўйинларини ўтказди. Дастлаб Сурия билан дуранг, кейин Эрондан қабул қилинган мағлубият ҳамда КХДР ва Қатар устидан қўлга киритилган икки ғалаба. Ўзбекистон терма жамоаси Купер бошқарувида 4 ўйинда 5та гол урди. Дарвозамиздан эса атига иккита гол ўтказдик.
Илк хулоса шуки, Купер қўл остида йиғиндан-йиғинга, ўйиндан-ўйинга аста-секинлик билан кучайиб боряпмиз. Мураббий талаб қилаётган услубни эса футболчилар ўзлаштиришни бошлаб юборишган. Нафақат ўйин, балки натижа ҳам яхшилашмоқда. Урилган голларга эътибор қаратсак, Сурия дарвозасини стандарт вазиятидан, яъни пенальтидан ишғол қилдик. КХДР билан баҳсда урилган голлар эса ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумлар мевасига айланди. Марат Бикмаевнинг КХДРга урган илк голига Ҳошимовнинг ўнг қанотдан оширган узатмасидан сўнг вужудга келди. Кейинги голга эса ўнг қанотдан ҳужумга ўтган Ҳусниддин Ғофуровнинг Бикмаевни қулай вазиятга чиқаргани сабаб бўлганди.
Қатарга қарши ўйинда ҳам дастлабки гол яна ўнг қанот орқали, яъни Акмал Шораҳмедовнинг голли узатмасидан сўнг киритилди. Иккинчи гол эса марказдан ташкил этилган ҳужум орқали урилди. Бу вазиятда Аҳмедов Бикмаевга голли узатмани амалга оширди.
Ўтказаб юборилган иккала гол ҳам чап қанотимиз уюштирилган ҳужумдан сўнг урилгани эътиборга молик. Сурия ва Эрон айнан чап қанотимиздаги бўшликдан фойдаланганди.
Ўтган йиғиндаги қайси муаммолар ҳал этилди?
Австралияда бўладиган йиғин кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кўп эҳтимол айнан шу йиғинда якуний хулосага келинади. Келинг, ҳозир ортга қолган йиғинлар ҳақида гаплашамиз.
Биласиз, ўтган ойдаги йиғинда терма жамоамиз машғулот ўтказиш учун жой танлашда қийналганди. Бир кун Жарда, бир кун "Пахтакор"да ва яна бошқа куни ТТЙМИда машғулот ўтказган терма жамоамиз роса сарсон бўлгани ҳақида ёзгандик. Ўшанда терма жамоамиз биринчи йиғин доирасида машғулотларни жами 5 хил майдонда ўтказишга мажбур бўлганди. Бу галги йиғинда айнан майдон муаммоси ҳал этилгани учун ҳам Купер жамоани аниқ режа асосида тайёрлади. Яъни, ўтган галгидек машғулотларнинг жойи ва соати ҳар куни ўзгармади. Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи йиғиндаги машғулотларини барчасини ТТЙМИ стадионида, соат 16:30да ўтказди. Фақатгина КХДРга қарши ўйинолди расмий машғулотни қоидага кўра "Миллий" стадионда ўтказди. Қатар билан ўйинолди расмий машғулот эса қоидага кўра ўйин ўтадиган "Миллий" стадионда эмас, балки ҳар кунги ТТЙМИда бўлди. Чунки Купер талабга жавоб бермайдиган майдонда шуғулланишдан кўра идеал ҳолатдаги ТТЙМИни афзал билди.
Қайд этиш керакки, ТТЙМИ майдони барча талабларга жавоб берадиган идеал сифатда. "Локомотив" клуби вазият тақазо эса айнан шу майдонда шуғулланади ёки назорат учрашувларини ўтказади. Шу боисдан ҳам "темирйўлчилар" ўзлари учун захира майдонига керакли шароитларни яратиб қўйишган. Фақатгина дастлабки кунги машғулотларда майдон суғорилмагани боис баъзи футболчилар, хусусан Аъзамов ва Суюнов жароҳат олиб терма жамоа лагерини тарк этишга мажбур бўлишганди.
ЎФА Эктор Купер билан бирга келган барча мутахассислар билан профессионал шартномага имзо чеккан. Аммо штабдаги хорижлик мутахассислардан ташқари дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков, терма жамоа маъмурлари, шифокорлар ва массажчилар фаолият кўрсатишмоқда. Аммо улар билан иккинчи йиғин олдидан ҳам шартнома имзоланмаганди. Айнан шу йиғин давомида Эктор Купер уларнинг иши ёққанлиги учун уларни мукофотлагани ҳақида ёзгандик. Буни кейинчалик мураббийнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Фақат Купер бу маош сифатида эмас, балки шунчаки иши ёққани боис уларга мукофот пули билан сийлаганини таъкидлади. Айнан мазкур масалани кўтариб чиққанимиздан сўнг, катта эҳтимол ЎФА терма жамоа учун хизмат қилаётган штабдаги маҳаллий мутахассис ва ходимларга шартнома таклиф қилди.
Эктор Купер ҳам бу галги йиғин жараёнидан қониққанини билдириб туриб, баъзи кичик муаммолар бўлиши мумкинлигини инкор этмади. Умуман олганда эса, унга яратилган шароитлардан нолимаётганини таъкидлаб, талабни доим юқори қўйишини айтди. Айнан талаб доим юқори бўлиши нафақат терма жамоа фойдасига, балки бу бутун ўзбек футболи тизимини янги босқичга олиб чиқиши мумкинлигини яширмади.
Футболда ҳеч қачон майда детал ёки кичик муаммолар беэътибор қолдирилмаслиги керак. Майда детал ёки кичик муаммолар ўз вақтида тўғирланаверса, шунда муаммонинг каттасига ўрин қолмайди. Иш эса бир маромда давом этаверади.
Муҳими, ЎФА йўл қўяётган хато ва камчиликларини беэътибор қолдирмаяпти. Муаммо ва камчиликларга ўз вақтида реакция билдирилаётгани ҳам натижа аслида. Тўғри, иш бор жойда хато ва камчиликлар бўлади. Бусиз иложи йўқ. Журналистларнинг иши қаерда нима муаммо бўлса, ўшани ўз вақтида борича кўрсатиш. Мутасаддилар иши - муаммоларга ечим топиш. Шу тизимда ишлашда давом этилса, мавжуд муаммоларга тезроқ барҳам берилади, камчиликлар бартараф этилади.
Эътибор камайди
Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи йиғини бу галгисига нисбатан диққат-эътибор марказида бўлганди. Айниқса ОАВ ва мухлислар тарафидан бўлган қизиқиш пасайганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўтган галги йиғинда бошқа сайт ва ТВ каналлардан келиб лавҳалар тайёрлашганди. Бу йиғинда эса биздан ташқари фақатгина Кун.уз нашри 10 октябрь кунги машғулотга ташриф буюришди. Қолган кунлари ҳеч қайси каналлар машғулотга келгани йўқ. Ҳеч қайси канал иккинчи йиғинга доир ҳеч қандай лавҳа ёки кўрсатувлар тайёрламади. Фақатгина матбуот анжуманлари ва ўйинолди расмий машғулотлар пайтида келиб тасвирга олинди холос. Қолган жараёнлар борасида қолган жойларда жимлик сақланди.
Шунингдек, терма жамоа йиғини расмий сайт, яъни ЎФА матбуот хизмати томонидан ҳам ҳавас қиларли ёки ўрта даражада ёритилгани йўқ. Буни ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Йиғин давомида таркибда бир қатор ўзгаришлар руй берди. Жароҳат ва дисквалификациялар туфайли йиғинни тарк этганлар ёки янги қўшилганлар ҳақида расман ахборот берилмади. Бу жиҳатга ҳам кейинги йиғинлардан эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўларди. Энг зўр қўлланма сифатида бизга яқин бўлган Россия терма жамоаси матбуот хизматининг ишини ўрганиб чиқиш зарар қилмайди. Уларда терма жамоа ҳақида РФИ матбуот хизмати эмас, балки айнан махсус терма жамоа учун ташкил этилган матбуот бўлими юксак профессионал тарзда ишлайди. Оригинал ва қизиқарли лойиҳалар билан футболчиларнинг ҳар бир ҳаракат ва қадамини мухлисларга етказишади. Футболни тарғиб қилишда, айниқса бош жамоа аъзолари билан мулоқотни йўлга қўйишда матбуот хизматининг ўрни жуда катта. Ҳар машғулотдан кейин футболчилар билан микст-зона ва мураббийнинг йиғиндан кўзлаган мақсади ҳақида тўхталиши учун матбуот хизмати бошқа ОАВларга шароит яратиб бериши лозим.
Мухлислар тарафидан ҳам терма жамоа учрашувларига ташриф аввалгиларга қараганда пасайиб кетди. Кечаги ўйинда ҳаво совуқ ва ноқулай келгани ҳақиқат. Аммо авваллари бунданда совуқроқ ҳавода мухлислар терма жамоамизни ёлғизлатиб қўйишмаганди. Чипталар учун навбат кутиш алоҳида жараёнга айланарди. Бу сафар эса чиптахоналарда эркин сотилган чипталар савдоси авж олмади. Ажиотаж кузатилмади.
Ўйин афишаси, рекламасини фаол айлантирилмагани ҳам балки томошабинлар ташрифига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Шунингдек, чипталар нархи борасида ҳам олтин ўрталиқни топиш лозим. Чўнтакбоп, ҳамма учун қулай нархларни белгилаш керак. Чунки терма жамоамизнинг асосий ишқибозлари асосан талаба, мактаб ёки коллеж ўқувчиларидан иборат.
Эктор Купер қўл остидаги иккинчи йиғинга доир факт ва рақамлар
Мазкур йиғинга Эктор Купер жами 24 нафар футболчини жалб этди. Рўйхатдан ўрин олган "Навбаҳор" дарвозабони Ботирали Эргашев жароҳати сабабли йиғинда иштирок этмади. Унинг ўрни АГМК посбони Роман Абдулов билан тўлдирилди. Кейинчалик эса терма жамоа лагерини жароҳат туфайли биринчи бўлиб Элдорбек Суюнов тарк этди. Йиғинга тўртта дарвозабон чақирилгани туфайли Суюновнинг ўрни бошқа кипер билан тўлдирилмади. Машғулотларнинг тўртинчи куни эса жароҳат олган Аъзамовнинг ўрнига Ислом Тўхтахўжаев чақирилди. Кейинчалик эса ОФКнинг Жалолиддин Машариповнинг дисквалификациясини эълон қилди. "Пахтакор" футболчиси 6 ойга ўртоқлик ўйинларидан дисквалификация қилингани туфайли Машариповга ҳам жавоб бериб юборилди. Шу тариқа Купер КХДРга қарши ўйинга 22 нафар футболчи билан тайёргарлик кўрди.
Иккинчи йииғинга таклиф этилган футболчилар рўйхати:
Дарвозабонлар:
Элдорбек Суюнов ("Пахтакор") *жароҳат
Игнатий Нестеров (“Локомотив”) ўйнади - КХДР
Роман Абдулов (АГМК) *ўйнамади
Ўткир Юсупов (“Қўқон-1912”) ўйнади - Қатар
Ҳимоячилар:
Егор Кримец (“Пахтакор”) ўйнади - КХДР, Қатар
Анзур Исмоилов (“Локомотив”) ўйнади - КХДР, Қатар
Шерзод Аъзамов ("Пахтакор") *жароҳат
Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив") ўйнади - Қатар
Достон Турсунов (“Нефтчи”) ўйнади - Қатар
Олег Зотеев (“Локомотив”) ўйнади - Қатар
Владимир Козак (“Пахтакор”) ўйнади - КХДР, Қатар
Акмал Шораҳмедов (“Пахтакор”) ўйнади - Қатар
Даврон Ҳошимов (“Навбаҳор”) ўйнади - КХДР
Ярим ҳимоячилар:
Одил Ҳамробеков (“Насаф”) ўйнади - КХДР, Қатар
Азиз Ҳайдаров (“Бунёдкор”) ўйнади - КХДР
Жавоҳир Сидиқов (“Қўқон-1912”) ўйнади - КХДР, Қатар
Икром Алибоев (“Локомотив”) ўйнади - КХДР, Қатар
Одил Аҳмедов (“Шанхай СИПГ”, Хитой) ўйнади - КХДР, Қатар
Элдор Шомуродов (“Ростов”, Россия) ўйнади - КХДР, Қатар
Отабек Шукуров (“Шаржа”, БАА) ўйнади - КХДР
Достон Ҳамдамов (“Анжи”, Россия) ўйнади - КХДР, Қатар
Жалолиддин Машарипов ("Пахтакор") *дисквалификация
Ҳужумчилар:
Иван Нагаев (“Қизилқум”) ўйнади - КХДР
Марат Бикмаев (“Локомотив”) ўйнади - КХДР, Қатар
Ҳусниддин Ғофуров (“Локомотив”) ўйнади - КХДР, Қатар
Биринчи ўртоқлик учрашувида Купер 16 футболчи хизматидан фойдаланди. Иккинчи баҳсда эса асосий таркибдаги 7 футболчи ўзгарди. Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Одил Аҳмедов ва Элдор Шомуродов эса ҳар иккала ўртоқлик беллашувида ҳам бошланғич таркибдан ўрин олишди. Купер КХДР ва Қатарга қарши ўйинларда қўл остидаги 21 нафар футболчидан фойдаланди. Фақатгина АГМК дарвозабони Роман Абдулов мазкур баҳсларда иштирок этмади.
КХДР ва Қатарга қарши ўйинда майдонга тушган футболчилар: Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Одил Ҳамробеков, Икром Алибоев, Ҳусниддин Ғофуров, Достон Ҳамдамов, Владимир Козак, Марат Бикмаев, Жавоҳир Сидиқов.
Эктор Купер бу галги ўртоқлик учрашувларида ҳам ўтган баҳсларда қўллаган 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланди. Аслида марказий ярим ҳимоячи ҳисобланган Икром Алибоевни мураббий футболчи учун ноодатий нуқтада, яъни чап қанот ҳужумкор вингери сифатида ўйнатди. Шунингдек, биринчи баҳсда марказий ҳужумда Марат Бикмаев, кейинчалик эса захирадан майдонга тушган Нагаевдан соф ҳужумчи сифатида фойдаланди. Иккинчи беллашувда эса ўтган ўйинларда вингер ролида ўйнаган Элдор Шомуродов марказий ҳужумда ўйинни бошлади. Кейинчалик позицион ўзгаришдан сўнг Бикмаев Шомуродовни алмаштирди. Қизиғи, биринчи йиғин доирасида Бикмаевдан қанотда вингер сифатида фойдаланган Купер, бу гал ҳар иккала учрашувда ҳам Маратни марказий ҳужумда ўйнатди. Бикмаев эса бу нуқтада жуда яхши самарадорликни намойиш этди.
Ўзбекистон - КХДР 2:0
13 октябрь. "Миллий" стадиони. 19:00
Ҳакамлар: Дмитрий Машенцев, Баҳодир Қўчқоров, Исмоил Толибжонов (учаласи Қирғизистон). Жасур Мухторов (Ўзбекистон)
Голлар: Марат Бикмаев 37, - 1:0. Марат Бикмаев 90+1, - 2:0.
Ўзбекистон - 1.Игнатий Нестеров - 24.Даврон Ҳошимов, 31.Егор Кримец, 5.Анзур Исмоилов, 29.Владимир Козак - 7.Азизбек Ҳайдаров (15.Одилжон Ҳамробеков, 36), 16.Отабек Шукуров - 9.Одил Аҳмедов (22.Жавоҳир Сидиқов, 70), 27.Достон Ҳамдамов (17.Иван Нагаев, 67) (6.Ҳусниддин Ғофуров, 83), 14.Элдор Шомуродов (8.Икром Алибоев, 66) - 10.Марат Бикмаев
Захира: 25.Роман Абдулов, 30.Ўткир Юсупов, 2.Акмал Шораҳмедов, 4.Достон Турсунов, 13.Олег Зотеев, 20.Ислом Тўхтахўжаев,
КХДР - 1.Ри Мёнг Гук (18.Син Хёк, 46), 3.Жан Кук Чол, 5.Ан Сонг Ил, 6.Ри Ун Чол, 7.Канг Кук Чол (2.Ан Ил Бом, 30), 9.Ким Йонг Ил, 11.Жонг Ил Гван, 19.Рим Кванг Хёк, 20.Ри Тонг Ил, 25.Ким Ю Сонг, 17.Ри Чаг Хо
Захира: 21.Канг Жу Хёк, 2.Ким Чол Бом, 4.Ким Сог Мин, 8.Хан Таг Хёк, 14.Ри Кум Чол, 15.Жо Кванг Мёнг, 16.Ким Кук Бом, 23.У Ил Ганг, 22.Сим Хён Жин.
Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон - Қатар 2:0
Соат 19:00, "Миллий" стадиони
Ҳакамлар: Чоримурод Қурбонов, Ахмет Бекназаров, Бердимамет Атдиев (учаласи Туркманистон)
Захира ҳаками: Жасур Мухторов (Ўзбекистон)
Голлар: Одил Аҳмедов 72, - 1:0. Марат Бикмаев 85, - 2:0.
Ўзбекистон: 30.Ўткир Юсупов, 2.Акмал Шораҳмедов, 31.Егор Кримец (4.Достонбек Турсунов, 64), 5.Анзур Исмоилов, 13.Олег Зотеев, 15.Одил Ҳамробеков, 9.Одил Аҳмедов (20.Ислом Тўхтахўжаев, 90+1), 6.Ҳусниддин Ғофуров (17.Достонбек Ҳамдамов, 46), 22.Жавоҳир Сидиқов, 8.Икром Алибоев (19.Владимир Козак, 83), 14.Элдор Шомуродов (10.Марат Бикмаев, 76).
Захира: 1.Игнатий Нестеров, 12.Роман Абдулов, 7.Азизбек Ҳайдаров, 16.Отабек Шукуров, 18.Давронбек Ҳошимов, .
Қатар: 21.Юсуф Ҳассан, 6.Абдулазиз Ҳатим Муҳаммад, 10.Ҳассан Ал Ҳайдос, 12.Карим Будиаф, 13.Султон Ҳуссайн, 15.Бассам Ҳусам Ал Рави, 17.Муҳаммад Муса, 18. Абдулкарим Салим, 19.Ал Моез Али, 26.Ториқ Салмон, 28.Ассим Умар.
Захира: 31.Жассим Одил, 22.Муҳаммад Аҳмад, 5.Аҳмад Фотҳи Абдулла, 7.Аҳмад Абдилмутал, 8.Аҳмад Дузанде, 9.Ҳассан Яҳё, 14.Салим Ал Ҳажри, 20.Абдуллоҳ Абдусалом, 23.Муҳаммад Абдилмутал, 24.Абдулраҳмон Мустафо, 27.Али Авад Бужалуф.
Эктор Купер қўл остида Ўзбекистон терма жамоасида ўтган гал Сардор Собирхўжаев дебют қилганди. Бу йиғинда эса "Қўқон-1912" Ўткир Юсупов терма жамоа сафида дебют ўйинини ўтказди.
Ўтказилган иккита йиғиндан кейинги факт ва рақамлар
Эктор Купер ўтган йиғинда жами 30 нафар футболчини жалб этиб, ўйинларда 24 футболчи хизмати фойдаланганди. Бу сафар эса 24 нафар футболчи жалб этилган йиғинда Купер 21 ўйинчини майдонга туширди. Купер умумий ҳисобда иккала йиғиндаги ўртоқлик ўйинларида жами 34 нафар футболчиларни синовдан ўтказди.
Рўйхатга киритилган, аммо жароҳати туфайли йиғинда иштирок этолмаган футболчилар рўйхати:
Ботирали Эргашев ("Навбаҳор")
Элдорбек Суюнов ("Пахтакор")
Шуҳрат Муҳаммадиев ("Локомотив")
Шерзод Аъзамов ("Пахтакор")
Азиз Ҳайдаров ("Бунёдкор")
Йиғинда иштирок этган, аммо Купер имконият бермаган футболчилар рўйхати:
Мурод Зуҳуров ("Бунёдкор")
Санжар Қувватов ("Насаф")
Роман Абдулов (АГМК)
Мурод Холмуҳаммедов ("Қўқон-1912")
Шоҳруҳ Гадоев (“Тэджон Ситизен”, Ж.Корея)
Эктор Купер қўл остида барча ўртоқлик учрашувларида ўйнаган футболчилар рўйхати:
Анзур Исмоилов ("Локомотив")
Ҳусниддин Ғофуров ("Локомотив")
Элдор Шомуродов ("Ростов")
Марат Бикмаев ("Локомотив")
Эктор Купер қўл остида барча ўйинларни тўлиқ ўтказган ягона футболчи - Анзур Исмоилов
Эктор Купер қўл остида тўпурар футболчи - Марат Бикмаев (4 ўйин, 4 гол)
Қайси жамоалардан қанча футболчи МТЖга таклиф этилди?
"Локомотив" - 10
"Пахтакор" - 8
Легионерлар - 7
"Қўқон-1912" - 3
"Бунёдкор" - 4
"Навбаҳор" - 2
"Насаф" - 2
"Нефтчи" - 1
"Қизилқум" - 1
"Бухоро" - 1
Комментарии