Отабек Шукуров: "Журналистлар Эронга қарши дурангни мағлубиятдек қабул қилмоқда. Илтимос, бизни қўллаб-қувватланглар ва ҳар бир очкони қадрлайлик"
15 окт 23:26
Новости
Отабек Шукуров: "Журналистлар Эронга қарши дурангни мағлубиятдек қабул қилмоқда. Илтимос, бизни қўллаб-қувватланглар ва ҳар бир очкони қадрлайлик"
"Оғирроқ ўйин бўлди. ЖЧ саралашида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Кўп вазиятлар яратяпмиз, аммо вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Муҳими уч очкони қўлга киритдик. Мухлисларга раҳмат айтаман, бизни қўллаб-қувватлашда давом этинглар. Биз Жаҳон чемпионатига чиқамиз", - деди Отабек Шукуров.
- Терма жамоа бироз мазмунсиз ўйин намойиш этаётгандек. Мураббий йўқлиги бунга сабабми? Бугунги учрашувда пенальти бўлмаганида дуранг қайд этган бўлардик, масалан.
- Мураббий йўқлиги ўз сўзини айтмоқда, лекин пенальти бўлмаганида бундай бўлар эди дейиш нотўғри. Масалан, Эронга қарши ўйинни олайлик. Форслар дунё рейтингида 20-ўринда, биз эса 61-ўриндамиз. Улар бир киши кам бўлиб қолди тўғри, аммо бу Эрон. Ўйин сўнгида Эрон пенальти ишлаган бўлиши мумкин, аммо улар қизил карточкага қадар ҳам дарвозамизга гол ура олишмади. Эрон ҳар доим мундиалда иштирок этган жамоа. Биз ҳам вазиятлар яратдик, Эрон ҳам сўнгги дақиқаларда хавфли вазиятларга эга бўлди. Сўнгги уч учрашувда Эрон бизни мағлуб эта олдими? Ҳозирги вақтда бизни кўпчилик "мазмунсиз" ўйин деб танқид қилишмоқда, бироқ биз авваллари жуда қизиқарли ва ёрқин футбол намойиш этиб, мундиалсиз қолиб кетганмиз. Футболчи сифатида журналистлар терма жамоани фақатгина танқид қилишаётгандек туюлмоқда. Биз фақатгина натижа учун ўйнаяпмиз. Менинг фаолиятимдаги энг аламли ўйинлар бу меҳмондаги Саудияга қарши йирик ҳисобдаги мағлуб бўлган ўйинимиз ва 2017 йилдаги Жанубий Кореяга қарши голсиз дуранг. Икки баҳсдан сўнг ҳам биз Жаҳон чемпионатисиз қолиб кетгандек. Биз Эронни қочириб юбормаяпмиз. Муҳими шу. Биз айни вақтда гуруҳда етакчимиз. Илтимос, ушбу натижаларимизни ҳам қадрайлик.
- Танқид ривожланиш "мева"си. Биз ҳам терма жамоамизни ўйлаб бу гапларни айтмоқдамиз. Эрон ҳозирги кунда бироз кучсизланиб қолгандек...
- Эронни кучсиз деб ўйлаётгандирсиз, аммо бу сизнинг фикрингиз. ФИФА рейтингига қарасак, биз қаерда ва Эрон қаерда эканлигини билиб оласиз. Нима бўлган тақдирда ҳам Эронни кучсизланди дея олмайман. Четлатишдан сўнг форслар тўпни бизга бериб қўйди ва қарши ҳужумлар орқали ўйнашди. Биз учун ўша бир очко ҳам жуда қадрли. Журналистлар Эрон билан қайд этилган дурангни мағлубиятдек қабул қилишмоқда. Бу мағлубият эмас, биз Эронни қочириб юбормаяпмиз. Пенальти бўлмаганида вазият ўзгариб кетиши мумкин эди деяпсиз тўғри, аммо пенальти бўлмаганида биз ўйиндан гол уришимиз мумкин эди-ку.
- БАА ҳам бугун қизил карточка олди ва четлатишдан сўнг биз уч марказий ҳимоячи билан эмас, аксинча 2та марказий ҳимоячи билан ўйнашни бошладик. Бу олдиндатайёрланганан режа эдими?
- Ўйиндан 2-3 кун аввал ҳам шундай ўйин услубини машқ қилгандик. 5та ҳимоячи эмас, 4та ҳимоячи билан ўйнашга келишиб олгандик.
- Жалолиддин Машарипов 11 метрлик жарима белгилангандан сўнг тўпни сизга олиб келди ва сизга нимадир деб кетди. Ўша вазиятда Машарипов сизга нима деди?
- Пенальти белгиланган вазиятда Жалол билан ким зарба беришини келишиб олгандик ва мен зарбани амалга оширишим керак эди. Орада бош ҳакам билан бироз суҳбатлашдик. Машарипов ўша вазиятда "уриш керак" деб кетгандир, менимча(кулади).
- Терма жамоамиз Эрон билан тенгма-тенг ўйнаб, дуранг қайд этиш нормал ҳолат эканлигига ўргатиб қўйди. Пенальти зарбасидан сўнг тўп дастлаб тўсинга текканида нималарни ҳис қилдингиз?
- Очиғини айтаман, БАА дарвозабони менинг дўстим. Мен у билан бирга БАА чемпионатида тўп тепганман. Мен "Шаржа"да у "Ал-Айн"да ўйнарди. Дарвозабон мен қаерга зарба беришимни биларди, мен чап томонга кучли зарба бермоқчи эдим, бироқ энг сўнгги сонияда дарвозабон чап томонга ташланганини сездим ва шу сабабли зарбани йўналишини ўнг томонга ўзгартирдим. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим, тўғриси(кулади).
Комментарии
Barcha futbolchilarimizga rahmat
Borilarini berib o‘ynashayotgani ko‘rinib turubdi
Shomurodov va Shukurov alohida tashakkur