RU

Последние новости

10:22«Нефтчи»ни яна бир легионери тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  5 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6

Осиё термаларининг Жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйини қониқарсизми? Австралиялик, Осиё футболининг том маънодаги "профессори" Скотт МакИнтайр билан эксклюзив интервью Новости

Осиё термаларининг Жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйини қониқарсизми? Австралиялик, Осиё футболининг том маънодаги "профессори" Скотт МакИнтайр билан эксклюзив интервью

Қатарда ўтказилаётган Жаҳон чемпионати ҳам деярли якунига етай деб қолди.

Мундиални Қатардан ёритиб бораётган Championat.asia сайти Осиё футболининг ҳақиқий "профессори", австралиялик журналист Скотт МакИнтайр билан эксклюзив интервью уюштирди. Скотт "The Asian game" нашри журналисти ҳисобланади. Қаҳрамонимиз билан суҳбат жараёнида унинг Осиё футболини чуқур тушунишига амин бўламиз. Скотт МакИнтайр аксарият журналистлар ва футбол оммаси томонидан билдирилаётган Осиё футболининг Қатардаги омадли иштироки ҳақидаги фикрларга унчалик ҳам қўшилмайди ва ўз қарашларини конструктив тарзда тушунтириб беришга ҳаракат қилади. Албатта, журналистнинг танқидий фикрларини унинг Осиё футболига бефарқ эмаслиги ва қитъадошларимизнинг имкониятлари аслида анча юқори эканлигига ишониши билан изоҳлаш мумкин. Сизга ана шу суҳбатни тақдим этамиз:


- Салом Скотт, Япониянинг ушбу Жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида нималар дея оласан?

- Бу гапим кўпчиликка ғалати эшилиши мумкин. Лекин, фикримча бу омадсиз иштирок бўлди. Сабаби, Япония 30-40 йилдан бери футбол инфраструктурасини яратишга жуда катта пул, вақт ва энергия сарфлади. J1, J2 ва J3 лигаларини эшитганмисан? Японияда 58 та профессионал клуб бор. Тасаввур қиляпсизми? 58 та профессионал клуб! Дунёдаги этакчи лигаларнинг барчасида ҳам бунча клуб йўқ. Японияда болалар футболида ишловчи 20 минг нафардан ортиқ мураббий бор. Уларнинг барчаси керакли лицензияларга эга. Агар сен япониялик истеъдод бўлсанг, мамлакатнинг исталган бурчагида сен яхши мураббий топа оласан. Японларнинг Жаҳон чемпионатидаги таркибига эътибор бердингизми? 26 нафар ўйинчидан 19 таси Европада ўйнайди, маҳаллий лигада ўйнайдиган футболчиларнинг ҳам халқаро тажрибаси бор. Футболчиларнинг сифати борасида савол бўлиши ҳам мумкин эмас. Япониялик ўйинчиларнинг техник сифати шунчаки ажойиб. Менимча, Япониянинг асосий мақсади Жаҳон чемпионатини ютиш бўлиши керак. Мен жиддий айтяпман. Сабаби, Япония техник жиҳатдан Осиёнинг энг яхши терма жамоаси. Масала эса мураббийда. Улар Германия ва Испанияни мағлуб қилишди, аммо қандай қилиб? Германияга қарши улар 60 дақиқа ҳеч нарса қилишмаганди. Ҳимояга ётиб олиб, ҳужум қилишмади ва Германиянинг хато қилишини кутишди. Коста-Рикага қаршичи? Япония Коста-Рикага қарши ҳеч нарса қилмади. Ҳимояда ётиб олди. Коста-Рикада қанча профессионал клуб бор, аниқ билмайман. Балки, 12 тадир. Аммо Япониядек терма жамоанинг Коста-Рикага қарши кўрсатган ўйини шунчаки расво. Тўғри, улар Испанияни ҳам мағлуб қилишди. Бироқ, яна ўша картина. Биринчи таймда ҳеч нарса қилинмади. Иккинчи бўлимда эса беш дақиқада 2 та гол ва яна ҳимоя. 

   Энди Японияни Саудия Арабистони билан солиштиринг. Саудия Арабистонининг Аргентинага қарши ўйини шунчаки даҳшат. Улар биз қўрқмаймиз дейишди ва ғалаба қозонишди. Саудиянинг ҳимоя чизиғи жуда олдинда ўйнади. Бу эса гранд термаларга қарши жуда қийин. Тўғри, Саудия Арабистони ҳам охирги 10-15 йилда футболга жуда катта сармоя киритди. Саудлар Аргентинага қарши ҳақиқий футбол ўйнашди. Менимча, барча Осиё терма жамоалари учун мана шу нарса асосий мақсад бўлиши керак. Биз Жаҳон чемпионатига келсак ва ҳимояда ётиб олиб, қарши ҳужумларда ўйнасак бундан Осиё футболига нима наф? Шунча сарфланган пул, вақт ва энергия нима учун кетади унда? Япония, Жанубий Корея ва Саудия Арабистонида техник ўйинчилар жуда кўп. Сизлар Ўзбекистондан келгансиз-а? Ўзбекистонда ҳам техник жиҳатдан жуда кучли футболчилар бор. Агарда биз фақат ҳимояда ётиб олиб, қарши ҳужумларда ўйнайдиган бўлсак, шунча пул сарфлаб нима қиламиз? Нега бунақа ўйин учун ёшлар футболини ривожлантиришимиз керак? Нега клублар давлатдан пул олиши керак? Мантиқ қани? Дунё ривожланмоқда, футбол ҳам замонавий бўлиши керак. Ҳозир ҳимоячилар ҳам ҳужумларда иштирок этишади. Масалан, Хорватиядаги Йошка Гвардиол. У эндигина 20 ёшда, тўп билан ишлаши эса ажойиб. Саудия Арабистонининг ҳимоячилари ҳам тўп билан муомала қилишлари худди ярим ҳимоячилардек. Осиё мамлакатлари футболни ривожлантириш учун жуда кўп меҳнат қилишмоқда. Айниқса, Япония. Мен японларда бу каби мураббийни кўриб, ҳафсалам пир бўлиб кетди. Бу мураббий анча йиллардан бери Японияда ишлаб келмоқда. Тўғри, у титуллар ютмоқда, аммо ўйин сифати расво. Улар катта пул ва вақт сарфлашди ва шу каби ҳимоявий футбол кўрсатадиган мураббийни тайинлашган. Агар Японияга ҳужумкор футбол кўрсатадиган, қўрқмайдиган мураббий олиб келинса, улар Жаҳон чемпионатини ҳам ютишлари мумкин. Ҳа, Япония Жаҳон чемпиони бўла олади. Ҳазиллашмаяпман.

- Унда Япония нега бундай мураббийни тайинлаган деб ўйлайсан?

- Менинг фикримча, бунга Япониянинг консерватив давлат эканлиги сабаб бўлган. Мен нафақат футбол, балки умуман миллат сифатида бу фикрни айтяпман. Японлар таваккал қилишни унчалик ҳам ёқтиришмайди. Улар барча ишни тизимли ва аниқ режа билан бажаришади.Улар хато қилишни исташмайди. Бундан олдинги мураббий ҳам айнан уларнинг фикрлаш услубларига тўғри келмагани боис ўзгартирилганди. Ҳозир улар хавфсизроқ йўлни танлашган. Ана энди нима бўлиши жуда қизиқ. Японлар ҳозирда футболни қайси йўналишда давом эттиришларини аниқлаб олишлари лозим. Биз ҳам қитъа ўлароқ қайси йўлдан боришимиз ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. Жаҳон чемпионати 1930 йилдан бери ўтказилиб келади. Шу вақт давомида Осиё жамоалари неча марта чорак финалга чиқа олган? Икки марта. Шимолий Кореяни ҳисобламайдиган бўлсак, бир марта. Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?

- Аммо бизнинг қитъа охирги икки Жаҳон чемпионатида ўсишга эришди...

- Қандай ўсиш? Айта оласанми...

- Дейлик, бу Жаҳон чемпионатида Осиё жамоалари Испания, Германия ва Аргентина каби гранд термаларни мағлуб қилишди...

- Тўғри, аммо бу муваффақият деб қаралмайди. Бунақа натижалар баъзи-баъзида учраб туради, халос. Фақат ҳимояланадиган жамоа бирор марта Жаҳон чемпионатини ютганми? Бразилия, Германия, Испания шу каби футбол ўйнайдими? Йўқ, ҳеч қачон! Тўғри, бу услуб (узоқ масофага узатмалар ва қарши ҳужум) Осиё термаларига натижа бермоқда. Тарихда биринчи марта плей-оффга учта Осиё жамоаси чиқди. Бу қоғозда жуда чиройли кўринади, қўшиламан. Аммо бу Жаҳон чемпионати биз учун мезбон мақомида ўтаётганини ҳам унутмаслик керак. Қатарда ўзимиз ўйнаб юрган ҳар доимги муҳит. Австралия, Япония каби жамоалар айнан шу ерда саралаш ўйинларини ўтказишди. Шахсий фикримча, биз нимчорак финалга ҳимоявий услубда чиққанимиз билан фахрланиб юришни яхши натижа деб қарашни бас қилишимиз керак. Олдинга ҳаракат қилиш, кўпроғини мақсад қилишимиз шарт. Биз ёш авлодни илҳомлантирадиган натижалар кўрсатишимиз керак. Биз кўрсатаётган ўйин Ўзбекистон ёки Япониядаги болакайларни ёдида бир умр қолиши керак. Қайси болакай ҳимоявий футболни кўришни яхши кўради? Ҳеч қайси бола 60 метрга пас бериш ёки 90 дақиқа ҳимояланишни орзу қилмайди. Болалар гол уришни орзу қиладилар. Биз болаларга шуни тақдим қилишимиз керак. Улар қачонгача Месси, Неймар ёки Мбаппега мухлислик қилишади? Қани ўзимизнинг осиёлик қаҳрамонлар? Бизда фақат Сон бор. Япониянинг ҳужумдаги энг ёрқин футболчиси Митома деярли майдонга ҳам тушмади. Захирадан ўйинга қўшилганда ҳам қанот ҳимоясига тушди. Қанақасига? У ўнинчи рақамда ўйнайди. Ўнинчи рақамли ўйинчига ҳимояда нима бор?

- Демак, Япониянинг сенинг наздингдаги омадсизлигига мураббий айбдор?

- Юз фоиз. Мен буни тактик хато деб атаган бўлардим. Бошқачароқ айтадиган бўлсам, бу — менталитетдаги хато. Футболдаги энг муҳим нарса бу менталитет, ғалаба руҳи. Ўйинчилар ғалабага ишонишлари керак. Мени Японияда жуда кўп мураббий дўстларим бор, кўпчилиги билан фикр алмашиб тураман. Уларнинг бир нечтаси менга мессенжерлар орқали Япониянинг кўрсатаётган ўйини расво эканлигини ёзишди. Агар Японияда бошқа яхши мураббий бўлганида, улар Жаҳон чемпионатини ютишларини ҳақида гапиришди. Бу ҳазил эмас. Мен бу сўзларни Япония юқори лигасининг профессионал мураббийларидан эшитдим.

- Саудия Арабистони ҳақида нима деган бўлардинг?

- Осиё терма жамоаларини санайлик. Қатар, Австралия, Япония, Корея ва Эрон. Буларнинг барчаси ҳимоявий, боя мен танқид қилган услубда ўйнади. Саудия Арабистони ҳақида эса ундай дея олмайман. Улар Жаҳон чемпионатининг илк сониялариданоқ қувноқ футбол кўрсатишди. Яна кимсан Аргентинага қарши. Уларнинг ҳимоя чизиғига эътибор берсанг, улар деярли майдон марказида эдилар. Бу ажойибку. Қандай қилиб дейсанми? Биринчидан уларда ҳужумкор ўйин кўрсатиш учун техник томондан кучли футболчилар бош мураббийнинг фалсафаси. Иккинчи фактор эса бу мураббийнинг фалсафаси ва ишонч. Айнан ишонч узоқ муддатли муваффақият калити ҳисобланади. Қоғозга қарасак, Саудия Арабистони омадсиз жамоадек, улар гуруҳдан чиқа олишмади. Бироқ, улар кейинги авлодга нима бера олганларини ўйлаб кўр. Тасаввур қил, сен саудиялик 10 ёшли болакайсан ва шу ўйинларни кўрдинг. Қандай ҳиссиётлар сени қамраб олади? Тўғри, улар Россияда муваффақиятсизликка учрашганди. Лекин, тўрт йил давомида Ренар билан Саудия Арабистони футболи ўсди. Чемпионат ҳам барқарор лига ҳисобланади. ОЧЛнинг охирги мавсумларида бир неча Саудия Арабистони клублари биргаликда охирги босқичларгача етиб боришмоқда. Терма жамоа муваффақиятининг асосий калити бу мураббий ҳисобланади. Мураббий жамоани ишонтириши керак. Ренар ҳам сизлар Аргентинага қарши майдонга тушдинглар, боринг футбол ўйнанг, деди. Саудия Арабистони қўрқмади. Қолган беш терма жамоа эса қўрқди.

- Кел, сенинг мамлакатинг ҳақида суҳбатлашамиз. Австралия бу жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқди. Бу улар қила олишлари мумкин бўлган энг юқори натижа эди, назаримда...

- Қўшиламан. Биз ўз максимумимизни кўрсатдик. Австралияда бироз бошқачароқ ҳолат. Биз мамлакат миқёсида ёшлар футболини ривожлантиришда катта муаммоларга дуч келмоқдамиз. Бизда чемпионат фақат юқори лигадан иборат. Иккинчи лига умуман мавжуд эмас. Бизда 12 та профессионал клуб бор. Улардан бири Янги Зеландия клуби. Бўлди. Шу клублар ҳар йили чемпионатда ўйнайверишади, қуйи лигага тушиб ҳам кетишмайди. Сабаби, қуйи лиганинг ўзи йўқ. Ҳар бир жамоада 20 нафар ўйинчи бор деб ҳисобласак, бизда 200 тача профессионал ўйинчи бор.

- Авваллари австралиялик ўйинчиларни АПЛ ва бошқа юқори чемпионатларда кўрардик. Ҳозир эса ундай эмас. Нима юз берди?

- Муаммо ҳам шунда. 2005 йилда бизда эски лига бор эди. Кейин эса бу лигани тўҳтатишди. Сабаб қилиб ўша лига мухлисларинг тартибсизлиги ва ўзаро жанжалларини кўрсатишди. Шундан сўнг, янги чемпионатга асос солишди. Бу эса икки йил вақтни олди. Орада икки йил Австралия футболсиз яшади. Ёшлар футболи умуман ўлди. Ёшлар жамоалари йилига узоғи 12 та ўйин ўйнашди. Авваллари бизда Хорватия, Германия ва бошқа мамлакатлардан мураббийлар бўларди. Ўшанда олтин авлодимиз етишиб чиққанди. Умуман олдин спорт тизимимиз жуда яхши эди. Ҳозир эса бу тизим барбод бўлди. Ҳаммаси тугатилди. Ҳукумат футболни молиялаштиришдан чекинди. Ҳозирда 5-6 клубимизгина давлат қарамоғида. Тўғрисини айтсам, австралиялик ўйинчилар техник жиҳатдан унчалик ҳам яхши даражада эмаслар. Бу аччиқ ҳақиқат. Ҳужумкор ўйинга бизнинг ўйинчиларни савияси етмайди, аммо биз буни тўғрилашимиз керак. Иккинчи лигасиз буни иложи йўқ. Ҳатто Мўғулистонда ҳам иккинчи лига бор.

- Охирги йилларда Осиё Чемпионлар лигасида Австралия клублари иштироки унчалик ҳам яхши эмас. Лекин, клубларингиз Нани ва шу каби футболчиларни жамоага олиб келишмоқда. Бунда қандай мантиқ бор?

- Биласанми, йўқми Австралия Осиё мамлакатлари ичида маошлар чегараси бор бўлган ягона мамлакат ҳисобланади. Бизда ҳар бир клуб маошларга ишлатиши мумкин бўлган чегара бор. Бироқ, клубларга икки ёки уч футболчининг маоши мана шу чегарадан ташқари ҳисобланишига истисно қилинган. Баъзи клублар айнан шу имкониятдан фойдаланиб Нани каби юлдузларни жамоага олиб келишади. Бироқ яна бошқа бир фикр шундан иборатки, биз Ветнам, Индонезия ёки Ўзбекистондан ёш футболчи олиб келганимиз Нани ёки бошқа юлдуздан фойдалироқ бўлиши мумкин. Майдоннинг ичида ўша ёш ўйинчининг фойдаси кўпроқ тегади. Дель Пьеро, Хонда каби футболчилар Австралияда ўйнашган, аммо улар фаолиятларининг охирида эдилар. Балки, келажакда ОФК легионерлар билан лимитни ўзгартирар ва осиёлик ёш футболчилар конфедерация ичида нисбатан эркин клуб танлашлари мумкин бўлар. Дейлик, иккита футболчига рухсат берилар. Шунда, таиландлик яхши ўйинчи Австралияда, камбоджалик кучли ўйинчи Таиландда ўйнаши мумкин бўларди. Буни маълум бир клубнинг эмас, бир бутун Осиё футболини бир бутун бўлиб ўсишига қаратилган ҳаракат деб талқин қилса бўлади. Энг муҳими бу терма жамоалар, чунки бутун дунё айнан терма жамоалар ўйинини кузатади. Яна эслатаман, биз чорак финалга чиқа олмадик. Тўғри, гуруҳдан чиқдик, аммо кейинги қадамни ташлашимиз керак. Қандай қилиб юз йилдан бери ўтказилаётган Жаҳон чемпионатларида фақатгина икки марта чорак финалга чиқиш мумкин?

- 2026 йилги Жаҳон чемпионатида 48 терма жамоа қатнашади. Осиёга ҳам саккизта квота ажратилади. Бунга қандай қарайсан? Бу Осиё футболига ёрдам берадими?

- Ҳа, мен шундай ҳисоблайман. Биринчи навбатда кўпроқ жамоа кўпроқ пул дегани. Бу ўзгаришнинг асосий сабаби ҳам айнан пул ҳисобланади. Шу билан бирга, бу Инфантино навбатдаги сайловда овозлар йиғиши учун қадам. Чунки, жамоалар сонининг ошиши ривожланаётган бошқа терма жамоаларга орзуларининг ушалиши учун ажойиб имконият. Ўзбекистон учун ҳам шундай. Сизлар неча йиллардан бери Жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келасизлар. Футболни ривожлантирмоқчи бўлган мамлакатлар учун бу ўзгариш орзу ҳисобланади. Мен бу гапни доим таъкидлайман. Ветнам, Индонезия ва Таиланд каби давлатларда жуда кучли футболчилар бор. Бу мамлакатлар йиллар давомида жуда катта пул ва куч сарфлашган. Ҳозирги авлодлар етишиб чиқиши учун бу давлатлар 10 йиллаб вақт сарфлашди.  Ҳали улар Осиёдаги исталган терма жамоага етирлича бош оғриқ бўлишади.

- Демак, келаси саралаш босқичида Виетнам, Индонезия ва Таиланд каби давлатлар бизга етарлича қаршилик кўрсатишади?

- Албатта. Бу аниқ. Индонезия баъзи муаммоларга дуч келди, аммо улардаги ўйинчиларнинг техник жиҳатлари жуда юқори. Улар Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатларда тўп тепишмоқда. Биз бир қитъа сифатида ўсишда давом этишимиз керак. Шаклланиб қолган стандартларни бузишимиз даркор. Нега ўзбекистонлик ўйинчилар Австралияда ёки Японияда ўйнамаслиги керак? Нега? Тўғри, олдин бундай ўйинчилар бўлган, аммо нега ҳозир йўқ? Улар кучли эмасмилар?

- Менимча, Япония ёки Жанубий Корея клублари бошқа мамлакат ўйинчиларини афзал кўришмоқда. Менталитет ва яна бошқа факторларга кўра. Ҳозир Ўзбекистонда жуда кучли ёш авлод етишиб чиққан. Аммо биз уларни Европа клубларига тақдим қилсак, улар футболчилар шунчаки ўзбекистонлик бўлгани учун рад қилишмоқда...

- Тўппа-тўғри! Айнан шундай. Австралия ва Япония каби давлатларда ўзбекистонликлар ўйнамаётганига ҳам сабаб шунда. Бу ирқчилик билан боғлиқ ва улар бу давлатга паст назар билан қарашга ўрганиб қолишган. Шарқий Осиёдаги ривожланаётган мамлакат ўйинчиларига ҳам шундай қарашади. Ўзбекистонлик бирор ўйинчини олайлик, дейлик ўша ўйинчининг исми шунчаки Фернандо Абдухолиқов бўлсин. Шунинг ўзидаёқ ўйинчига бўлган муносабат ўзгаради. Ўша Европа клубларидагиларнинг қўлига харитани бериб қўйиб, Ўзбекистон қаерда деб сўрасанг, улар Африка ёки бошқа қитъадан қидиришади бу мамлакатни. Мана муаммо нимада.

- Осиё футболини анча вақтдан бери кузатасан. Ўзбекистон ва умуман ўзбек футболи ҳақидаги фикринг қандай? Жаҳон чемпионатига чиқиш учун нималар қилишимиз лозим?

- Менимча, тўғри йўлдан бормоқдасизлар. Сизлардаги бир қанча стадионлар Осиё шароити учун жуда юқори даражада. «Пахтакор», «Бунёдкор» каби катта клубларингиз бор. «Локомотив» эса бу йил жиддий муаммоларга дуч келди. Бунисидан ҳам хабарим бор. Бироқ, стадионлар ва бошқа инфраструктуралар борасида сизларда вазият яхши. Ривожланишга келсак, бу масалани икки қисмга ажратиб олиш керак. Биринчиси бу футболчиларнинг техникаси ва даражаси. Шу жиҳатдан етарлича ўсишга эришилгандан сўнг, иккинчи масала кўндаланг ётади. Бу тактика. Тактикани эса мураббий белгилайди. Менимча сизлар техник жиҳатдан тўғри ишлаяпсиз. Сабаби, ёшлар орасида техникаси кучли бўлган жуда кўп футболчилар етишиб чиқмоқда. Тактика жиҳатдан ўсиш учун эса бирор хорижлик кучли мураббий қайсидир клубга келиб, Ўзбекистоннинг ичидан туриб вазиятни яхшилаши керак. Иккинчи йўл эса футболчиларнинг легионерга айланиб, у ерда тажриба тўплаши. Саудия Арабистони нима қилганини биласизми? Улар 5-6 нафар ўйинчини Испанияга жўнатди ва уларнинг маошларини тўлади. Биз сизга ўйинчи ҳам, пул ҳам берамиз дейишди. Футболингизни ривожлантиришни яна бир йўли, бу скаутларни жалб қилишдир. Улар кучли чемпионатларга биргина ўйинчини олиб кетишади. Агар ўша ўйинчи ишончни оқласа, уёғи занжир реакцияси каби бир-бирига уланиб кетаверади. Хориж клублари ҳам Ўзбекистонга нотўғри баҳо берганини тушуниб етиб, бошқа ўйинчиларни жалб қилишга интилади. Австралиялик ўйинчилар Англияга боришлари ҳам 20-30 йил илгари айнан шундай юз берган. Нега савия жиҳатдан Австралия футболчиларидан қолишмайдиган, керак бўлса устунроқ ҳам бўлган ўзбекистонлик ўйинчилар АПЛда ўйнамасликлари керак? Масаланинг моҳияти дунё футболини мамлакат ичида нималар бўлаётганидан бохабар қилишдан иборат. Одамлар Ўзбекистондек давлат борлигини ва у ерда ҳам савияли ўйинчилар етарли эканлигини билишлари керак. Айнан сиз журналистларнинг ҳам бу ерда ўрнингиз бор. Сизларни анча йилдан бери биламан ва ўзбек футболини дунёга танитиш учун кўп ҳаракатлар қилмоқдасизлар, аммо янада кўпроқ инсон бу ишда бирлашиши керак.

  Яна бояги мавзу ҳақида қўшимча қилмоқчиман. Биласанми, бу ерда жуда кўп Австралия ва японияликликлар гуруҳдан чиққанимизни байрам қилишмоқда. Оғиз кўпиртириб мақтаниб юришибди. Шахсан мен учун бу ижобий натижа эмас. Агар футбол инсонларни завқлантириш учун эмас, балки натижа олиб келиш учун бўлса буни мен ижобий натижа деб ҳисобламайман. Саудия Арабистони эса ҳақиқий футбол кўрсатди. Агар улар шу йўлдан борсалар, албатта янада яхшироқ натижаларга эришишади. Аргентинани футбол ўйнаб ютиб қўйишди. Тасаввур қил, барча Осиё жамоалари шу тарзда ўйнаса нима бўлади? Биз исталган рақибни енгишимиз мумкин. Боя айтганимдек, Японияда Жаҳон чемпионатини ютиши мумкин бўлган ўйинчилар бор, аммо яхши мураббий ва менталитет йўқ.

- Биз учун Япония топ жамоа ҳисобланади...

- Ҳа, лекин улар Қатарда қандай ўйин кўрсатишди. 20-30% тўп назорати, xG эса ноль бутун қанчадир. Бу расво кўрсаткич. Ҳимоявий ўйна, гап йўқ. Лекин агрессивроқ, тезкорроқ бўлиш лозим, қўрқиш керак эмас. Мана шу нарсани биз Осиё футболи тимсоли сифатида орзу қилишимиз лозим. Бу ўйинларни кўпчилик «қаҳрамонларча учралган мағлубият» дея номлади. Жин урсин, қанақа қаҳрамонларча учралган мағлубият»? Нега биз «қаҳрамонларча учралган мағлубият»дан хурсанд бўлишимиз керак? Сен урушга бординг ва «қаҳрамонларча мағлубиятга учрадинг». Оилангни ўлдиришди, шаҳрингни вайрон қилишди. Бу ҳам «қаҳрамонларча мағлубият» дейиладими?. Фақатгина «қаҳрамонларча ғалаба қозониш» бўлиши мумкин, акси эмас. Осиё миқёсида шундай фикрлашни ўрганишимиз ва қўрқоқ футболдан воз кечишимиз керак.

- Бироқ биз олдинги Жаҳон чемпионатларида гуруҳдаги деярли барча ўйинларни бой бергандик. Менимча, ўсишга эришдик...

- Фикрингга қўшиламан, Бразилиядаги Жаҳон чемпионатида Австралия гуруҳдаги барча ўйинларни бой берган. Жамоа ўшанда жуда ёмон эди, бунга ҳам қўшиламан. Бироқ, ўшанда мураббий жамоани руҳлантира олганди, чиройли футбол ўйната олганди. Ҳозир ўша мураббий Европада ишламоқда. Австралияда яхши ўйинчилар бўлмаслиги мумкин, аммо бизда кучли мураббийлар бор. Япония J лигасини ютган мураббий ҳам австралиялик. У қурган жамоа эса шунчаки гўзал – ҳужум ва яна ҳужум. Япония терма жамоасидачи? Фақатгина ҳимоя...

- Демак, яхши натижа учун бизга яхши чемпионат, кучли мураббий керак?

- Ҳа, кучли чемпионат, кучли мураббийлар ва ёшлар билан ишловчи тизим. Ёшлар билан ишлаш фақат ота ва бола ўртасида бўлмаслиги керак. Бизга лицензияси бор кучли кадрлар керак. Лицензия деганда федерация берган қандайдир қоғоз эмас, ҳақиқий билим ва малака орқали олинган ҳужжат тушунилиши керак. Бу айнан Япония тизими шундай ишлайди. Бола 3-4 ёшидан устоз ва шогирд анъаналари орқали катта бўлади. Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун болалар мураббийлари, профессионал клуб мураббийлари ва бошқа даражага кўтарила оладиган футболчилар керак. Улар қўшни мамлакатларда эмас, Европа ёки Шарқий Осиёда ўйнай олишлари керак.

- Ажойиб суҳбат учун катта раҳмат, Скотт.

- Сенга ҳам раҳмат. Ўзбекистон термасига келажакда омад тилайман.

Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика