Осиё Чемпионлар лигаси 3-тури олдидан клубларимизда вазият қандай?
22 окт 2023 23:40
Новости
Осиё Чемпионлар лигаси 3-тури олдидан клубларимизда вазият қандай?
"А" гуруҳи
3-турда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби ўз майдонида Туркманистоннинг "Аҳал" клубини қабул қилади. Максим Шацких шогирдларини мазкур ўйинда фақат ғалаба қониқтиради, акс ҳолда жамоа кейинги босқичга чиқиш имкониятини кескин камайтириб юборади. "Аҳал"да эса 3 очко мавжуд ва туркманистонликларни дуранг натижа ҳам қониқтиради.
Пахтакор Ходжимат Эркинов - 23', Азизбек Тургунбаев - 27', Азизбек Тургунбаев - 59' |
Лига чемпионов АФК. Группа А . Тур 3 24/10/2023, 20:00 0
:
3
Завершен
|
Ахал |
Гарчи охирги ўйинларда кўп очко бой берган бўлса-да, "Пахтакор" Ўзбекистон Суперлигасида пешқадамлик қилмоқда. Икки кун илгари "шерлар" чемпионат аутсайдерига айланиб бораётган "Турон"ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Шацких ушбу баҳсда кўплаб етакчи ўйинчиларга бўлажак тўқнашув олдидан дам беришга қарор қилди.
"Умид қиламанки бугунги ғалаба йигитларга кўпроқ куч беради. Чемпионлар лигаси баҳсида ким майдонга тушишини билмайман, лекин бугунги ғалаба футболчиларни руҳий жиҳатдан кучайтиради", — деди пойтахтликлар устози "Турон"га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
"Аҳал" эса Туркманистон чемпионати ва кубоги доирасида охирги икки ўйинда ғалаба қозона олмади. Юқори лиганинг 18-туридан олган учрашувда мусобақа етакчиси "Аркадағ"га 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган "Аҳал" кубок доирасидаги ярим финал босқичининг дастлабки беллашувида "Марв" майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Равшан Муҳадов шогирдлари айни дамда миллий чемпионатда 14 ўйинда 16 очко жамғарган ҳолда 6-ўринда бормоқда.
ФИФА кунларида эса клубнинг нақ 7 нафар футболчиси Туркманистон терма жамоасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги йиғинида иштирок этди. Булар: дарвозабон Давлатёр Бердиев, ҳимоячилар Ата Гелидиев, Шуҳрат Союнов, Ҳақмуҳаммад Бяшимов, ярим ҳимоячи ва жамоа сардори Элман Тагаев ҳамда ҳужумчи Язгилич Гурбанов.
Гуруҳдаги иккинчи беллашувда БААнинг "Ал Айн" клуби Саудия Арабистонининг "Ал Файҳа" клуби билан куч синашади.
Аль-Аин Kouame Autonne - 36', Алехандро Ромеро - 45', Алехандро Ромеро - 67', Софьян Рахими - 90' |
Лига чемпионов АФК. Группа А . Тур 3 24/10/2023, 22:00 1
:
4
Завершен
|
Аль-Фейха Nawaf Al Harthi - 84' |
"Ал Айн" БАА чемпионатининг 5-турида "Ал Наср"га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Бироқ кейинчалик улар лига кубогининг чорак финалида тўқнашди. Бу сафар "Ал Айн" 2:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди.
"Ал Айн" чемпионатда 5 ўйин ўтказиб, 12 очко жамғарган ҳолда 2-ўринда бормоқда. Клуб Азиз Ғаниев тўп тепаётган "Шабаб Ал Аҳли"дан 1 очко ортда қолмоқда.
"Ал Файҳа" эса Саудия Арабистони чемпионатининг 10-турида "Ал Аҳдуд" меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида устун келди.
Клуб Премьер-лигада 10 ўйиндан сўнг 14 очко жамғарган ҳолда 8-ўринда бормоқда.
"B" гуруҳи
Ушбу гуруҳда Қаршининг "Насаф" клуби 100 фоизли натижа билан пешқадамлик қилмоқда. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 3-турда яқин таъқибчиси "Шаржа" меҳмони бўлади. "Аждарлар" БААга етиб келгунга қадар Ўзбекистон кубоги ярим финалида "Динамо" билан кураш олиб борди ва 2:1 ҳисобидаги қийин ғалабани қўлга киритди. Энди "Насаф" турнирнинг ҳал қилувчи баҳсини ўз майдонида ОКМКга қарши ўтказади.
Аль-Шаржа Кайо - 45' |
Лига чемпионов АФК. Группа B . Тур 3 23/10/2023, 22:00 0
:
1
Завершен
|
Насаф Карши |
Эртанги учрашув қайдномасидан Шуҳрат Муҳаммадиев ва Умиджон Эргашев ўрин олмайди. Улар жароҳати сабабли баҳсда қатнашишмайди.
"Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев учрашувдан аввалги матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдирди:
"Ҳозирги вақтда кейинги босқичга чиқиш учун икки жамоанинг ҳам очколари етарли эмас. Шунинг учун эртага майдонда натижа учун жанг бўлади. Ўйлайманки, етарли даражада тайёргарлик кўрдик. Майдонда ижобий натижа учун тўп тепамиз.
"Шаржа"нинг таркиби "Ал Садд"никидан фарқ қилади. Бу жамоанинг яхши тарафлари ва таркибида кучли футболчилари кўп. Албатта, биз учун осон бўлмайди. Рақибимиз жиддий. Майдонда 90 дақиқа эътиборни йўқотмаслик керак бўлади. "Шаржа" гуруҳдаги энг яхши жамоалардан бири.
Старт яхши бўлди. Лекин финиш ҳам яхши бўлиши керак. Шу боис эртага фақат ижобий натижа учун ўйнаймиз. Ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаган. Гуруҳда кураш охиригача давом этади.
"Шаржа"нинг руминиялик мураббийи Оларои Космин эса "Насаф"га қарши ўйин олдидан бир қатор асосий ўйинчиларига дам берди, натижа клуб лига кубогининг чорак финалида "Иттиҳод Кальба"га 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Чемпионат доирасида эса жамоа "Эмирейтс" майдонида 3:1 ҳисобида зафар қучди.
"Шаржа" БАА Биринчи дивизионида 5 ўйинда 9 очко жамғарган ҳолда 5-ўринда бормоқда.
Бундан бир неча кун муқаддам "Шаржа" спорт кенгаши италиялик футбол афсоналари — Роберто Бажжо, Франческо Тотти ва Марко Матерацци билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки томон ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, юлдузлар клуб қароргоҳида спорт иншоотларини кўздан кечирди.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Қатарнинг "Ал Садд" ва Иорданиянинг "Ал Файсали" клублари куч синашади.
Аль-Садд Baghdad Bounedjah - 8', Baghdad Bounedjah - 50', Гонсало Плата - 51', Мустафа Машааль - 52', Baghdad Bounedjah - 63', Юсуф Абдурисаг - 83' |
Лига чемпионов АФК. Группа B . Тур 3 24/10/2023, 00:00 0
:
6
Завершен
|
Аль-Файсали |
"Ал Садд" Қатар Юлдузлар лигасида 5 ўйинда 13 очко жамғарган ҳолда 2-ўринда бормоқда.
Иорданияда эса чемпионатда иштирок этувчи 12 клуб мамлакат футбол ассоциациясидан жорий мавсум учун ҳомийлик пули сифатида 200 минг динор (282 минг АҚШ доллари) талаб қилиб, маҳаллий лигадаги иштирокини тўхтатишга қарор қилгани тўғрисида хабар бергандик. Жараён ҳамон давом этмоқда.
Қолаверса, иорданияликлар катта йўқотишлар билан Қатарга ташриф буюрган. Жамоанинг ливанлик дарвозабони Маҳди Халил машғулотларда шикастланиб, бир ойга сафдан чиққан бўлса, жамоа юлдузи Юсуф Абу Жалбуш ҳам уч ҳафтани ўтказиб юбориши маълум бўлди.
"C" гуруҳи
Турнирдаги дастлабки икки турда имкониятни бой бериб қўйган Олмалиқнинг ОКМК клуби ўз майдонида Эроннинг "Сепаҳон" клубини қабул қилади ва табиийки, фақатгина 3 очко илинжида майдонга тушади. Илк турда 1 очко қўлга киритган эронликларнинг "Ал Иттиҳод"га қарши ўйини эса бошқа муддатга қолдирилгани тўғрисида хабардор бўлсангиз керак.
Миржалол Қосимов шогирдлари мазкур беллашувга яхши кайфиятда етиб келишди, бироқ жуда катта куч йўқотди. Ўзбекистон кубоги ярим финалида Тошкент вилояти жамоаси "Навбаҳор"ни пенальтилар серияси эвазига мағлуб этди. Мазкур учрашувда жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этган Сияваш Ҳақназарий ҳам эронлик футболчи ҳисобланади.
28 ёшли ярим ҳимоячи ўйиндан кейин ушбу учрашувга алоҳида мотивация билан тайёргарлик кўраётганини, жамоасига ёрдам бера олишига умид қилишини айтиб ўтди. Бироқ у билан бирга ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев ҳамда испаниялик ҳужумчи Рубен Санчес қайдномага ҳам киритилмади.
Миржалол Қосимов учрашувдан аввалги матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдирди:
"Ғалабани кутяпмиз. Мусобақани яхши бошлай олмадик. Сафарда мағлубият қабул қилиб олганимиздан кейин ўз майдонимизда хатоларимиз сабабли Ироқ жамоасига мағлуб бўлдик. Ҳали курашамиз, имкониятларимиз бор. Шу сабабли ҳар бир имкон учун курашамиз ва эртага ғалаба учун майдонга тушамиз. Бундан кейин имкониятлар пасайиб кетади..."
Шунингдек, олмалиқликлар ҳимоячиси Анзур Исмоилов ҳам бўлажак ўйин тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ғалаба учун майдонга тушамиз. Бизга 3 очко жуда муҳим. Икки ўйинда ютқаздик, энди очко олиш керак. Осон ўйин бўлмайди. Эрон жамоаларини биламиз, улар доимо кучли, жангчи бўлиб келишган. Нима бўлса-да, ғалаба учун ўйнаймиз".
"Сепаҳон" бош мураббийи Хосе Мораис эса шундай фикр билдирди:
"Эртага ҳалол ва курашларга бой ўйин бўлишини кутяпман. Осиё чемпионлар лигаси энг юқори даражадаги турнир. Эртага жуда яхши ўйиннинг гувоҳи бўлишимизга ишонаман. Мухлисларга ажойиб ўйин тақдим этамиз.
Ўйинчиларимиз учрашувга руҳан, жисмонан, тактик ва техник томондан тўлиқ тайёрлар дея оламан. Ўйинга 100% шаймиз ва яхши натижа кўрсатишимиз керак. Ўз ишимизни ҳар куни, сидқидилдан бажарамиз. Осиё миқёсидаги турнирларда курашиш учун бизда етарли салоҳиятга эга ўйинчилар бор.
ОКМК учун бу ўйиндаги очколар жуда муҳим, аммо очколар бизга ҳам зарур.
Футбол жамият, инсонлар ва ҳалоллик учун керак. Бу ўйин инсонларни бирлаштиради, дўстлаштиради. Футбол душман орттириш учун ўйналмайди. Биз ҳам дўстлашиш ва бирлашиш учун футбол ўйнаймиз. Эртага майдонда ҳалол ўйин кўрсатишимиз керак.
Биз рақибни, Ўзбекистон ичидаги барча нарсани ва мамлакат маданиятини ҳурмат қиламиз. Биз рақиб мухлисларини ҳурмат қиламиз.
Футболчилар футбол ҳақида ўйлашади. Бироқ, баъзи инсонлар ҳам борки, улар футбол ҳақида эмас бошқа нарсалар ҳақида қайғуришади. Биз футболаги фарқларни ҳурмат қиламиз ва буни муҳокама қилмаймиз. Барчамиз инсонларни ҳурмат қилишимиз керак, бу натижаданда муҳимроқ нарса".
Эслатиб ўтамиз, "Сепахон" Эрон чемпионатида дастлабки 5 ўйиннинг барчасида ғалаба қозонганига қарамай, мамлакат футбол федерацияси Тартиб-интизом қўмитаси томонидан 4 очкодан маҳрум қилинган. Португалиялик мутахассис лигадаги ҳолатга муносабат билдираркан, Инстаграмдаги саҳифасида қизиқарли пост қолдирди: "Бу лига учун барчамизга икки нафар футболчи керак: ҳақиқат ва адолат".
Шунингдек, Рамин Ризоян ҳам матбуот анжуманида иштирок этди.
"Биз бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик, шу боис беллашувга тайёрмиз. Бу ўйин жуда муҳим ўйин эканлигини барча англаб турибди.
Учрашувда 3 очко қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз. Шубҳасиз, бу ўйинда бор кучимизни ишга соламиз ва бош мураббий талабларини бажаришга ҳаракат қиламиз.
Эронга 3 очко билан қайтишга умид қиламан. Катта ўйинларда хато қилишга ҳаққимиз йўқ, эртага 100% тўлиқ концентрация билан майдонга тушамиз".
Муҳаммад Горбани ҳам ўз тахминларини билдирди:
"Умид қиламанки, Эронга ғалаба билан қайтамиз. Эртага ёмғир ёғиши мумкин дейишди. Ўйлайманки, об-ҳаво шароити майдон сифатига таъсир ўтказмайди. Ўзбекистон жамоалари кучли ҳисобланади, турли ёшдаги терма жамоаларда ҳам улар билан тўқнаш келганман. Эртага ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз".
Шунингдек, клуб дарвозабони Паям Ниёзманд ҳам жамоасининг ғалаба илинжида майдонга тушишини айтди:
"ОКМКга қарши 100 фоизлик тайёргарлик билан майдонга тушамиз. Руҳий ҳолатимиз яхши. Жароҳатланган ўйинчилар бор, аммо уларнинг ўрнини тўлдирувчилар ҳам етарлича. Умид қиламанки, энг яхши ўйинимизни кўрсата оламиз. ОКМК ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик, улар яхши жамоа. 3 очко қўлга киритиш учун мухлисларимиздан қўллаб-қувватлаб туришларини истаймиз".
"Сепаҳон" сардори Муҳаммад Карими ОКМКга юзаки қарамаслик кераклигини таъкидлади.
"ОКМКни дастлабки 2 турдаги мағлубиятидан сўнг баъзилар кучли жамоа эмас деб ўйлашлари мумкин, бироқ уларни таҳлил қилдик ва рақиб жамоада яхши ўйинчилар борлигини кўрдик. Бизни қийин ўйин кутиб турибди, чунки ОКМК ҳам фақат ғалаба иштиёқида майдонга тушади. Бу бизнинг ишимизни жуда қийинлаштиради. Юқорига кўтарилишимиз учун ҳам ушбу ўйинда ғалаба қозонишимиз керак.
Бизда руҳий ва психологик ҳолат жуда яхши, машғулотлар ҳам яхши ўтмоқда. Бу ерда об-ҳаво яхши. Исфахондан бироз салқинроқ бўлса-да, бу бизга муаммо туғдирмайди, деб ўйлайман. Ёмғир ёғиш эҳтимоли бор, лекин нима бўлишидан қатъи назар, бу биз учун муҳим эмас.
Хоҳ Чемпионат бўлсин, хоҳ Осиё чемпионлар лигаси, жамоа бошига тушган қийинчиликларга қарамай, бизни қўллаб-қувватлаётган мухлислардан миннатдорман, баъзи мухлислар ўз ҳисобидан Ўзбекистонга ташриф буюрган ва уларнинг умидлари, албатта, биздан юқори. Албатта, улар бизга қўшимча мотивация ва энергия бағишлайди".
Буркина-Фасолик ярим ҳимоячи Брайан Дабо жамоасини майдонни ғолиб сифатида тарк этишини маълум қилди.
"Бўлажак ўйин биз учун муҳим аҳамиятга эга, чунки аввалги учрашувда майдонга туша олмагандик, биринчи беллашувда эса дуранг қайд этилганди. Мазкур ўйинга кучли иштиёқт билан тайёргарлик кўрганмиз. Умид қиламанки, майдонни ғалаба билан тарк этамиз.
Таҳлилчимиз орқали рақиб жамоа ҳақида билмаган нарсамиз қолмади. ОКМКнинг кучли ва заиф томонларини ўргандик. Клубда ўзимни яхши ҳис қиляпман, келганимдан бери бирор ўйинда мағлуб бўлганимиз йўқ. Чемпионлар лигаси бошқа даражадаги мусобақа ҳисобланади. Жамоамиз бир оилага ўхшайди".
Дарҳақиқат, "Сепаҳон"нинг икки ҳужумчиси — Шаҳриёр Моганлоу ва Ризо Шекари жароҳати сабаб Тошкентга келмаган.
АГМК Mirzhakhon Mirakhmadov - 36' |
Лига чемпионов АФК. Группа C . Тур 3 23/10/2023, 20:00 3
:
1
Завершен
|
Сепахан Рамин Резаэян - 32', Рамин Резаэян - 49', Reza Asadi - 59' |
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" клуби Ироқнинг "Эйр Форс" клубига қарши баҳс олиб боради.
Аль-Иттихад Абдерразак Хамдалла - 90' |
Лига чемпионов АФК. Группа C . Тур 3 23/10/2023, 22:00 0
:
1
Завершен
|
Аль-Кува Аль-Джавия |
"Ал Иттиҳод" Саудия чемпионатининг 10-турида "Ал Таавун" майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувдаги ҳар иккала голга "Иттиҳод" ҳужумчиси Карим Бензема муаллифлик қилди.
"Ал Иттиҳод" айни дамда 10 та ўйиндан сўнг 20 очко билан Саудия Премьер-лигаси жадвалида 5-ўринда бормоқда.
"Эйр Форс" эса ОЧЛ баҳсидан аввал "Ал Қаҳрабо" клуби билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушди ва жанговар 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ироқ Юлдузлар лигаси 26 октябрь куни старт олади, шу боис клуб ҳозирча ўртоқлик учрашувлари билан чекланмоқда. Бундан ташқари, жамоа ўз стадионини ҳам ўзгартирди ва "Ал Шааб" стадиони ўрнига "Ал Кут" Олимпия ўйингоҳини қароргоҳ сифатида танлади.
"D" гуруҳи
Наманганнинг "Навбаҳор" клуби 3-турда Эроннинг "Нассажи Мозандарон" клуби билан баҳс олиб боради. Айни дамда "Ал Ҳилол" билан бир хил кўрсаткичга эга бўлган ҳолда бўлғуси рақибида 1 очко кўп тўплаган Самвел Бабаян шогирдларидан мазкур қарама-қаршиликда имкониятни бой бермаслик талаб этилади, акс ҳолда жамоанинг кейинги босқичга чиқиш имконияти сезиларли даражада пасаяпди. Аксинча бўлса, имконият даражаси анча ошади.
Навбахор Наманган Остон Урунов - 74', Mehrdad Abdi - 90' |
Лига чемпионов АФК. Группа D . Тур 3 23/10/2023, 22:00 1
:
2
Завершен
|
Нассаджи Мазандаран Mohammad Reza Azadi - 44' |
"Навбаҳор" бош мураббийи учрашувдан аввалги матбуот анжуманида клуб олдидаги ҳар бир учрашув финалга тенг эканлигини таъкидлади.
Мезбонлар таркибида Тома Табатадзе ва Йован Жокич жароҳати сабабли учрашувни ўтказиб юбориши маълум бўлди.
"Нассажи" бош мураббийи Меҳди Раҳмати эса қуйидаги фикрларни билдирди.
"Биз гуруҳдаги энг яхши жамоалардан бирига қарши ўйин ўтказамиз. "Навбаҳор" жисмонан шаклланган жамоа саналади, улар яхши сифатларга эга. Гуруҳнинг дастлабки икки ўйинида 4 очко олишга муваффақ бўлишди.
Бизни қийин ўйин кутиб турибди, лекин биз клуб мухлисларига ғалаба ҳадя этиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
Бизда жуда яхши жамоа шаклланган. Эртага ишончли ўйин кўрсатишга аҳд қилганмиз.
"Навбаҳор"дан фарқимиз шуки, наманганликлар Ўзбекистон чемпионатининг 23-турига етиб келди, биз эса олтинчи турдамиз. Биз жуда кўп ўзгаришлар кўрган ва кўплаб ёш ўйинчилар қўшилган жамоамиз. Шундай экан, 23-тур қаршисида турган жамоа, албатта, яхшироқ ҳолатда бўлади.
Эртага, ўйин охиридаги статистика бизнинг қандай эканлигимизни кўрсатади.
Сўнгги ҳафталарда омадсизлик туфайли натижа кўрсата олмаяпмиз, лекин яхши футбол намойиш этяпмиз. Бўлажак учрашувда ҳам мухлисларни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келганини бажарамиз.
Ушбу қарама-қаршилик гуруҳ босқичидан чиқиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбек футболи ҳақида жуда катта тасаввурга эгаман. Улар сўнгги йиллардаги натижалари билан табриклаш ўринли. Ўзбек футболи инфраструктура борасида ҳам катта ютуқларга эришди".
Шунингдек, эронликлар ҳимоячиси Саид Ғуломалибеги ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Тўғри, сўнгги икки ўйинда жамоамиз ғалаба қозона олмади, бироқ ўша баҳсларда омад биздан юз ўгирди. Биз яхши ўйин намойиш этдик, аммо натижага эриша олмадик. Охирги натижаларни ёддан чиқарши ва мухлисларимизни хурсанд қилиш учун бор кучимизни ишга соламиз".
"Мозандарон йўлбарслари" чемпионатнинг 6-турида ўз майдонида "Алюмин Арак" клубига ютқазгач, мураббийлар штабида ўзгариш рўй берди. Мазкур мағлубиятдан сўнг клубнинг ёрдамчи мураббийи Воҳид Фазлий жамоани тарк этган. Фазлий истеъфосини ёзма равишда эълон қилмаган бўлса-да, бу борада қатъий қарорга келган. "Нассажи" Эрон чемпионатида 6 ўйиндан сўнг 5 очко жамғарган ҳолда 10-ўринда бормоқда.
Гуруҳнинг иккинчи беллашуви Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" ва Ҳиндистоннинг "Мумбай Сити" клублари ўртасида ўтказилади.
Аль-Хиляль Александар Митрович - 5', Александар Митрович - 67', Сергей Милинкович-Савич - 75', Александар Митрович - 80', Мохаммед Аль-Бурайк - 82', Абдулеллах Аль-Малки - 90' |
Лига чемпионов АФК. Группа D . Тур 3 24/10/2023, 00:00 0
:
6
Завершен
|
мумбаи Сити |
Яқинда Неймаридан маҳрум бўлган "мовийлар" маҳаллий чемпионатнинг 10-турида "Ал Халид"ни 1:0 ҳисобида енгди ва очколарини 26 тага етказиб, пешқадамлигини мустаҳкамлади.
Четдан қараганда, барча рисоладагидек туюлса-да, жамоа ичидаги воқеалар ҳавас қиларли эмас. Кўпгина футболчилар португалиялик мураббий Жорже Жезушнинг истеъфога чиқарилишини истамоқда. Хусусан, ўтган ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирага олинган Майкл Дельгадо сувидишни кучли зарба билан ерга улоқтириб, норозилигини ошкора намойиш қилганди. Жамоа юлдузи Неймардан ҳам шу сингари фикрлар аввалроқ қулоққа чалинганди.
"Мумбай Сити" эса Ҳиндистон Суперлигасида "Керала"ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва 3 ўйиндан сўнг очколарини 7 та етказиб, 3-ўринга ўрнашди.
Комментарии