RU

Последние новости

01:08Расман: Пеп Гвардиола "Манчестер Сити" билан шартномасини узайтирди  0 00:41Эрлинг Холанд: "Гвардиола энг яхши мураббий, балки тарихдаги энг зўридир"  0 00:14"Челси"нинг "биллур" футболчиси яна сафдан чиқди  0 23:43Нодир Абдураззоқов: "Энди мавсумни чиройли якунлашимиз ва оғзимиздаги ошни олдириб қўймаслигимиз керак"  5 23:19Хави "Интер Майами" бош мураббийи бўладими? Инсайдерлар маълумот беришди  0 22:49АПЛ клублари сўнгги 10 йилликда трансферлар учун қанча ишлатишди?  0 22:22"Ювентус"га "Челси" футболчиси керак  0 21:57Нико Уильямс болалигидаги кумирлари ким бўлганини айтди  5 21:34Максим Шацких: "Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган"  19 20:57Миржалол Қосимов: "Натижадан ҳам ўйиндан ҳам қониқдим"  3 20:36Суперлига. ОКМК "Жар"да "Пахтакор"ни мағлуб қилди  6 20:25"Пахтакор" кумуш медаллар учун курашдан чиқди  10 20:06Суперлига. ОКМК ВАР томонидан 13 дақиқа текширилган ҳамда япониялик футболчи томонидан урилган голлар эвазига 11 йилдан сўнг сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди  61 19:50Гари Невилл АҚШда дам олган Рэшфорд ва Каземирони танқид қилди  3 19:21"Реал" январда Эндрикни ижарага бермайди  0

Нима учун Термизга бормагани, жамоани кейинги ўйинларга тайёрламаслиги ва футболчиларга бошқа кўрсатма бермаслиги ҳақида Самвел Бабаян билан катта интервью Новости

Нима учун Термизга бормагани, жамоани кейинги ўйинларга тайёрламаслиги ва футболчиларга бошқа кўрсатма бермаслиги ҳақида Самвел Бабаян билан катта интервью

Ўзбек футболидаги таниқли мутахассислардан бири Самвел Бабаян шу йилнинг ёзида "Навбаҳор" футбол клубида иш бошлади.

Биласиз, "Навбаҳор" бунгача фақат бир марта - 1996 йил Ўзбекистон чемпиони бўлган. Жамоанинг дастлабки ва ягона чемпионлигида бугун клубда меҳнат қилаётган кишиларнинг ҳам ҳиссаси бор. Гап 1996 йил "Навбаҳор"да фаолият олиб борган Виктор Жалилов ва Самвел Бабаян ҳақида боряпти. Клубнинг ҳозирги раҳбарияти бежизга Виктор Жалилов билан Самвел Бабаянни таклиф этгани йўқ, бундан кўриниб турибдики наманганликлар яна чемпион бўлишни мақсад қилган. 

Лекин бу мавсум орзу амалга ошмайдиган бўлди. Чунки "Навбаҳор" биринчи даврани бир текис ўтказмади ва кўп очколар бой берилгани туфайли ҳозир турнир жадвалининг 8-поғонасида боряпти. Балки кейинги йилга чемпионлик мақсади қўйилар. 

ФИФА кунлари сабаб Суперлигада танаффус юзага келган. Ушбу танаффусдан унумли фойдаланиб, "Навбаҳор" маслаҳатчи мураббийи Самвел Бабаянни суҳбатга тортдик. Суҳбат давомида Самвел Вячеславович қоғозда маслаҳатчи мураббий бўла туриб, нима учун жамоани бошқараётгани, қўл остида "Навбаҳор" қандай натижа кўрсатганини айтиб берди ва энг қизиғи, кейинги баҳсларда жамоага яқиндан ёрдам бера олмаслигини маълум қилди. Унга атрофдан босим бўлдими? Буни интервьюни ўқигач билиб оласиз. 

- Самвел Вячеславович, келинг суҳбатимизни бироз ортга назар ташлаш билан бошласак. 2019 йил “Локомотив”да фаолият олиб бордингиз ва чемпионат тугашига бир тур қолганида Наманганда бўлиб ўтган “Навбаҳор” - “Локомотив” учрашувидан сўнг матбуот анжуманида шундай дегансиз: "Менга катта футбол сари илк қадамни “Навбаҳор” очиб берди, шу боис бу клубдан миннатдорман ва доим қарздорман. Ўйлайманки, бир кун келиб “Навбаҳор”га қайтаман ва бу жамоа билан юксак натижаларга эришамиз". Тақдирни қарангки, ўшанда айтилган гап орадан икки йил ўтмасдан ҳақиқатга айланиб, Сиз “Навбаҳор”да иш бошладингиз. 2019 йилнинг кузидаги бу гаплар тез амалга ошиши шунчаки тасодифми ёки ўйланган режамиди?

-  Шуни айтишим мумкин, мен бу гапларни шунчаки ҳавога гапирмаганман, балки юракдан айтганман. Чиндан ҳам “Навбаҳор” фаолиятимдаги илк катта клуб ҳисобланади ва бу жамоа олдида ҳар доим қарздорман. Мен футболдаги илк совринни 1996 йил “Навбаҳор” билан қўлга киритганман, ўшанда мамлакат чемпиони бўлгандик.

“Навбаҳор”га қайтишдан мақсад - клубнинг олдинги мавқеини тиклаш. Наманганда жуда ажойиб ишқибозлар бор ва улар ўз суюклиларини доим юқори ўринларда ва айниқса Осиё чемпионлар лигасида кўришни хоҳлашади. Наманганда футболни мухлисларсиз тасаввур қилиш қийин, ҳатто пандемия пайти ўйинлар ёпиқ тарзда ўтказилганида ҳам ишқибозлар стадионга киришга ҳаракат қилишди, керак бўлса стадион ташқарисида жамоани қўллаб туришди. Бунақасини камдан кам клубларда кўрасиз.

“Навбаҳор”га қайтиб иш бошлашдан аввал Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов билан гаплашдим. У кишининг гапларидан кўриниб турибдики, “Навбаҳор”ни чемпион жамоа сифатида кўришни хоҳлайди. Шавкат Шокиржоновичда футболга қизиқиш ва иштиёқ юқори, ўзлари ҳам жуда яхши футбол ўйнайдилар, у киши клубнинг янги тарихини ёзишга ҳаракат қиляпти. Шу боис ҳам мен айни пайт “Навбаҳор”да фаолият олиб боряпман. Бу ерда маслаҳатчи мураббий бўлиб иш бошладим ва ишим фақат асосий жамоадан иборат эмас. Иш жараёним асосий жамоадан ташқари кенг қамров ҳосил қилган. Масалан, клуб тизими ва стратегиясини ривожлантиришда ўз билимим билан фойда қўшиш, ёшлар ва болалар гуруҳлари ўйинларини кузатиш, селекция ишларини олиб бориш, иқтидорли футболчиларни асосий таркибга жалб қилиш ва ҳоказо.

- Клуб расмий сайти берган маълумотга кўра, Сиз 10 июлдан “Навбаҳор”да маслаҳатчи мураббий бўлиб иш бошладингиз. 

-    Ҳа, шундай. Мен ишга киришганимда “Навбаҳор” Суперлига турнир жадвалининг 10-ўрнида эди. Жамоа олдида иккита йўл турарди: ё юқори поғоналарга кўтарилиш, ёки Суперлигада қолиш учун курашиш. Албатта, “Навбаҳор”дек жамоага пастки ўринлар ярашмайди. Қолаверса мухлислар ҳам буни қабул қилмайди. Шу боис енг шимариб ишга киришдик ва жамоани юқорига кўтариш ҳаракатини бошладик.

Мураббийлар штаби билан биргаликда энг аввало ўйинга тайёргарлик режасини кўриб чиқдик, баъзи нарсаларни муҳокама қилиб олдик. Жамоа учун ҳар бир ўйинга тактик схема ишлаб чиқдик, захирадан тушадиган футболчилар эвазига ўйинни кучайтириш йўлларини ўйлай бошладик. Бўлажак рақибларни ўргандик, уларнинг кучли ва кучсиз томонларини топиш устида иш олиб бордик.

Бу ҳолат мен жамоага яқиндан ёрдам бериб келишни бошлагандан токи 21-турнинг “Сурхон” - “Навбаҳор” ўйинигача давом этди. Аммо баъзи сабабларга кўра, Термиздаги ўйинга бора олмадим. “Навбаҳор” билан 8 тур бирга ишлаган бўлсам, мана шу саккиз турда жамоа очко йиғиш бўйича “Пахтакор”дан кейин иккинчи бўлди. “Пахтакор” 19 очко тўплаган бўлса, “Навбаҳор” 15 очко йиғди. 

Мен жамоага ёрдам берган ўйинларда тўрт марта ғалаба қозониб, уч бор дуранг ўйнадик ва фақат битта ўйинда мағлуб бўлдик. Менимча, буни яхши кўрсаткич деса бўлади. Қолаверса ўйинларимиз графиги жуда мураккаб эди. Биз чемпионат етакчиларига қарши баҳс олиб бордик: “Пахтакор”, “Насаф”, “Сўғдиёна”, АГМК, “Локомотив” ва бу жамоаларга қарши баҳслар  осон ўтмаслигини яхши биласиз. Аксар учрашувларда биринчи даврадаги футболчилардан фойдаланганимизни ҳисобга олсак, ҳозирги “Навбаҳор” юлдузли таркибсиз ҳам натижа кўрсата олишини намойиш этди. Шу пайт ёдимга 2014-2015 йилги мавсумлар тушади, ўшанда ҳам “Пахтакор” таркиби юлдузли эмасди, бироқ якунда чемпион бўлгандик.

 

- “Сурхон” - “Навбаҳор” учрашувини ўтказиш учун Термизга бормаганингиз сабаби нимада?

- Буни шундай изоҳлашим мумкин. “Навбаҳор” қийин ўйинларни ўтказиб олди ва бу мавсум чемпионатни ўрта ўринларда тугатади. Вилоят раҳбари кейинги мавсумга тайёргарлик кўришни бошлаш ҳақида топшириқ берган. “Навбаҳор” келаси мавсум ўз олдига жиддий вазифаларни қўйиши учун бугундан қадам ташлаши керак деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун биринчи навбатда катта ҳажмдаги селекция ишларини олиб боришга тўғри келади.

Бизга қийин вазифаларни уддалай оладиган футболчилар зарур. Келаси йил жамоанинг футбол фалсафаси ва таркиби қандай бўлади, бу ҳақда ҳозирдан ўйлашга тўғри келяпти. Шу боис мен асосий жамоадан узоқлашган ҳолда бошқа иш билан машғул бўламан. Термизга бормаганимнинг ҳам сабаби шу.

Сўрашингиз мумкин, буёғига нима билан шуғулланасиз? Биринчи навбатда ўйинларни таҳлил қиламан, бошқа учрашувларга ташриф буюраман. Эҳтимол “Навбаҳор” ўз майдонида ўйнаётган маҳал мен бошқа шаҳарда бўлиб, умуман бошқа жамоалар ўртасидаги ўйинни кузатаётган бўлишим мумкин.

Қисқача айтганда, кўпроқ кейинги мавсум учун селекция билан машғул бўламан, “Навбаҳор”ни кучайтириши мумкин бўлган номзодларни қидираман, жамоага биз таклиф этмоқчи бўлган футболчилар рўйхати бор, кўпроқ шулар билан шуғулланаман. Яна бир гап, бу орада четга чиқиб легионерларни ҳам кўриб келишим мумкин, чунки мени агентлар юборадиган видеоролик қониқтирмайди, мен жамоага керакли футболчининг қандай ўйин намойиш этишини ўз кўзим билан кўриб, шундан кейин таклиф этишни хоҳлайман.

"Навбаҳор"нинг кейинги ўйинларида на машғулот жараёнида, на футболчиларга кўрсатма бериш чоғида мен бўлмайман. Клуб раҳбарияти билан келишган ҳолда шу тўхтамга келдик. Айтиб ўтганимдек, буёғига энг асосий ишим кейинги мавсум учун кучли жамоани шакллантириш бўлади. 

- Асосий жамоадан бирданига узоқлашингиз баъзи саволларни келтириб чиқаряпти. Масалан, сизга ЎФА ёки ПФЛ томонидан босим бўлдими? 

- Йўқ. Менга ҳеч ким жамоадан четда юр дегани йўқ. Лекин иккинчи томондан ҳаммамиз мусобақалар ўтказиш Регламентини ҳурмат қилишимиз керак. Ўйин пайти техник ҳудудда фақат бош мураббий футболчиларга кўрсатма бериши мумкинлиги ҳақидаги банд Регламентга киритилди. Буни ҳам тўғри деб ҳисоблайман. Бундай қилишдан мақсад, кўп йиллардан бери баъзи клубларда бош мураббий бўлмаган кишилар жамоани бошқариб келди.

Мен билан юзага келган вазиятда “Навбаҳор” бош мураббийи Виктор Жалилов бўла туриб, мана шу 8та учрашувда жамоани мен бошқардим ва футболчиларга кўрсатма бердим. Бу билан бош мураббийликка даъво қилганим йўқ, балки ўз билимим ва тажрибам орқали жамоага ёрдам беришни хоҳладим.

Ўйин пайти ҳиссиётларни ушлаб туриш қийин ва кўп ҳолларда ўрнингиздан туриб гапириб юборасиз. “Пахтакор” ва “Локомотив” билан баҳсларда ҳаддан ташқари ҳиссиётга берилдим, буни тан оламан, чунки натижа кўрсатишимиз керак эди. Регламентда фақат бош мураббий кўрсатма бериши керак деган бандни бузиб, футболчиларга кўрсатма бердим ва бунинг учун жарима ҳам тўладим. Биз бу мавзу бўйича ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев билан гаплашиб олдик. Мен Регламентни ҳурмат қиламан ва бу борада саволлар йўқ. 

- Ўйин пайти фақат бош мураббийнинг техник ҳудудда эркин ҳаракат қилиши ва футболчиларга кўрсатма бериши тушунарли. Лекин иккинчи томондан олиб қарайдиган бўлсак, ҳаммамиз ҳам одаммиз. Бош мураббийлар 90 дақиқа ўрнидан туриб гапираверса толиқиб қолиши мумкин. Мисол учун Виктор Жалилов ёш эмас, у кишида ҳам чарчоқ аломатлари кўринади. 

- Бу янгиликдан шу маъно чиқяптики, агар ёрдамчи мураббий Бабаян эмас, бошқа инсон бўлганида бундай санкция балки қўлланилмасди. Мени ҳайрон қолдирган томони Регламентга шу ўзгартириш киритилгандан сўнг ёзилган хабарда бу ўзгаришнинг Бабаянга сира алоқаси йўқ деб қўшиб қўйилгани бўлди. Тушунмадим, нима учун фақат мен билан боғлашди? Ваҳоланки, кўп ўйинларда кўряпмиз, ёрдамчилар туриб гапирса ҳам ҳеч кимга жарима солинмаяпти.

Яқинда бўлиб ўтган “Рома” - “Эмполи” баҳсида Жозе Моуриньо қанчадир пайт ўз жойида ўтирди ва унинг ёрдамчиси футболчиларга кўрсатма берди. Тахминан 10 дақиқача шу ҳол давом этди. Лекин тўғри айтдингиз, ҳар доим ҳам бош мураббий ўрнидан туриб кўрсатма бера олмаслиги мумкин ва шу пайт ёрдамчиларнинг гапиришини тушунса бўлади. 

- Қизиқ, буёғига асосий жамоага аралашмасангиз, иш жараёнингиз қандай кўриниш олади? 

- Айтиб ўтганимдек, олдимизда турган энг асосий вазифа бу - кейинги йил учун аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш. Бу мавсум деярли ўтди ҳисоб. Шуниси аниқки, “Навбаҳор” чемпионатни ўрта поғоналарда якунлайди.

Вилоят ҳокими Шавкат Шокиржоновичнинг фикрича, тезроқ бу мавсумни якунлаб, кейинги йил учун жамоа тузишимиз керак. “Навбаҳор” келаси йил ўз олдига чемпионликни қўядиган ва Осиё чемпионлар лигаси учун курашадиган жамоа сифатида қайтиши керак. Агар клуб танлаётган йўл имкониятлар даражасига тўғри келса, мана кўрасиз “Навбаҳор” жуда кучли ва рақобатбардош клуб бўлиб қайтади.


- Яқинда бир гап эшитдик. Яъни, сиз Тошкент шаҳар ҳокими ва “Пахтакор” футбол клуби раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашгансиз ва учрашув чоғида “Пахтакор”га қайтишингиз мумкинлиги ҳақида гап борган. Бу қанчалик тўғри? 

- Мен шаҳар ҳокими билан учрашганим йўқ, фақат “Пахтакор” клуби раҳбарияти билан суҳбатлашдим. Лекин бу суҳбат клубга қайтишим ҳақида бормади, балки мен очган хусусий болалар академиясини “Пахтакор” таркибига ўтказиш ҳақида борди. Тошкентда хусусий мактаб ташкил қилиб, 8 ой бошқардим ва шундан сўнг “Пахтакор”га бериб юбордим. Нима учун айнан “Пахтакор”га? Бунинг сабаби оддий, биринчидан, “Пахтакор” юрагимга жуда яқин жамоа, иккинчидан мактабдаги ёш футболчиларни атайин “Пахтакор” учун тарбиялаб бордик. Мен айнан шу мавзу бўйича клуб раҳбарияти билан учрашдим. 

- Агар саволни очиқроқ берадиган бўлсам, “Пахтакор” футболчилари олаётган маош катталиги клубнинг ҳозирги раҳбари Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ёқмаган ва шунда Сиз камроқ бюджет билан ҳам клубни бошқара оламан деган гапни айтгансиз. 

- Йўқ, шаҳар ҳокими билан ҳеч қандай мулоқот қилмадим. Лекин менимча, ҳоким эртами-кечми ўзбек футболи байроқдори “Пахтакор” ўз пайтида қандай бюджет билан чемпион бўлгани ҳамда терма жамоаларга нечта футболчи етказиб бергани ҳақидаги аниқ ва холис ахборотга эга бўлади деб ўйлайман.

Ҳозирги “Пахтакор” сарфлаётган маблағдан беш баробар кам бюджет билан мамлакат чемпиони бўлдик, Кубокни қўлга киритдик, Осиё чемпионлар лигасида қатнашдик. Жамоа ўзагини клубга садоқат руҳида тарбияланган академия тарбияланувчилари ташкил этарди.

Бундан ташқари камтарин бюджет билан “Пахтакор” икки бор Осиё чемпионлар лигаси ярим финалига чиқди, Осиёнинг энг яхши жамоаси бўлди ва МДҲ Кубогида зафар қучди. Дастлабки беш йиллик тарихида жуда катта пулларни сарфлаган “Бунёдкор” ҳам кейинчалик маблағни тежаш йўлига ўтди, чунки кўпчилик акционерлар клубдан кетиб бўлганди. 

“Пахтакор” эса асосий урғуни ўз тарбияланувчиларига қаратиб, бундан сира ютқазмади. Биз академия - ёшлар - фарм клуб – ўринбосарлар ва асосий жамоа ўртасидаги боғлиқликни юзага келтириб, шунинг эвазига катта натижаларга эга чиқдик. Шундай ўйинлар бўлдики, майдонга фақат 11 нафар “пахтакорчи” тушди.

Дунё футболида фақат ўз тарбияланувчиларига таяниб, қийин шароитда ҳам чемпион бўлган жамоа кам учрайди. Асосан ўзидан чиққан футболчиларни ўйнатадиган клублар бор, лекин чемпион бўлганлари кам. “Пахтакор” ўша йиллари кам бюджетли профессионал клуб, шу билан бирга аҳил оила ҳам эди.

- Келаси йил “Пахтакор”га қайтишингиз мумкинми? 

- Мен - профессионалман. Ҳозирги фаолиятим “Навбаҳор” билан боғлиқ экан, бошқа клуб ҳақида гапириш одоб-ахлоқ ва маданиятга тўғри келмайди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги ҳақида доим гапириб келинади, менинг олдимда ҳар доим вариантлар бўлган: хоҳ ўзимиздан, хоҳ четдан.

- “Навбаҳор”даги биринчи кунингиз ва биринчи машғулотни эслаб ўтсангиз.

- Машғулотимизни кўриш учун кўп мухлислар келди. Қирғизистон клуби билан ўртоқлик учрашувида ҳам кўпчилик ўйинимизни кузатди. Мен ишқибозлар олдига бориб, улар билан гаплашдим, биргаликда ишлашимизни ва яхши натижа кўрсатишимизни айтдим. Ўзаро суҳбат чоғида мухлисларнинг менга нисбатан ҳурматини ва уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилдим. Бу энг асосийси.

Термизга бормаганимдан хабар топганлар менга смс ёзди: нима учун бормадингиз, сиз бормаганингиз учун ютқазиб қўйдик деганлар бўлди. Ўйлайманки, мухлислар ишлайдиган ва ишламайдиган мураббийларни ажрата олади. Дунёда мураббийлар кўп, мен ҳаммани ҳурмат қиламан, чунки мураббийлик касби нақадар оғирлигини жуда яхши биламан.

Лекин ҳамма жойда мураббийлар икки хил бўлади: натижа кўрсатадиган ва натижа кўрсата олмайдиган. Мен 8та ўйинда “Навбаҳор”ни бошқариб, машғулотларда иштирок этиб, мураббийларга яқиндан ёрдам берган бўлсам, фақат битта баҳсда мағлуб бўлдик. Жиззахда жуда оғриқли мағлубиятни қабул қилиб олдик, ваҳоланки мағлубиятга лойиқ эмасдик. Рақиб дарвозасига иккита аниқ пенальти берилмади, яна нима дейишим мумкин. 


- “Навбаҳор”нинг сафарда “Сурхон”га имкониятни бой бериши кутилмаган ҳол бўлди. Чунки кучлилар билан очко олган жамоа аутсайдерга ютқазиб қўйди. 

- Мен жамоани бу ўйинга тайёрламаганим ва Термизга бормаганим учун у ерда нималар бўлганини билмайман. Шу боис бу саволга бошқалар жавоб бергани маъқул. Фақат шуни айтишим мумкин, икки нафар асосий ҳимоячимиз ўйинда иштирок эта олмади. Даврон Ҳошимов дисквалификация, Игорь Голбан эса ўйин куни иситмаси чиқиши туфайли баҳсни мажбуран ўтказиб юборди. Балки шу ҳам сабаб бўлгандир.

- Айтайлик кейинги ўйинларда “Навбаҳор” яна очко йўқотса ва клуб раҳбарияти Сиздан жамоага ёрдам беришни сўраса қандай йўл тутасиз?

- Мен клубдан кетаётганим йўқ, фақат иш функциям ўзгарди. Барибир мураббийлар штаби Термиздаги мағлубият сабабини ўрганади, ўйин таҳлил қилинади. Лекин айтиб ўтганимдек, кейинги учрашувларда натижа қандай бўлмасин, жамоани мен бошқармайман, захира ўриндиғида ўтирмайман ва футболчилар билан машғулот ўтказмайман. Ҳатто ўйин куни мен бошқа шаҳарда бўлишим мумкин. 

- Сиз бошқарган 8 ўйида “Навбаҳор” фақат битта мағлубиятни қабул қилиб олди. Бу яхши кўрсаткич.

- Ҳа, Жиззахда жуда аламли мағлубиятга учрадик. Учрашув бош ҳаками рақиб дарвозасига икки бор пенальти бермади. Кейинчалик ЎФА Ҳакамлар қўмитаси ҳакамнинг ҳаракатларини кўриб чиқиб, уни жазолади. Бундан ташқари мен бошқарган олтита учрашувда жамоа гол ўтказмади. Бу эса ҳимоя тартибли ўйин намойиш этганини билдиради. Бизда ҳужумда муаммолар бор, чунки кам гол урдик, лекин биринчи навбатда ҳимояни тўғри йўлга қўйиб олишимиз лозим эди. Умумий ҳисобда 5та гол уриб, фақат иккита гол ўтказганимиз ҳам ҳимоядаги муаамолар бартараф этилганини кўрсатяпти.

 

- Мутахассис сифатида VARга муносабатингиз қанақа?

- VAR тизими ҳакамларнинг хатосини тузатиш ёки олдини олиш учун олиб келинди. VAR керак, аммо монитор орқали такрорий лавҳани кўриш кўп вақтни олмаслиги лозим. Баъзи ўйинларда кўрдик, VAR сабаб 5-6 дақиқа тўхтаб қоляпти. Бу ўз навбатида ўйин темпи тушишига олиб келади.

Футбол хатолар устига қурилади. Майдонда футболчилар ва ҳакамлар йўл қўйган хатоларни таҳлил қилиб, ўз маҳоратларини ошириб боришади. Яна қайтараман, ўзбек футболига VAR керак, фақат ундан тўғри фойдаланишни ҳам ўрганишимиз лозим. Қолаверса VARга мурожаат вақтини чеклашимиз зарур, икки-уч дақиқа қилса бўлади. Ўйин пайти ўн дақиқача танаффус юзага келиши футболимиз ўсишига ёрдам бермайди.

- Ўзбек футболида инқилоб қила олган икки нафар менежер бор деб ҳисобласак, бири Сиз, иккинчиси Баҳром Давлатов. Ҳозирги менежерлар ҳақида фикрингиз қандай?

- Мен ишлаган йиллари “Пахтакор” бюджети чекланган бўлиб, у қадар катта эмасди. Шунга қарамай эришган натижаларимизни ҳамма билади. Ҳозир мен замонавий футбол менежери мавзусида номзодлик диссертацияси ёзяпман.

Менежернинг асосий вазифаси бу - клубдаги барча йўналиш ва жамоалардан хабардор бўлиш ва бошқариш. Замонавий менежердан талаб қилинадигани – клубнинг молиявий-хўжалик ишларини тўғри йўлга қўйиш, клуб ходимлари ва жамоа аъзолари билан суҳбатда кучли психолог ва педагогик хусусиятларга эга бўлиш ҳамда энг аввало ўз касбини севиши ўта муҳим ҳисобланади.

Мен камдан кам кабинетда ўтираман ва доим ташқарида иш билан банд бўламан. Эндиликда клубларнинг мустақил фаолият юритишига тўғри келяпти. Клуб фаолиятида ўз тарбияланувчиларини тарбиялаш ва уларни асосий жамоа даражасига чиқариш жуда муҳим роль ўйнайди.

Кўп узоққа бормасдан 2014 йилни олайлик. “Пахтакор” кам бюджетга эга эди. Масалан, ўша йилги “Локомотив” билан солиштирадиган бўлсак, уч баробар кам эди. Унда қандай қилиб “Пахтакор” чемпион бўлди? Биринчидан, ўша йил жамоада кўплаб тарбияланувчилар ўйнаган, уларнинг шартномаси ҳам юқори эмасди. Аммо улар майдонга тушганда “Пахтакор” учун борини берарди.

Эндиликда “Навбаҳор”да ҳам шу тизимни йўлга қўйиш устида иш олиб боряпмиз. Ўз вақтида Баҳром Бойжонович билан майдонда рақобатчи бўлганмиз. Афсуски, ҳозир у киши ўзбек футболида ишламаяпти. Баҳром Давлатов ўз пайтида кучли менежер эди. Ҳозирги менежерлар ҳақида эса гапиришни унчалик истамайман. Лекин иш фаолиятини тўғри йўлга қўйиб олган клуб сифатида “Насаф”ни кўрсатса бўлади. Билишимча, “Насаф”да ойлик маошлар юқори эмас ва улар ҳам биринчи навбатда ўз футболчиларига эътибор қаратиб келяпти.

- Замонавий футболда менежер қандай хусусиятларга эга бўлиши керак деб ҳисоблайсиз? 

- Биринчи навбатда футболни севиши, чунки бусиз иложи йўқ. Иккинчидан, ҳафтасига етти кун дам олмасдан ишлай олиш. Яхши футболчиларни тарбиялаш ва улар орқали натижа кўрсатиш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди.

Мен кучли мутахассислар ва мураббийлар суҳбатини олишдан ҳеч қачон эринмаганман. Доим ўзаро суҳбатларда нимадир ўрганишга ҳаракат қилганман. Фақат кабинетда ўтириб кучли менежер бўлиш қийин. Менежер клубга келдими, ишни биринчи навбатда болалар футболига эътибор беришдан, уларнинг муаммосини ҳал қилишдан бошлаши керак деб ҳисоблайман.

Мен қаерда ишламай, болалар футболига алоҳида эътибор қаратиб келаман. 2019 йил “Локомотив”да ишлаганимда ҳам клуб раҳбарияти билан болалар футболини тўғри йўлга қўйиб олиш учун бир қанча ишларни амалга оширдик. Мураббийлар машғулотга бошқача ёндаша бошлашди, 2006 йил тарбияланувчилар шаҳар чемпионлигини қўлга киритди, 2007 йилги гуруҳ яхши футболчиларга эга бўлди. Биз ҳар куни эрталаб мураббийлар билан йиғилиб, кун давомида қилинадиган иш ва машғулотлар режасини муҳокама қилиб олардик. Шундай экан, “Локомотив”даги қисқа муддатли фаолиятимдан ҳам мамнунман.

- Маълумки, ўтган йил шартнома муддати тугамасдан Хитойдан қайтиб келдингиз. Сиз бошқарган “Чанчунь Ятай” клубининг натижалари яхши эди, бироқ кутилмаганда Хитойни тарк этишга мажбур бўлдингиз. Бунинг сабаби нимада? 

- Менинг ўзимга хос ҳаётий ва профессионал тамойилларим бор, улардан ҳеч қачон чекинмайман. “Чанчунь Ятай” клуби билан 2+1 кўринишида шартнома тузгандим ва жамоа менинг бошқарувимда охирги ўйинни 4:1 ҳисобида ютган бўлишига қарамай, ўз хоҳишим билан ишдан кетдим.

Нима учун бундай бўлганини батафсил очиқлаш ниятим йўқ, фақат шуни айтишим мумкин, клуб билан ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилдик. Биринчи ўринда бораётган жамоа бош мураббийнинг ўз хоҳишига кўра, ишдан кетиши Хитой футболида илк бор рўй берди, ваҳоланки биз жуда яхши селекция ишларини олиб бориб, мавсумга қизғин тайёргарлик кўргандик.

Бу ўринда пандемия туфайли оила аъзоларим билан кўриша олмаслигим ҳам сабаб бўлди, лекин энг асосийси менинг ўзгартириб бўлмас тамойилларим. Мен ҳатто шартнома бекор қилинганидан кейин клуб тўлаши керак бўлган товон пулидан воз кечдим. Бу ҳам Хитойда биринчи марта рўй бериши экан, лекин ҳозирги жаҳон футболида кўпчилик бу ишни қилмайди.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.


МАЪЛУМОТ УЧУН

Самвел Вячеславович Бабаян 1971 йил 19 май куни Тошкент шаҳрида туғилган.

Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия институтида мураббийлик йўналиши бўйича таҳсил олган.

Эришган ютуқлари:

10 карра Ўзбекистон чемпиони (9 марта "Пахтакор" билан, 1 марта "Навбаҳор" билан).

10 карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби (8 марта "Пахтакор" билан, 2 марта "Навбаҳор" билан).

2007 йил "Пахтакор" билан МДҲ Кубоги соҳиби.

Икки бор Осиё чемпионлар лигаси ярим финалчиси - 2002/03 ва 2004.

"Пахтакор" Самвел Бабаян бошқарувида 2002 йил "Осиёнинг энг яхши клуби" деб топилган ҳамда 2002-2014 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасига 42 нафар, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоларига эса умумий ҳисобда 200 нафардан кўп футболчи етказиб берган. 

Самвел Бабаян хорижда фаолият юритган ("Спартак" (Юрмала, Латвия), "Чанчунь Ятай" (Хитой) кам сонли ўзбекистонлик мураббийлардан, шунингдек Осиёнинг энг кучли футбол менежерлардан бири. 

Рейтинг: +6   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика