МундиалГАЧА (4-сон). Мўъжиза ёхуд Ўзбекистоннинг 2015 йил Янги Зеландиядаги саргузаштлари
17 мая 2023 16:33
Новости
МундиалГАЧА (4-сон). Мўъжиза ёхуд Ўзбекистоннинг 2015 йил Янги Зеландиядаги саргузаштлари
Бугун бевосита 2015 йилги Янги Зеландия яшил майдонларида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳақида сўз юритамиз. Зеро, ушбу мундиал бизга қизиқарли ва ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим қилганлиги билан ёдда қолган.
Равшан Ҳайдаров мураббийлигидаги терма жамоамиз 2014 йил Мьянмадаги Осиё чемпионатида ярим финалгача етиб келиб якунда мундиал йўлланмасини қўлга киритди. U 20 ёш тоифасидаги ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасига вакилларимиз юқори даражада тайёргарлик кўришган, Янги Зеландия билан Фарғона ва Тошкентда ўртоқлик ўйинлари, Испания ва Португалия билан хорижда йиғинлар ташкил қилиб берилганди. Таркибдаги футболчиларнинг ҳали кўпи 20га ҳам тўлмаган бўлсада аллақачон катта футбол ҳавосидан нафас олиб ўз жамоаларида етакчилардан бири саналарди. Улар қаторига Акром Комилов, Жавоҳир Соҳибов, Достон Ҳамдамов, Забихилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуровларни киритишимиз мумкин. Бу эса уларга катта ўйинларда босимсиз эркин ҳаракат қилиш имкониятини берарди. Боз устига мазкур ёшдаги футболчиларнинг қарийб ярими 2012 йилги Эрондаги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати иштирокчилари бўлганлиги сабаб ўзаро тушуниш бўйича ортиқча муаммо йўқ эди.
Қуръа бизга жиддий ва номдор рақибларни тақдим қилди,Германия, Гондурас, Фижи. Тўғри буларнинг ичида Фижи анча заифдек кўринганди. Бироқ, Океания минтақаси вакили гуруҳда биринчи турда бизни 4:3 ҳисобида ютган Гондурасни иккинчи турда йирик 3:0 натижаси билан таслим қилганига нима дейсиз? Дарҳақиқат, турнирнинг илк ўйинида вакилларимиз гондураслик тенгқурларига имкониятни бой бериб гуруҳдаги вазиятни оғирлаштириб қўйишганди. Ўшанда ҳимоячиларимиз жуда тартибсиз ҳаракатлари оқибатида дарвозабон Сарвар Каримов тўртта тўп олиб чиққанди. Иккинчи турда эса бизни Германия кутарди. Табиийки олдиндан Кутилганидек немислар бизга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:0 кўринишидаги натижа билан кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Ўшанда бизга иккитга гол урган Штендера бугунги кунда “Ганновер 96” жамоасининг асосий футболчиси ҳисобланади. Бу пайтга келиб гуруҳда жуда тушунарсиз ва чигал вазият юзага келганди. Гондурас, Ўзбекистон, ҳаттоки, Фижида ҳам кейинги босқичга чиқишга умид қолганди. Ҳамюртларимиз бунинг учун Фижига кўпроқ гол уришлари ва ғалаба қозонишлари талаб этиларди. Германия эса Гондурасга кўпроқ тўп киритиб 9 очко жамғаришлари лозим эди. Шундагина тўплар нисбатига кўра биз плей-офф чиптасини қўлга киритардик. Якунда эса омад бизнинг йигитларга кулиб боқди ва -1 тўплар нисбати билан нимчорак финалга йўл олди. Гондурасда -6, Фижида эса -7 эди.
Гуруҳ босқичи.
1-тур.
Ўзбекистон – Гондурас – 3:4
Голлар: Достон Ҳамдамов 31, Элдор Шомуродов 79, Забихилло Ўринбоев 90+6
2-тур
Германия – Ўзбекистон – 3:0
Голлар: Марк Штендера 33, 85, Кеви Акпогума 59
3-тур
Ўзбекистон – Фижи – 3:0
Голлар: Элдор Шомуродов 62, Забихилло Ўринбоев 63, Миржамол Қосимов 90+3
Чорак финал йўлланмаси учун кечган жангда ёшлар терма жамоамиз Европа вакили бўлмиш Австрияни 2:0 кўринишида мағлубитга учратди. Гуруҳдан 3 очко билан чиққан футболчиларимизда ўзларига бўлган ишонч анча ортганлигини сезиш мумкин эди. Достон Ҳамдамовнинг икки голи бизга кейинги босқич эшикларини очди. Миржамол Қосимов ушбу беллашувда асосий таркибда майдонга тушиб икки голда ҳам ўзини ҳиссасини қўшганди.
Нимчорак финал.
Ўзбекистон – Австрия – 2:0
Голлар: Достон Ҳамдамов 47, 57.
ЎЗБЕКИСТОН АВСТРИЯНИ МУСОБАҚАДАН ЧИҚАРИБ ЮБОРГАН ЎЙИН ВИДЕОСИ
Бироқ, ярим ҳимоячимизнинг Сенегал билан ўйинни сариқ карточкалари сони 2та етгани боис ўтказиб юбориши биз учун катта йўқотиш бўлди десак муболаға бўлмайди. Унинг майдондаги ўрни шу куни яққол билинди. Жисмоний жиҳатдан кучли бўлган сенегалликларга қарши деярли 80 дақиқа тартибли ўйнаган вакилларимиз учрашув охирларига келиб концентрацияни йўқотишди. Қанотдан тезкорлик марказга узатиб берилган тўпга етиб келган Мамади Тиам ҳимоячимиз Иброҳим Абдуллаевдан ўтиб тўп киритади.Ўйин тугашига 10 дақиқа қолган, жамоада гол уришга куч ҳам қолмаганди. Мураббий Равшан Ҳайдаровнинг режаси бўйича футболчиларимиз экстра-таймгача боришлари ва ҳимояни мустаҳкам қилган ҳолда қарши ҳужумга ўтишлари керак эди. Лекин биз Бразилия эмасдикки 5 дақиқада ўйинни буриб юборадиган. Шунинг учун мутахассис ўйинчиларни алмаштиришга шошилмаётганди. Шунга қарамай иккинчи бор кучли саккизликга кирган термамиз турнирдан сўнг ОФК раҳбарларининг эътирофига ва раҳматига сазовор бўлди. Чунки, чорак финалда Осиё қитъаси номидан фақат Ўзбекистон қатнашаётганди. Шимолий Корея, Мьянма, Қатар терма жамоалари гуруҳ босқичидаёқ мусобақа билан хайрлашиб бўлганди. Йил сўнгида бирваракайига учта футболчимиз Осиёнинг “энг яхши футболчиси” номзодига лойиқ кўрилди. Соврин эса Достон Ҳамдамовга насиб қилди.
Мусобақада гол урган ва голларга ассистентлик қилган Миржамол Қосимов "Динамо Киев" қизиқишлари доирасига тушган
"2015 йил ёзида Янги Зеландияда Жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтганимиздан сўнг Киев клубидан 10 кунлик кўрикдан ўтиш учун чақирув қоғози келганини айтишди. Уйдагилар билан маслаҳатлашгач Киевга боришга қарор қилдим. У ерга бориб фақат машғулотларда иштирок этдим, ўртоқлик ўйинларида майдонга туша олмадим. Қишда клуб мени яна кўрикдан ўтиш чақирди. Аммо билсангиз ўша пайтда Украинада нотинчлик ҳукм сураётганди. Нотинчлик бўлаётган жойда спорт қандай ривожланади деб ўйладим ва иккинчи йиғинга бормадим",- деган эди Миржамол Қосимов.
Комментарии