RU

Последние новости

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Миралем Сулаймони - шафқатсиз вақт қурбони Новости

Миралем Сулаймони - шафқатсиз вақт қурбони

ЕЧЛ саралаш босқичидан ўрин олган «Шахтёр» - «Янг Бойз» учрашуви олдидан швейцарияликлар таркибидаги етакчи футболчилардан бири - Миралем Сулаймони фаолиятига назар солдик.

Айтиш жоиз, Миралемнинг тақдири у қадар ҳавасга арзимаса-да, бу тарихда ёш футболчилар учун ўзига хос мактаб вазифасини бажаришга қодир жиҳатлар мавжуд. Нега, дейсизми? Унда мақолага диққат қаратинг...

«Вақт - шафқатсиз, у ҳеч кимни аяб ўтирмайди», қабилидаги гапларда чиндан ҳам, жон бор. Зеро ҳар биримизнинг ҳаётимиз оний лаҳзалардан сўнг бутунлай ўзгариб кетиши мумкин. Биз эса ҳатто киприк қоқишга ҳам улгурмай қолаверамиз. Бу жараён табиийки, футболни ҳам четлаб ўтмайди. Масалан, футболчилар ичида кимдир узоқ йиллар давомида юлдузлик мақомини ўзида тутиб туради. Яна кимдир эса футбол дунёсига чақмоқдек шиддат билан кириб келади-да, шуҳратга қанчалик тез эришган бўлса, худди шундай суръат билан қуйига «шўнғийди». Миллионлар ўйинида бунга мисоллар жуда кўп. Дейлик, масалан, Афонсо Алвеш. Негаки, бразилиялик бу ҳужумчи «Херенвен» клубини тарк этиб, Англиянинг «Мидлсборо»сига ўтганида, барча уни ёрқин келажак кутаётганига ишонганди. Майли, Алвеш ва унинг тақдирини ҳозирча унутиб турайликда, унинг кетишидан сўнг «Херевен»да содир бўлган воқеаларга эътибор қаратайлик...

Хуллас, «Херенвен» ўзининг голеадор ҳужумчисини рекорд суммада «Мидлсбро»га сотиб юборганидан сўнг жамоа ишқибозлари бу йўқотишдан унчалик хавотирга тушишмади. Зеро Алфонсонинг ўрнини боса оладиган номзод жамоада бор эди. Қанчалик қизиқ туюлмасин, бу футболчи - сербиялик Миралем Сулаймони эди. Ёшига нисбатан анча ақлли ҳаракат қиладиган, ўзига ишончи ўн саккиз яшар ҳужумчи Алвеснинг ўрнини хотиржамлик билан эгаллаб, «устози»дан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатди ва тезда жамоатчиликнинг, айниқса, ёш истеъдодларни излаш билан шуғулланадиган скаутларнинг диққатини ўзига қаратди.

Дарҳақиқат, ўша пайтлари Сулаймони келажаги порлоқ ёш футболчилар сирасига кирарди ва мавсум охирига бориб, Голландиянинг энг яхши ёш ўйинчисига аталган мукофотга сазовор бўлди. Бугун эса худди шу Миралем 27 ёшга тўлди. Бир томондан, унинг ҳозирги ёши - футболчи учун қўрқинчли эмас. Бироқ аксарият футболчилар айнан 26-27 ёшида шу пайтгача ўтган фаолиятларига назар солиб, якуний хулосани чиқариб олишади. Бироқ Миралем борасида бундай деб бўлмайди. Чунки у 18 ёшлик чоғларида бир «гуллаган» бўлсада, ҳали ўзи кутган даражага чиққанича йўқ.

Аслида, Миралем фаолиятидаги муаммолар у «Аякс»га кўчиб ўтганидан кейин бошланди. Шубҳасиз, бу трансфер «Херенвен» билан солиштирганда, ёш футболчи учун олдинга ташланган катта қадам эди. Зеро кўплаб юлдузларнинг ўйини худди шундай тарзда - номдорроқ клуб сафига ўтганидан сўнг янада кучайиб кетган. Бироқ минг афсуски, Миралем билан бундай бўлмади. Негаки у «Аякс»га ўтган пайтларда тизза ости мушакларидаги эски жароҳати яна хуруж қила бошлади, боз устига, қизиққон серб йигити Мартин Йолнинг тактик ва фалсафий чизмаларини устози истагандек даражада тушуна олмади.

Гап шундаки, Миралем «Херенвен» асосий таркибида атиги бир мавсум тўп сурган бўлсада, мухлисларнинг, бош мураббийнинг ишончини ўзида тўла ҳис қилган, майдонда етакчи эканига шубҳа қилмаган. Пойтахт гранди сафига қўшилганида эса янгича қарашларга, асосий таркиб учун кечадиган ғоят кучли рақобатга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди. Бу ҳақда Сулаймонининг ўзи ҳам интервьюларида бир неча бор таъкидлаган. Табиийки, ўшанда Миралемнинг иқтидорига ҳеч ким шубҳа билан қарамаганди. Бироқ у билан бир вақтда жамоага қабул қилинган Луис Суарес юлдузи ўйиндан-ўйинга порлайверди. Серб йигити эса вақт ўтгани сайин унинг соясида қолиб борарди. Шу боис, Миралем ўз хоҳиши билан Амстердамни имкон қадар тезроқ тарк этиш ҳаракатига тушиб қолди.

«Аякс»га нима учун кераклигимни ҳечам тушуна олмаяпман. Худди мураббийнинг менда қасди бору, у атайин фаолиятимни расво қилмоқчи бўлаётгандек туюлади, баъзида. Мен эса «Вест Хэм»га ўтиб, ҳаммасини бошидан бошлашни истайман. Лекин менинг олдинги даражамга чиқиб олишимни исташмаяпти», — деганди у.

Бизнингча эса, Миралем ва Франк де Бурлар ўртасидаги совуқлик футболчини аввал захира ўриндиғига, кейинроқ эса умуман, ўринбосарлар таркибига йўл олишига сабаб бўлди. Дарвоқе, унинг омадсизлиги кўп тарафдан, тиззасидаги жароҳатга боғлиқлиги ҳам рост. Афтидан, «Аякс» устози дастлаб Миралемдан қандай фойдаланиш мумкинлиги устида роса бош қотирдию, аммо ўйлаганлари амалга ошмагач, шунчаки, зиммасидаги масъулият юкидан халос бўлди-қўйди. Негаки, Сулаймонини харид қилиш таклифи ундан эмас, Марко ван Бастендан чиққан. Демак, масъулият кўпроқ Марконинг елкасига тушади. Иккинчидан, де Бур Миралемга қўлидан келганича имконият яратиб берди. Футболчи эса ундан унумли фойдалана билмади. Шундай экан, де Бур ўз виждони қаршисида топ-тоза.

Шундай экан, йигитча энди янги марраларни кўзлаши лозим эди. Худди шундай бўлди ҳам - Португалиянинг «Бенфика»си футболчини текинга ўз таркибига қўшиб олди. Турган гапки, португаллар ҳам серб ҳужумчисидан кўп нарсаларни кутишганди. Бироқ Миралемнинг ишлари бу ерда ҳам кўнгилдагидек бормади: у жамоа устози Жорже Жезушнинг ишончини қозона олмади.

Хуллас, Португалияда ўтган икки йиллик ҳаёт Сулаймони учун айтарли ҳеч нима туҳфа қилмади ва у яна умидсизликка берилди. Бу орада «Наполи», «Валенсия», «Вест Хэм» каби клублар унга қизиқишаётгани ҳақида хабарлар тарқалдию, бироқ ҳеч бир клуб «Бенфика» манзилига расмий таклиф юбормади. Шундан сўнг серб йигити чор-ночор Швейцарияга, «Янг Бойз» клубига йўл олди. Тўғрида, ахир «асаларилар» Швейцария суперлигасида мудом чемпионлик учун курашишади, шунингдек, еврокубокларда ҳам шов-шув кўтаришни хуш кўришади. Албатта, бу имкониятдан фойдаланиб кўриш керак эди. Шу тариқа, Миралем Швейцарияга келиб қолди. Энг муҳими, у бу ерда узоқ вақтлардан бери кутган нарсани - ўзига нисбатан ишонч ҳиссини туйди. Ҳозирга келиб, Бернда унга ишонишади ва мунтазам равишда майдонга туширишади.

«Мен бутун жамоа қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилсамгина. Ўзим истагандек ҳаракат қила оламан», — деганди Миралем 2015 йил сентябрида, ашаддий рақиб - «Базель» дарвозасига иккита гол уриб, 4:3 ҳисобидаги ғалабали ажойиб ўйиндан кейин. Бу сўзлар эса унинг ташриф қоғозидир. Негаки, Сулаймони кучли ишончга доим муносиб жавоб қайтаришга уринадиган футболчилар сирасидан. Асосийси, Сулаймони Швейцария клубида охирги беш-олти йилдан буён илк бор мавсум охиригача барқарор ўйин кўрсата олди. Зеро 31 ўйиндаги 8 гол - умидсизлик гирдобига тушиб қолган футболчи учун ёмон натижа эмас. «Мен ўз устимда янада ишлаб, пешонамдан тер шариллаб оққунича меҳнат қилишим керак», — деди мавсум якунида натижаларидан хурсанд Миралем.

У ҳали жаҳон даражасидаги юлдузга айланмаганини, аммо бунга ҳали имкони борлигини жуда яхши тушуниб турибдики. Эҳтимол, бу - амалга ошмай қолиб кетиши ҳам мумкин бўлган орзудир. Бироқ Миралемда техника, тезлик, ақл ва маҳорат бор экан, нега чинакам юлдуз бўлишга уриниб кўрмаслиги керак?!.

Ҳа, чиндан ҳам вақт - шафқатсиз. Лекин Римда яшаб ўтган қадимги файласуф Сенека айтгандики, у фақат бизга, ўзимизгагина тегишли буюм. Демак, Миралемни ҳам ҳозирча ҳисобдан чиқармай турганимиз маъқул. Зеро яқин келажакда унинг ўрни қаерда бўлиши фақат унинг ўзигагина боғлиқ.

- Премьер-лигага кўчиб ўтганидан сўнг Афонсо Алвешдан мухлисларнинг ҳам, «Мидлсборо» мураббийларининг ҳам кўнгли қолди. Тўғрида, ахир миллионлаб пулга харид қилинган, аммо бир чақалик нафи тегмаган футболчи кимга ҳам ёқарди?! Шу боис, бразилиялик ҳужумчи Англияда узоқ вақт қолмай, ҳеч бўлмаса, келажаги учун пул ишлаб олиш мақсадида Қатар чемпионатига ўтиб кетди. 2013 йилда эса астагина, ижи-жимида бутсаларини михга илиб қўйди.

Бироқ афтидан, «устоз»нинг тутган йўли Сулаймонини асло қониқтирмайди. Акс ҳолда у ҳам бемалол Хитой ёки кўпроқ пул тўланадиган қайсидир мамлакат клубидан ўзига иш топиши мумкин эди. Мирелим эса бундай қилмади - у хиралашиб қолган шаъни ва обрўсини қайта тиклаш имконини яратиб берадиган муҳитни танлаб, «Янг Бойз» таркибига қўшилди. Бошқача айтсак, у курашишни истади. Кўрамиз, бу қандай самара келтирар экан?!

Ж.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Рейтинг: +2   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика