МАҚОЛА. Бразилиялик сеҳргар, “Милан” юлдузи, “Олтин тўп” соҳиби Кака ҳақида
22 апр 2020 20:05
Новости
МАҚОЛА. Бразилиялик сеҳргар, “Милан” юлдузи, “Олтин тўп” соҳиби Кака ҳақида
Демак, мақола бу гал сизлар билан биргаликда Каканинг ҳаёт йўлига саёҳат қиламиз.
Биласиз, бразилиялик футболчиларнинг ёшлига ёки болалигига назар солсак, қашшоқликда кун кечирганини кўрасиз. Бироқ, Кака ҳамюртларига қараганда бой ва бадавлат оилада туғилди. Отаси мамлакатдаги таниқли муҳандислар бири, онаси эса мактабда бошланғич таълимдан дарс берарди. Шу боис, у болалигида оддий ўқишда ўқиди ва аъло баҳоларга тамомлади. Кўчада футбол ўйнаб юрган болакайни 12 ёшида “Сан Паулу”нинг ишчиларидан бири кўриб қолади ва уни эртаси куни стадионга боришини айтади. Кака КОНКАКАФдаги энг машҳур футбол академияларидан бирида эди.
Футболчи фаолиятидаги дебют учрашувини 2001 йилда “Сан Паулу” жамоасида 18 ёшида нишонлайди. Шу куни ёш бўлишига қарамасдан асосий таркибда майдонга тушади ва тўлиқ тўқсон дақиқа давомида фаол ҳаракат қилди. Майдон марказини ўзиники қилиб олган Кака жамоадошларининг жойлашувини олдинданоқ сеза билди ва ўткир паслар билан уларни ҳавфли вазиятларга олиб чиқди. 20 ёшигача у юзга яқин учрашувларда қатнашди ва 40дан зиёд голлар урди. Европалик скаутларнинг бразилиялик иқтидорларга эътибор қаратиши кеча ёки бугун рўй бераётгани йўқ. Шу туфайли ҳам Каканинг мазкур қитъада тўсатдан пайдо бўлиб қолиши ҳеч кимни ажаблантирмасди. 2002 йил Бразилия терма жамоасидаги ўйинлари билан Италиянинг “Милан” клуби вакилларини ўзига жалб қилиши натижасида кейинги мавсумда у Апенин ярим оролига йўл олади. Айтиш мумкинки, у фаолиятининг энг гуллаган даврларини айнан шу ерда ўтказди ва дунёга "Кака" номи билан танилди. Ҳайрон қолишингиз табиий. футболчининг асл исми Рикардо Исехон дос Сантос. Айтишга бироз ноқулайлиги сабабли унга шу номни беришади. 8,5 миллион евро, бу – ўша вақтда улғайиб келаётган футболчи учун тўланган маблағ. Тўғри, ҳозирда бу сумма сизга кулгули туюлиши мумкин. Кака Миланга келган илк йилидаёқ жамоа услубига ва фалсасига мос тушди. Таркибдаги Пирло, Гаттузо, Зеедорф триоси мукаммал ўйин намойиш қилишди. Ҳужум найзаси ўрнида Андрей Шевченко ҳаракат қилди. Кака эса уларни майдонда бирлаштириб турувчи воситачи вазифасини бажарди. У келганидан сўнг, “Милан” бир қатор кучли жамоаларнинг қаршилигига қарамасдан, чемпионликни расмийлаштирди. Скуддето қўлга киритилган мавсумда у 10та гол билан жамоанинг тўпурарлари қаторига кирди. 2005 йил Чемпионлар Лигаси финалида “Ливерпуль”га аламли тарзда енгилгач, у барчасини тушуниб етди. Ҳа, ўз устида янада кўпроқ ишламаса бўлмайди. Истанбулдаги финал эса бутун жамоага катта сабоқ бўлди. Ҳар бир ишда бир ҳикмат бор деганларидек, ортда қолган муваффақиятсизлик жамоани янада кучлироқ қилди. Орадан икки йил ўтгач 2007 йилги мавсумда Анчелотти бошқарувидаги “Милан” Европада ўзгача тўфон кўтарди. Чемпионлар Лигаси ғолиби, ички чемпионатдаги жамоавий ва индивидуал совринлар Каканинг қитъадаги обрўсини янада оширди. Кака финалда ғалаба тўпини киритган Филиппо Индзагининг голида бош ролни ўйнади. Мавсум якунида France Football талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган “Олтин тўп”ни ҳам ўзиники қилди. Шундан сўнг, мазкур совринга бир неча йиллар давомида икки ўзга сайёралик - Месси ва Роналду сазовор деб топиб келинди.
Мадриддаги саргузаштлардан сўнг, 2013 йилда собиқ жамоасига қайтди. Аммо бу пайтга келиб, “Милан” Италиянинг ўртамиёна клубига айланиб бўлганди. Олдингидек нуфузи ҳам қолмаганди. Унинг шартномасига агар клуб пастки ўринларни эгалласа ва Чемпионлар Лигасига йўлланма олмаса келишувни бузиш деган банд киритилганди. Якунда эса битимга амал қилган ҳолда Кака кетиш тараддудини кўра бошлади. Футболчининг “Реал”даги йилларини ҳам эслаб ўтмасак, бўлмайди. У 2009 йил 68,5 миллион евро эвазига "Қироллик клуби"га ўтган. Ҳақиқий юлдузлар, бразилиялик ўйинчилар бу ерда доим ўзларидан ажойиб из қолдиришган. Кака учун 2011-2012 мавсум унинг учун омадли келди десак хато бўлмайди. Мадридликлар ўша пайт 100 очко тўплади ва 121та гол урди. Барибир, Какани кўпчилик Миланда кўришга ўрганиб қолишганди. Ярим ҳимоячининг ўзи ҳам жамоага мослаша олмади. Аниқроғи, жароҳати унга панд берди.
Бразилия терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпиони бўлган Кака 2002-2016 йиллар оралиғида 92та ўйинда 34та тўп киритди. Шарқий Осиёдаги мундиалда Сколари шогирдига атиги 20 дақиқа ўйнаш имконини берди. Шунинг учун, Кака Бразилиянинг чемпионлигида ҳисса қўшгани ҳақида гапиришга асос йўқ назаримизда. Футболчи ҳақидаги қизиқарли фактлар ҳақида гап борар экан унинг исми ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Лекин, маълумотларга қараганда “Кака” лақаби унинг укаси Рикардо исмини тўғри талаффуз қила олмагани туфайли пайдо бўлган. Яна бир нарса у 18 ёшида футбол билан бутун умрга хайрлашиши мумкин эди. Лекин, шифокорларнинг ёрдами билан у яна яшил майдонга қайтди. Голни қўлини кўтариб нишонлашида ҳам бир маъно бор. У яратганга нажот учун миннатдорчилик билдиради ва ҳаётга қайтганига шукур қилади.
Шу кунгача “Милан”га кимлар келиб кетмади. Аммо, барибир Кака жамоанинг ўчмас юлдузи бўлиб қолаверади!
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Комментарии