Лицензиялаш жараёни ҳал қилувчи паллада: клубларимизда қандай камчиликлар мавжуд?
05 авг 2021 12:24
Новости
Лицензиялаш жараёни ҳал қилувчи паллада: клубларимизда қандай камчиликлар мавжуд?
Ўтган йилдан эътиборан ЎзПФЛ Про лига клубларини ҳам мазкур жараёнга жалб этди. Мақсад — клубларимиз инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаш ҳамда Про лига ва Coca-cola Суперлига клубларини ўртасидаги катта тафовутни йўқотиш.
Биз йил аввалида “Клубларни лицензиялаш регламенти” ишлаб чиқдик. Ундаги айрим мезонлар ОФК белгилаб берган минимум талаблардан кучлироқ бўлиб, агар бизнинг клублар ушбу Регламентда белгиланган миллий лицензиялаш талабларини тўлиқ бажара олса, ОФК лицензиясини қийинчиликсиз қўлга киритиш мумкин бўлади.
Ҳозиргача клубларимиз дастлабки 4 та мезон бўйича ҳужжатларни тақдим этди. Мавжуд камчиликлар ичида энг асосийларидан бири – стадионлар ёритиш тизимининг талаб даражасида эмаслиги. Зеро ОФК 2021 йилдан бошлаб қитъа миқиёсидаги халқаро учрашувларни қабул қилувчи стадионлар учун талабларни қатъийлаштирди. Эндиликда Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи ўйинлари ўтказиладиган стадионларда ёруғлик даражаси 1800 люксдан кам бўлмаслиги керак (плей офф учун минимум талаб – 1400 люкс).
Айни вақтда Coca-Cola Суперлига ва Про лига жамоалари уй ўйинларини ўтказадиган стадионларда ёритиш тизими даражаси қуйидагича:
КЛУБ |
СТАДИОН | ЎРТАЧА ЛЮКС ЎЛЧАМИ | ЎЛЧАНГАН САНА |
БУНЁДКОР | БУНЁДКОР | 2400 | 25.06.2021 |
ҚИЗИЛҚУМ | ЁШЛАР СМ | 2200 | 02.03.2021 |
СЎҒДИЁНА | СЎҒДИЁНА | 1900 | 26.06.2021 |
ТУРОН | ЎЗБЕКИСТОН | 1900 | 25.06.2021 |
ПАХТАКОР | ПАХТАКОР | 1750 | 28.07.2021 |
ЛОКОМОТИВ | ЛОКОМОТИВ | 1700 | 28.06.2021 |
БУХОРО | БУХОРО | 1600 | 03.03.2021 |
НАВБАҲОР | МАРКАЗИЙ | 1500 | 03.07.2021 |
ДИНАМО | ДИНАМО | 1400 | 05.03.2021 |
НАСАФ | МАРКАЗИЙ | 1300 | 08.07.2021 |
НЕФТЧИ | ИСТИҚЛОЛ | 1200 | 27.06.2021 |
МЕТАЛЛУРГ | МЕТАЛЛУРГ | 1000 | 23.06.2021 |
АГМК | ОКМК | 1150 | 27.07.2021 |
ОЛИМПИК | ЖАР | 600 | 06.06.2021 |
ХОРАЗМ | ХОРАЗМ СМ | 600 | 05.04.2021 |
ШЎРТАН | МАРКАЗИЙ | 400 | 04.03.2021 |
АНДИЖОН | БОБУР АРЕНА | 200 | 27.06.2021 |
МАШЪАЛ | БАҲРОМ ВАФОЕВ | 150 | 04.03.2021 |
ҚЎҚОН-1912 | МАРКАЗИЙ | 130 | 28.06.2021 |
СУРХОН | СУРХОН СМ | 100 | 11.03.2021 |
ЯНГИЕР | ЯНГИЕР | - | - |
АРАЛ-САМАЛИ | ТУРОН | - | - |
ЎзПФЛ талаблари сабаб сўнгги 1 йил ичида қатор клублар прожекторни яхшилаб олди. Мисол учун “Турон” талаб даражасидаги прожекторни йўқ жойдан барпо қилди, “Қизилқум”, “Сўғдиёна”, “Пахтакор”, “Локомотив” клублари талаб даражасига етмай турган прожекторга қўшимча янги лампалар ўрнатди ва ёритиш тизимини яхшилаб олди. Шу йилнинг 25 августига қадар “Қўқон-1912” клуби стадионида ҳам минимал талабларга жавоб берадиган прожекторлар нур сочишни бошлаши ваъда қилиняпти.
Бу масалани пайсалга солиб келаётган клублар ҳам мавжуд. Шундан келиб чиқиб, Coca-cola Суперлиганинг тўрт клубига ёз ойида уй учрашувларини ўтказиш тақиқи қўйилди. Иккинчи босқич 2022 йилги мавсумдан бошлаб амалда бўлади ва унда прожектори талаб даражасига етказилмаган юқори дивизион клублари нафақат ёз, балки бошқа фаслларда ҳам уй учрашувларини ўтказишдан мосуво этилади.
Бундан ташқари жорий йил клублар уй учрашувларини ўтказадиган стадионларнинг хавфсизлик сертификатига эга бўлиши бўйича ЎзПФЛ ўз позициясида қаттиқ турди. Натижада барча клублар стадион хавфсизлик режасини ишлаб чиқди. Узоқ йиллар давомида аксарият клублар учун муаммо бўлиб келган хавфсизлик сертификати эндиликда ҳамма клубларимизда мавжуд.
Шунингдек, ЎзПФЛ клублар академиясини ташкил этишда пойдевор вазифасини ўтовчи “Клубда ёшлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича дастур” ишлаб чиқилиши ва у академиялар бўйича стандартларга мос келиши масаласига жиддий аҳамият қаратди. Айни ҳолатда “Қўқон-1912”, “Қизилқум”, “Сўғдиёна”, “Сурхон”, “Арал самали”, “Хоразм” ва “Янгиер” клубларида бу борада камчиликлар мавжуд.
Навбатдаги масалада клуб тизимида иш олиб борувчи мураббийларнинг махсус малака дипломига эга эмаслигини кўрсатишимиз мумкин. Бу йил мазкур муаммо анча камайганди, аммо тўлиқ бартараф бўлганича йўқ. Хусусан, “Сурхон”, “Қўқон-1912”, “Турон”, “Арал самали”, “Хоразм” ва “Янгиер” жамоаларида ёшлар таркиблари билан ишлайдиган мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам “B” дипломига эга эмас. ОФК талабига кўра, клубнинг ёшлар билан ишлаш тизимида камида икки нафар “B” мураббийлик лицензияга эга мутахасислар иш олиб бориши лозим. Шу шарт билан қолган барча мураббийларга эса “C” дипломи билан фаолият олиб боришга рухсат этилади.
Ёшлар билан ишлаш тизимига оид яна бир муаммо — академия директори ёки болалар билан ишлаш тизимига масъул раҳбар “A” мураббийлик дипломига эга бўлиши шарт. Аммо “Сурхон”, “Динамо”, “Арал самали”, “Хоразм” ва “Янгиер” жамоасида фаолият олиб бораётган мутахассислар бу талабга жавоб бермайди.
Маълумот учун, ОФК белгилаб берган режага асосан лицензиялаш жараёни апрель ойида старт олди ва клублар июль ойи сўнггига қадар спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий мезонлар бўйича, август ойида эса молиявий мезонлар бўйича ҳужжатларни тақдим этиши керак. Ҳозиргача клубларимиз дастлабки 4 та мезон бўйича ҳужжатларни топширди. Улар тушуниши керакки, айнан август ойи барча камчиликларни бартараф қилиш учун ҳал қилувчи ойдир.
Зеро ОФК ва миллий лицензия клубларнинг келаси мавсумда халқаро ва ички мусобақаларда иштирок этиши масаласида устувор аҳамият касб этишини унутмаслик керак.
Зоҳиржон Акрамхонов, ЎзПФЛ Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи
Комментарии