Коронавируснинг футболга таъсири: А Серия ўйинлари бекор қилинди, энди "Ливерпуль" титулсиз қолади-ми?
06 мар 2020 14:00
Новости
Коронавируснинг футболга таъсири: А Серия ўйинлари бекор қилинди, энди "Ливерпуль" титулсиз қолади-ми?
Хитойда пайдо бўлган янги вирус қисқа вақт ичида бутун дунёга тарқалишга улгурди. Аввалига кўпчилик бу касалликка жиддий қарамаганди. Аммо энди у бир қатор йирик спорт тадбирлари тўхтатилишига сабаб бўлмоқда.
А Серия учрашувлари ва Италия Кубоги ярим финал баҳслари қолдирилди
Яқинда Италия чемпионатида нақд 5та баҳс бекор қилинганди ("Ювентус" — "Интер", "Фиорентина" ва "Удинезе", "Милан" ва "Женоа", "Сассуоло" ва "Брешиа", "Парма" ва СПАЛ). Улар 13 май куни ўтказилиши режалаштирилмоқда ва улар бўш стадионларда бўлиб ўтиши айтилган. Бир неча кун олдин Турин ва Неаполь ҳокимияти Италия Кубоги жавоб учрашувларини бекор қилди. Ярим финалда "Наполи" клуби "Интер" билан, "Ювентус" эса "Милан" билан беллашиши лозим эди. Ҳозирча учрашувлар номаълум муддатга қолдирилди.
"Дастлаб Италия футбол Федерацияси ҳукумат маслаҳатига биноан нисбатан кам зарар кўрган ҳудудлар (Ломбардия, Эмилия-Романья ва Венето) мухлисларини ўйинга киришларига рухсат берди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Италияда коронавирусга чалинганлар сони 2263тага етган. Вирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони эса 79та (ўтган кундан 27та кўп). Бу каби хабарлар Италия баҳслари бекор қилинишига жиддий таъсир кўрсатди" — дейди Турин ҳокимияти вакиллари.
Бундан ташқари, С Сериянинг "Пьянезе" клубида тўп тепадиган 3 футболчи ҳам янги вирусга чалинган. Бунинг оқибатида клуб ходимлари ва барча ўйинчиларига 15 кунлик карантин эълон қилинган. Шунингдек, Италия футболи афсонаси Алессандро Дель Пьеро ҳам коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди.
"Ливерпуль" яна АПЛ титулисиз қоладими?
Бунга ишониш қийин, аммо вазият шуни тақозо этмоқда. The Telegraph нашрининг хабар беришича, Британия ҳукумати яқин ойларда ўтказилиши режалаштирилган барча спорт тадбирларини тўхтатиб туриш масаласини муҳокама қилаётган экан. Шу сабабли, АПЛ ҳам бироз танаффус қилишига тўғри келади. Хўш кейинчи?! Жамоалар қолдирилган ўйинларини қачон ўйнаб бўлади? Ёзда бунинг иложи йўқ, сабаби Евро-2020 бор. Аммо танганинг иккинчи томони бор деганларидек, масаланинг бу томони ҳақида ҳеч ким ҳеч нима демади...
Баҳсларни қолдиришнинг натижаси икки хил якун топиши мумкин: ҳозирги ҳолат бўйича мавсумни муддатидан аввал тугатиш ёки ҳаммасини яна янгидан бошлаш. Хўш, бундай ҳолатда "Ливерпуль" мухлислари ақлдан озиши ва бор арз-додини тўкиб сочиш учун портал очиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳа тўғри-да, клуб бугунги натижага эришгунча озмунча меҳнат қилдими?
Албатта. Италия каби йўл тутиш варианти ҳам бор: майдонга мухлисларни киритмай, чемпионат ўйинларини охиригача ўйнаб қўйиш. Шу ўринда бир савол туғилади: спорт мутасаддилари ва клуб раҳбарияти бу борада келишувга эриша олармикан? "Ливерпуль" ишқибозлари уларнинг севимли клуби чемпион бўлиши учун кун бўйи уйдан чиқмай ўтиришга ҳам рози. Аммо ҳаммаси уларга боғлиқ эмас-да...
Юрген Клопп яна бир бор ҳаммани лол қолдирди: "Мен сиёсат ва коронавирусга унчалик ҳам тушунмайман... Нега бу саволни менга беришяпти? Мен бейсболка кийиб юраман, қолаверса соқолим ҳам олинмаган".
Хўш, сизнингча, шундай келишган эркакни чемпионлик титулисиз қолдириш инсофданмикан?!
"Евро-2020"га ҳеч қандай хавф йўқ
Кўпчиликда табиий бир савол туғилмоқад. Агар футбол бўйича қатор топ-лигалар ва Олимпиада хавф остида бўлса, унда Европа чемпионати-чи? Сабаби Италия пойтахти мусобақани қабул қилувчи шаҳарлар қаторидан ўрин олган. Аммо ваҳимага ўрин йўқ. УЕФА вице-президенти Мишель Ува барчани ҳотиржамликка чақирмоқда ва мусобақа ўз вақтида ўтишига ишонади.
"Евро-2020 Римда 12 июнь куни старт олади. УЕФА маҳаллий ва халқаро ташкилотлар, федерациялар билан мунтазам алоқада бўлиб турибди ва коронавирус атрофидаги ҳолатни кузатмоқда. Ҳозирча белигланган режа, графикка ўзгартириш киритишга ҳожат йўқ. Масала мунтазам назорат қилиб борилади", - Чеферин ўринбосари сўзларидан иқтибос келтиради Football Italia.
УЕФА президенти ҳам барчасига оптимистик ёндашмоқда ва мусобақани бекор қилишга асос кўрмаяпти. Унинг фикрига кўра, мусобақа вақтига келиб, коронавирус билан боғлиқ ҳолат нормаллашиши кутилмоқда.
Коронавирусдан қандай ҳимояланса бўлади? Қўл бериб кўришишни тақиқланг
"Ньюкасл" устози Стив Брюс ўзига хос йўл топди. Суҳбатлашиш давомида ҳаво орқали ўтиши мумкин бўлган микро-элементлар билан ишимиз йўқ, асосийси қўл бериб кўришмасак бўлди. Шу йўл билан коронавирусни енгамиз! Таажжубланарли томони шундаки, бундай фикрни мураббий жамоа шифокори берган.
"Тонгда ва кўришганда барча қўл бериб кўришади — биз шифокор маслаҳати билан бунга чек қўйдик. Яхшиҳамки, бизда шундай ажойиб докторимиз бор, у бизни барчасидан хабардор қилиб туради ва нима қилиш мумкин, нима мумкин эмаслигини белгилаб беради".
Шотландиядагилар ҳам шу йўлдан кетишди. Раҳбарият Премьершипнинг барча клублари почтасига ўйиндан аввалги "саломлашиш"ни қўл бермай, бошқа бирор усулда ўтказишни сўраган.
Ёш авлод эса унданда топқир чиқди. УЕФА нинг ўсмирлар ўртасидаги мусобақасида "Ливерпуль" ва "Бенфика" футболчилари бир-бирлари билан тирсаклари ёрдамида саломлашишди. Эмишки, бу йўл анча хавфсиз экан.
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии