Конте: "Мураббий тўғри овқатланиш ва жисмоний тайёргарлик борасида "ақлли гаплар" айтиб, ўзи 120 кг бўлиши мумкин эмас"
25 ноя 2019 11:35
Новости
Конте: "Мураббий тўғри овқатланиш ва жисмоний тайёргарлик борасида "ақлли гаплар" айтиб, ўзи 120 кг бўлиши мумкин эмас"
Мағлубиятлар ҳақида: "Мағлубиятларни оғир қабул қиламан. Ундан кейинги икки кун худди аъза тутгандек бўламан. Омадсиз учрашув из қолдириши зарур: менда, футболчиларда ва клубда. Мен бу вазиятдан чиқиб кетиш учун катта куч сарфлайман".
Захира режаси ҳақида: "Агар мен мураббий бўлмаганимда, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлардим. Бу менинг Б планим эди. Ҳаттоки, дипломим ҳам бор. Бу ота-онамни жуда хурсанд қилган".
Ўқиш ҳақида: "Мен психология, жамоа бошқаруви, мотивация ҳақида кўплаб китоблар ўқийман. Уларнинг охиргиси Жеймс Керрнинг – "Аll Blacks сирлари" номли китоби бўлди. Техник ва тактик томонлама кучли бўлишнинг ўзи камлик қилади, кўп қиррали мураббий бўлиш зарур. Жамоангизда 50 нафар инсон бор, уларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашув талаб қилинади. Мен – етакчиман, жамоам ҳақида қайғуришим зарур. Менеджмент ҳақида китоб ёзишимни кўп бора сўрашган, лекин ҳозирча бунга вақтим етарли эмас. Бу ишни кейинроқ, бемалолроқ бўлганимда амалга ошираман".
Иш ҳақида: "Ўзимдан кўп бор бу иш шунга арзирмиди, деб сўрайман. Нега мен оиламга ажратишим мумкин бўлган вақтни иш учун сарфлаяпман? Футбол менга кўп нарса берди, лекин яна кўп нарсалардан маҳрум ҳам қилди. Мураббийлик эмас, бошқа бирор иш қилишни жуда ҳам хоҳлайман. Билмадим, ҳеч бўлмаганда директорлик ёки телевидениеда экспертликми..."
Фаолияти ҳақида: "Фуболчи сифатида мен бошдан баланд сакрай олдим. Анча меҳнат қилдим, кўплаб йўқотишларин бошдан ўтказдим, аммо бу ўз натижасини берди. Мураббий бўлгач, кўп нарсаларга эриша олишимни дарҳол сезгандим. Ўзимга бўлган ишонч бир неча баробар ортганди".
Ёшлар ҳақида: "Бизнинг авлод кўчада катта бўлган, биз тезроқ улғайгандик, муаммоларни ўзимиз ҳал қилардик. Ҳозир барчаси буткул бошқача. Ҳамма телефон, ноутбук билан банд ёки PlayStation ўйнайди. Муаммоларни эса уларнинг ота-оналари ҳал қилиб беради. Кўча – ҳаёт дарслари. Биз дарахтдан-дарахтга ўтиб юрардик, 2-3 метр баландликдан сакрардик. Баъзан уришардик, ўзимизнинг ғамимизни ўзимиз ердик. Ҳозирги авлод эса қарор қабул қилиш ўрнига, уни атрофдан кутади".
Кулгу ҳақида: "Ҳар бир ўйин – бу жанг. Сиз жангга кетаётганингизда кулиш ёки ортиқча хурсанд бўлишингизга ҳеч қандай сабаб бўлмайди. Сизнинг ўлимингиз – менинг ҳаётимни сақлаб қолади. Ғолиб фақат битта бўлишини яхши биламан, шу сабабли охирги қолган жамоам бўлишини истайман. Мен фақат ғалаба қозониш учун майдонга тушаман. Бу баъзиларга ортиқча босим ҳосил қилар, бунга ўрганмаганларга ёқмас, аммо шундай. Мураббийлик фаолиятимни эрта якунлайман, чунки мен ишга ҳаддан зиёд шўнғиб кетганман. Жавобгарлик юки камайгандагина кўпроқ кулишим мумкин".
Ўйин вақтида ўзини тутиши борасида: "Баъзан мен ҳам баъзи ҳамкасбларим каби жимгина ўтиришни, бутун ўйин давомида икки-уч марта ўрнимдан туриб қўйишни истайман, ҳотиржамликни сақлаш, овозимни асрашни, ортиқча куч сарфламасликни истардим. Ёмонми ёки яхши, мен шундайман. Ўйин билан яшайман ва мухлислар буни ҳис этишади. Иккиюзламачилик қилиш керак эмас. Қонингиз қайноқ бўлса, буни нега яшириш керак?".
Схемалар борасида: "Бу жамоадаги бор футболчиларга боғлиқ. Б Серияда мен 4-2-4 тактикасидан фойдаланардим. Ундан "Юве"да ҳам фойдаланганман, лекин тезда 3-5-2 ёки 3-4-3 тактик схемасига ўзгартиргандим. Мен "Челси"га энди келганимда, уч ҳимоячи билан ўйнаш Англия учун ўта ғалати туюларди. Аммо кейин жамоалар вазиятга мослаша бошлади. Мен 4 ҳимоячи билан бошладим, лекин "Арсенал"га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлгач, тактикани ўзгартирдим".
Ташқи кўриниш ҳақида: "Мураббий тўғри овқатланиш ва жисмоний тайёргарлик борасида ақлли гаплар гапириб, ўзи 120 кг бўлиши мумкин эмас. Футболчилар сенга ишонишлари зарур. Ишончни қозониш мушкул, лекин уни йўқотиш жуда осон".
"Интер"га ўтгани ҳақида: "Мен ўзимни ҳаққоний инсон деб ҳисоблайман. Иккиюзламачи ёки бирор ишни кимларгадир ёқиш-ёқмаслик учунгина бажармайман. Барчасига ўз кучим билан эришганман ва ота-онамдан бошқа ҳеч кимдан қарздор эмасман. Руҳан мен озод инсонман".
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии