RU

Последние новости

23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  1 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  10 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  6 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0

Кокорин 10 ёшидан бошлаб спорт мактаб-интернатида вояга етган. Гап Россия футболининг улкан муаммоси тўғрисида кетмоқда, бироқ бу ҳақда негадир гапирилмайди Новости

Кокорин 10 ёшидан бошлаб спорт мактаб-интернатида вояга етган. Гап Россия футболининг улкан муаммоси тўғрисида кетмоқда, бироқ бу ҳақда негадир гапирилмайди

Россия футболининг муаамоси тўғрисида қизиқарли мақолани эътиборингизга ҳақола қиламиз.

СЛУЦКИЙ 9 ЙИЛ ОЛДИН ОГОҲЛАНТИРГАН

2007 йилда “Москва” клуби бош мураббийи Леонид Слуцкий Sports.ru сайтида ўз блогини очди.  Бу воқеа у учта чемпионликни тақдим этган ЦСКА мураббиига айланишидан икки йил илгари содир бўлган. Ҳозирда кекса мураббийнинг саҳифаси негадир яширилган, бироқ баъзи қайдларни ҳали ҳам тармоқдан топиш мумкин.

Слуцкий катта футболга болалар футболидан кириб келган ва у нега болалар ўртасидаги турнирларда жажжи футболчиларда совуққонлик кўзга ташланишини яхши билади, аммо кейинчалик улар профессионал футболга қадам ташлагач, йўқолиб қолишади. Слуцкий алоҳида таъкидлаган муаммолардан бири — болаларни спорт мактаб-интернатларига эрта жалб қилиш ҳисобланади, баъзилар 10–11 ёшида ўз оилаларидан ва таниш муҳитдан ажралиб қолади. Кўпгина етакчи футбол мамлакатларида агар бола 13 ёшга тўлмаган бўлса, ота-она қармоғисиз мактаб-интернатга кўчиб ўтиши қатъий тақиқланган. Чунки бу нафақат футболчи, балки шахс шаклланишига ҳам таъсир қилади.

Мураббий бу ҳақда 2009 йилда ўз блогида батафсил ёзган. Матнни Интернетда топиш мумкин, у баъзи сайтлар томонидан мунтазам равишда нашр этилади.

9 йил аввал ёзилган Слуцкий қайдларидан ҳанузгача долзарб бўлган қисқача тезисларни келтириб ўтамиз:

— Россияда 10–14 ёшли иқтидорли болалар жуда кўп. Аммо улғайган сари уларнинг кўпчилиги ғойиб бўлишади. Россиядаги ёшлар чемпионатларининг финалларини томоша қилаётган селекционерлар бир хилликнинг гувоҳи бўлишади: “Қандай даҳшатли манзара! Ҳеч бири алоҳида ажралиб турмайди. Бошдан-оёқ иқтидорсизлар”.

— Мактаб-интернатга кириш деярли ҳар доим жиддий таълим олишга чек қўяди. Ҳаммага ҳам бирдай эътибор берилмайди. Слуцкий (бироз бўрттирилган, аммо чин, ўз сўзлари билан айтганда, мисол тариқасида) бир мисол келтирган: бола китоб ўқишни хоҳламай қолади, чунки мутолла қилиш ўртоқларининг масхара қилишига сабаб бўлади.

— Бу ерда фарзанд тарбиясига ҳам путур етади. Болалар ўз ҳолига ташлаб қўйилади, улар тенгдошлари ва пенсия ёшидаги бир нечта ўқитувчилар қуршовида яшайдилар. Бу шуни англатадики, уларнинг шаклланишига кўпроқ “кўча” муҳити ва ички муҳитда қабул қилинган хулқ-атвор намуналари таъсир қилади. Қолоқ маданият шундан келиб чиқади.

— Академиялар ва мактаб-интернатлар натижага эришиш мақсадида қаттиқ меҳнат қилишади. Бунинг оқибатида ушбу даргоҳни битиргунча кўпгина болаларда футболдан безиш ҳолатларида содир бўлади.

— Натижада, рус футбол тизими 17 ёшгача ўқимаган, ёмон хулқли ва футболдан толиққан истеъдодларни қамраб олади.

— Слуцкий, шунингдек, инглиз академияларини мисол келтиради, агар бола машғулотларга бир ярим соатдан кўпроқ вақт сарфласа, уни бошқа бўлимга жалб қилиш тақиқланади. Шу боис, унинг шаклланиш даврида (шахс сифатида ҳам) ўспирин одатдаги уй шароитида истиқомат қилади.

— Агар бирон бир ёш истеъдод узоқдан олиб келинадиган бўлса, унда ота-онаси билан бирга таклиф қилиниб, уларга шарт-шароит яратиб берилади. 

9 йил олдин ҳам шундай эди. Айнан шу тизимда Кокорин вояга етган — 10 ёшидан бошлаб у Валуекни ва ўзининг оиласини тарк этган. Бу уни оқлашга уриниш эмас — ахлоқий нуқтаи назардан, бундай қилиш деярли мумкин эмас. Савол туғилади: қандай қилиб рус футболчисининг салбий стереотипга айланишини тўхтатиш керак? Тизимни ўзгартириш керак.

Болалар футбол лигаси президенти Виктор Горлов билан суҳбат


— Бир пайтлар клублар болаларни ёшлигидан академияга олиб келмаслик тарафдори бўлишган. Ҳар бир инсон иккита нарсани яхши тушунади. Биринчидан, бу ёшда улар яхши ёки ёмон футболчини қабул қилиши аниқ эмас — бу лоторея. Иккинчидан, сиз болани интернатга олиб келганингизда, уни озиқ-овқат ва кийим-кечак каби нарсалар билан таъминлашингиз даркор. Бунинг учун эса пул керак бўлади. Албатта, 14 ёшда болаларни қабул қилиш у даражада мушкулот туғдирмайди, сабаби уларнинг қобилиятини аниқлаш осонроқ кечади.

Аммо мактаблар билан ишлайдиган баъзи селекционерлар ва агентларнинг очкўзлиги туфайли клублар муваффақиятсизликка учради. Кўзга кўринган 10 ёшли бола пайдо бўлиши биланоқ, уни академияга таклиф қилиш пайида бўлишади. Бундай носоғлом рақобат болакайнинг эндигина тўпни тепа бошлаганида юзага келмоқда ва у уйидан олиб кетилади.

— Бунинг нимаси хавфли?

— Биринчидан, болани оила қармоғидан эрта олиб кетишади. Мен ҳар доим айтаман, бу ёшда болалар отаники ҳам, оиланики ҳам эмас, улар фақат онаники. Бу жараён 12 ёшгача давом этади. Селекционерлар эса болани нафақат онасидан, балки отасидан ҳам, шаҳардан ва мактабдан тортиб олишади. Ҳамма нарсадан маҳрум қилишади. Баъзида бир тўда болакайни академияга туташ ҳудуд бўйлаб оломон ичра қаергадир кетишаётганини кўраман. Уларга назар солиш жуда ачинарли. Жужуқларнинг кўзларида соғинч борлигини кўриш мумкин. Биологик ва психологик хулосаларга кўра, 10 ёш оиладан узоқлашишга жуда эрта ҳисобланади. Аммо бу ҳолатда ҳам ота-оналар учун чиқиш йўли бор.

— Қандай?

— Болалар билан сайр қилиш. Масалан, Миранчукнинг онаси шундай қилган. У ажойиб инсон. Балки у шахсий ҳаётини ҳамда карьерасини фарзанди йўлида қурбон қилгандир, буни билмайман, лекин у ўғиллари учун ўзини бахшида қилган. Кокорин ўша ёшда ҳам мустақил тарзда улғайди. У, албатта, ўз ҳолича ташлаб кетилмади, унинг олдига келиб туришди, назорат қилишди. Аммо улар ўртасида олис масофа бор эди. Кейинчалик Саша вояга етганида, унинг ота-онаси Москвага кўчиб ўтди. Улар квартира ижарага олишиб, шу ердан иш қидира бошлади.

Аммо интернатдаги бола учун барибир қийин. Кўзингизни очасиз — таниш чеҳраларни кўрасиз, машғулотларга борасиз — ўша юзлар, тушликда — яна ўша, мактабда ҳам — худди шулар. Бу даҳшатли тушнинг ўзгинаси.

— Кичик армия деса ҳам бўлади.

— Гарчи орадан деярли 50 йил ўтган бўлса ҳам, армияга борганимдаги ҳис-туйғуларим ҳамон эсимда. Одам қадами етмас номаълум жойлардаги даҳшатли руҳий тушкунликни эслайман. Ботинкалар, камарлар ва яна нималардир бизни кутиб турарди. Умуман олганда – овлоқ ҳаёт. Менимча, 10–11 ёшли болалар ҳам спорт мактаб-интернатларига жўнаб кетишганда ўзларини шундай ҳис қилишади. Бутсалар, футбол ва тенгдошлар... Аммо қандай қилиб бошқалар билан алоқа ўрнатиш лозим? Қандай қилиб яқинларингиздан узоқда бўлишингиз керак? Машаққатли ўзгариш даври вужудга келади. Аммо улар атиги 11–12 ёшда, мен эса армияга борганимда 18 ёшда эдим.

Кўпгина болакайлар бунга бардош беролмайди: кимдир тор доирада яшайди, кимдир бошқа йигитлар билан чиқишолмайди. Шу билан бирга, албатта, академиялар тартибни, нормал ривожланишни ва овқатланиш режимини сақлашга ҳаракат қилмоқда. Аммо ҳеч ким уларга оналик меҳрини бера олмайди.

Шундай вазият ҳам бўлганки, мен ўзим болани мактаб-интернатга жўнатиш фикрида бўлганман. Мисол учун, агар у ишлари юришмаётган оиладан келган бўлса. Унга академиядаги муҳит нисбатан яхшироқ бўлади. Нега болалар кетиб қолишади? Чунки уйда ҳеч қандай истиқбол йўқ. Илгари кўплаб шаҳарларда профессионал жамоалар бўлган. Йигитлар шуғулланишарди, сабаби улар шу орқали жамоа сафига киришни билишарди. Ҳозир бўлса бу қийинроқ.

Масалан, Барнаулни олайлик. У ерни ака-ука Смертинлар болаликдан буён тарк этишмаган. Чунки у ерда яхши мураббийлар бор эди, келажакка йўл аниқ эди: асосий таркибга тушасиз, ўзингизни кўрсатасиз, кейин кетасиз. Шундай бўлди ҳам — Женя ва Леша ҳам футболчилик қобилиятлари намоён бўла бошлагач, жамоани тарк этишди. Ҳозирги болалар эса Барнаулни тарк этишмоқда, чунки у ердаги келажак зинаяполаридан кўтарилишнинг иложи йўқ.

Нимани ўзгартириш керак?

— Биз бу ҳақда психолог Вадим Визе билан суҳбатлашдик. У собиқ футболчи (биринчи ва иккинчи лигаларда ўйнаган), кейин психология бўйича иккинчи мутахассисликка ўқиган, “Спартак” академиясида беш йил ишлаган ва ҳозир у дунёнинг энг яхши академияларига саёҳат қилади ва психология бўйича ихтисослаштирилган президиумларда ўтиради.

Назаримда, Кокорин ва Мамаев ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг болалик даври 90 йилларнинг охири–2000 йилларнинг бошларига тўғри келганини ҳисобга олиш керак. У вақтларда ижтимоий муҳит кескин эди. Табиийки, жамоаларда ва бошқа гуруҳларда катта гапиришингиз, ўзингиздан чўрткесар ясаб олишингиз керак бўларди. Эҳтимол, бу болаларга қандайдир тарзда таъсир қилган. 90-йилларда, жамият тақдири қил устида турган пайтда, барча учун ҳаёт ўткинчи бўлиб қолгандек эди. Бу ҳолат ёшларга ҳам таъсир ўтказмасдан қолмади. Бундай ўткинчи ҳаёт мана бундай тус олганди: ёшлар маош оларди ҳамда тўғри тунги клубга равона бўларди.

Ҳозирда фаровонлик даражаси юқорироқ ва 90-йилларнинг акс-садолари камроқ. Ҳозирги авлод бошқача. Улар ҳам яхши инсоний фазилатларга, ҳам кучли футбол қобилиятига эга бўлган ўспиринлар. Йигитча ўзининг илк шартномасини қабул қилди ҳамда ғойиб бўлди, деган стереотип йўқолмоқда. Мен бу тушунча умуман қолмади деб айтолмайман, лекин сўнгги йилларда бундай мисолларни учратмадим.

— Кокорин 10 ёшидан спорт мактаб-интернатида таҳсил олган, лекин Европада болаларни академия ва футбол учун, одатда кечроқ — 13 ёшида оиласидан олиб кетишади.

— Нимадир дейин қийин. Бунинг ижобий тарафлари ҳам бор. Масалан, бирор ўспирин мактаб-интернатга футбол билан боғлиқ муаммолар бўлган кичик шаҳар ёки қишлоқдан ташриф буюради. Жадал ривожланаётган “Чертаново” лойиҳаси мавжуд. Шунингдек, улар болаларни мактаб-интернатга эрта олиб кетишади, лекин лойиҳа фақат яхши томондан тавсифланади. 12 ёшида ота-онаси томонидан мактаб-интернатда қолдирилган Иньестанинг йиғлаётган машҳур сурати бор. Лекин у қандай футболчи сифатида етишди – бунга ҳеч ким шикоят билдира олмайди. Бу ерда кўп жиҳатлар мавжуд. Биз алоҳида ҳолатлар бўйича аниқ хулосалар чиқара олмаймиз.

Лекин, албатта, 10–12 ёшли бола доимо қўллаб-қувватлайдиган ва кўнглини кўтарадиган онасининг меҳрини ҳис қилиб туриш учун отасининг маслаҳати керак бўлади. Ахир, инсон шахс сифатида аста-секин шаклланади, 2–3 йил ичида эмас. Ўтиш керак бўлган муҳим босқичлар мавжуд. Ҳаммада ҳам бу жараён бир текисда содир бўлмайди. Шахснинг босқичма-босқич шаклланиши ўзига хос фундамент саналади. Агар у боланинг оила яқинида бўлган пайтда ўрнатилган бўлса, ишончлироқ бўлади.

Англия ва Германияда 14 ёшгача бўлган ёш футболчиларни бошқа академияларга ўтказишда чекловлар мавжуд (Германияда бола уйидан 25 км узоқроқда жойлашган мактабда ўқимаслиги керак). Биз ностандарт, улкан мамлакат эканлигимиз аниқ. Истеъдод соҳиби қайси қишлоқда туғилишини билмайсан. Албатта, улар қобилиятни ривожлантиришни хоҳлашади, шу жумладан, ҳар бир киши Москванинг бошқа даражага эга эканлигини тушунади. Аммо бола олти ой давомида ўз оиласини кўрмаса, бу кўпинча умумий ижтимоий ривожланишга салбий таъсир қилади.

— Оиладаги болаларни 12–13 ёшдан эртароқ спорт мактаб-интернатларига олиб бориб бўлмайди, деб қонунчиликка киритиш керакми?

— Танганинг икки томони бор. Улардан бири психологик. Ҳа, ўспириннинг кетиши, олти ой давомида ота-онасидан 2000 км узоқликда яшаши қийин. Янги келганларда биринчи ойдаёқ кайфиятнинг кўтаринки бўлишини пайқадим: уларни “Спартак” ёки бошқа академияга олиб кетишди. Кейинчалик улар одатдаги турмуш тарзи бузилганлигини кўришади. Сиз ўз уйингизда доимо қаршисига борадиган музлатгичнинг бу ерда йўқлиги жуда ачинарли, онангиз билан маслаҳатлашишнинг иложи йўқ. Интернет туфайли мулоқот қилиш учун жуда кўп имкониятлар мавжуд, аммо бу жонли мулоқотга тенг келмайди.

Иккинчи томондан эса мамлакат сифатли футболчиларни етиштиришни истайди. Бу борада Москва кўпгина Европа академияларидан орқада эмас, шу боис одамлар бу ерга интилишади. Аммо ҳудудларда шароитлар бошқача: жисмоний тарбия бўйича мураббий, психолог ва ҳоказоларни ушлаб туриш имконияти йўқ. Маълум бўлишича, 14 ёшида улар шахсий ривожланиш учун қилиниши керак бўлган барча ишларни амалга оширган, аммо футболчи бўлиш учун кечиккан. Бу ерда тизимли ёндашув зарур.

Нега Германияда уйдан эрта кетишга бундай эҳтиёж йўқ? Чунки ҳар бир ҳудудда жуда яхши шароитга эга, муносиб футбол марказлари мавжуд. Масалан, Мёнхенгладбах, Дортмунд, “Майнц” ва бошқа жамоаларнинг академиялари  “Бавария” академиясидан тубдан фарқ қилмайди. Жиҳозлар, озиқ-овқат даражаси, турар жой, ўқитиш ва бошқалар бўйича деярли тенглик. Ҳозирда биз Россияда шундай минтақавий марказларни яратиш ҳақида гапиряпмиз, яъни 12 ёшида болаларни Сибирдан Москвага олиб бормаслик, уларнинг тўғри ижтимоий ривожланишига тўсқинлик қилмаслик, ота-оналарга азоб-уқубат келтирмаслик каби муаммоларни бартараф этиш лозим.

Аммо глобал миқёсда олиб қараганда, академияга қабул қилиш ёши ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Академиялар спорт дастури билан бир қаторда, психологик ва тарбиявий дастурга эга бўлиши муҳимроқ. “Спартак”да ишлаганимда, юқоридагилар бўйича ўзим дастур ёзиб, уни амалга оширганман. Агар шундай бўладиган бўлса, ўспиринларнинг [ижтимоий ҳаётда ва футболдаги] мослашуви яхшироқ бўлади. Унинг яқин атрофида қариндошлари ёки мутахассис бўлмаса, бола ўз муаммолари билан ёлғизланади ҳамда тенгдошлари каби фикрлаш қобиғида қолади.

— Спорт мактаб-интернати қанчалик яхши бўлмасин, барибир кўча таълимига яқинроқ — бу муҳит эса оилавий муҳитдан анча мураккаброқ. Шундай эмасми?

— У даражада эмас. Яхши мактаб-интернатларда ҳар ким уйдагидан кўра кўпроқ турли хил экскурциялар ва маданий тадбирлар гувоҳига айланади. Тарбиявий ишлар учун кам эътибор берилаётгани бошқа масала. Дарҳақиқат, “Спартак” академиясида (2012 йилдан 2017 йилгача ўша ерда ишлаганман) Россия футболидаги биринчи психолог бўлганман. Бошқа академияларда бу лавозим мавжуд эмасди.

— Ҳозирда бошқа клубларда ҳам ташкил этилганми?

— Баъзиларида. Аммо психологлар турли йўналишларда келишади. Сиз психодиагностикни қабул қилишингиз мумкин, аммо у тарбиявий ишда аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин. Биз “Спартак”да қурган тизим ўспиринлар билан кўп машғулотлар ўтказганимиз билан ажралиб турарди. Улар тарбия, урф-одатлар, ака-ука Старостин ва бошқаларнинг ижобий жиҳатлари, умуман рус тарихи ҳақида суҳбатлашардилар. Бу футбол машғулоти эмасди. Катта ёшдаги болалар билан суҳбатга футбол мавзуси ҳам қўшилганди.

— Ўспиринлар психологни қандай қабул қилишди?

— Катта ёшдагилар биринчи навбатда эҳтиёткор бўлишади. Чунки уларнинг болалиги бу тариқа кечмаган. Аммо суҳбат давомида бир-биримизга кўникардик. Ҳозирги болалар эса психологларни одатий қабул қилишади. Уларнинг онгида шундай ўрнашган. Шу боис, беш йиллик машғулотлар, тренинглар,  мусобақалар (баъзида мен мураббийнинг ўриндиғида бўлганман) давомида бу ҳақда ҳеч қанақа ҳазил эшитмаганман. Бу улар учун нормал ҳолат.

Уларнинг ўзлари мунтазам равишда суҳбатга келишди: “Вадим Анатольевич, ўйинимни томоша қилинг”. Улар диққатни жамлаш, чалғитувчи омилларга қарши курашиш, ҳаётнинг баъзи лаҳзалари тўғрисида сўрашарди. Улар шунчаки ҳар куни ёнимга келишарди. 97-йил ундан кичик ёшдаги йигитлар нимагадир интилаётган, эришмоқчи бўлган авлод ҳисобланади.

Ёшлар режимни бузиши мумкин деган фикр кенг тарқалган. Аммо 5 йил давомида академияда умуман бунақа ҳолат кузатилмади. Ҳатто эслаш учун арзирли ҳодиса бўлмаган. Кимдир пиво танловига синов учун борди, биз эса бундан ҳатто ташвишланмадик ҳам.

— Улар суперпрофессионалларми?

— Йўқ, улар оддий болалар. Ҳозирда “Спартак” билан шартнома имзолаган ёшлар: Рассказов, Максименко, Ломовицкий. Улар маошини шаҳардаги уйларга сарфлаш қилиш ўрнига базада яшашади. Масалан, Ломовицкий москвалик, шахсий квартираси бор. Аммо унга базада яшаш қулайроқ — у ерда бирор ерга боришга вақт ва куч сарфлашнинг ҳожати йўқ, шунингдек, қўшимча машқ қилиш, спорт залига бориш имконияти мавжуд.

— Слуцкий 9 йил олдинги қайдларида уйдан эрта узоқлашиш хавфи ҳақида шундай ёзганди: “Спартак” академиясига бошқа шаҳарлардан келганлар москваликлардан кучлироқ бўлиши керак. Улар таклиф қилинганидан сўнг, турар жой ва овқатланиши учун пул тўлаши керак. Аммо сўнгги йилларда “Спартак”нинг энг ёрқин тарбияланувчилари москваликлар ҳисобланади — Ребко, Дзюба, Торбинский (болалигида Москвага кўчиб ўтган), Паршивлюк. Маълум бўлишича, уйдан эрта чиқиб кетиш истеъдодларни йўқ қилади. Ҳозирда вазият қандай?

— Вазият бир текисда. Мисол учун юқорида санаганларим: Рассказов ва Максименко интернатдан, Ломовицкий ва Игнатов эса москваликлар. Ҳозир “Спартак-2” таркибидаги Руденко ва Мелкадзе ҳам мактаб-интернатда вояга етган. Мен уларнинг барчаси билан ишлаганман.

— Психологик портретлар тузганмисиз?

— Ҳар бир портретнинг ҳам ижобий, ҳам баъзи заиф томонлари бор.  Агар “Спартак” ҳақида гапирадиган бўлсак, икки йил олдин мен Михаил Игнатов психологик параметрлар бўйича энг яхшилардан бири эканлигини айтгандим. Александр Максименко ҳам яхши. Умуман олганда, ҳозир “Спартак” базасига кириб келаётган йигитларнинг психотипи яхши. Стрессга чидамли, ўрганувчан, очиқкўнгил, мақсади бор йигитлар.

— Яна бир назария: академияларда тўғри таълим берилмагани сабабли россиялик футболчилар катта пулга эвазига бўлса ҳам ёмонроқ тайёрланишган.

— РПЛнинг энг яхши клубларининг академияларида шунга қаратилган машғулотлар ўтказилади. Аммо улар 15–16 ёшда. Улар биринчи маошни қандай энг яхши тасарруф этиш кераклиги, агент ким ва у билан қандай муносабатда бўлиш, биринчи мураббийга бўлган муносабат, ҳурмат ҳақида ва ҳоказолар ҳақида гапиришади. Аммо қаердадир булар интенсив ва жиддий тарзда олиб борилади ва бу натижа бера бошлайди.

— Нега “Спартак”ни тарк этдингиз?

— Академиядан сўнг бизнинг тизимимиз ўринбосарлар ва “Спартак-2”га татбиқ этилади, деган гап бор эди. Бу ҳақда академиянинг аввалги раҳбарлари — Валентин Климко ва Сергей Родионов билан келишиб олгандик. Биз ишни тизимлаштиришни режалаштиргандик, шу орқали тарбияланувчиларимиз юксала бошлар, эҳтимол, асосий жамоага қўшилиши керак эди.

Мен бу масалани директорлар кенгаши муҳокамасига таклиф қилганини биламан, аммо кейин нима бўлганини тушунмадим. Умуман олганда, рус футболида психологнинг ролини тушуниш ўрта даражада. Масалан, “Севилья”  академиясининг ўзида 11 нафар, “Ювентус”да 4 нафар, “Барселона”да 3 нафар шу вазифани бажарадиган ходим ишлайди.

Умуман олганда, олдинга ҳаракат йўқ эди. Шу билан бирга, мени Москва футбол федерацияси қошидаги К.И.Бесков номидаги болалар ва ўсмирлар футбол мураббийларини тайёрлаш марказига ишга таклиф қилишди ва мен рози бўлдим. Бу ерда менда ёш мураббийларга ўз ғояларимни етказиш учун “Спартак”дагидан кўра кўпроқ имкониятлар бор.

— Европа академияларидаги психологлар ҳақида гапирдингиз. Сиз у ерга тез-тез борасизми?

— Мен мунтазам равишда Европа конференцияларига ва стажировкаларга бораман. Илгари психолог сифатида борардим, ҳозир эса марказ раҳбари сифатида ташриф буюраман. У ерда футбол психологларнинг бир мақоми эсда қоларли. Масалан, Германияда штатда психолог бўлмаса, академия таълим ва спорт фаолияти учун лицензия ололмайди. Ёки яна бир мисол: яқинда бельгияликлар жараённи гувоҳи бўлиш учун учун “Локомотив” мактабига келишди. Улар юришди, юришди ва бир пайт “Психологингиз қаерда?”, деб сурашди. Бу бизга ҳазилдай туғилди, унга “Локо” академияси директори Алексей Шчиголев шундай жавоб берди: “Мамлакатимизда битта футбол психологи бор ва у Москва футбол федерациясида ишлайди”.

Аста-секинлик билан Россияда ҳам бу касбга қизиқиш пайдо бўлади. Вақти-вақти билан ЦСКА, “Чертаново”, “Локомотив”да маърузалар ўқийман.  — “Динамога”чи? Йўқ, уларга эътибор қилмаганман. Аммо бу ерда яна бир жиҳат бор: агар психолог собиқ спортчи (бизнинг соҳада — футболчи) бўлса, нур устига аъло нур бўлади. Акс ҳолда, у ишнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганолмайди. Масалан, мен бадиий гимнастика билан шуғулланувчи қизларга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман, чунки бу спорт турини тубдан билмайман.

Мен бутун умримни футболга бағишлаганман, биринчи ва иккинчи лигада (Омск Иртиш, Новосибирск СКА учун) ўйнаганман, ўзимдан ўтганини ўзим биламан, турли суяк синишлари, тиззам операцияси, одам қандай тузалиб кетади, нимани ҳис қилишни англаб етганман. Фаолиятимни якунлагандан кейингина мураббий бўлиш учун ўқишга кирдим, кейин эса психология бўйича иккинчи мутахассислик дипломини олдим.

— Спорт психологиясига қандай кириб келдингиз?

— 90-йиллар эди. Менга психолог лавозимини таклиф қилишди. Омскда мураббийлик лицензиясига ўқиш пайтида курс раҳбари: “Сизда психология бўйича иккинчи мутахассислик маълумоти борми? Футбол психологияси ҳақида бирор нарса ўқий оласизми? Шу тариқа, докладга тайёргарлик кўрдим, уни ҳимоя қилдим — менимча, у барчага манзур бўлди. Бора-бора психология билан ҳам шуғулланадиган футболчи борлиги ҳақида гап-сўзлар янграй бошланди. Қандайдир тарзда бу гаплар Москвага етиб борди ва мени “Спартак” академиясига таклиф қилишди.

— Дарҳол таклиф қилишди ва сиз рози бўлдингиз?

— Аслини олганда, бу камтарлик туюлиши мумкин: ўша пайтда мен собиқ футболчи, психология соҳасини ҳам тушунадиган лицензияга эга мураббий эдим, яъни учтаси бирида. Мамлакатда эса бундай одамлар йўқ эди. “Спартак” академияси буни юқори баҳолади.

— Нима учун психологларни Россия футбол жамоаларига тез-тез таклиф қилишмайди?

— Уларнинг ҳаммаси ҳам услуби бўйича тўғри келмаслиги мумкин. Мисол учун, мен психолог чақираман, у ниманидир ўқиб бериши учун. Аммо психологияда ҳам турли йўналишлар мавжуд, масалан, клиник психология. У футболчиларнинг руҳий тушкунлиги ва хавотири ҳақида сўзлайди. Бу жамоа талабига жавоб бермаслиги мумкин. Ёки бошқа мисол: футболнинг “ф” ҳарфини тушунмайдиган одам келади-да: “Бу ерда нима қилиб юрибсиз — тўп тепибми? Менга психодиагностика ўтказишга рухсат беринг”, — дейди. Лекин у буни футболга қандай мослаштиришни билмайди. Бунинг учун эса мураббий психология бўйича китобларни ўқиши керак бўлади. Деярли барча академияларда авваллари психологлар билан салбий тажрибалар мавжуд бўлган. Чунки уларда аниқ ечим бўлмаган.

— Россиядаги барча академиялар қачон ўз психологига эга бўлади деган тушунча борми?

— Уларни ким тайёрлайди? Улар қаердан келади? Мен бу соҳага тасодифан кириб қолганман. Психологик анжуманларда қатнашиш даражасига етган собиқ футболчи, Федерация Кенгашининг жисмоний тарбия ва спорт бўйича экспертлар кенгаши аъзосиман. Яхши психологлар футболга кириши учун уларни тайёрлаш керак.

Ҳа, Россия давлат жисмоний тарбия университети, Москва давлат университети ва бошқа олий ўқув юртларида мутахассислар тайёрланади, лекин уларнинг кўпчилиги футболга мос келмайди. Яхши телефон учун яхши қувватловчи бору, у бошқа брендга тегишли. Шундай қиёслаш мумкин. Қаерда мос келиши мумкин, улар ўзлари илгари шуғулланган спортда бўлсалар. Футболда бундай нарса деярли йўқ. Эртага барча академияларга психолог кераклиги эълон қилинса, академия ва ўсмирлар спорт мактабларида ким ишлайди?

— Билмайман.

— Назаримда, бир кун келиб, кимдир бошини қамаштириб, ўйлайди: “Вой, менинг хотиним бошланғич синф ўқитувчиси. Кел, ҳаракат қилиб кўрамиз”. Ёки: “Менинг дўстим ҳам ўқитувчи, шуни тавсия қилиб кўрайлик...”  Шу тариқа, шундай кишилар бир йил ичида бу лавозимни обрўсизлантирадилар. Футболчилар ўйлайдилар, нега уни жалб қилишди? Ёки психологлар ўз кабинетларида пашша қўриб ўтиришлари мумкин, ҳаёт эса аввалгидек давом этаверади. Футбол психологлари ҳам худди футболчилар, мураббийлар каби ўз ўстида ишлашлари керак.

“Ювентус” академиясининг психологлари майдонда — мураббийнинг ёнида”, — Визе ўз таассуротлари ўртоқлашди. — Доимий алоқа, машғулот жараёнларини муҳокама қилиш, фикр алмашиш одатий ҳолга айланган. Билбаодаги психолог эса алоҳида мавзу, академия унинг тизимига бўйича ишлайди. Ҳозир бу аёлни катта пул эвазига Қатарга таклиф қилишган. Мамлакатда жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрилмоқда, барча соҳалардан элита мутахассислари йиғилиб, уларга юқори маблағ тўланмоқда.

Бильбаода барча танловларни мураббийлар эмас, болалар айтишади. Ушбу тизимда боланинг ўзи таълим ва тарбия жараёнининг тўлиқ аъзоси ҳисобланади. Масалан, “квадрат” (тўпни назорат қилиш машқи) ўйинида бирор нарса ўхшамаса, мураббий машғулотни тўхтатиб: “Сизда қарор қабул қилишингиз учун 30 сония бор, нега бу усул ўхшамади?” Улар эса ўз ечимларини айтишлари керак.

Давом этамиз. Россияда ўйинни таҳлил қилиш хатолар устида ишлаш орқали қурилади, бу эса, муваффақиятсизликка учрайди. Йигит профессионал даражага чиқса, у шундай деб ўйлайди: “Ҳа, мен жуда кўп хатолар қиламан, менга бу ерда тўп суриш ҳеч қачон насиб қилмайди”. Бильбаода эса шундай таҳлил қилинади: улар ўйин видеосини томоша қилишади, вақти-вақти билан маълум вақтларда тўхтатишади. Учта йигит чиқади ва улар ўз фикрларини билдиришлари керак: ушбу вазият қандай содир бўлди, қаерда пас бериш керак эди, бўш ҳудудлар қаерда, ушбу имкониятни қай тариқа бажариш қулай бўларди ва ҳоказо. 12 ёшдан бошлаб, улар шунга ўргатилади. Фақат ўз тарбияланувчилари билан ўйнаса ҳам, испан методлари асосида асосий жамоа жуда яхши натижаларга эришиб келган. Ажойиб академия. Бу ерда нафақат ахлоқий, шахсий, балки интеллектуал тарбия ҳам мавжуд. Улар ушбу тизимни жамоадаги турли жараёнларга ўтказадилар. 

Уругвай терма жамоаси устози Оскар Табареснинг менга жуда таъсир қилган бир ҳикояси бор. 2000 йиллар бошидаги жамоа муваффақиятсизликка учрагач, терма жамоа йиғинида унинг биринчи айтган гапи шундай бўлди: “Биз миллий терма жамоа учун ажойиб база қуришимиз керак, у ерга 13–17 ёшли футболчилар келишади. Шундай бўлиши керакки, улар ўша ерга келганларидан фахрланишлари керак”. Кейинчалик ўспиринлар академияга келишгач, биринчи кўзга ташланадигани бу майдон ёкм бутсаларлар эмас, айнан Оскар Табареснинг ўзи бўлади.

Зеро, Оскар футболчилик фаолиятидан сўнг бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб, тегишли таълим олди. Табарес уларга бир ярим соат тарихий-тарбиявий маъруза ўқийди: нега уругвайликлар ўз тарихи билан фахрланишлари керак; энг яхши ўйинчилар кимлар; мамлакат қандай ривожланган; уругвайликларнинг менталитети нимани англатади ва ҳоказо. Бу усул сезиларли таъсир кўрсатади: бу йигитлар Табарес нима деса, шуни қилишга шай ҳолатга келади. Энди кимни қаерга қўйса, ўша ерда ўйнайди, ҳимоядами — ҳимояда. Бетоблигига қарамай, машғулотларда ўтказишда ҳамда таълим беришда давом этаётган Табарес улар учун ҳақиқий тимсолга айланди.

Ҳиддинк ўсмирлар мактабида 8 йил жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаганини ҳам биласизми? Унинг отаси ўша ерда директор эди. Бу одамлар футболда тўғри тарбия қанчалик муҳимлигини тушунишади. Бизда эса буни англаш қийинроқ.

Баъзи академияларда мураббийлик мактаби дастури ишлаб чиқилган. Лондоннинг “Арсенал”ида аввал (ҳозир қандайлигини билмайман), масалан, академиядан ҳимоячилар асосий жамоанинг марказий ҳимоячисига, академиядан ҳужумчилар эса асосий ҳужумчига бириктирилган. “Арсенал” автобуси базага тўхтагач, ҳар бир ёш футболчи ўз устози олдига югуради. Улар бир-бирларини бевосита кўриш орқали билишарди. Мураббийлар ишлар қандай кетаётганини сўрашарди. Уларга фалончи дақиқада, фалончи вазиятда қандай очилиш кераклиги ҳақидаги баъзи футбол саволлари бериларди. Ёки улар шунчаки кундалик нарсалар ҳақида суҳбатлашишарди. Мураббий айтгани бошқа, бир мавсумда 20 та гол урган футболчининг сўзлаганлари бошқа. Сиз бундан фахрланасиз. Бундан ташқари, яна бир асосий жиҳат: ўша болакай машҳур ўйинчининг ҳам аслида оддий одам эканлигини тушунади. Масалан, унинг бувиси ҳам (худди сизники каби), пирог пиширади. Ёш йигитлар бир кун келиб шундай бўлишлари мумкинлигини ҳис қилади, яъни қаршисида турган иқтидорлар осмондан тушиб қолмаган. Бу жараён оддий кўринса-да, аслида кўп нарсани англатади.

НEГА РУС ФУТБОЛЧИЛАРИ МАҒЛУБИЯТДАН ҚЎРҚИШАДИ?


Европада психологлар аллақачон нафақат болалар, балки катталар футболининг бир қисмига айланиб улгурган.

— “Лучо одамлари” фильмини томоша қилсангиз, — давом этади Визе. — Унда Луис Энрике ҳаётидаги бир кун, “Барселона”ни бошқарган даври акс этган. Ундаги икки дақиқада психолог акс эттирилган кўриниш бор. Психолог доимо бош мураббий билан захира ўриндиғида, ва майдон четида бирга бўлишади. Масалан, жамоанинг Чемпионлар лигаси ўйинига ташрифи акс эттирилган: Энрике биринчи бўлиб чиқади, психолог (Хоакин Вальдес — унинг исми) иккинчи ёки учинчи навбатда қадам босади.

Анчелоттига бутун умри давомида “Сан-Сиро”да фаолият олиб борган Бруно Демикелис ёрдам беради. Карло ота қаерда бўлмасин, уни кўргани бориб турарди: “Челси”да пайти ҳам, “Бавария” бошқарувида ҳам. Свен-Еран Эрикссон ўзининг психологи билан ҳамкорликда “Футбол ҳақида” деб номланган китоб ёзган. Китобда кўпгина қизиқарли маълумотлар жамланган. Хорижда бу йўналишдаги изланишлар узоқ вақтдан бери кенг даражада олиб борилмоқда. Хусусан, бу жараён мураббийга болалар билан ўзини тўғри тутишга ва уларга бақирмасликда ёрдам беради. Психологик босим бола футболда дуч келиши мумкин бўлган энг катта муаммо бўлса керак. Афсуски, бу Россияда мунтазам равишда содир бўлмоқда.

—  Бир куни мен болалар ўйинида эдим, у ерда мураббий болаларга тинимсиз бақирарди. Мен ота-онамдан бу ҳақда сўрагандим, улар: “тартиб-интизом шундай”, дейишди.

“Улар Ғарбда одамлар қандай ишлашини кўришмаган. Сиз ҳамма нарсани бошқача йўл орқали етказишингиз мумкин. Тинч ва дўстона тарзда. Россияда хизмат кўрсатган мураббий Борис Игнатьев яқинда Испаниядан қайтиб келди. Игнатьев у ерда “Валенсия” ва “Эльче” академияларида бўлди. Унинг айтишича, бирорта ҳам жилмаймайдиган ҳамда болаларга эътибор қаратмайдиган мураббийни кўрмадим.

Бильбаодаги ишлар янада қизиқроқ кўринади. “Зенит” академиясининг катта мураббийи Иван Шабаров улар билан учрашганида, бир боланинг ўзи дарсдан кейин мураббий қаршисига келиб, нимадир деганининг гувоҳи бўлди. У нима тўғрисида гапирди, деб сўради Шабаров. Мураббий жавоб берди: “У ёнимга келиб, бу ҳафта унга унчалик аҳамият бермаганимни айтди. Футболчи ҳақида тез-тез фикр билдириш ёки шунчаки маслаҳат беришим мумкин. Акс ҳолда, у ёмонроқ ривожланишдан қўрқади”. Ўша болакай 13 ёшда эди.

Мураббий болакайни қучоқлаб, исмини айтиб мурожаат қилди ва шундай жавоб берди: “Албатта! Ҳаммаси жойида — келишдик!”. Улар умуман бошқа менталитет. Дарҳақиқат, мураббий маданияти муносиб бўлса, психолог тайёрлай билса, келажакда маҳоратли  ёш футболчиларнинг катта захирасини ҳосил қилишимиз мумкин. Бироқ бизда бу пойдевор пухта ишлаб чиқилмаган. Техник жиҳатдан — етарли, жисмоний жиҳатдан — биз умуман сайёрамизнинг қолган қисмидан олдиндамиз, услубий жиҳатдан бизда 50-йиллардан бери ҳамма нарса ажойиб эди. Аммо психология нуқтаи назаридан анча оқсаганмиз.

— Россиялик футболчилар жуда қаттиқ стрессли вазиятларни бошдан кечиришмоқда: ҳозирда терма жамоа ЖЧ олдидан фақат ортиқча босим туфайли қониқарсиз ўйин намойиш этганга ўхшайди, чунки икки ҳафта ичида қандай ўйнашни ўрганиб бўлмайди; катта турнирларда ўйинчиларимиз кўпинча дриблинг қилишдан, таваккал қилишдан қўрқишади ва ҳар бир хато уларни жазавага солиб қўяди. Бу қисман болалар мураббийлари бақиришларининг маҳсули бўлиши мумкинми?

— Юз фоиз. Италияликларнинг “Техника бўйича қўлланма” китобида, энг бошида шундай ибора бор: “Футбол — ўйин-кулги орқали ўрганилади”. Биз учун эса бу дарҳол саросимага айланади, “жамоага зарар етказдинг”, “хиёнат қилдинг” каби иборалар қўлланилади. Бола эса шунчаки футбол ўйнашни хоҳлайди.

Бу мураббийларга ҳам тегишли. Анчелотти шогирдлари Чемпионлар лигаси финалида “Ливерпуль”дан учта гол қабул қилиб олгани ёдингиздами? Кейинчалик у ўзи интервьюсида айтганидек, ўйиндан кейин Истанбул қирғоғи бўйлаб сайрга чиққан. “Мен юрдим ва ўйладим: “Болалигимдан сингдирилганидек, менда ҳали ҳам футболга иштиёқ борми? Бор. Шогирдларим ўйин давомида яхши ҳаракат қилишдими? Ҳа. Ҳечқиси йўқ, 9 дақиқа омадсизликка учрадик, аммо қолган вақтларда биз яхши ўйнадик. Агар иштиёқ сақланиб қолса, шу тариқа давом этинг ва ўз устингизда ишланг”.

У ҳаммасига кўз юмиб, Истанбул қирғоқларидан, ундаги гўзал чироқлардан завқланиш учун сайр қилди. Орадан кўп вақт ўтмасдан, Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Ўйлайманки, бизнинг мураббий бундай мағлубиятдан кейин дарҳол касалхонага йўл олган бўларди. Чунки улар менга шундай ўргатишган: энди ҳаммаси тамом.

Ҳозирги мураббийлар техник, тактик ва жисмоний тайёргарликка қандай этибор беришса, психологик тайёргарликка ҳам шундай этибор қаратишлари керак. Айни дамда, ўйиндан кейин мураббий: “Бугун биз психологик сабабларга кўра мағлуб бўлдик” деганида, ишонтириб айтаманки, унинг кўпчилик ўйинчилари нима ҳақида гапираётганини билишмайди. Футбол эволюцияси ўзгаришларни талаб қилади ва улар қачондир барибир кириб келади.

Оқил Абдубарноев таржимаси

Рейтинг: +7   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика