Клублар ОФК лицензияси учун ҳаракатга киришди
19 янв 2023 17:42
Новости
Клублар ОФК лицензияси учун ҳаракатга киришди
Эндиликда қитъа футбол клублари январь ойидан бошлаб апрель ойи сўнгига қадар лицензиялаш жараёнида иштирок этади.
Шундан келиб чиқиб, Лига Суперлига ва Про лига футбол клубларининг лицензиялаш менежерлари ҳамда бухгалтерлари иштирокида семинар ўтказди. Мазкур семинар Лиганинг Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зоҳиржон Акрамхонов томонидан олиб борилди.
Семинар давомида лицензиялаш жараёни, унга киритилган ўзгаришлар, талаблар масаласида футбол клубларига батафсил маълумот берилди. Сўнгги икки мавсумдан буён Лига лицензиялаш ҳаракатларини мониторинг қилибгина қолмай, футбол клублари билан ҳамкорликда мазкур жараёнда тенг меҳнат қиляпти. Бунинг натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ОФК лицензиясига эга чиққан 12 та футбол клуби ҳамда 2 та аёллар жамоаси мавжуд. Лиганинг навбатдаги мақсади лицензияга эга чиқаётган клублар сонини янада кўпайтиришга эришиш ҳисобланади.
2020 йилги мавсумга келиб Лига Про лига қатнашчиларини ҳам лицензиялаш жараёнига жалб қилиш ташаббуси билан чиқди. Бунинг натижасида 2021 йилга келиб Про лиганинг 3 та клуби ОФК лицензиясини қўлга киритишга эришди. Шу асосда Лига 2024 йилдан бошлаб Про лигада фақатгина профессионал футбол клублари иштирокини таъминлаш режаси сари илк қадамларни ташлади.
2023 йилга келиб илк марта Биринчи лига жамоаси ҳам лицензиялаш жараёнида иштирок этиши кўзда тутилган. Агар Биринчи лига жамоаси ОФК лицензиясини қўлга кирита олса, 2023 йилги мавсум натижасидан қатъи назар 2024 йилда Про лига қатнашчилари сафига қўшилади.
2023 йилдан бошлаб “Андижон SGS”, “Ғиждувон”, “Дўстлик Тошкент” каби жамоалар илк марта ОФК лицензияси учун ҳаракат қилиб кўради. Шу тариқа лицензия талабгори бўлган футбол клублари сони 25 тани ташкил этиши режалаштирилган. “Юниред” ва “Арал” футбол клублари ташкил этилганига ҳали 2 йил тўлмагани муносабати билан ОФК лицензиялаш жараёнига 2024 йилдан бошлаб жалб қилинади. Шу тариқа, мазкур клублар миллий лицензиялаш талаблари асосида халқаро лицензия учун тайёрлаб борилади. Про лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган “Навбаҳор-фарм” эса “Навбаҳор лочинлари” қошидаги жамоа сифатида лицензиялаш жараёнида қатнашмайди.
Маълумот учун, “Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 10.5-бандига кўра ОФК лицензиясини қўлга киритган футбол клубига ЎФА томонидан профессионал футбол клуби мақоми тақдим этилади. Лига мусобақаларида иштирок этаётган қолган барча жамоа ярим профессионал футбол жамоаси ҳисобланади.
Комментарии