RU

Последние новости

19:05ЖЧ-2026 саралаши. Япония Индонезия дарвозасига жавобсиз 4 та тўп йўллади  1 18:50Муҳаммадали Ўринбоев: "Ироқ билан очиқ ва интенсив ўйин бўлди"  0 18:34102 дақиқа, 5та гол ва аламли мағлубият ГАЛЕРЕЯ  2 18:17Лукас Мендес: "Майдонда бор кучимизни сарфладик"  1 17:56Ўзбекистон терма жамоасининг Қатарга мағлуб бўлганига ким айбдор?  31 17:31Ўзбекистонлик ҳакам Россия – Бруней учрашувида ишлайди  3 17:20Ўзбекистон МТЖ собиқ футболчиси: "Катанецда ҳеч қандай тактик чизмани кўрганим йўқ, яхши ижрочилар ҳисобига натижа қўлга киритилмоқда"  32 17:08Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Ироқ билан биринчи ўйинда бир тўп фарқи билан ғалаба қозонди  6 16:46ФИФА КЖЧнинг янги кубогини тақдим этди  0 16:20Акрам Афиф: "Омад бизга кулиб боқди ва уч очкони қўлга кирита олдик"  24 15:50Ибрагимович: "Милан" – фаолиятимда менга энг кўп нарса берган клуб"  0 15:18Деку: "Нико Уильямс режаларимизда бор эди, лекин у ўз танловини амалга оширди"  4 14:49Дубайда "Реал" истироҳат боғи очилди  0 14:18Ўзбекистон Лаос пойтахтига етиб борди  27 13:50Шукуров ва Шомуродовнинг жароҳати бўйича тўлиқ маълумот  27

“Келишилган ўйинлар қироли”. Х боб Новости

“Келишилган ўйинлар қироли”. Х боб

Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг ўнинчи бобини тақдим этамиз.
Аксарият мутахассислар келишилган ўйинларни ташкил этиш билан шуғулланувчи кимсаларни бамисоли ўргимчакка ўхшатадилар. Бундай қиёслашга иккиланиб ўтирмасдан қўшилиш мумкин. Чунки ўргимчак табиат бўлган бундай найрангбозлар бутун дунё бўйлаб «тўр» тўқийдилар. Афсуски, уларнинг «тўри»га осонликча тушадиганлар ҳар ерда топилади. Перумал китобининг  навбатдаги бобларида миллионларга қандай ишлагани-ю, эски таниши Пал билан қай тариқа ҳисоб-китоб қилиб олгани хусусида сўз юритган.

Бу юртларга Конго терма жамоасини олиб келдим. Уларнинг йўл харажатларини тўладим, аммо букмекерлик идоралари ҳадеганда ушбу ўйинлар учун ставкаларни қабул қилишни бошламадилар. Зимбабве терма жамоаси мунтазам равишда шундай йўллар орқали пулларга ишларди. Буни яхши билганим учун уларни 2009 йилнинг майида Уммонга олиб келдим. Қисқа вақт оралиғида 4 миллион Сингапур долларига ишладим. Тинчгина яшаш учун етадиган пул. Сармояни кўчмас мулкларга йўналтирсам ҳам бўларди. Аммо ҳеч қачон бундай тўғри ишлар билан шуғулланмаганман. Мен шунчаки бугунги кун билан яшашга ўрганман.

Ўзимдан 19 ёш кичик бўлган бир қиз билан танишдим. У билан тез-тез учрашиб турардик. Таклифимдан кейин ўша қиз турмушга чиқишга ҳали эрта эканлигини айтди. Қолаверса, ақидамиз бошқа-бошқа эди. Унга уйланиш учун исломни қабул қилмоқчи эмасдим. Топиш-тутишим анча ўнгланиб қолгани боис Европадаги топ-лигаларда ўтадиган учрашувлар учун каттароқ пул тикишга тушдим. Бир ўйин учун ҳеч ўйланиб ўтирмасдан 100 ёки 200 минг тикишим мумкин эди. Худди 10 йил олдингидек чўнтакларимда 3 миллион доллар билан ўзим учун қадрли бўлиб қолган қаҳвахонада ўтирардим. Пуллар мени сира ўзгартириб юбормаганди. Оддий «Хонда»да юрардим ва кийимларим ҳам оддий одамларникидан мутлақо фарқ қилмасди. Ишонсангиз, соч олдириш учун ҳам олдинлари ўзим қатнаган сартарошхонага ташриф буюришни канда қилмасдим.

- Уилсон, пулларинг жуда кўп. Нега замонавий урфдаги соатларни тақиб юрмайсан? - дея сўраб қолди кунлардан бирида яқин танишим.

- Жуда соз, шундай соатни сотиб олиш пайти келган кўринади, - деганча унга жавоб қайтардим.

«Ролекс» русумидаги соатни сотиб олиш учун 20 минг доллар  сарфладим. Бундан ташқари онам олган кредитни қопладим ва оиламнинг  бошқа қарзларини тўладим. Бу ставкалар орқали йиққан пулларимни фойдали ишларга биринчи бор сарфлашим эди. Қолган пулларни яна ўйинлар учун тикиб юбордим.


«ФУТБОЛЧИЛАР, МУРАББИЙЛАР ВА РАСМИЙ ШАХСЛАР МЕНДАН ПУЛ СЎРАРДИЛАР ХОЛОС»
 
2009 йилнинг майида ҳаётим тубдан ўзгариб кетди.  Икки дўстимни Сингапур аэропортига олиб келдим. Шошиб турганимиз боис машинамни  тақиқланган жойга қўйдим. Дўстларим рейсга улгуриб қолдилар. Аэропортда бироз тамадди қилиб олдим. Автомобилимнинг ёнига қайтсам, атрофида қўриқчилар айланиб юрган эканлар. 150 доллар жарима тўлаб қутилиб кетсам бўлади, деб ўйладим ва бундан ортиқча хавотирга тушмадим. Кетишга ҳаракат қилган пайтимда қўриқчилардан бири бошимга урди. Бундай бўлишини умуман кутмагандим. Қон аста-секинлик билан пешонамга сизиб туша бошлади. У мени қўйиб юборишни истамай, полиция келишини кутиб турди. Елкам билан уни туртиб машинага ўтирдим. Қўриқчи юришимга имкон бериш ниятида эмаслигини билдирганча унинг рўпарасига туриб олди. Уни айланиб ўтдим, шунга қарамасдан қўриқчи 20 метргача ортимдан қувиб борди. Полиция барибир етиб келди.  Мени машинанинг рақамлари орқали қидириб топдилар. Уйда яшамасдим. Шу боис онам полициячилар қидириб келганларини менга гапириб берди. Полиция маҳкамасига ўз хоҳишим билан бордим. Кутилмаганда у ерда қўлларимга кишан солиб, мени хизмат вазифасини бажариш чоғида давлат одамига қаршилик кўрсатганимда ва ҳаётига хавф солганликда айблашга тушдилар. Қолаверса, машинани тегишли ҳужжатларсиз бошқарганим ҳам эътибордан четда қолмади. 25 йил давомида ҳайдовчилик гувоҳномасиз машина бош-қарганман ва бирор марта ҳам йўл ҳаракати қоидасини бузиш борасида қўлга тушмагандим.
Қўриқчи елкаси билан тиззасини жароҳатлаганим ҳақида арз қилишдан ташқари машина билан босиб юборишга уринганимни гапириб берди. Мени қамаб қўйдилар ва 20 минг доллар миқдоридаги гаров пули эвазига қўйиб юбордилар. Сингапурда ўзингиз учун гаров пули тўлай олмайсиз. Бунинг учун ёрдамчи керак бўлади. Мегага мурожаат қилдим. Бу орада Канг билан муносабатим ёмонлашиб кетди. У бизни келишилган ўйинларнинг натижасини олдиндан маълум қилишимизда айблаб, тинмай асабийлашарди. 2009 йил июнь ойининг охирида Баҳрайнда 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўртоқлик турнирини ташкил этдим. Кенияликлар билан келишиб, уларнинг бутун делегацияси учун чипталар сотиб олдим. Канг билан бирга 400 минг долларга тенг бўлган харажатни бўлишдик. Фойдани ҳам  шу тариқа бўлишишимиз керак эди. Афсуски, букмекерлар бу турнирга ставкаларни қабул қилмадилар ва биз пулларни йўқотдик. Шунда Дан Кангга қўнғироқ қилди:
- Уилсон сенинг пулларингни олдими? У ҳатто турнирни ташкил этгани йўқ, шунчаки сени алдади.
Дан ҳеч қандай сабабларсиз мен билан душмандек муносабатда бўлди. Канг эса ўзи фикр юритиш ўрнига дўстига осонлик билан ишонди. Энди Кангга суяна олмасдим.

МУСТАҚИЛ РАВИШДАГИ ФАОЛИЯТ

Шу боис АҚШда ўтказиладиган КОНКАКАФ «Олтин Кубоги»да мустақил иш юритишга қарор қилди. Июнь ойида Гаити терма жамоаси сурияликлар билан ўртоқлик ўйинида куч синашиш учун Монреалга етиб келди. Ўз одамларимга 50 минг доллар бериб, уларни Канадага юбордим.
- Пулларни аяманглар, - дедим уларга. - Футболчиларни тунгги клубларга олиб боринглар, янги бутсалар ва кийимлар сотиб олинглар. Умуман олганда, вақтни кўнгилхушлик қилиш билан ўтказинглар.
Афсуски, улар ҳаддан зиёд ошириб юбордилар. Чунки Гаити ФА президенти футболчиларнинг шубҳали шахслар билан жуда тез апоқ-чапоқ бўлиб кетганларини илғашга улгурганди. Орадан бир ҳафта ўтиб КОНКАКАФ Кубоги бошланди ва мен Америкага учиб бордим. Биринчи  навбатда гренадалик одам билан боғландим. У менга ўзимни ошкор этмасликни маслаҳат берди:
- Кел, келишилган ўйинни учинчи учрашувда ташкил этайлик. Ўшанда терма жамоамизнинг курашни давом эттириши учун имконияти қолмайди. Дастлабки икки беллашувда эса тўлиқ куч билан ўйнаймиз.
Улар икки учрашувни ютқазишди. Учинчи баҳсда эса гренадаликлар Бостондан узоқ бўлмаган жойда Гондурас билан тўқнаш келдилар. Мен ҳам айнан ўша ерга йўл олдим. Канг билан алоқани узганимдан кейин пулларим деярли тамом бўлганди. Молиявий кўмакка муҳтожлик сезиб, Дан ва Адмир билан боғландим. Дан ўйлаб кўришини айтди. Адмир эса ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ва тез орада Бостонга етиб келишини билдирди. Устига-устак телефонимда пул қолмаганди. Шу боис Ассалан исмли одамимнинг телефонидан фойдаланишга қарор қилдим. Аммо у кутилмаганда телефонини беришни истамади. Барибир унинг телефонини қўлга киритдим. Терилган рақамларни текширар эканман, Қ386 кодини кўриб қолдим. Бу Адмирнинг рақами эди. Аблаҳ, у ўзимга билдирмасдан иш қилаётган экан! Ассалан мени сотганди. У билан жанжаллашиб ўтирмадим, балки ҳайдаб юбордим.
Тез орада Дан билан Адмир Бостонга учиб келишди. Гондурасга қарши ўйин олдидан Гренада терма жамоасининг футболчилари билан меҳмонхонада учрашдим.
- Жин урсин, олдинроқ қаерда эдинглар? - дея сўрашди улар.
- Вакилингиз иккита  ўйинни тўлиқ куч билан ўйнашингизни, фақат учинчи учрашувда пул тикишимиз мумкинлигини айтди-ку! - дея жавоб қайтардим.
- У тошини терсин! Ахир биз Олтин Кубокни ҳеч қачон юта олмаймиз. Унга доимгидек АҚШ ёки Мексика эга чиқади. Ҳар сафар шундай бўлиб келган. Биз бироз пул ишлаб олмоқчи эдик.
Футболчилар ўзлари  айтганидек, пул ишлаб олдилар. Гондурас Гренадани 4:0 ҳисобида янчиб ташлади. Йигитлар икки бўлимда олдиндан келишиб олганимиздек, иккитадан гол ўтказиб юбордилар. Дан шериклари билан салкам 2 миллион долларга ишлади. Лимитлар анча юқори эди. 600 минг доллар тиккандим ва 1 миллионни қўлга киритдим. Ўша куни оқшомда гренадаликлар билан ҳисоб-китоб қилиб, Аризона штатида жойлашган Глендейл шаҳрига йўл олдим. У ерда Никарагуа терма жамоаси билан келишиб олишим керак эди. Улар мексикалик ва гваделупалик рақибларига ютқазиб, гуруҳдан чиқиш имкониятини буткул бой бергандилар. Никарагуаликлар гуруҳ босқичининг охирги учрашувида Панама терма жамоасига қарши майдонга тушардилар. Футболчиларни тунги клубга олиб бордим.
Уларнинг орасида фақат бир ўйинчи инглизчани биларди холос. У Хосе исмли ҳимоячи эди. Мен айнан Хосе билан гаплашиб олдим:
- Фақат бир ўйинингиз қолди. 80 минг доллар бераман. Ҳар бирингизга тахминан 15 минг доллардан тегади. Пуллар сизларни кутмоқда. Фақат телба одамгина бундай имкониятни рад этиши мумкин холос.
Футболчилар бундай таклифдан қувониб кетдилар. Улар тунгги клубда бундан хурсанд бўлиб ўйинга тушар эканлар, вақти-вақти билан номимни айтиб бақирардилар. Никарагуа терма жамоаси келиб тўхтаган меҳмонхонадан жой олдим. Футболчиларга аванс тариқасида 40 минг доллар бердим. Дан ва Адмирга ўйиннинг қандай натижа билан тугашини етказдим. Бу учрашувга миллион доллар тиккандим ва никарагуаликлар берилган «вазифа»ни аъло даражада уддалаган ҳолда 0:4 ҳисобида имкониятни бой бердилар. Салкам 2 миллион доллар ютдим. Олдинлари Никарагуа ҳақида ҳеч нима ўқимаган эканман. Маълум бўлишича, бу сайёрамиздаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланаркан. Учрашув ниҳоясига етганидан кейин остонамда футболчи, мураббийлар ва ҳатто ФАнинг расмий шахслари навбатда турардилар. Уларнинг ҳаммаси юзларига аянчли тус бериб, мендан фақат пул сўрардилар. Ўзимдаги бор пулларни тарқатиб, чўнтагимда озгина маблағ қолдирганча меҳмонхонани тарк этдим.

(Давоми бор)

Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади.
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика