Гепард таъқибидан қочган, Арсен Венгердан таклиф олган ҳамда Ўзбекистондаги титулларни йиғиштириб олаётган Драган Черан билан яқиндан танишамиз
30 июл 2023 03:44
Новости
Гепард таъқибидан қочган, Арсен Венгердан таклиф олган ҳамда Ўзбекистондаги титулларни йиғиштириб олаётган Драган Черан билан яқиндан танишамиз
"Агар кимдир "Сен Ўзбекистонга йўл олиб, у ерда энг яхши футболчи бўласан" деганида, ишонмаган бўлардим... Барчамизнинг ўз мақсад ва орзуларимиз бор. Ҳамма Европада ўйнашни хоҳлайди, аммо Осиёда бахтли инсонга айландим. Бу тақдир...
Драган Черан 1987 йилнинг 6 октябрида Сербиянинг Кикинда шаҳрида таваллуд топган. 7 ёшидан Банат буюк қишлоғидаги маҳаллий "Козара" клуби сафида тўп тепишни бошлаган. Оилада икки фарзанд бўлган: Драган ва унинг опаси.
Банат қишлоғи Сербия шимолида жойлашган бўлиб, бу ерга аҳолининг катта қисми иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўчиб келган. Бугунги кунда мазкур қишлоқда 1500 га яқин аҳоли истиқомат қилади.
17 ёшида эса йигитча "Смедерова"га кўчиб ўтади.
Тома Сивич 17 ёшимда кўрикка таклиф этди, унга ўйинларим манзур бўлди ва асосий жамоага қўшилдим. Клубда Мудринич, Миросавлевич, Зечевич, Дурашкович каби номлар мавжуд эди. Мендан ўн ёш катта бўлган тадрибали ўйинчилардан иборат жамоа шаклланганди. Сивич мендаги ниманидир пайқади, у ёшлар билан ишлашни ёқтирарди. Шу тариқа, олти мавсум давомида "Смедерова"да ўйнадим. Кейинроқ жамоа сардорига айландим. Ўша ерда футболчи ва шахс сифатида камолотга эришдим.
Қаҳрамонимиз "Смедерова"да ўйнаб юрган кезларида Мирослав Дукич мураббийлик қилаёттган Сербия ёшлар терма жамоасига чақирув олади ва 3 та ўйинда 1 та гол уради.
Шведлар билан тўқнашувда жамоа сафида бўлганман, ўшанда дастлаб 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, кейинчалик жавобсиз 5 та кўп киритишни уддалагандик. Дастлаб захирада эдим, кейин таркибдан ўрин ола бошладим, сўнгра тўсатдан зулмат ўз гирдобига тортиб кетди. Аммо бу бошқа тарих...
Мамлакат ўғлонларининг кўпчилиги "Црвена Звезда" ёки "Партизан" либосини кийишни орзу қилади, аммо Черан учинчи, бошқа йўлдан юришга қарор қилди ва Европа сари отланиб, ярим мавсумга Бельгиянинг "Вестерло" клубига ижарага берилди.
"Чераннинг ўйинлари ёзилган DVD дискларини бир неча марта томоша қилиб чиқдим ва у менда яхши таассурот қолдирди. Драган ҳужумчилар ортида яхши ҳаракат қила олади", деди "Вестерло"нинг ўша вақтдаги ёрдамчи мураббийи Франк Даувен.
"Партизан" ва бошқа клублардан таклифлар бўлганди, аммо захира ўриндиғида ўтиришни хоҳламадим, чунки у ерда рақобат кучли эди. "Вестерло"да атиги учта ўйинда майдонга тушдим, шунга қарамай, ўзимни хорижий футболда ҳис қилдим. Ростини айтсам, у ерда ўйнашга тайёр эмасдим.
Драганнинг кейинги манзили Исроил бўлди. 2011–2013 йиллар давомида у "Хапоэль" ва "Маккаби" клублари шарафини ҳимоя қилди.
"Исроилнинг икки клубида бир ярим йил ўйнадим. Мамлакат гўзал, шаҳарлар денгиз атрофида жойлашган. Футболни жиддий кузатишади. Телевидениелардан ўйиндан олдин ва кейин кўрсатувлар намойиш этилади, ҳатто кийиниш хонасига киришда ҳам камералар шай. Бир ўйинда 10–15 тача ишлайди, у ерда одам ўзини жиддий ҳис қилади.
2013 йил футболчи Озарбайжоннинг "Семурғ" клуби билан шартнома имзолайди.
Озарбайжон гўзал мамлакат ҳисобланади. Икки йил ичида у ерда ўттизга чқин гол урдим. Ушбу ўлкада ҳам юртдошларим кўп бўлгани сабабли вақтимни яхши ўтказдим.
Форвард 2014 йилнинг август ойида чемпионат доирасида "Хазар-Лянкяран"га қарши баҳсда ҳакамни ҳақорат қилгани учун тўртта ўйинга дисквалификация қилиб, 4000 манат жаримага тортилади.
Ҳакамни сира тушунолмадим. Сербча гапимга тушунган-тушунмаганига ҳайронман. Менга биринчи марта қизил карточка кўрсатилаётгани йўқ. Ўтган мавсум ҳам шундай ҳолат юз берганди. Мен беҳуда четлатилдим. Қолаверса, бутун ўйин давомида менга қўполлик ишлатган рақибларга карточка кўрсатилмади. Ҳакамга келсак, сербча гапларим унга қаратилмаган эди. Мен ўзимга руҳиятимни туширмаслик мақсадида пичирлагаётгандим ва унинг бирданига қаршимга келиб, қизил карточка кўрсатганининг гувоҳи бўлдим. Наҳотки, у нима деганимни тушунган бўлса?! Бу ақлга сиғмайди. Ҳакам на инглиз, на рус, на сербчани билади, бироқ югуриб келиб, майдондан четлатишни қойиллатади. Бундан нимани уқиб олиш мумкин?!
Черан тезда жамоа етакчисига айлана олади. Унга Нидерландия, Дания, Греция каби мамлакатлардан таклифлар келади. Аммо ҳужумчи барчасини рад этади. Интервьюларининг бирида "Мавсум сўнгида "Семурғ"да қоласизми ёки бошқа клубга ўтасизми?" деган саволга "Арсенал"га бораман. Арсен Венгер менга қўнғироқ қилиб, Жиру ва Ўзил ёнида ўйнатмоқчи эканлигини айтди. Албатта, ҳазиллашдим. "Семурғ"да қоламан", дея жавоб қайтарди.
Футболчининг муваффақиятли ўйинлари унинг Саудияга йўл олишига туртки бўлди.
Футболга оид видеоклиплар тайёрлайдиган бир киши Озарбайжондаги голларимни кўриб, видеоклип ишлаш бўйича таклиф юборди. Менга нега йўқ дейишим керак, рози бўлдим. Унинг Арабистонда футбол соҳасида ишлайдиган дўстлари бор экан, мени уларга тавсия қилишини айтди. Орадан бир кун ҳам ўтмади, менга қўнғироқлар бўлишни бошлади. Эртаси куни менга шартнома юборишди. Шу тариқа, Саудия Арабистонида пайдо бўлдим. Менда ҳеч қачон агент бўлмаган. Энди кераги ҳам йўқ.
"Ҳажир"га мен билан бирга Неманья Тубич ҳам йўл олди. Шунингдек, улар жамоага мос келмайдиган яна бир қанча ўйинчиларни олиб келишди. Улар билан чиқиша олмадик, шу боис, ярим мавсум ҳалокатли ўтди. Маҳаллий аҳоли оддий ишларни бажармас экан. Филиппинликлар, покистонликлар, ҳиндлар қора ишларга жалб этилган. Маҳаллий саудияликлар аэропорт ва банкларда ишлашади. Бошқа барча ишларни кам ҳақ эвазига ишлайдиган ёлланма ишчилар бажаради. Футболчиларда ҳам шундай. Ғалати менталитет мавжуд. Улар ёввойи ҳайвонларни уй ҳайвони сифатида боқишаркан. Клубимизда гепард боқадиган футболчи бор эди. У ҳайвонни машғулотга олиб борарди ва машинада қолдирарди. Баъзида гепард қандайдир тарзда машинадан чиқиб, машғулот майдонига югурарди. Ана шунда қоча-қоч бўларди. Олди-орқасига қарамай югуриш, қий-чув, кийиниш хонаси қулфлаб олишлар... Унга эса барибир.
2016 йил серб Шимолий Македониянинг "Вардар" клуби билан шартнома имзолади. Шу йили жамоа билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Биз клуб билан чемпионликни қўлга киритдик. Ярим мавсум давомида беш-олтита гол урдим. Янги мавсумга тайёргарликни бошладик... Ҳаммаси яхши эди. Тўсатдан хорватиялик дарвозабон дўстим қўнғироқ қилиб қолди ва клуб биз билан шартномани бекор қилишмоқчи эканлигини айтди. Шокка тушдим! Кейин тинчландим ва янги жамоа қидиришга келишиб олдик. Сабаби, ўрнимизга икки нафар янги хорижлик футболчи олиб келишганди. Бош мураббий мени машғулотларда етарлича куч сарфламаётганимни важ қилди. Бу кулгимни қистади. Бундай ёлғондан кўра ўйининг ёқмади, дегани яхшироқ. Лекин уларга раҳмат айтишим керак. Уларнинг шарофати билан Ўзбекистонга келдим.
2016 йилнинг июль ойида қаҳрамонимиз "Насаф" таркибига келиб қўшилди.
"Вардар" сафида Чемпионлар лигаси саралашига тайёргарлик кўраётган эдик. Қайдномага киритишмади, чунки чет эллик футболчилар керагидан кўпроқ эди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва яна учта мамлакатда ишловчи агент Синиша Бранкович менга таклиф билан чиқди. Уни танимасдим ва менда ҳеч қачон агент бўлмаган. Бранкович мени Ўзбекистон клубларига таклиф қилмоқчи эди. Бир неча йил олдин бу мамлакатда Ривалдо, Сколари, "Бунёдкор" номлари машҳур бўлган. Ўзбек футболи ҳақида фақат шуларни билардим. Бошқа ҳеч нарсадан хабарим йўқ эди. Бранкович "Насаф"га мени таклиф қилди. Бахтимга бу клубда ҳамюртим Деян Болевич ўйнарди. У мен билан боғланиб, жамоага келсам ҳаммаси яхши бўлишини айтган. Ҳужумчи клубда қолиши учун камида 10 та гол уриши лозимлигини билади. Ҳужумчи сифатида сизда гол уриш юки туради. Легионер бўлсангиз, улардан фарқланиб туришингиз талаб этилади. Бу психологик жиҳатдан қийин. "Насаф" бир йил ичида топган учинчи клубим эди.
Таклиф ҳақида ўн кунча ўйладим. Мамлакат, шаҳар ва клуб ҳақида Google'дан маълумот қидирдим... Аммо ҳеч вақо топа олмадим! Клубнинг расмий сайти бор экан, бироқ шаҳар ҳақида маълумот йўқ эди. Мени Болевич кўндирди. Бироқ клубга келганимда Болевичга жавоб бериб юборишди! Маълум бўлишича, унинг кетишига менинг келишим сабаб бўлган экан, чунки легионерлар сони кўпайиб кетган экан. Бундан хафа бўлиб, унга айтдим: "Юр, ортга бирга қайтамиз. Мен бундай қила олмайман". У эса ҳаммаси яхши бўлишини, буёғи пешонадан эканлигини айтди. Шундай қилиб, мен Ўзбекистонда қолдим. Бир неча кун олдин жамоага мендан олдин яна бир серб - Огнен Красич келган эди. Мослашиш жараёнини биргаликда ўтказдик. У аввал Қозоғистонда ўйнаган эди, шу сабабли русчани билар экан, менга катта ёрдам берди.
Қарши чўлда жойлашган шаҳар экан. Шу боис, бир неча кундан сўнг ортга қайтиб кетмоқчи бўлдим. Бироқ база зўр бўлган, унда ҳамма нарса бор эди. Базадан чиқишингиз билан депрессия, чўл, чанг бошланади... Буни кўрмагунингизча сўз билан тасвирлаб бера олмайман.
Одамлари эътиқодли. Намоз ўқишади, дуо қилишади. Оиласи билан аҳил. Уларнинг кўпчилиги ишдан сўнг қаҳвахоналарга киришмайди. Мен диндорлар ҳақида гапиряпман. Бироқ Қаршида бизга ўхшаганлар ҳам бор. Уларнинг аксарияти ароқ ичади. Ўзбеклар бегоналарга катта ҳурмат кўрсатишади ва улар жуда меҳмондўст. Ёш футболчилар эса сўрайди, ўрганади... Бизникиларга ўхшамайди. Ўзбекистонда бирор ёш футболчи ўзидан юлдуз ясаб олса, мураббийлар уни клубнинг U23 жамоасига қайтариб, йигитчани ўзига келтириб қўйишади. Улар стадион олдида қўй сўйишади. Ишимиз яхши бўлса ҳам, омадсизликка учраса ҳам қўйни қурбон қилишади. Бундай одат Туркияда ҳам бор.
2018 йил Черан "Пахтакор" билан шартнома имзолади. Арвеладзе мураббийлигидаги пойтахтликлар томонидан ҳужумчини сафга қўшиб олинишида уларнинг қаршидаги қақшатқич мағлубияти ҳам туртки бўлган. 4:0 ҳисобида якунланган баҳсда Черан дублга эришганди.
"Насаф" ажойиб, яхши ташкиллашган жамоа эди. Ҳомий ҳам шунга яраша бўлган. Ҳар бир клубга нефт компанияси ҳомийлик қилган. Бу катта пуллар. Йиллик бюджет 6 млн. еврони ташкил қилган. Энг асосийси - ҳоким футболга қизиқадиган инсон бўлиши керак. Дастлабки 1,5 йил ажойиб ўтди, кейин ҳоким ўзгарди ва у спортга спортга пул тикишни истамади. Шу сабабли клубни тарк этдим. Чемпионлар лигасини тарк этганимиздан сўнг бюджетимизни қисқартиришди ва легионерларга пул тўлай олмасликлари ҳақида айтишди. Клубни ўзгартирмоқчи эмасдим, аммо шунга мажбур бўлдим. "Насаф" билан чиройли хайрлашдик. Ўша пайтлар менда "Пахтакор" ва Таиланддан таклиф бўлган. Ўзбекистонда қолишга қарор қилдим.
Клубдаги дастлабки йилимда Чемпионлар лигасига чиқа олмадик, аммо кейингисида буни уддаладик. Гуруҳ босқичида Эроннинг "Персеполис", Хави қўл остидаги "Ал-Садд" ва Дубайнинг "Ал-Васл" клубларига қарши ўйнадик. 10 очко тўплаб, учинчи ўринни эгалладик. Одатда бунча очко тўпласангиз кейинги босқичга чиқасиз. Аммо "Персеполис" ва "Ал-Садд" плей-офф раундига йўл олди ва улар ярим финалгача етиб боришди.
Хави - афсона. У орқароққа қайтиб тўпни қабул қилиб, тезда ўгирилади ва тезда вазият яратади. Ҳайратдан қотиб қоласиз. Ҳозир унинг ёши ўтиб қолган, бироқ тўпни олиш учун унга яқинлаша олмадим. Ичингизда шундай дейсиз: "У кексайиб қолган, ҳозирга унга кўрсатиб қўяман". Хавининг олдига яқинлашасиз ва... У томон югуришни бошладим, испаниялик эса бошқа томонга бурилиб олди. Унинг енгил ҳаракатлари, тўпни қабул қилиши... Хави тўп ҳаводалигидаёқ кейинги ҳаракати борасида бир қарорга келган бўлади. Бизлар эса аввал тўпни тўхтатиб, кейин бошни кўтарамиз ва атрофга аланглаймиз.
"Пахтакор"даги дебютим даҳшатли бўлган! Биринчи ўйинимда пенальтидан гол ура олмаганман. Кейин 6-7 та баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қила олмадим. Бош мураббийга қаерда ўйнашимни тушунтиргунимча 2 ой ўтди. Унга мен ҳимоявий ҳаракатларни бошқарадиган футболчи эмаслигимни айтдим ва у мени олдироққа ўтказди. Бу йил эса эркин ижодкор ролини бажаряпман ва ишларим жуда яхши. Жорий мавсум мен учун ўзгача якунланди. Биз тарихда илк маротаба учта совринни қўлга киритдик. Мен эса чемпионатнинг энг яхши футболчиси ва мусобақа тўпурари бўлдим.
Биринчи мавсум қийин кечди. Совринни қўлдан бой бердик. Кейин жамоа жиддий ўзгарди. Терма жамоа Осиё Кубогида бир нечта учрашув ўтказди ва биз чемпионатга тайёргарликни ёшлар билан бошладик. "Пахтакор"ни ОЧЛ саралаш ўйинлари кутиб турганди. Турнир бошланиши билан ишларимиз юришиб кетди. Клуб баъзи легионерлардан қутилиб, кучли маҳаллий футболчиларни жалб қилди.
Ҳеч қаерга кетиш ниятим йўқ. Бу ҳақида ўйламаяпман. Мен мамлакатнинг энг кучли клубида ўйнаяпман, яхши шартномам бор, оилам мен билан, яна нима керак?
Кузда 36 ёшни қаршилайдиган сербиялик футболчининг Ўзбекистонда қўлга киритмаган соврини деярли қолмади. Ўзбекистон чемпиони, кубоги ва суперкубоги соҳиби, чемпионатнинг энг яхши футболчиси, чемпионат тўпурарлиги совринлари унинг коллекция жавонини безаб турибди.
Ёш фақат паспортда бўлади. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Демак жамоамга наф келтиришда давом этаман.
Черан ўзи туғилган қишлоғини ҳам унутгани йўқ. Бир неча йил илгари у Банат қишлоғида ибодатхона қурилишига катта маблағ ажратди.
Черан қайси китобларни мутолаа қилишни тавсия қилади?
1. "Мен - Златан"
Ушбу китобда жаҳондаги энг машҳур футболчилардан бири ўзининг футболдаги осон бўлмаган йўли, ютуқлари ва мағлубиятлари, қувонч ва аламлари ҳақида ёзиб ўтган.
2. Алекс Фергюсон автобиографияси
Китобда сер Алекс ўзи ва юлдуз шогирдлари Руни, Бекхем, Ван Нистелрой ва Роналду, ўз характери, жамоани бошқариш ва "Юнайтед"ни ғалабалар сари бошлаган бошқа жиҳатлар ҳақида сўз юритган.
3. "Фақат Яратган мени сўроқ қилиши мумкин" - Матея Кежман
Сербиялик машҳур ҳужумчи голларга бой ажойиб фаолияти, жаҳон даражасидаги клубларда ўйнагани хусусида ўз китобида тўхталиб ўтган.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Комментарии