Бош орзусига эришмаган Рауль
02 авг 2016 07:53
Новости
Бош орзусига эришмаган Рауль
У AS нашрига берган кенг интервьюсида Америка футболи тараққиёти хусусида тўхталиш баробарида «Реал»даги ўз ўтмишини хотирлади ва «Қироллик клуби»нинг айни ҳолати бўйича ҳам фирк юритди. Рауль шунингдек, имкониятдан фойдаланиб, бир гапни яна бир марта алоҳида таъкидлади: «Аслида фаолиятимни «Реал»да тугатиш мен учун азалий орзу эди...».
- Рауль, янгича ҳаёт тарзига кўникиб кетдингми?
- Ҳозирги ҳаётим аввалгисидан мутлақо фарқланади. Эндиликда футбол майдонидаги мусобақалар йўқ, бироқ Нью-Йоркда Ла-лига офисини очишга боғлиқ янги чорлов ҳам анча қизиқарли. Бу ерда стратегик режа асосида иш олиб боряпмиз. Зеро, Шимолий Америка - жуда муҳим бозор. Ахир АҚШ катта имкониятлар манбаи саналади.
- Эҳтимол, футбол бу ерда ниҳоят, америкача футбол, бейсбол ва баскетболга чинакам рақобат тақдим этар...
- Ҳудуд футболи айни пайт шу йўлда. Мисол учун, ўтган мавсум MLS ўйинларига мухлисларнинг ўртача ташрифи 21000га етди. Умуман, бу ерда уй учрашувларини 45 минг мухлис гувоҳлигида ўтказувчи жамоалар ҳам бор.
- Демак, бора-бора стадионлар мухлислар билан тўлиши мумкин.
- Масаланинг ижобий томони шуки, эндиликда АҚШда фақат футболга мўлжалланган ареналар ҳам қурилмоқда. Олдин бундай эмасди. Албатта, айни ҳозирги ҳолатда бейсбол ёки америкача футбол билан рақобатлашиш анча қийин, лекин баскетбол ва хоккей даражасига етиш мумкин, деб ўйлайман.
- Шахсий фикрингча, АҚШда 2та футбол лигаси - MLS ва NASL мавжудлиги муаммоми ёки...?
- Ҳа, бу кўп. Бироқ Америка маданиятини ҳам унутмаслик керак. Бу ерда лигалар бўйича пастга тушиш ёки юқорилаш тушунчаси йўқ, чунончи, жамоа шакллантириш анча қимматга тушади. Яъни бу иш катта сармоя талаб этади.
- Қизиқ, Ла-лига АҚШда қандай стратегияни олға сурмоқда?
- Бу ерда «Реал» ва «Барса» барчага таниш. Қолаверса, «Атлетико»ни ҳам таний бошлашди, «Севилья»нинг кетма-кет 3 марта ЕЛ ғолиби бўлгани самараси кўриняпти. «Вильярреал» эса турнир ярим финалига чиқиб, оз-моз машҳурликка эришди. Қисқаси, Испанияда ажойиб жамоалар кўп ва энди Ла-лиганинг АҚШда кенг эътибор топиши устида иш олиб бориш керак.
- Бу борада қайси лигалар билан рақобатлашишга тўғри келади?
- Рақобат жуда юқори. Дейлик, Англия премьер-лигаси ўйинлари NBC, Univision, ESPN ва бошқа каналларда кўрсатилмоқда.
- Хўш, трансляциялар кўлами бўйича АПЛни қувиб етиш имконияти борми?
- Брендни қандай сотишни тушуниш учун узоқ вақт изчил ишлаш керак. Биз йўлнинг бошида турибмиз ва ҳозирда асосийси - тарғибот. Яъни Испанияда жаҳондаги энг яхши чемпионат борлигини, ҳеч қаерда бизчалик футбол ўйнамасликларини, ўзига хос услубга таянишимизни, савияли мураббийлар ва спорт директорларига эгалигимизни англатишимиз зарур.
- «Райо Вальекано»нинг АҚШдан клуб сотиб олгани ижобий ҳолатми?
- Баҳо беришдан олдин лойиҳа мақсади билан танишиш керак.
- «Реал» ҳам шу йўлдан борса, нима бўларкин?
- Бу ғоя чакки эмас. Аммо аввало, барчасини аниқ-тиниқ ўрганиб чиқиш зарур. Ахир клуб сотиб олиш катта сармоя талаб этади. «Манчестер Сити»нинг шунга жазм этганига келсак, унинг тараққиёт стратегияси чиндан ҳам, кенг қамровли. Дейлик, шайхлар БАА, Австралия ва Японияда ҳам шахсий жамоага эгалар.
- Энди «Реал» ҳақида гаплашсак: жамоада 13 йил давомида 11 нафар мураббий ишлади. Бу кўп эмасми?
- Кўп. Дейлик, менинг клубдаги фаолиятим давомида мураббийлар алмашинуви мавсумлар сонидан ҳам кўпроқ кузатилган бўлса керак. Хусусан, «Реал»даги илк 6 йилда дел Боске келгунига қадар Вальдано, Арсенио, Капелло, Хайнкес, Камачо ва Хиддинк қўл остида ўйнаганмиз.
- Сенингча, дель Боскенинг кетиши «Реал» учун йўқотиш бўлдими?
- У клубда ҳукм сурган 4-5 йиллик барқарорсизликка чек қўйганди. Бироқ раҳбарият шундай мураббийга жавоб беришни лозим топди ва энди ортга назар солиб, айтиш мумкинки, ўша қарор энг тўғриси бўлган эмас.
- «Реал»га спорт директори керакми?
- Бу савол жамоа президентига.
- Бироқ бу сен учун идеал роль бўлиши мумкин.
- Тушунарлики, спорт директори муҳим шахс саналади. Ахир у раҳбарият ва футболчиларни ўзаро боғлаб туради. Демак, нафақат «Реал», балки ҳар қандай клуб шундай масъулга эҳтиёж сезади. Ҳа, ҳозир «Мадрид»да бундай лавозим йўқ. Лекин клуб гарчи охирги 3 йилда 2 марта ЧЛ ғолибига айланган бўлсада, унга спорт директори зарур, деб ўйлайман.
- Жамоа қайси позицияларни кучайтириши лозим?
- Таркиб ҳозирнинг ўзида кучли кўринмоқда. Шундай экан, кимнидир харид қилишда барчасини аниқ-тиниқ ҳисобга олиш талаб қилинади.
- Нима, «Мадрид»нинг янги Макелелега эҳтиёжи йўқми?
- Ҳар қандай жамоа гоҳида майдонда якка ўзи ҳаракатлар балансини таъминлайдиган футболчи хизматига муҳтож бўлади. Лиссабонда ўтган ва «Реал» ғалабаси билан тугаган ЧЛ финалини олайлик - ди Мария шундай балансни таъминлаганди.
- Қачондир «Реал» президенти сифатида намоён бўлишни ўйлаганмисан?
- Айни пайт кун тартибида бундай масалага ўрин йўқ. Зеро, аввало, янги лавозимни тўлиқ ўзлаштириш ва соҳанинг ҳам спорт, ҳам молиявий томонларига яқинлашишни мақсад қилганман. Бунинг учун камида бир йил керак.
- Перес «Реал» президенти лавозимига номзодлар учун баъзи чекловларни жорий этди. Бу борада нима дея оласан?
- Ҳозирча чекловларни обдон ўрганиб чиққаним йўқ. Бироқ кўриниб турибди, клубда муайян парокандалик бор. Ҳарқалай, четдан қараганда, шундай туюляпти.
- Ҳозирги вазиятда Сантьяго Бернабеуга ўхшаш бирор кимса клуб президенти бўлолмайди. Перес «Реал»ни фақат элит гуруҳ вакиллари клубига айлантирмадими?
- Шунинг учун ҳам «сосьос»лар (клуб аъзолари) бор ва улар ўз нуқтаи назарларини баён этишлари мумкин. Келаси йили президентлик сайловлари бўлади ва номзодларда турли масалаларни ўртага олиб чиқиш имкони бор.
- Флорентино Перес сени клубга қайтаришга уринмадими?
- У шунчаки, хоҳлаган вақтда қайтишим мумкинлигини билдирди.
- Умуман, Перес сени охирги марта қачон чорлади?
- Сўнгги ўзаро учрашувимизда шундай деди: «Бернабеу» - сенинг уйинг».
- Хўш, бу сўзлари исботи ўлароқ, қайсидир лавозимга расман таклиф этдими?
- Бу борада муайян сўз очилди. Барчаси ўзимга боғлиқ. Аммо якуний қароримни клуб ўз таклифини оммага расман эълон қилганидан кейингина билдиришим мумкин.
- Қизиқ, «Мадрид»га қайтишинг учун клуб қайси шартларни бажариши лозим?
- Жамоа эшиклари мен учун доимо очиқ эканлигидан хурсандман. Лекин тўғриси, яқин 2 йил ичида қайтмасам керак.
- «Реал» фанатлари ҳамон битта ҳолатдан хафалар. Уларнинг айтишларича, жамоа сен билан муносиб хайрлашмаган. Ўзинг бу борада нима дейсан?
- Фақат, шуни айтишим мумкинки, менда «Реал»даги давримдан энг ижобий таассуротлар қолган. Эҳтимол, ўшанда хайрлашув тадбири учун маъқул вақт тополмагандирлар.
- Қўйсангчи, клуб тарихидаги энг яхши футболчилардан бири ва сардори учун вақт тополмаслик...
- Менда кейинчалик «Бернабеу»да «Реал» либосини яна кийиш имконияти туғилди ва фанатларнинг чинакам меҳрларини қайта ҳис қилдим.
- Нима бўлганда ҳам, «Реал»нинг сен билан енгилгина хайрлашгани айни ҳақиқат...
- Кетишни ўзим ва оилам учун тўғри қарор, деб ҳисоблаганман. Чунончи, ўша пайт жамоада бироз сиғдирмаслик кайфиятини сезгандим.
- Кўринишидан, Испанияда афсоналарни дейлик, Италиядагидек қадрламайдилар...
- Ҳа, бир қарашда шундай. Мисол учун, Италияда Буффон, Тотти, дель Пьеро, Мальдини ва Пирло каби футболчилар билан чинакамига фахрланадилар.
- Ўзи фаолиятингни «Реал»да тугатишни хоҳлаганмидинг?
- Бу менинг асосий орзум эди, аммо айни пайт ҳеч нарсадан афсусланмайман. Ахир «Мадрид»дан кетиб ҳам, ажойиб саргузаштларни бошдан ўтказдимки, уларни нима биландир алмашмайман. Ҳа, «Реал»ни тарк этиш оғир бўлганди, бироқ кейинги тақдирим ҳам шунчаки, ажойиб кечгани рост.
- Юқорида парокандалик ҳақида гапирдинг. Моуриньонинг «Реал»даги ишини қандай баҳолайсан?
- У 2 йил давомида катта кўламда иш бажарди - чинакам кучли ва рақобатбардош жамоа шакллантирди. Дейлик, жамоа Моу бошқарувида «Барса»нинг тарихдаги энг кучли таркибидан устун келди. Бироқ учинчи мавсумда босим ва парокандалик туфайли ишлар орқага кета бошлади. Умуман, барчасини объектив таҳлил қилиш учун муаммолар илдизини аниқлаш керак.
- Айтчи, Моуриньо амал қилувчи «Биз бутун дунёга қарши» ёндашуви ўринлими?
- Жамоани жипслаштиришнинг турли усуллари бор. Хусусан, Моуриньонинг Мадридда спорт нуқтаи назаридан «Барселона»га қаршилик кўрсата оладиган жамоа тузгани муҳимроқ.
- Энди очиқроқ гапирайлик: де Хеа трансферига боғлиқ беҳуда ҳаракатлар «Реал» имиджига путур етказмадими?
- Аслида бундай ёқимсиз ҳолатлар жуда кўпайиб кетди. Мисол учун, Испания кубогида Денис Черишев билан юз берган тушунмовчиликни олайлик - қанақасига шундай бўлиши мумкин? Табиийки, бу каби воқеалар клуб обрўсига хизмат қилмайди.
- «Реал» учун Криштиану Роналдудан кейин ҳам шундай ҳаёт борми?
... Интервьюнинг тўлиқ қисмини "Интерфутбол" газетаси сайтида ўқиш мумкин.
Комментарии