Мутолаа учун. 30 ёшда мураббийга айланган, қирғиз футболи тарихига кирган, Блаттер, Эрдўған билан бир қаторда кўрилган Александр Крестинин "Бунёдкор"га мос мураббийми?
04 июл 2023 12:50
Новости
Мутолаа учун. 30 ёшда мураббийга айланган, қирғиз футболи тарихига кирган, Блаттер, Эрдўған билан бир қаторда кўрилган Александр Крестинин "Бунёдкор"га мос мураббийми?
Александр Крестинин Тошкентнинг "Бунёдкор" клубини бошқаради
Сўнгги йилларда беқарорлик гирдобига тушиб қолган, бора-бора чемпионатдаги совриндорлар харитасида ўз ўрнини йўқотиб бораётган жамоа том маънода янги қонга, ғолиблик руҳиятини олиб кира оладиган, янгича қарашларини сингдирадиган мураббийга эҳтиёж сезаётган эди. Иван Бошкович нисбатан шунга яқинроқдек эди-ку, лекин ишини охиригача етказа олмади. Майли, бу тарих. Хўш, Крестинин "Бунёдкор"ни қутқара оладими? Аллақачон ёшлар билан ишлашга ўтган тизмда ўзини қай даражада кўрсатиши мумкин? Бу борада қуйида батафсил фикрлашамиз.
16 ёшида фаолияти ўзгариб кетиши мумкин эди
Александр Крестинин 1978 йил 19 сентябрь куни Россиянинг Краснодар вилоятида туғилган. Футболга болалигидан меҳр қўйган қаҳрамонимиз биринчи синфдан миллионлар ўйини тўгарагига қатнайди. Дастлаб Краснордардаги ихтисослаштирилган болалар спорт мактаби мураббийлари эътиборига тушган.
"Мен футбол билан ўзим туғилиб ўсган Краснодарда шуғулланишни бошлаганман. 7 ёшимда бувим мени футболга олиб борган. 15 ёшимда эса Россия ўсмирлар терма жамоаси аъзосига айландим ва Европа чемпионати саралаш ўйинларида майдонга тушдим",- дейди мураббий.
1995-1996 йиллар оралиғида "Краснодар Колос" унинг фаолиятидаги илк жамоа вазифасини ўтаган. Бу паллада 16 ёшда фаолиятида бурилиш бўлиши мумкин эди. Крестинин бу воқеани шундай эслайди.
"Биринчи профессионал шартномамни ҳам анча эрта тузганман. 15 ёшимда Краснодардаги "Колос" клуби футболчисига айландим, ҳали мактабда ўқирдим. Шартнома тузганимдан бир ой ўтиб Бельгиянинг "Брюгге" клубидан таклиф тушди. Ўшанда Россия терма жамоасида таниқли футбол агенти Константин Сарсания ҳам ишларди, бироқ клуб мени четга қўйиб юбормади. Мен катта клубларда ўйнамадим. Буни эса агентлар билан ишламаганимда ,деб биламан. У пайтлари давр бошқача эди, таниш-билиш катта роль ўйнарди. Умуман мен ўртамиёна футболчи бўлганман, тезлигим ҳам юқори эмасди",- дейди Крестинин
Кейнги мавсумда у "Ростсельмаш-2" сафида тўп тепади, бироқ жароҳат сабаб майдонга тушмайди. 1999 йил омадли келди, дея оламиз. Ўша йили Крестинин "Кубань" сафида деярли барча ўйинларда майдонга тушди. 2000 йилги мавсумни бўлажак мураббий "Краснознаменск" либосида ўтказди. Кўп ҳам уйдан узоқлашишни истамасди, шу боис жамоасини кўп алмаштириш ҳар доим ҳам маъқул келмаган. 2001 йилда "Газовик", 2002 йилни Қозоғистоннинг "Каспий", 2004 йилни "Химик" жамоаларида ўтказди. Кейинги йилларла "Ясси Сайрам", "Нара-Десна", "Спартак", "Смена", "Металлург" (Красноярск) клублари шарафини ҳимоя қилди.
Қирғиз Республикасига келиш тарихи
2010 йилда Александр Сергеевич бу мамлакатга футболчи сифатида келганди. Қўчқор-Отанинг "Нефтчи" клубига ўтган мураббий шундай хотирлайди
"Қирғизистонга учиб келдим. Ўш вилоятидан 160 километр йўл босиб, 30 йил аввал шаҳарга айланган, 17 минг аҳоли яшайдиган Кўчқор-Отага етиб келдим. Икки кундан кейин нарсаларимни йиғиштириб уйга кетдим. Табиатни таърифлаб бўлмайди. Лекин шароит даҳшатли. Ташлаб кетилган диспансер, қишда истиш ва иссиқ сув йўқ. Барчасини ўрганиб чиқиб жамоа раҳбари Медер Сидиқовнинг олдига бориб кетишим ҳақида хабар бердим. Бу пайтга келиб бир йил олдин жароҳат олганимда "С" мураббийлик лицензиясига эга бўлгандим. Бирдан мендан сўради: "Сизда лицензия бор. Балки ўйновчи мураббий сифатида уриниб кўрарсиз? Сизни қўллаб-қувватлайман. Таклифни рад этмассиз?"- дейди Крестинин.
Мураббийлик таклифини қабул қилган қаҳрамонимиз "Нефтчи"ни мамлакат чемпионатида клуб тарихидаги илк чемпионга айлантирди.
"Нефтчи"да ўтказган йилларим ғалати бўлган. Биринчидан, мураббийлик дебютим ва бирданига Премьер лига жамоасида. Раҳбарият олдимга ҳали тажрибам ноль эканини ҳам инобатга олмай чемпионлик вазифасини қўйди. Шу боис ишлаш жуда қизиқарли бўлган. Мураббийлик соҳасида нималарнидир билардим-у, лекин барибир амалиёт йўқ эди",- дейди Крестинин.
2011 йилда унга терма жамоани бошқариш таклиф қилинган, аммо шартнома шартлари туфайли рад жавобини берган, бу жамоа манфаати учун қилинган эди. Кейин эса икки йил давомида Краснодар ўлкасидаги Россия давлат академиясида методик ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 2014 йилда эса Қирғизистон терма жамоасида иш бошлади. "Мамлакатнинг бош жамоасини бошқариш мумкинлиги етти ухлаб тушингга кирмайди. Майли, қайсидир жамоадан таклиф тушса буни мантиқан қабул қиласиз. Мен Қирзизистон терма жамоасидан таклиф кутаётгандим десам ҳаммани алдаган бўламан. Лекин шундай таклиф тушганида уйда ўтириб узоқ ўйладим",- деган эди россиялик мутахассис.
Крестининнинг келишигача қўшниларимиз ФИФА рейтингида 201-ўринни эгаллаб турганди. Мураббий қўл остида терма жамоа октябрь ойида 99-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлган. 2023 йил у кетаётган паллада 97-ўринда эди. Бу терма жамоанинг қай даражада ўсишга эришганидан далолат беради.
Орада параллель равишда 2017-2021 йилда "Дордой"ни бошқарди. Одатда иккита ишни бирга олиб бориш танқидий руҳда қабул қилинади. Россиялик мутахассис буни шундай изоҳлаган.
"Бизда "Дордой" терма жамоанинг базаси бўлиб хизмат қилади. Терма жамоанинг ўйинини шакллантириш ва номзодларнинг ҳолатини билиш учун "Дордой"да ишлашимни ёмон томонини кўрмаяпман. Мазкур клубни қабул қилиб олганимдан сўнг футболчиларимнинг фаоллиги, ҳужумдаги тезкорлиги ошди. Икки жойда ишлаш менга халақит бермайди. Мен Қирғизистон терма жамоасини бошқара туриб, бошқа жамоага мураббийлик қилмасдим. "Дордой"ни терма жамоага база бўлгани учун қабул қилиб олганман",- дейди Крестинин.
Қитъадаги муваффақият сари
Крестининнинг келгунига қадар, Қирғизистон терма жамоаси Қозоғистон футболчиларига 1:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Орадан икки йил ўтиб, Александр қўл остидаги қирғизлар қўшнилардан реванш олишга муваффақ бўлдилар - 2:0.
Қирғизистон терма жамоаси яқин йилларга қадар Осиё қитъасида аутсайдерлардан бири бўлиб келган. Ўз тарихида ҳеч қачон Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган, Осиё Кубогидаги дебют эса 2019 йил амалга оширилди. Крестинин мамлакат терма жамоасини илк бор қитъа кубогига олиб чиқди. Ўша йили январь ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Қирғизистон Жанубий Корея, Хитой ва Филиппин билан бирга “С” гуруҳидан жой олди. Марчелло Липпи бошчилигидаги Хитой ҳамда Осиёнинг грандларидан бири ҳисобланган Жанубий Кореяга қарши баҳсларда муносиб ҳаракат қилган қирғизлар имкониятни бой бериб қўйишди. Сўнгги турда Филиппинни мағлуб этган Крестинин шогирдлари ғалаба қозониб, учинчи ўринни эгаллаб кейинги босқчига чиқишга муваффақ бўлишган. 1/8 финалда мусобақа мезбони БАА билан ўтган баҳснинг асосий вақтида 2:2 ҳисоби қайд этилган ва араблар фақат қўшимча таймлардаги гол эвазига Қирғизистонни мағлуб этишганди.
"Мамлакатда бизни худди биз Осиё Кубогини ютгандек кутиб олишди. Мусобақадан олдин олдимизга Осиёнинг кучли жамоаларига қарши тенгма-тенг курашиш вазифаси қўйилганди. Бутун мамлакат бизга мухлислик қилди. Ҳар бир ғалабадан қанчалик хурсанд, мағлубиятдан шунчалик хафа бўлдик. Энг муҳими, Қирғизистонда футбол борлигини барчага кўрсата олдик. Бу худди Россия терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокини эслатиб юборди. Қирғизлар ўз миллий терма жамоалари билан фахрланишади",- дейди россиялик мутахассис.
Ҳақиқатан ҳам дебют иштирокда қитъанинг номдор термаларига муносиб қаршилик кўрсатиш, гуруҳдан чиқишни уддалаган Александр Крестинин муносиб тақдирланган.
"Бизни шахсан мамлакат президенти қабул қилди. Йигитларга исм-фамилияси туширилган соат совға қилишди. Менга ҳукуматнинг энг юқори мукофотини беришди, яъни "Данакер". Бундай мукофотга лойиқ инсонлардан Сергей Лавров, Дмитрий Медведев, Йозеф Блаттер, Сергей Шойгу, Режеб Эрдўған кабилар бор. Шундай буюк инсонлар билан бир қаторда бўлишнинг ўзи бахт",- дейди мураббий.
"Бунёдкор"га мос мураббийми?
Ҳозирги кунда "қалдирғочлар"га натижа келтира оладиган, янгича қон олиб кирадиган, қатъий принципларига, назоратни қўлга оладиган, ўз вазнига эга эга мутахассис зарур. Крестинин бошқарган жамоалар на ҳимоявий, на ҳужумкор жамоа сифатида биламиз. У қўл остидаги футболчиларнинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўйин услубини тузиб чиқади. Бундан билиш мумкинки, "Бунёдкор"ни ўзи билган услубда эмас, футболчиларнинг кучли тарафлари, имкониятидан фойдаланган ҳолда жамоа тузади.
Унинг ёшлар билан ишлаши ҳақида яна гапирадиган бўлсак, Александр ёшлар жамоаларининг йиғинларини, улар иштирокидаги мусобақаларни кузатиб борар ва ўша ердан миллий терма жамоага футболчи чақиришдан қўрқмасди. Айнан унинг қўл остида Қирғизистон миллий терма жамоасида 19 ёшли футболчилар тўп тепа бошлашди. Дейлик, 2000 йилда туғилган Гулжигит Аликулов 2019 йил 11 июнь куни 18 ёшида Фаластинга қарши ўйинда дебют қилган. Мураббий ўз интервьюларида футболчининг ёшига қарамаслигини кўп бор айтади. "Бунёдкор"да у ўринбосарлар, ёшларни асосий таркибга жалб қилишда муаммога дуч келмайди, деб ўйлайман. Бу ерда яна бир муҳим фактор мураббийдаги катта тажриба.
"Мен исталган таклифлар учун очиқман. Музокаралар ўтказишни ҳеч ким бекор қилмаган. Тўғри, мураббийлик фаолиятимдаги маълум талабларим мавжуд. Лекин гаплашиб кўриш мумкин. Муаммо йўқ. Муҳими, истак ва хоҳиш. Нега энди йўқ? бу нормал ҳолат. Таклиф бўлгани яхши, лекин бу ҳар иккала тарафни ҳам қизиқтириши ва икки томонлама маъқул келиши муҳим. Чунки ҳар қандай мураббий доим юқорига интилишга ҳаракат қилади. Янги вазифа ва чорловларни қабул қилишни ёқтираман. Лекин вазифам ҳозиргидан кўра қийинроқ ва марра каттароқ бўлиши лозим",- деган эди Крестинин 2019 йил сайтимизга берган интервьюсида.
Жамоа ҳозирда турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. Демак, мавсумни яхши ўринларда якунлаш имконияти ҳали йўқотилмаган. Бу орада клуб Крестининга қандай шароитларни яратиб бериши, таркибни кучайтириш масаласи ва мураббий билан неча йиллик шартнома имзолаши асосий планга чиқади. Хорижлик мураббийнинг талаблари табиийки ўзимизнинг мураббийларникидан фарқ қилади, талаб қила олади, керакли нарсани сўрайди. Кўрамиз, Александр Крестинин "қалдирғоч"ларни қайта парвозга тайёрлай олармикан? Яна бир қулай тарафи шуки, россиялик мураббий учун ўзбек футболи нотаниш ҳисобланмайди. У доим чемпионатимизни, жамоаларни кузатиб боради. Футболчиларнинг потенциалини билади.
Комментарии