11 йил олдинги интервью. Равшан Ҳайдаров: "Менинг ҳеч қандай таниш-билишим йўқ"
24 янв 2018 13:34
Новости
11 йил олдинги интервью. Равшан Ҳайдаров: "Менинг ҳеч қандай таниш-билишим йўқ"
Албатта, финалга чиқишнинг ўзиёқ биз учун тарихий натижа. Чунки аввалги икки мусобақада ҳатто гуруҳдан чиқа олмагандик.
Ушбу натижа замирида мураббийлар штабининг меҳнати катта эканлигини айтиб ўтмасак бўлмайди. Айниқса бош мураббий Равшан Ҳайдаров жамоа финалга етиб келиши учун катта ҳажмдаги ишни бажарди дея оламиз. Биринчи ўйинда Қатарга имкониятни бой берганимиздан сўнг кўпчилик Ҳайдаровни танқид қилгани бор гап. Аммо энди вазият ўзгарди, ҳаммамиз жамоадан чемпионликни кутяпмиз.
Ўзбекистон финалга чиққач, менда Равшан Ҳайдаров ҳақида мақола ёзиш фикри туғилди. Шу пайт бундан анча олдин Ҳайдаров билан қилган суҳбатим ёдга тушди. Электрон почтамнинг архивини титкилаб ўша интервьюни топдим. Интервью 2006 йилнинг октябрь ойида "Футбол Экспресс" газетасида чоп этилган экан. Мана шунга ҳам 11 йил бўпти. Бу 2006 йилда туғилган бола 11дан ошиб 12 ёшга қадам босди деганидир.
Қуйиша ўша суҳбатнинг айрим савол-жавобларини ўзгартирмаган ҳолда келтириб ўтамиз. Балки бу ҳам ўқувчиларимизга маъқул келса ажаб эмас. Қолаверса, Ҳайдаровнинг ўзи ҳам ўқийдиган бўлса, ўша эски хотираларни ёдга олишига шубҳам йўқ.
Равшан Ҳайдаров: "Менинг ҳеч қандай таниш-билишим йўқ"
"Пахтакор" жорий мавсум ҳам ўзидан кутилган ўйинни кўрсатяпти. Йил бошида ушбу жамоани Валерий Непоминяший қабул қилиб олганди. Бироқ унинг устозлигида пахтакорчилар Чемпионлар лигасида муносиб иштирок эта олишмади. Кейинчалик миллий терма жамоамиз Тошкентда Гонконг билан дуранг ўйнагач, Непомняший "Пахтакор"даги вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига Равшан Ҳайдаров бош мураббий этиб тайинланди.
Ҳайдаров ҳақида сўз борганда ҳар ким турлича фикр билдиряпти. Баъзилар уни омадли мураббий деса, бошқалар "Пахтакор" шундоқ ҳам кучли бўлгани учун Ҳайдаровнинг бу ерда иши юришяпти дейишмоқда. Ҳатто орамизда Равшан Ҳайдаровнинг футболда "ўз одами" бор, шу боис "Пахтакор"да ишлаб юрибди деяётганлар йўқ эмас. Хўш, аслида ҳам шундайми? Биз яқинда "пахтакорчилар" бош мураббийи билан учрашиб, баъзи саволларга жавоб олдик.
- Равшан Акмалович, "Пахтакор" миллий терма жамоага база бўлганидан бери чемпионликни мавсум поёнига етмаёқ қўлга киритяпти. Айтинг-чи, шогирдларингиз учун чемпионатда ўйнашнинг қизиқарли томонлари борми?
- Ўйлайманки, футболчилар чемпионликка шунчаки оддий қарашмайди. "Пахтакор"нинг 4-5 йилдан бери муддатдан олдин чемпион бўлиши бу ерда олиб борилаётган катта ҳажмдаги ишнинг маҳсули деб биламан. Биз чемпионликка осонликча эришаётганимиз йўқ. Жамоа мавсум мобайнида бир текис ўйин кўрсатиши учун олий лига бошланишидан аввал яхши тайёргарлик олиб борамиз. Мавсум олдидан чемпионлик бизнинг қўлимизда деган фикр ҳеч кимда бўлмайди. Фақат жиддий тайёргарлик кўришга интиламиз. Футболчиларни доим юқори савияда ушлаб туриш учун кўп меҳнат қилиш керак. "Пахтакор"да бош мураббий бўлмаса ҳам, жамоа зафар қучаверади каби гапларни кўп эшитдик. Аммо бу нотўғри фикр.
- Футболчиларни кучсиз жамоалар билан бўладиган ўйинларга қандай тайёрлайсиз?
- "Нефтчи", "Насаф" сингари кучли клубларга қарши жамоани тайёрлаш кучсиз клубларга қарши осон кечади. Чунки йигитлар қайси ўйинда осон, қайси бирида қийин бўлишини яхши билишади. Қуйи ўринларда бораётган жамоаларга қарши футболчиларни тайёрлаш осон эмас. Негаки, истайсизми-йўқми, бундай пайтда футболчида барибир ғалаба қозонамиз деган фикр бўлади. Мураббийнинг вазифаси эса футболчида шундай фикр келмаслигининг олдини олиш.
- Таркиби номдор ўйинчилардан иборат жамоани бошқариш учун мураббий қандай бўлиши керак?
- Юлдузлар ҳурмат қиладиган мураббий бўлиш керак. Лекин мен чемпионатимизда юлдуз ўйинчилар кўп деган фикрдан йироқман. Машҳур футболчиларнинг кўпайиши жамоа қандай муҳитда эканлиги ва ишлар қай тарзда олиб борилаётганига боғлиқ. Баъзи жамоалар кимнидир сунъий юлдуз қилиб қўйишади. Мағлубиятга учраса ўша футболчи ўйнамагани учун шундай бўлди дейишади. "Пахтакор"да эса бу каби ҳолатлар имкон қадар кузатилмайди. Захира ўриндиғимиз ҳам тор эмас. Ўринбосарлар асосий таркиб вакиллари ўрнини бемалол боса олишади. Қаерда рақобат йўқ бўлса, Ўша жойда футболчиларнинг юлдузлик касалига учраши келиб чиқади. Чунки футболчида мен алмаштириб бўлмайдиган ўйинчи эканман деган фикр юзага келади.
- Ички муҳитга таъсир ўтказиш ҳолати жамоада биринчи бор кузатилишими?
- Йўқ, бу ҳар доим бўлиб келган. "Пахтакор"да футболчиларнинг қандай тарбия олгани муҳим аҳамият касб этади. Футболчи зўр ўйнашидан қатъий назар, интизомни буздими шунга яраша жазосини олиши керак.
- Ўйин пайтида қайсидир футболчи кераксиз вазиятда қизил ё сариқ карточка олса, унга жазо берасизми?
- Албатта. Бу нарса ҳар бир футболчининг шартнома қоғозига ёзиб қўйилган. Жазолашга келганда, кўпинча моддий жазо қўллаймиз. Лекин футболчи учун энг катта жазо бу кейинги ўйинни ўтказиб юбориш.
- Равшан Ҳайдаров шогирдларига нисбатан қаттиққўл эмас деган гапларни эшитамиз. Ўзингизни қандай мураббий деб ҳисоблайсиз?
- Мураббийлар асосан икки хил бўлади, тўғрими? Диктатор ва демократ. Бир нарсани айтишим мумкин, мен диктатор мураббий эмасман. Мен ким билан қандай мулоқотда бўлишни ва машғулотларни қай усулда ўтказишни ўзимга яраша биламан. Қандайлигимга баҳо бериш эса аввало раҳбарият, кейин журналист ва мухлисларнинг иши. Бу борада ўзимга ўзим баҳо бера олмайман.
- Ҳеч футболчиларга бақирган пайтингиз бўлганми?
- Албатта. Бусиз ишлашнинг иложи йўқ. Аммо ҳадеб ўйинчиларга бақириш, майдон четидан туриб баланд овозда кўрсатма берган билан иш битмайди. Менимча, мураббий ўйин бошлангунга қадар ҳаммасини тушунтириб бериши лозим. Шахсан мен шундай усул тарафдориман. "Сизлар майдонга чиқиб ўйнайверинглар, қолганини четдан ўзим айтиб тураман" дейишдан фойда чиқмайди.
- Сиз ҳақингизда гап кетганда, баъзилар Ҳайдаровнинг юқорида таниш-билиши бўлса керак, ҳам "Пахтакор"да, ҳам терма жамоада мураббийлик қиляпти демоқда. Бундай гап-сўзларга жавобан нима дейсиз?
- Ким экан танишим? Мен оддий педагог оиласидан чиққанман. Дадам телевидениеда режиссёр бўлиб 40 йил ишлаган. Онам эса ўрта мактабда дарс берганлар. Қариндошларим орасида ҳеч ким катта-катта лавозимларда ишламаган. Андижонга борганимда, шу ерлик мухлислардан бири олдимга келиб, аввал "Трактор" заводида ишлаган экансиз, кейин ўша ерда ўйнаб "Трактор" жамоасига мураббий бўлганингиз ростми деб сўраб қолди.
Тўғриси, унинг гаплари менга жуда оғир ботди. 1979-80 йилларда Шаҳрихонда икки йил тўп сурганимни наҳотки андижонлик мухлислар билишмаса?! Шунингдек, "Динамо" Самарқанд сафида тўрт йил ўйнаганман. Ҳатто "Пахтакор" ўринбосарлари ва Хоразмда ҳам тўп тепганман. Фақат фаолиятимни тугатиш арафасида "Трактор"га келганман. Ҳаётим футбол билан чамбарчас боғлиқ десам хато бўлмайди.
Мен сизга айтсам, мураббийнинг қандай эканлиги майдонда билинади. Ахир мураббийлик кабинетда ўтириб бажарадиган иш эмас, яқин танишинг борлиги учун ҳеч ким сенга ғинг деёлмаса. Мен бир нарсага тушунмайман, қандай қилиб таниш-билиш орқали мураббийлик курсисини эгаллаган одам футболда юқори натижаларни қўлга кирита олади? Шу пайтгача нимага эришган бўлсам, кўп йиллик меҳнатим ҳосили деб биламан.
Мен футболга бошқа соҳадан адашиб келиб қолган одам эмасман. Сиз журналистлар шуни мухлисларга етказиб қўйинглар. Яна бир гап. Германияга ўқишга боришимдан олдин рўйхатда уч кишининг номзоди кўрсатилганди: Игорь Шквирин, Фарҳод Магометов ва мен. Номзодлар орасидан фақат мени танлаб олишганида, нега уларни чақирмадинглар, яна хафа бўлиб қолишмасин деб сўрагандим. Ўшанда сизнинг мураббийлик соҳасида икки йиллик тажрибангиз бор экан, шунинг учун таклиф қиляпмиз деган жавобни олдим. Эҳтимол, "Пахтакор"да ишлаб менга омад кулиб боққандир, аммо яна қайтариб айтаман, бу клубда ёки терма жамоада ишлашим учун ҳеч қандай таниш-билишчилик бўлмаган.
- Сизда шу пайтгача ўртамиёна жамоалардан бирини бошқариб, ниманидир исботлаш фикри туғилганми?
- "Пахтакор"га келмасимдан олдин "Трактор"да эдим. Жамоа 8-10 ўринларда юрса ҳам бу кўрсаткич "Трактор", қолаверса мендек ёш мураббий учун катта натижа эди. "Пахтакор"да ишлашни эса ўзим учун бахт деб биламан. Чунки бу ерда фаолият юритаётган мураббий ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа чопиб пул топиш илинжида бўлмайди. Менинг вазифам мураббийлик ва қўлдан келганча раҳбарият ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Комментарии