"Ювентус" стадиондан қандай фойдаланмоқда?
22 дек 2016 23:30
Новости
"Ювентус" стадиондан қандай фойдаланмоқда?
Стадиондан пул ишлаб топиш бўйича туринликлар Апеннин ярим оролида яққол етакчига айланиб олишган. Стадион директори Франческо Жионелло Россиянинг “Спорт турларида менежмент” факультети талабалари билан учрашувда муваффақият сирлари ва бошқа қизиқарли ҳолатлар хусусида берилган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
— “Ювентус” тизимида стадиондан ишлаб топилаётган пуллар миқдори клубнинг умумий даромадида нечанчи ўринда туради?
— Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. клубнинг ўтган мавсумдаги даромади 387,9 миллион еврони ташкил қилди. Фойда эса 4 миллион евродан кўпроқ бўлди. Аренадан ўйин кунлари тушумлар эса бунинг 16 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич бўйича Европада 9-ўринда жойлашганмиз. Бир ўриндиқ келтираётган ўртача даромад борасида эса 6-поғонадамиз. “Ювентус”нинг ўйин кунлари топаётган пули “А” серияда қолган жамоалар қилаётган даромаднинг чорак қисмидан кўпроғидан иборат. Ўтган мавсумда барча клублар 210 миллион евро ишлаб топишганди.
Ушбу ҳолат кўпчиликни ажаблантириши мумкиндир, аммо бошқа тарафдан ўртача ташриф миқдорига назар ташласак, барчаси тушунарли бўлади. “А” серияда ўртача ташриф 22 мингга тенг, бизда эса 39 мингдан иборат. Ўз-ўзидан фарқ тушунарли. Яна бунга айни пайтда Италияда хусусий стадионига эга бўлган икки клубдан бири эканимизни қўшинг. Аксарият рақибларимиз ўзларига тегишли бўлмаган ва ижарага оладиган стадионлардан фойдаланишади. Эски ареналар эса замонавий талабларга жавоб бермайди, уларда қулайликлар яратилмаган. Меҳмондўстлик ложалари кўпларида йўқ. Шу сабабли улардан фойдаланишда биздек даромад олиш шунчаки мумкин эмас.
Стадионнинг ўйин кунлари топаётган даромади айнан шулардан иборат. Лекин аренани умумий ишлатишда бошқа манбаларга ҳам эгамиз. Бунда биз фақат футбол учрашувлари билан кифояланмаймиз. Уларнинг аниқ рақамини келтира олмайман. Шуни таъкидлайманки, биз ҳафтасига 7 кун ва йилига 364 кун ишлаймиз.
Бир йил давомида 130га яқин турли тадбирлар учун стадионни ижарага берамиз. Улар футболга тааллуқли эмас. Стадион ҳудудида жойлашган музейга йилига 170 минг одам ташриф буюради. Музейнинг ёнида тиббий ташхис маркази фаолият юритмоқда. Унда гидромассаж ванналари ва икки спорт зали ҳам мавжуд. Биринчи навбатда марказ футболчилар учун мўлжалланган, аммо оддий одамлар ҳам муаммолари билан у ерга мурожаат этишлари мумкин.
Йилдаги ягона дам олиш куни аренада Рождество байрамида кузатилади. Ўша куни қўриқчилардан бошқа барча дам олади.
— “Ювентус” “Делле Альпи” стадиони ва кейин “Олимпия”да ўйнаган вақтга таққослаганда тушум сезиларли даражада ўсган. Бу фарқни рақамларда қандай ифодалаш мумкин?
— Фарқ катта. Бир статистикани айтаман: 2008/09 йилги мавсумда “Олимпия” стадионида ўйнаганмиз. Ўшанда умумий даромад 203 миллион, ўйин кунги тушумлар 11 миллион еврога тенг бўлган. Янги аренага кўчган илк мавсумимиздаёқ ўйин кунги даромадлар дарҳол уч бараварга ошди. Ўтган мавсум ишлаб топган пулимиз 388 миллионнинг деярли 60 миллиони айнан стадионда ўйин кунги савдолар натижасида ҳосил бўлган. Саккиз йил фарқ орасида ўртадаги тафовут сезиларли даражада. Бундай ўсишнинг асосий сабабларидан бири янги стадионга кўчиб ўтилганидир.
“Делле Альпи” билан ҳозирги аренани даромад бўйича солиштириб бўлмайди. Бошқа жиҳатлар борасида ҳам, албатта. Гап шундаки, аввалги стадион ноқулай иншоот бўлган. Унинг меъморий тузилиши туфайли футбол кўриш жуда қийин юмушга айланганди. Тўғри, ўша пайтдаги талаблар бўйича у замонавий ва эски бўлмаган арена саналарди. Уни 1990 йилги жаҳон чемпионати учун қуриб битиришган. Бироқ у футбол учун мўлжалланган стадион эмасди. У ерда енгил атлетика йўлакчалари бор эди, трибуналар майдондан анча узоқда жойлашганди. Қолаверса, трибуналар ён тарафга қараб чўзилиб кетганди.
Ҳозир биринчи қатордан майдонгача бўлган масофа 7,5 метрни ташкил қилади. Тўпнинг овози ва мураббийларнинг кўрсатмаларини ҳам эшитиш имконияти мавжуд. “Делле Альпи”да эса биринчи қатордан майдонгача бўлган масофа 100 метр атрофида бўлган. Бошқа жойларни эса қўяверинг. Бирор нарсани эшитиш тугул, кўриш ҳам қийин секторлар бор эди. Айниқса, қишда туман тушган пайтда майдонда нима рўй бераётганини кўриш қийинлашарди.
1990-йилларда яна пулли телевидение пайдо бўлиб, ўйинларни уйдан чиқмасдан кўриш имкони юзага келганди. Шу сабабли бу стадионларга ташрифга катта салбий таъсир кўрсатган. Қисқаси, кунларнинг бирида “Бавария” билан Чемпионлар лигаси учрашувига 18 минг ишқибоз ташриф буюрган. Ўшанда нимадир жойида эмаслигини тушуниб етгандик. Янги стадион қуриш ҳақида ўйладик. 2006 йил “Альпи”дан “Олимпия” стадионига кўчиб ўтдик. 2009 йил эса янги стадионни қуришни бошладик ва 2011 йил уни ишга туширдик.
— Янги стадион қуриш “Ювентус”га қанчага тушган? Клуб бунинг учун кредит олганми ва уни қандай тўламоқда?
— Умумий сармоя 150 миллион еврони ташкил этди. Харажатлар эски стадионни бузиш ва унинг ўрнида ҳозирги аренани қуриш, шунингдек, ерни 99 йилга ижарага олиш учун 20 миллион евро сарфланган. Кредитларга келсак, уларни олганмиз. Қарзни қайтариш муддати 10-12 йилдан иборат. Ҳозир режадан олдинда боряпмиз. 10 йил охирида улардан тўлиқ қутуламиз. Ривожланиш бизда жуда яхши ҳолатда.
— “Делле Альпи”да ўриндиқлар сони 67 мингта эди, янги аренада эса 41 минг. Нега айнан шу рақамда тўхталгансизлар?
— Ўшанда маркетинг тадқиқотлари 41 минг энг тўғри қарор эканини кўрсатган. Аввалги икки стадиондаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда шу қарорга келганмиз. Агар уни ҳозир лойиҳалаштирганимизда сиғимни 50 минггача кўтаришимиз мумкин эди. 2011 йилдан бери эришилган кетма-кет 5 чемпионлик “Ювентус”га бўлган қизиқишни кескин даражада ошириб юборди. Бироқ ўша пайтда ким ғалабаларни олдиндан айтиб бериб, режалаштириши мумкин эди?
— “Ювентус”нинг уй ўйинларига ўртача ташриф 39 минг эканини айтдингиз. Уларнинг қанча миқдорини абонемент эгалари ташкил этади? Абонементлар қанча пул туради?
— Саволга жавобда айтишим мумкинки, 80 фоиз учрашувларимизга чипталар тўлиқ сотилади. “Наполи” билан жорий мавсумдаги ўйинимизда эркин савдога бирорта чипта чиқарилмади. Чунки 28 минг абонемент соҳиблари имтиёз тарзида дўстлари учун яна бир чипта сотиб олиш ҳуқуқига эга саналади. Айнан шундай рақибларга қарши учрашувларда бундан фойдаланиб, яқинлари ва дўстлари учун чипта харид қилишади.
Умуман олганда, 40 минг жойнинг барчасига абонементларни сотиш муаммо туғдирмайди, аммо буни амалга оширмаймиз. Чунки қолган аудиторияни ранжитмаслик лозим. Туринга келган сайёҳ “Ювентус” иштирокидаги учрашувни томоша қилиш имкониятига эга бўлиши даркор деб ҳисоблаймиз. Чиптага эга бўлиш осон бўлмаса ҳам барибир унда қандайдир имконият қолиши шарт.
Биз яна чипта ва абонементларни бошқа шахсга ўтказиш тизимини ишлаб чиққанмиз. Бирор ўйинга уларнинг эгалари кела олмайдиган ҳолатлар учраб туради. Шунда абонемент эгаси ўриндиғи бўш қолиб кетмаслиги учун шартномада бир кишидан уч кишигача бўлган рўйхатни келтиради. Улар эса ўша шахснинг ўрнига стадионга ташриф буюра олишади. Ёки сотиб олинган чиптани клубга қайтариш имкони бор: у қайта савдога чиқарилади, чиптанинг аввалги эгаси тўлаган пулининг 85-87 фоизини қайтариб олади.
Нархларга келадиган бўлсак, улар аниқ жой, учрашув савияси, ёш ва ижтимоий келиб чиқишига бориб тақалади. Жанубий трибунадаги мухлислар секторига абонемент 400 евро туради холос. ВИП жойлар эгалари бунинг учун 3200 евродан 11700 еврогача тўлашлари талаб қилинади. “Клуб афсоналари” деб номланган махсус ўриндиқлар учун чипталар Италия чемпионати ўйинлари пайтида 200-600 еврони ташкил этади. Ўтган йили “Реал” билан Чемпионлар лигаси ярим финалида уларнинг донасини 1200 евродан сотувга чиқардик ва барчаси 19 дақиқа ичида сотилиб кетди.
Бундан ташқари, оилавий ташриф буюрувчилар учун 200 жойга эгамиз. Унда бутун оила билан стадионга келиш арзонроқ туради. 6 ёшгача бўлган болаларни бепул олиб келиш мумкин. Фақат учрашув мобайнида уларни болалар хонасида қолдиришга тўғри келади. У ерда болаларни турли қизиқарли нарсалар билан хурсанд этишади.
— Стадионда корпоратив ложалар сони қанча?
— Олтмиш иккита. Бу борада Италияда мутлоқ етакчимиз. Стадион энди битган пайтда бунча жойни сота олмасликдан қўрққандик. Бахтимизга айни пайтда корпоратив ложа ва ВИП сектор чипталари энг харидоргир бўлмоқда. Уларнинг миқдори 4 мингтани ташкил этади, сиғимнинг 10 фоизи атрофида. Улар умумий даромаднинг 40 фоизини келтиради. Уларнинг 90 фоизи абонемент дастурлари асосида эгаларига топширилади.
— “Ювентус” беш йилдан бери янги стадионда ўйнамоқда, аммо арена ҳамон тижорий номга эга эмас. Бу нима билан боғлиқ?
— Бу бизнинг муаммо саналмайди. 2011 йил бу ҳуқуқни бир маркетинг агентлигига сотганмиз. Улар эса харидор топиб, “Ювентус” стадионини номлаш ҳуқуқига эга саналади. Ўша компанияга бу ҳуқуқни 12 йилга 42 миллион евро эвазига пуллаганмиз. Ҳалигача улар кимнидир топмагани сабабини билмайман. Буни қандай тушунтиришни ҳам.
Тўғрисини айтсам, улар бу имконни қўлдан бой беришди деб ўйлайман. Чунки стадион анчадан бери “Ювентус” деб номланмоқда, бунга барча кўникиб бўлди. Ҳозирги пайтда амалдаги шартнома тугашига 7 йил қолди. Бу вақт ичида ўша компания бирор келишувга эга чиқмаса, ундай ҳолда 42 миллион еврони бизга шунчаки совға қилишган бўлиб чиқади.
— Музей ҳақида батафсил айтиб берсангиз. У қандай даромад келтиради?
— Бизда бир қатор таклифлар бор. Одатий туримиз стадион ва музей бўйлаб амалга оширилади. У бир соатдан ортиқроқ давом этади. Чипта нархи 18-22 евродан иборат. Болалар ва 6 ёшгача бўлганлар учун текин. 28-35 евро тўланадиган тур эксклюзив деб юритилади. Уни сотиб олганларга бонуслар берилади. Музейдаги инсонлар экспонатларни кўриши билан бирга уларга тегиниши ҳам мумкин бўлади. Масалан, кимдир Дель Пьеронинг футболасини ушлаб кўриши мумкин, бошқа биров Буффоннинг қўлқопини. Ҳақиқий медаллар ва кубокларга тегиб кўриб, улар билан суратга тушишлари мумкин.
Яна шаҳар бўйлаб автобусда саёҳат дастурига эгамиз. 20-25 евро эвазига стадиондан бошланиб, уч соатга чўзиладиган турга эга бўласиз. Бошловчи махсус ишлаб чиқилган саёҳат йўлида клуб асосчиларининг учрашган жойи, “Ювентус”нинг илк идораси жойлашган ҳудуд, биринчи стадион саналган “Мотовелодромо” ва шу каби клуб тарихига боғлиқ шаҳар жойларини кўрсатиб, тушунтириш бериб боради.
— Стадионга ўйин кунлари экскурсияга бориш мумкинми?
— Албатта. Агар ўйин куни эрталаб жамоа стадионда шуғулланса, унда у ёпиб турилади. Машғулот тугаши билан 15 дақиқалардан кейин биз биринчи гуруҳга рухсат берамиз. Ҳар 15 дақиқада янги гуруҳлар айлангани киришади.
Экскурсия ўйин бошланишига икки соат қолганда якунланади. Шу маҳалда одамларни стадионга киритиш бошланади. Бундай турга чипта сотиб олган мухлислар ўйинга тайёргарлик, менежерлар жамоа либосларини кийиниш хонасига элтаётганини бевосита кўришлари мумкин. Бундай нарсаларни кўриш ҳақиқий ишқибозлар учун қизиқарли. Учрашув кунлари 2 мингтагача бўлган чипталарни айланиш учун сотамиз.
Шундай ишлаймизки, кунини “Ювентус”га бағишлашни хоҳлаган инсон ёки компания буни осонлик билан амалга оширсин ва унга кун мобайнида зерикарли бўлмасин. Улар тонгдан Турин бўйлаб саёҳатга чиқишади, кейин аренада турда бўлишади, сўнг музейга ташриф буюришади. Кейин эса стадион ёнидаги савдо марказига кириб, у ерда вақт ўтказа олишади. Марказда 64 магазин жойлашган. Ундан “Ювентус”га тааллуқли нарсаларни сотувчи дўконлар, ресторан, кафе ва вақтни кўнгилдагидек ўтказиш учун барча шароит яратилган.
Оқшом тушганда эса бемалол учрашувга ташриф буюриш мумкин. Ўйин бошлангунга қадар стадионда одамларга хурсандчилик улашадиган нарсалар ташкил этилган. Караоке, стол футболи, 24 кафе, 6 буфет, ВИП мижозлар учун 10та хизмат кўрсатувчи жойлар тайёр туради. Клуб магазинига кира олмаганлар учун стадионнинг ўзида ҳам харид қилишга шароит муҳайё қилинган. Ҳар бир учрашувда 4 жойда сотув ташкил қилинади.
Бевосита беллашув бошланишидан аввал меҳмонларни яна бир шоу билан хурсанд қиламиз – яқинда махсус техник жиҳозларни ўрнатдик ва энди аренада чироқлар шоусини ўтказяпмиз. Мисол учун, 29 октябрда “Наполи”га қарши баҳсда ҳамкоримиз “Jeep” компаниясининг 75 йиллигига бағишланган махсус лавҳани тақдим қилдик. Томоша қилган барчада у катта таассурот қолдирди.
Ҳамкорлар билан ишлашда янги жиҳозлар туфайли кўпроқ имкониятларга эга бўлдик. ҳомийларга оддий реклама таклиф қилиш ва буни чироқлар ёрдамида чиройли амалга ошириш ўртасида катта фарқ мавжуд.
— Стадионда концертлар тез-тез ўтказиладими?
— Ҳозиргача ўтказилмаган. Стадионлар учун концертлар қўшимча даромад олиб келади, аммо биз бундан фойдаланмаймиз. Стадион биринчи навбатда футбол учун қурилган, у талабимизга идеал жавоб бериши шарт. Концертлар эса майдон учун катта хавф туғдиради. Майдонимизга нисбатан таваккал қилишни истамаймиз.
— Стадионда неча нафар ходим ишлайди?
— Доимий штатда 28 одам. Ўйин кунлари бу ерда ишлайдиган ходимларнинг умумий сони бир ярим минг нафарга етади. Бундай кунларда биз 55 нафар паркинг билан шуғулланадиган, 50 ошпаз, 250 официант, 180 бармен, 40 фаррош ва бошқалар хизматига эҳтиёж сезамиз. Уларнинг иши учун оладиган ҳақига келсак, бир учрашувда клуб жалб этилган шахсларга умумий ҳисобда 130 минг евро тўлайди.
— Стадионда хавфсизлик қандай таъминлангани ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Ўйлашимча, бу мавзуда гап очганда сўзни 2007 йилги воқеадан бошлаш лозим. Ўшанда Катанияда маҳаллий жамоа ва “Палермо” ишқибозлари ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида полициячи ўлдирилган. Шундан кейин чемпионатни қисқа муддатга тўхтатиб ҳам қўйишганди. Ўша ҳодиса бу масалага эътибор ўзгариши, барчасига жиддий ёндошилишига олиб келган.
Стадионда хавфсизликка талаб қонун томонлама кучайтирилди. Барча чипта ва абонемент расман томошабинларнинг номига расмийлаштирилиши, ўйинга келганлар шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши белгилаб қўйилди. Ареналар электрон турникет ва видеокамералар билан таъминланди. Улар ёрдамида мухлисларнинг ўзини тутишини бошқариш мумкин бўлди. Нафақат стадион ичкариси, балки унинг атрофида вазиятни кузатиб бориш имконияти юзага келди. Стадионларда пиротехник воситалардан фойдаланиш тақиқланди. Тартибни бузганлар футбол учрашувларига киритилмаслиги ва жаримага солиниши борасида қоида ишлаб чиқилди.
Ҳозир айнан шу қоидалар бўйича ишлаймиз. Стадионимизда Италиянинг бошқа стадионларида бўлганидек юқори тўсиқлар, секторларни бир-биридан ажратиб турувчи ойналар ва майдон билан трибуна ўртасида тўсиқлар йўқ. Бу борада замонавий ҳолатни ҳосил қилганмиз. Одамни асабини чиқариш учун уни қафасга солиш керак. Биз бундай ҳолатга йўл қўймаймиз. Шу билан бирга ишқибозларни кузатиш учун барча чораларга эгамиз. Юзага келиши мумкин бўлган ҳодисанинг олдини олишга интиламиз. Стадион ичи ва атрофи юқори сифатли видеокамералар ёрдамида кузатиб борилади.
— Стюардларни тайёрлаш билан ким шуғулланади? Ўйин давомида уларнинг неча нафари ишлайди ва уларга қанча пул тўланади?
— 2014 йилгача бу иш билан биз учун бошқа компания шуғулланарди. Вазият шунга етдики, биз бундан қониқмай бошладик. Бошқа компания томонидан жалб этилган стюардларга стадионда муносабат яхши бўлмади. Кўпчилик ишқибозлар уларни чиптага пули етмаган омадсизлар сифатида кўрарди.
Бу ҳолатни ўзгартириш учун стюардлар обрўсини ошириш талаб этиларди. Шу сабабли уларни клуб аъзоси, оиламизнинг бир қисмига айлантиришга қарор қилдик. Ҳозир стюардларни танлаб олиш учун ўзимиз шуғулланамиз. Бунинг учун штатдаги ходимларимиздан етти нафари жавоб беради.
Бир учрашувда 550-700 стюард хизматидан фойдаланишимиз мумкин. Уларнинг маошига келсак, бу унчалик кўп эмас. Клуб уларга соатига 10 евро тўлайди. Уларнинг учрашув куни ўртача иш вақти 5 соатдан ортиб кетмайди.
Яна бир жиҳатни қайд этиб ўтиш лозим: стюардларнинг 47 фоизини аёллар ташкил қилади. Улардан аксарияти бошлиқ, яъни гуруҳларни бошқаради. Бу ишга улар эркакларга қараганда муносиброқ деб ҳисоблайман. Улар сабрлироқ, самимийроқ, зиддиятли ҳолатларда яхши муомала қилишади. Яна аёлларнинг келиши эркакларга ижобий таъсир этади. Лекин клубимиз ишқибозларининг муносабати яхши бўлмаган жамоа билан ўйнаганимизда стадионнинг хавф келиб чиқиши мумкин бўлган жойларига эркакларни жўнатамиз. Аёлларни бундай ҳолатларда асраш керак.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади
Комментарии