RU

Последние новости

08:30Расман: «Қизилқум»ни яна 4 нафар футболчи тарк этди  0 08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  0 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  7 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  13 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  14 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  5 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  2

Ярим финалга чиқишга қўрқдикми? Новости

Ярим финалга чиқишга қўрқдикми?

Бугун Осиё Кубоги-2023да ярим финал беллашувларига старт берилади.

Иордания ва Корея Республикаси баҳси 1/2 финални бошлаб беради. Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда Қатарга ютқазиб қўйиб мусобақа билан эрта хайрлашди. Ҳозир ана ўша учрашув ҳақида баъзи фикрларимни билдириб ўтмоқчиман. Чунки, айни пайтда эмоциялар ортда қолди ва хотиржам фикрлаш мумкин.

Сречко Катанец: "Мавжуд имкониятлардан келиб чиқсак, Осиё кубогида яхши қатнашдик" (тўлиқ матбуот анжумани)

Сречко Катанец ҳужумчисиз ўйнашга ҳаммани кўниктириб қўйди. Биз фақат Ҳиндистонга қарши 4 ҳимоячи ва соф ҳужумчи билан ўйнадик. Яъни, биздан анча кучсиз жамоага қаршигина шундай ўйнадик. Сергеевдек форвардимиз соппа-соғ пайти ҳам фақат ҳиндларга қарши асосий таркибда тушди. Игорь жароҳат олганидан кейин эса бирорта ҳужумчига бир дақиқа ҳам имкон бермади мураббий. Ўз-ўзидан савол туғилади: Бобир Абдихолиқов ва Азиз Амановга ҳар қандай ҳолатда ҳам ишонмаса нега Осиё кубогига олиб кетди? Уларнинг ўрнига ярим ҳимоячи ва қанот ҳимоячиси олиб кетса бўлмасмиди? Азиз Ғаниев якуний қайдномага киритилмаганида шахсан ўзим ҳайрон бўлгандим. Умуман туширилмайдиган ҳужумчилар ўрнига Азизни олиб кетган яхши эмасмиди? Ёки қанот ҳимоясида муаммоларга дуч келдик. Дилшод Саитов ёки Саидазамат Мирсаидовлардан бирини олиб кетиш мумкинмасмиди? Қатарга имкониятни бой берганимиздан сўнг эронликлардан бири Бобирни нега ўйнатмаяпти деган мазмунда савол берди. Жавобини биз ҳам билмайдиган саволни бериб қолди.

Бобир Абдихолиқовнинг ОК-2023даги бутун фаолияти шу битта расмда мужассам. Катанец Қатарга қарши 2 бор Бобирни майдонга тушиш учун тайёр ҳолда олдига чақирди ва иккала сафар ҳам яна ортга чигилёзди қилаётганлар олдига қайтариб юборди. Бу нима? футболчини устидан кулишми ёки ҳужумчи туширишдан қўрқишми?


Қатарга қарши учрашувда футболчиларимиз ҳаракатланган асосий зона. Гарчи Машарипов ҳужумда тушган бўлса ва у Файзуллаев билан жойини алмашиб ҳаракат қилган бўлса-да, энг олдинда кўпроқ Ўрунов пайдо бўлган. Бу дарвозабонимиз кўпинча тўпни узун пас билан олдинга тепиб юборавериши билан боғлиқ бўлса керак. Чунки, ҳаводан келаётган узун пас учун курашда кичик жуссали Машарипов ёки Файзуллаев баланд бўйли рақиб ҳимоячиларига қарши етарли қаршилик кўрсата олмаслиги табиий. Бунда Остоннинг гавдадаги устунлиги қўл келиши мумкин.

Осиё Кубоги давомида мамлакатимизнинг 2023 йилдаги энг яхши футболчиси бўлиш учун жиддий курашган икки ўйинчимиз бир мартадан жуда ёмон ўйинларни ўтказишди. Остон Ўрунов 1-турда Сурияга қарши ва Аббос Файзуллаев 3-турда Австралияга қарши мусобақадаги энг ёмон ўйинларини ўтказишди. Эътиборлиси, ҳар иккала ўйинчимиз ўша беллашувларда марказий ҳужумда тушишган. Яъни, ўз позицияларида туширилмаган энг яхшиларимиз энг ёмондек кўриниб қолишди.

 

Экстра бўлимларнинг иккинчисида Катанецнинг ёрдамчиси Машариповни олдига чақирди ва ниманидир сўради. Ярим ҳимоячимиз эса чигилёзди қилаётган футболчиларимиз томонга бир он қараб турганча йўқ деган маънода ишора қилиб кетди. Шунда мураббийлар ўйинчи алмаштиришни ўзлари ҳал қила олмай Жалолиддиндан сўрашяптими?

Одил Ҳамробеков ҳисобни тенглаштирган паллада Абдихолиқов майдонга туширилай деб турганди, гол урдик ва унинг майдонга тушиши бекор қилинди. Нега? Руҳий устунлик тўлиғича бизга ўтган, рақиб эса аксинча руҳан синиш ёқасида бўлган эпизодда ҳужумчи тушириб катта куч билан олдинга ўтиб иккинчи ва балки учинчи голни уриб ташлаш мумкинмасмиди. Ҳисобни тенглаштирган заҳотимиз ҳужумчининг тушишини бекор қилгани мураббий учун дуранг натижа қониқарли эканини англатадими?

Терма жамоамиз футболчиларининг 2-экстра бўлимдаги "иссиқ" картаси. Яъни, биз ҳужум қилмадик, тўпни рақибга бердик ва пенальтилар сериясини кутдик. Нега? Олдига янги ўйинчилар тушириб ҳужумга ўтиб қарши ҳужумда гол ўтказиб юбориб ютқазиб қўйишдан қўрқдикми? Ёки экстра бўлимларда ютқазиб қўйишдан пенальтиларда ютқазиш шарафлироқми?


Яшил рангда Қатарга қарши ўйиндаги муваффақиятли алдаб ўтишларимиз, қизил рангда эса муваффақиятсиз алдаб ўтишларимиз. Қизиллар кўпроқ.


Қатар - Ўзбекистон учрашувидаги топ комбинациялар. Биринчи бешталикда Қатарнинг ҳимоячилари туришибди. Улар тўпни олиб майдон марказига яқин жойда ўзаро пас ўйнаб юраверишган. Биз эса ҳужумга одатда узун паслар билан чиқиб кетишни афзал кўрамиз. Қуйида буни яққол акс эттирадиган статистикани келтираман.


Қатар дарвозабони Мешал Баршамнинг ўйин давомидаги аниқ (яшил) ва ноаниқ (қизил) паслари.


Ўзбекистон посбони Ўткир Юсуповнинг ўйин давомидаги аниқ (яшил) ва ноаниқ (қизил) паслари.


Учрашув давомида Юсупов бор йўғи 13та аниқ пас берган, нариги томондаги ҳамкасби Баршам эса 34та аниқ пас берган. Салкам 3 баробар фарқ. Энди ҳар иккала дарвозабоннинг паслари йўналишини солиштиринг. Ўткир асосан олдинга узун пас билан тепиб юборади. Мешал эса ҳимоячи ва ярим ҳимоячилар билан кўпроқ пас ўйнашга интилади. Ўткирнинг ноаниқ паслари аниқларидан анча кўп. Сабаби оддий: олдинга узун пасни ижро этиб тепиб юборади, у ерда эса асли ҳужумчи бўлмаган ва ҳаводаги курашларга кўникмаган вингерлар (Файзуллаев, Машарипов ва Ўрунов) тўп учун курашади. Баршамнинг аниқ ва ноаниқ паслари йўналишига эътибор беринг. У ҳам олдинга узун пасларни ижро этганда кўпроқ хатога йўл қўйган. Дарвозабон олдинга тепиб юборган пасни шеригига етиб бориш ва у ўша тўпни ютиб олиш эҳтимоли 50/50.

Мураббий ўйин пайти ютишни жуда ҳам хоҳлаб юбормади ва экстра бўлимларда жамоамиз очиқчасига пенальтилар серияси учун ўйнади. Деярли олдинга бормадик ва бирор позицион ҳужум қилмадик. Шунга яраша мураббийлар жамоани пенальтилар сериясига тайёрлашмаган ҳам экан. Яна ўша савол: Нега? Серия учун 11 метрликни яхши тепадиган Жамшид Искандеровни майдонга тушириш учун 2 бор чақиришди ва яна тўхтаб тур деган маънода пауза ушлашди. Шу билан вақт тугаб қолди ва бош ҳакам хуштагини чалиб ўйинни тугатиб юборди. Жамшидни эса майдонга туширишга улгуришмади. Худди Бобир билан бўлгани каби Искандеровни ҳам калака қилишдими? Яна ўша савол: Нега? Нега Жамшид 1 ёки 2 дақиқа олдин туширилмади? Ёки олдинроқ туширилса унинг жойидан гол ўтказиб юборишимиз мумкинмиди? Ҳатто пенальти тепадиган ўйинчимизни туширишни ҳам эплолмадик.


Кўп жойда омад туфайлигина ярим финалга чиқа олмадик, чорак финалгача келганимиз яхши қатнашганимиз қабилидаги сўзларга кўзим тушяпти. Бош мураббий ҳам натижадан қониқдим дебди. Менимча эса бош мураббий натижадан қониқмадим, менинг жамоам бундан кўпига қодир, биз бундан яхшироқ иштирок эта оламиз дейиши керак. Албатта, бу шахсий фикрим. Мураббийни ўзида руҳияти максимал бўлиши керак, максимал натижа учун интилиши керак, олдинга ўтишдан чўчиб пенальтиларга олиб боришга уриниши эмас. Мураббий ўзи жанговар бўлиши ва ўша жанговар руҳиятини ўйинчиларга ҳам ўтказа олиши зарур. Мен биздан анча кучсиз Қатар ярим финалга чиқиб биз қолиб кетганимиздан афсусдаман. Биз шунча жароҳатларимиз бор ҳолатда ҳам ҳозирги Қатардан кучлимиз ва буни ўйинда кўрсатиб қўйишимиз зарур эди.

Сречко Катанец учун ушбу Осиё Кубоги жуда катта дарс бўлиши керак. Агар у хато ва камчиликлардан керакли хулоса чиқармаса бу натижалар бекор кетган бўлади. Ўзи шунча вақт давомида умуман рақобат яратмагани дарвоза ва марказий ҳужумда рақобатни юзага келтириши керак. Исталган ўйинчи машғулот ва ўйинда борини бермаса, хато қилса захирада қолиши мумкинлигини ҳис қилиши керак. Ҳозирги терма жамоамиз ва футболчиларимиз жуда кучли, шахсан мен уларга ишонаман. Мусобақадаги барча жамоалар ўйинини бевосита стадиондан кўрган одам сифатида айтишим мумкин-ки, агар ҳамма ўйинчиларимиз соппа-соғ бўлганда биз чемпионлик учун кураша олган бўлардик. Бизда жуда кучли авлод етишиб чиқди ва уларни тўғри йўналишда ўйнатиш керак.

Автор : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +23   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика