Усмон Тошев: "Расман бош мураббийманми ё йўқми, бу мен учун муҳими эмас"
05 июл 2018 12:16
Новости
Усмон Тошев: "Расман бош мураббийманми ё йўқми, бу мен учун муҳими эмас"
Кеча бош мураббийлар иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди. Бунда мураббийлар бир нечта саволларга жавоб қайтаришди. Бизни қизиқтирган мавзу эса кўпроқ Усмон Тошевнинг фикрларини эшитиш эди. Шу боис матбуот анжумани якунига етгач, Тошевдан алоҳида интервью олдик.
- Усмон Қудратович, аввало ушбу ёшдаги терма жамоага бош мураббий этиб тайинланишингиз қандай рўй берди?
- Ҳаммаси жойида. Менга ЎФА раҳбариятидан таклиф бўлди ва буни жон деб қабул қилдим. Менга 65 нафар футболчидан иборат рўйхатни тақдим этишди ва улгурганимча энг яхшиларини саралаб олдим. Таркибимизда "Бунёдкор", "Пахтакор", "Насаф" тарбияланувчиларидан ташқари Хоразмдан ҳам фуnболчи бор. Авваллари ўзим ҳам ўйлаб қолардим: нима учун аксар терма жамоаларга фақат "Бунёдкор" билан "Пахтакор"дан футболчи олишади деб. Кейин қарасам, бу жамоаларда ўйнаётганларнинг кўпи вилоятлардан экан. Асл тошкентлик футболчилар жуда кам. Селекция жараёнида ёрдамчим Бахтиёр билан ўйинларга бордик, машғулотларни кўрдик ва шу орқали ўйинчиларни саралаб олдик. 29 июндан йиғилиб тўртта машғулот орқали мусобақага тайёргарлик кўрдик.
- Билишимча, ЎФА Усмон Тошев U-16 терма жамоасига бош мураббий бўлди деб расман эълон қилгани йўқ. Шундан келиб чиқиб сиз синов муддати асосида ишлаяпсизми ёки буйруқ чиққанми?
- Бу савол ҳаммага қизиқарли бўлиши мумкин. Тўғриси, бунга ўзим ҳам аҳамият бермабман, яъни буйруқ чиққанми-йўқми, билмайман. Лекин бу мен учун муҳими эмас. Асосийси мени таклиф этишди ва турнирда яхши иштирок этишимиз кераклигини айтишди. "CAFA U-16 Championship" тугаганидан кейин 2002 йилда туғилган болалар жамоаси тарқалиб кетади ва биз энг яхшиларни 2001 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоага жамлаймиз. Менинг ҳозир бор эътиборим яхши футболчиларни танлаб олишга қаратилган, расман бош мураббийманми ёки йўқми, бу иккиламчи масала.
- Маълумки, охирги ишлаган жамоангиз "Андижон" клуби бўлганди. Шундан бери нима ишлар билан машғул бўлдингиз?
- Яхши биласиз, мен ФИФА ва ОФК йўриқчиси бўлиб ҳам ишлайман, яъни мураббийларга дарс ўтаман. Шу боис асосан мураббийларни ўқитиш билан машғул бўлдим. Қолаверса, Про-лига "Б" гуруҳида қатнашаётган "Ғиждувон" жамоасида маслаҳатчи бўлиб ишладим. Бир сўз билан айтганда, футболдан чиқиб кетганим йўқ, доим шу соҳа ичидаман. Бу орада бизнес ҳам қилмадим, бирданига футбол борлиги эсимга тушиб қайтганим ҳам йўқ. Ҳамиша футбол биланман. 30-35 йилдан бери шунинг ичидаман дея оламан.
- Охирги йилларда асосан катталар жамоасида ишлаб келдингиз. Ёшлар ва болалар футболи эса бутунлай бошқа олам. Бунда доим болаларга нимадир ўргатиш, ҳатто ҳолидан хабар олиб туришга тўғри келади. Шуни ҳисобга олиб савол берадиган бўлсам, болалар футболидан узоқда эмасмисиз?
- Мен бундай деб ўйламайман. Чунки шу пайтгача асосан "С" лицензияси курсларида дарс берган бўлсам, бу лицензия учун болалар билан ишлайдиган мураббийлар таҳсил олади. Мен мураббийларни ўқитавериб болалар футболидан ҳам хабардор бўлганман. Иккинчидан эса катталар футболи билан болалар футболи ўртасидаги фарқ биринчи навбатда психологияда деб ўйлайман. Машқлар эса ҳаммада бир хил олиб борилади. Тўғриси, мен учун болалар футболида ишлаш қизиқ туюлди. Бу менга янада катта масъулият юклайди.
- Кўпчилик билан гаплашганимда сиз ҳақингизда шундай фикр билдиришади: Усмон Тошев яхши мураббий, лекин у киши кўпроқ йўриқчилигини давом эттиргани маъқул, агар бирорта жамоада ишласа барибир "оқсайди" дейишади. Бунга муносабатингиз?
- "Оқсайди" деганингизни қандай тушуниш керак? Шу пайтгача қаерда "оқсабман"?
- Масалан, ўтган йил "Андижон"ни олий лигага олиб чиқаман деб ваъда бериб кейинчалик ваъдани бажара олмай кетиб қолганингиз...
- "Андижон" ҳақида гапирадиган бўлсам, мен бу жамоани қабул қилиб олганимда пешқадам "Цементчи"дан 7-10 очко орқада эдик. Биз ютяпмиз - "Цементчи" ҳам ютяпти, яна биз ютяпмиз - "Цементчи" ҳам ютяпти. Бундай ҳолда қандай қилиб ўзиб кета оламиз? Мен "Андижон"дан ёмонотлиқ бўлиб кетганим йўқ, ана ишонмасангиз жамоа аъзоларидан сўранг. Четдаги одамларнинг гапига кўп ҳам эътибор бераверманг, одамлар ҳар хил гапларни гапираверади. Сиз яхшиси кимлигимни жамоа ичидагилардан сўранг. Футболчи ва мутахассислардан сўранг, улар менинг қандай одамлигимни айтиб беришади.
- Барибир тинчгина дарс бериб юрган маъқул эмасми?
- 2000 йилдан бери профессионал мураббий бўлиб ишлаб келяпман ва бу орада бир қанча футболчи, мураббий тайёрладим. Статистика ҳаммасини айтади. Ўз пайтида "Бухоро", "Насаф" клубларини бошқардим. Бир йили "Бухоро" билан 5-6 ўринларни олгандик. Шу ўринда бир гапни айтиб кетишни ҳохлардим: футболга четдан келиб қанча одам ишлаб юрибди, нимагадир ҳамма уларни мақтайди. Биз шунча йил футбол ичида жон койитиб юрсак-да, нима учундир одамлар фақат бизни гапиради.
- Охирги савол. Ҳозирги ишлаётган жамоангизда мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беряпти?
- Биринчи навбатда Бахтиёр Дадаматов. Дарвозабонлар билан Юрий Цой ишлаяпти. Владимир Борисович деган шифокоримиз ва Азиз исмли массажчимиз бор. Яқинда Шукуржон деган йигитни администратор қилиб ишга олдик.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
Комментарии