U-23 Осиё Кубогининг энг яхши футболчилари. Рўйхатдан Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар футболчиси жой олган
18 июн 2022 20:48
Новости
U-23 Осиё Кубогининг энг яхши футболчилари. Рўйхатдан Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар футболчиси жой олган
Бугун 3-ўрин учун ўйинда Австралия ва Япония ўзаро беллашди. Унда японияликлар 3:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилишди.
Эртага Ўзбекистон ҳал қилувчи ўйинда Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради.
Турнир якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, ўзини яхши тарафлама кўрсатган ва бошқалардан яққол ажралиб турган футболчилар рўйхатини тузишга қарор қилдик.
10. Бегенчмират Муродов (Туркманистон) — 3 та ўйин, 2 та гол
Муродов Туркманистон терма жамоасининг ушбу турнирдаги бош қаҳрамони ҳисобланади. Унинг шарофати билан илк бор ёшлар ўртасидаги Осиё Кубогида иштирок этган жамоа гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлди. Бегенчмират Қатар билан ҳал қилувчи баҳсда иккита гол урди. Учрашув дуранг (2:2) билан якунланди ва Туркманистон ўз гуруҳида Эрон ва Қатарни ортда қолдириб, иккинчи ўринни эгаллади.
9. Супанат Муеанта (Таиланд) — 2 та ўйин, 3 та гол
Таиланд плей-оффга чиқа олмади, бироқ Муеанта урилган голлар сони бўйича ҳамон турнир пешқадамлари қаторида. Қолаверса, у соғлиғи сабабли Жанубий Корея билан учрашувни ўтказиб юборган ҳолда, иккита ўйинда учта гол урди. Супанат тезкор, техник тарафлама кулчи ҳужумчи, у ҳам марказда, ҳам ҳужум қанотида ўйнай олади. У ўз ватанида "Бурирам Юнайтед" сафида тўп тепади ва мамлакатнинг асосий терма жамоасида бир неча ўйин ўтказган.
8. Айман Яҳё (Саудия Арабистони) — 5 та ўйин, 3 та гол
Яҳё ҳам Муеанта каби U-23 Осиё Кубогида учта гол урди. У кўп қиррали ҳужумчи бўлиб, тезлик, техника ва зарба беришда устунликка эга. Турнирда ҳар бир учрашувда ўртача 1,6 та зарба, 37 та пас (82% аниқ), 2 та муваффақиятли зарба ва 1,2 та заргарона узатмани амалга оширди. Яҳё "Ал Аҳли" клубида ўйнайди. Тransfermarkt портали уни 800 минг еврога баҳоламоқда.
7. Ҳожимат Эркинов (Ўзбекистон) – 5 та ўйин, 1 та гол, 2 та голли узатма
Жорий мавсум Эркинов учун омадли келмади. Унинг фаолияти сезиларли даражада пасайиб кетди: Дейлик, ўтган йили "Пахтакор" сафида 29 та ўйинда 8 та гол урган ва 3 та голга ассистентлик қилган бўлса, бу йил 16 та учрашувда 2 та тўп киритди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Аммо U-23 Осиё Кубоги Ҳожимат ҳали ҳам юқори савияли футболчи эканлигини исботлади. Эркинов ушбу турнирда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси етакчиларидан бири эканини кўрсата олди. Қатар билан бўлиб ўтган ўйинда киритилган олтита тўпдан учтасини айнан у ташкил қилди (1+2). Яқинда унга РПЛ клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
6. Юито Сузуки (Япония) — 5 та ўйин, 3 та гол
Сузуки Япония терма жамоасига ярим финалга чиқишга ёрдам берди. Чорак финалда Жанубий Кореяга қарши ўйинда у дубл қайд этди (3:0), гуруҳ босқичида Бирлашган Араб Амирликлари дарвозасига яна бир гол урди. Instat маълумотларига кўра, Юитонинг хГ (кутилаётган голлар) 0,22 эди. Оддий қилиб айтганда, у керагидан ортиқ гол уришга муваффақ бўлди. Сузуки ҳар бир учрашувда ўртача зарбалар сони (5) бўйича ҳам турнирдаги энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этиб турибди.
5. Анри Часе (Япония) — 4 та ўйин
Япония терма жамоаси Ўзбекистон билан тўқнаш келгунига қадар турнир фаворитларидан бири эди. Ярим финалгача японияликлар тўртта ўйинда фақат битта гол ўтказиб юборишди. Бу эса Часе учун катта ютуқ ҳисобланади. У ҳимояда ишончли ҳаракат қилди.
Қолаверса, Анри биринчи пасни қойиллатади. У мусобақа давомида бир неча бор жамоасининг ҳужумларини бошлаб берди.
4. Абдурауф Бўриев (Ўзбекистон) — 4 та ўйин
Футбол ишқибозлари баъзида ярим ҳимоячиларнинг қандай ҳаракат қилишига эътибор қаратишмайди. Бироқ Ўзбекистон терма жамоасида улар ўзларининг "кўринмас қаҳрамони" Абдурауф Бўриевни топдилар. У Эрон билан учрашувдан ташқари барча ўйинларда майдонга тушди. Бўриев тўпни рақибдан олиб қўйиш, ўзида сақлаб туриш ва жамоанинг ўйинини бошқаришда жуда маҳоратли. Абдурауф яна бир ярим йил шу савияда ўйнашда давом этса, мамлакатнинг асосий терма жамоасига таклиф олиши мумкин.
3. Чо Юн Вук (Жанубий Корея) — 4 та ўйин, 3 та гол, 1 та голли узатма
Айни дамда кореялик "гол+пас" тизими бўйича турнирнинг энг яхши футболчиси ҳисобланади. Унинг ҳисобида учта гол ва битта голли узатма бор. Чо Юн Вук аллақачон янги бош мураббий, португалиялик Пауло Бенту қўл остида Жанубий Корея терма жамоасида дебют қилган. Қизиғи шундаки, Чо билан ICM Stellar Sports агентлиги шуғулланади. Мазкур компания мижозлари орасида Жек Грилиш, Эдуардо Камавинга, Жереми Пино ва бошқа машҳур ўйинчилар бор. Бундай ёрдам билан Чо Юн Вук Европага кетиши мумкин.
2. Жоэл Фужита (Япония) — 4 та ўйин
Фужита мазкур мусобақада Япония терма жамоасининг асосий ўйинчига айланди. У худди Бўриев каби таянч ярим ҳимоячидир. Жоэл ҳар бир ўйинда тўплар (3,6), тўхтатиб туриш (5), дриблинг (3,2), шунингдек, ғалаба қозонилган яккакурашлар (58%) ва тўп узатишлар (87%) бўйича ажойиб рақамларни кўрсатди.
1. Жасур Жалолиддинов (Ўзбекистон) — 5 та ўйин, 3 та гол
Жалолиддинов жаҳлдорлик ва шериклар билан тўпни бўлишишни истамаслик каби камчиликларига қарамай, турнирнинг энг яхши футболчиси саналади. У мусобақа мобайнида ёрқин футбол кўрсатди ва энг муҳим голларни урди: дастлаб Қатар дарвозасини ишғол қилди, чорак финалда Ироқ билан пенальтидан гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Сўнгра Япония билан ярим финал баҳсида санъат асарини яратди.
Умид қиламизки, Жасур Саудия Арабистони дарвозасига яна камида битта гол уриб, термамизга Осиё Кубоги U-23 мусобақасида ғалаба қозонишига ёрдам беради.
Николай Егоричев тайёрлади
Самандарбек таржима қилди
Комментарии