Тошкентда ютиб кетган мураббийлар (2009-2019 йиллар)
19 мая 2020 18:16
Новости
Тошкентда ютиб кетган мураббийлар (2009-2019 йиллар)
Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ва Осиё Кубогига саралаш баҳслари шулар жумласидан. Лекин ҳамма ўйинлар ҳам биз учун омадли якунланган деб бўлмайди. Баъзи баҳсларда аламли тарзда мағлуб бўлганмиз ва бундай ўйинларни унутиш осон эмас.
Хабарингиз бор, карантин пайтида сайтимиз тарихий учрашувларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Зеро бу ҳам мухлислар учун қизиқарли кўриниши, ўша дамларни ёдга олиш учун сабаб бўлиши шубҳасиз.
Ютуқлар ўз йўлига, лекин пайти келганда мағлубиятларни ҳам эслаб ўтмоқ жоиз. Зеро бу йўл қўйилган хато ва камчиликларни янада чуқурроқ таҳлил қилиш имконини беради. Шундан келиб чиқиб ўтган 2009-2019 йиллар оралиғида Тошкентда бизни ютиб кетган мураббийлар ҳақида тўхталамиз.
Бу борадаги статистика билан танишар эканмиз, ўтган 10 йил ичида терма жамоамиз Тошкентда фақат 7 бор мағлуб бўлгани ҳамда бизни ютиб кетган мураббийлардан фақат бир нафари осиёлик, қолганлар эса хориждан экани диққатимизни тортди. Қуйида шу мураббийлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Милан Мачала
Ўтган ўн йил ичида бизни Тошкентда мағлуб этишнинг уддасидан чиққан дастлабки мураббий чехиялик Милан Мачала бўлди. Ушбу мутахассис 2009 йилнинг 11 февралида Баҳрайн терма жамоаси устози сифатида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққанди. ЖЧ-2010 саралаш босқичидан ўрин олган мазкур баҳсда баҳрайнликлар 1:0 ҳисобида зафар қучиб, ўйиндаги ягона гол 90+4-дақиқада Маҳмуд Абдулраҳмон томонидан киритилганди. Эсингизда бўлса, ўшанда рақиб футболчиси жарима тўпини ажойиб тарзда амалга оширган. Бу биз учун жуда аламли мағлубият бўлганди.
11.02.2009. ЖЧ-2010 саралаш босқичи
Ўзбекистон - Баҳрайн 0:1
Гол: Маҳмуд Абдулраҳмон (90+4).
Баҳрайн бош мураббийи: Милан Мачала (Чехия)
Такеши Окада
Ўзбекистон терма жамоаси 2009 йил яна бир аламли мағлубиятни бошдан кечирган. 6 июнь куни бўлиб ўтган Японияга қарши баҳсда ҳам 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганмиз. Бу ҳам жаҳон чемпионати саралаш босқичидан ўрин олган учрашув бўлиб, Такеши Окада бизни Тошкентда ютиб кетганди. Бу баҳсда Шинжи Оказаки ягона гол муаллифи бўлган. Айтиб ўтганимиздек, охирги ўн йил ичида Тошкентда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан ягона осиёлик мураббий бу Такеши Окада бўлиб турибди.
06.06.2009. ЖЧ-2010 саралаш босқичи
Ўзбекистон - Япония 0:1
Гол: Шинжи Оказаки (9).
Япония бош мураббийи: Такеши Окада (Япония)
Сречко Катанец
2010 йилнинг март ойида Тошкентда Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари ўртасида ўйин ўтказилган. Бу Осиё Кубоги-2011 саралаш босқичидан ўрин олган баҳс бўлиб, бунда ҳам кичик ҳисобда ютқазиб қўйганмиз. Ўшанда Султон Ал Менҳоли томонидан 90+3-дақиқада киритилган гол Амирлик жамоасига ғалаба келтирган, шу тариқа уларнинг мураббийи Сречко Катанец бизни ўз майдонимизда мағлуб этиб кетганди.
03.03.2010. Осиё Кубоги-2011 саралаш босқичи
Ўзбекистон - БАА 0:1
Гол: Султон Ал Менҳоли (90+3)
БАА бош мураббийи: Сречко Катанец (Словения)
Карлуш Кейруш
Карлуш Кейруш ўтган ўн йил ичида Тошкентда икки бор ютиб кетишнинг уддасидан чиқди. Ва ҳар иккисида португалиялик мураббий Эрон терма жамоаси бош мураббийи сифатида бу ишни уддалади. Кейрушнинг биринчи ғалабаси 2012 йилнинг 3 июнь куни "Жар" стадионида қўлга киритилганди. ЖЧ-2014 саралаш баҳсида Муҳаммад Халатбарининг 90+3-дақиқада урган голи эронликларга ғалаба тақдим этган ўйинда япониялик ҳакам Одил Аҳмедовнинг тоза голини ҳисобга олмаганди. Бу ҳам жуда аламли мағлубият бўлган.
03.06.2012. ЖЧ-2014 саралаш босқичи
Ўзбекистон - Эрон 0:1
Гол: Муҳаммад Халатбари (90+3)
Эрон бош мураббийи: Карлуш Кейруш (Португалия)
Хоссам Ҳассан
2013 йил "Пахтакор" стадионида кечган Ўзбекистон - Иордания учрашуви ҳам ёдингизда бўлса керак. Бу ҳақда кеча алоҳида катта мақола чоп этилди. Ўшанда жаҳон чемпионатига чиқишга ҳозирлик кўраётган терма жамоамиз гуруҳда учинчи ўринни олиб, Иорданияга қарши плей-офф баҳсларини ўтказганди. Сафарда 1:1 натижаси қайд этилган, Тошкентдаги жавоб баҳси ҳам шу ҳисобда тугаган. Кейин навбат пенальтилар сериясига келади ва бунда омад биздан юз ўгиради. Ўшанда бизни мағлуб эттган иорданияликлар устози мисрлик Хоссам Ҳассан эди.
10.09.2013. ЖЧ-2014 саралаш босқичи
Ўзбекистон - Иордания 1:1 (пенальтилар серияси 8:9)
Голлар: Анзур Исмоилов (5) - Сайид Муржан (43)
Иордания бош мураббийи: Хоссам Ҳассан (Миср)
Яна Карлуш Кейруш
2016 йил Кейруш Тошкентда иккинчи бор ғалаба қозонишни уддалади. Яна жаҳон чемпионати саралаш ўйинида биз билан бир гуруҳга тушган Эрон Жалол Ҳоссейнининг голи эвазига уч очко билан қайтиб кетганди. Шундай қилиб португалиялик мураббий яна ўз мақсадига эришган. Бу ўйин "Бунёдкор" стадионида кечганини жуда яхши биласиз.
06.10.2016. ЖЧ-2018 саралаш босқичи
Ўзбекистон - Эрон 0:1
Гол: Жалол Ҳоссейни (27).
Эрон бош мураббийи: Карлуш Кейруш (Португалия)
Эрве Ренар
Тошкентда бизни мағлуб этишнинг уддасидан чиққан охирги мураббий - Эрве Ренар. Ўтган йил Саудия Арабистони бош мураббийи сифатида Тошкентга ташриф буюрган франциялик мутахассис ўйин пайтида тактик пухта юриши сабаб ғалаба қозонишни уддалай олди. Биз бу баҳсда ҳатто 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб қолгандик, лекин якунда аламли мағлубиятга учрадик. Эрве Ренар эса шундай қилиб охирги ўн йилда Тошкентдан уч очко билан қайтишни уддалаган олтинчи мураббий бўлди.
14.11.2019. ЖЧ-2022 саралаш босқичи
Ўзбекистон - Саудия Арабистони 2:3
Голлар: Шомуродов (16), Шукуров (56) - Ал Фараж (23, 85), Ал Довсари (89)
Саудия Арабистони бош мураббийи: Эрве Ренар (Франция)
Хулоса ўрнида
Терма жамоамиз Тошкентда мағлуб бўлган баҳсларни ёдга олсак, ҳар бирида рақибга жиддий қаршилик кўрсатгани ёдга тушади. Биз ҳеч бир ўйинни осонликча бой берган эмасмиз. Фақат омад келмаган холос.
Бундан ташқари асосан битта тўп фарқи билан ютқазганмиз ва янаям аламлиси мана шу 7та мағлубиятдан тўрттаси охирги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол туфайли рўй берган. Демак, бу жамоа ўйинида то ҳакам ҳуштаги чалинмагунча курашиш борасида муаммолар борлигини кўрсатади.
Яна бир жиҳатга эътибор беринг, бизни Тошкентда енгишнинг уддасидан чиққан олти мураббийдан бештаси хорижлик. Фақат биттаси Осиёдан. Демак, бошқа жамоалар хориждан мураббий олиб келиш борасида анча пухта иш олиб боришади. Кўр-кўрона ким учраса етаклаб келмайдилар. Бу томонлама ҳам чуқур мушоҳада юритган маъқул.
Фотосуратлар муаллифи: Ҳасан Пирмуҳамедов.
Қадрли мухлис! Мана шу еттита мағлубият орасида Сиз учун энг аламлиси қайси? Қуйида ўз фикрларингизни қолдиришингиз мумкин.
Комментарии