"Терма жамоа эшиклари ҳар доим очиқ бўлиши шарт" — Станислав Черчесов
04 сен 2018 21:43
Новости
"Терма жамоа эшиклари ҳар доим очиқ бўлиши шарт" — Станислав Черчесов
Бу ҳақда Россия футбол иттифоқининг терма жамоа саҳифасида маълум қилинди. Қуйида Станислав Черчесовнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Станислав Черчесов: - "Тўғриси, бундай ноанъанавий табрикни кутмагандим. Демак Россия терма жамоаси ўз ҳаёти билан яшамоқда ва керакли пайт ҳазил қилишни ҳам билади. Бу албатта қувонарли ҳолат. ЖЧдан кейинги эйфория? Агарда буни ҳозир бизга эслатмаганингизда, ёдимга тушмасди. Матбуот ва мухлислар ЖЧдаги муваффақиятни унутмаган бўлиши мумкин. Аммо биз буни аллақачон унутганмиз. Эндиликда ҳаммасини янгитдан бошлаш лозим".
- "Аввалги муваффақият билан яшаб бўлмайди. Шу боисдан ҳам биз барчасини бошидан бошламоқчимиз. Тайёргарлик жараёниданоқ ҳаммасини ўзгартирдик".
- "Терма жамоа эшикларини ҳеч қачон ёпмаганмиз ва бундан кейин ҳам ёпилмайди. Кўрган бўлсангиз, бугун машғулотда бир қатор болалар ҳам иштирок этишди. Аввал ҳам бу каби тадбирлар бўлган ва давом этмоқда. Шунингдек, аёллар ёшлар терма жамоаси ҳам бугунги машғулотда иштирок этишини сўрагани учун уларни ҳам таклиф қилгандик. Биз уларга қараб ниманидир ўрганаётган бўлишса, бундан хурсандмиз албатта. Терма жамоа барчаники. Ҳаммамиз бир-биримиздан қувват олиб, нимадир ўрганамиз. Машғулотдан кейин ёшлар терма жамоаси олдига ҳам бориб, уларни ҳам кузатаман. Шунчаки улар борасида ҳам янги тасаввур пайдо бўлиши учун. Новогорскда терма жамоа уйи, яъни қароргоҳи барпо этилганидан хурсандмиз. Уйимиз, яъни терма жамоа эшиги барча учун очиқ".
- "Бу галги йиғинга Акинфеев қатнашмаётгани учун Дзюбани жамоа сардори этиб тайинладик ва буни жамоага эълон қилдим. Дзюба билан алоҳида гаплашдим, Артём мазкур йиғинда жамоа ўз ортидан етаклашга тайёр. Ҳаммаси ўз навбати билан давом этмоқда".
- "Туркия билан ЖЧ олдидан ташкил этилган ўйин ва бўлажак баҳс орасида фарқ кўп. Масалан у пайти биз ЖЧга тайёргарлик доирасида Турки билан ўйнагандик. Ҳозир эса янги мусобақада, расмий ўйинда очколар учун беллашамиз. Яна бир фарқли тарафи, таркибдаги ўзгаришлар. Аввалги таркиб билан бугунги борасида ўзгаришлар катта. Муҳими, ўйинга бўлган ёндошув ва иштиёқ ЖЧдаги каби қолиши лозим".
- "Чемпионатнинг илк марказий ва муҳим беллашуви қизиқарли ўтди. Мухлислар тарафидан ҳам қизиқиш жуда юқори бўлди. Ўйин анча кескин курашларга бой ва асабий тарзда ўтди. Мазкур учрашувда ҳар бир мураббий ўз саволларига жавоб излашга ҳаракат қилишди. Умуман олганда ёмон ўйин бўлгани йўқ. Шахсан ўзим ҳам ўйин ўзгача завқ билан томоша қилганимни айтишим мумкин".
- "Дарвозабон масаласи? Акинфеев йўқ, аммо жамоанинг бу галги йиғинидаги биринчи рақам эгаси аниқ - Лунёв. Карталарни очишга эрта деб ҳисобламайман, чунки жамоа дарвозада ким туриши ва сардор ким бўлиши ҳақида тасаввурга эга бўлиши лозим. Туркия билан ўйинда дарвозани Лунёв қўриқлайди. Унинг бугунги ҳолати шунга муносиб. Жамоа сардори ҳам аввалдан маълум бўлиши керак, чунки етакчиликни қўлга олиши лозим бўлган футболчи ўзини шунга тайёрлаб бормоғи зарур".
- "Миллатлар лигасида олдимизга қўйилган вазифа? Вазифа бироз сийқаси чиққандек эшитилиши мумкин. Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш шарт. Чунки биз бу ерда очколар учун ўйнаймиз. Футболчиларга Миллатлар кубоги формати ҳақида батафсил гапириб, тушунтиргандан фойда йўқ. Вазифа - ҳар ўйинда ғалаба қозониш. Бошқа майда деталлар билан уларни бошларини қотиришга ҳожат йўқ. Ҳар ўйинда ғалаба қозон ва сен тўғри йўлда бўласан. Формат, формулалар ҳақида кўп ўқидим. Менку тушундим, аммо футболчиларни чалғитиб, бошини қотириб ўтиргим келмади. Қисқа қилиб, биз ҳозир иккинчи лигадамиз, ютиб, керакли очколарни жамғариб биринчи лигага чиқишимиз лозим, деб тушунтирдим".
- Терма жамоа эшиклари барча учун очиқ, деган гапим шунчаки баландпарвоз ёки сийқаси чиққан жумла эмас. Ростан, Россия терма жамоаси эшиклари барча учун очиқ! Ҳар бир футболчи ёки терма жамоамизга бефарқ бўлмаган қалам аҳли бўладими. ЖЧдан аввал ҳам, ҳозир ҳам Россия терма жамоаси эшиклари ёпилмаган ва ёпилмайди. Муҳими, футболчилар ўзларини кўрсатишлари керак. Ҳеч бир футболчига биз терма жамоа учун абонемент бермаймиз ёки жой кафотланмайди. Ким зўр бўлса, ўша майдонга тушади ёки чақирув олади. Масалан Нойштедтер ўтган мавсум яхши ҳолатда бўлмагани учун қайдномадан тушиб қолганди. Ҳозирги ўйини ва ҳолати мени қониқтирмоқда ва уни терма жамоага қайтардим. Керак пайт тайёр бўлган футболчи хизматидан фойдаланамиз".
- "Муаммо? Россия терма жамоасида кундалигида муаммо деган сўзга жой йўқ. Биз уни аллақачон ўчириб ташлаганмиз. Ҳимоя чизиғимизга келадиган бўлсак, ҳозир чақирилган футболчиларнинг ҳолати бизни қаноатлантиради. Агарда уч марказий ҳимоячили чизиқ тўлиқ тайёр бўлса, уларни ўйнатамиз. Ёки икки марказий ҳимоячига эҳтиёж сезсак, ўша услубдан фойдаланамиз. Биз кеча ёки эртага эмас, бугунга қараб иш қиламиз. Чунки бугун бизга натижа керак".
- "Сирлар? Терма жамоада қандай сирлар бўлиши мумкин? Мен ҳеч қандай сирларни ошкор қилганим йўқ. Керак ва барча хабар топиши лозим бўлган нарсаларни мухлисларга айтяпман. Буни бекитадиган жойи йўқ".
- "Сергей Игнашевич? Биринчидан у Сергей Игнашевич эмас, эндиликда унга Сергей Николаевич Игнашевич дея мурожаат қилишади. Буни биринчи куниёқ футболчиларга эълон қилдим. Игнашевич энди терма жамоада янги ролда фаолият кўрсатади. Ҳамма уни қарсаклар билан жуда илиқ кутиб олди. Игнашевич елкасида жуда катта тажриба захираси бор. Россия футболи учун жуда кўп йиллар хизмат қилган футболчи. Ўйлашимча, Игнашевич терма жамоада ишлашга муносиб. Унда катта салоҳият мавжуд. Биз машғулотлар давомида унинг бой тажрибаси ва салоҳиятидан тўғри фойдаланмоқчимиз. Айни пайтда Игнашевич ЦСКАда расман ишламоқда. Биз уни терма жамоа ичкаридан ўрганишга, иш тажрибанисини ошириб олиши учун чақирдик. Менимча, унга бу жараён қизиқ ва фойдали бўлади. Қолганини вақт кўрсатади. Биз аввалига унга ўсмирлар терма жамоасини топширмоқчи бўлдик, аммо Игнашевич ҳозирда мустақил ишлашга тайёр эмаслигини билдирди".
ЎФА матбуот хизматига қўлланма. Мана қандай ишлаш керак
Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоаси Миллатлар лигаси доирасида 7 сентябрь куни Туркия билан ўйин ўтказади. Кейинчалик эса Ростов-на-Донуда Россия терма жамоаси Чехияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонда тушади.
Айни пайтда Россия терма жамоаси Новогорскда йиғинга киришган.
Комментарии