Шамшод Сариков - Мўминжонов, Турғунбоев ва сотқин ҳақида
15 янв 2019 19:49
Новости
Шамшод Сариков - Мўминжонов, Турғунбоев ва сотқин ҳақида
Мазкур йўналишда қишки трансфер бозорида ҳам фаолликлари билан ажралиб туришибди. Клуб раҳбарининг деярли ҳар куни қайсидир футболчи билан келишувга эришгани ҳақидаги хабарларни кузатмоқдамиз. Ҳозирда Наманганда шуғулланаётган клуб аъзолари про-лигада тўп суриши тобора ойдинлашиб бораётган Шаҳрихоннинг “Раш-Милк” жамоаси билан Наманган шаҳридаги “Динамо” стадионида назорат-синов учрашувида майдонга тушишди. Қор остида кечган ўйинни кузатиш давомида Шамшод Сариковдан айрим янгиликларга ойдинлик киритиб олдик.
- Якунига етган чемпионатда “Навбаҳор”нинг 3-ўринни эгаллаши клуб сифатида янада такомиллашишинглар учун туртки вазифасини ўтаб берган кўринади. Ҳеч иккиланмай, янги мавсумда ҳам чемпионлик учун курашадиган жамоалар қаторига қўшсак ўринли бўлармикин?
- Бор кучларини бериб ҳаракат қилган ва бугунги кунда сафимизни тарк этган бир қатор футболчиларга миннатдорчилигимни изҳор этиб қолмоқчиман. Дилшод Жабборов, Аюбхон Нўъмонов, Илҳом Бойдедаев ва янги мавсумга ОКМК таркибида тайёргарлик кўраётган Акбар Тўраевларга. Ҳозирги кунда биз билан бирга бўлмасалар-да, амалга оширган меҳнатларини қадрлаймиз. 3-ўринга яхши натижа сифатида қараш мумкиндир. Сабаби, узоқ йиллардан буён юқори ўринлардан бирига чиқиш насиб этмаётганди. Аммо талабчан, доим максималликка интиладиган вилоят раҳбарини қониқтирмаганлиги аниқ. Чемпионликни кўзлаганимиз учун натижадан ўзимиз ҳам ортиқча қувониб кетмаганимизни таъкидлашим жоиз. Ўтган йилги йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ҳаракат қилиб иш ташкил этишимиз зарурлигини тушуниб турибмиз. Аввалги бош мураббийга ортиқча ишониб юборганимизни мана энди тушуниб турибмиз. Қинғир йўлларга киришни ўзига эп кўрмайдиган мутахассис излаб, ниятимизга эришдик, деб ўйлайман. Сабаби, ҳозирги кунда жамоани бошқараётган россиялик мураббийдан кўнглимиз тўқ. Ўтган йили сизга берган интервьюимда Илҳом Мўминжоновни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни билдиргандим. У эса барини суистеъмол қилди. Янги чемпионатда фақат олтин медаллар учун курашмоқчи эканимизни таъкидлайман.
- Канчельскиснинг ҳам қандай савиядаги мураббий эканлигини озми-кўпми билиб олдинглар. Чемпионлик учун курашадиган таркибни шакллантиришга лаёқати етармикин?
- Жамоани чемпионат якунланишига етти тур қолганда қабул қилиб олганди. Ўйин томондан ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Рақиб дарвозаси олдида қулай вазиятларни яратиш миқдори ортди. Фақат якуннинг муваффақиятли чиқмаганлиги, бошқа масала. Яқинда айтиб беришди, охирги 12 йил ичида “Пахтакор” билан сафардаги ўйинда умуман очко олишга эришмаётган эканмиз. Мўминжонов назарий тарафдан ҳам кучли эмаслигини кўрсатиб қўйганди. Шогирдларига берадиган кўрсатмалари борасида солиштирганда, Канчелькиснинг бир қатор устун жиҳатларини англаб олиш қийин эмас. Мураббий шогирдларидан нимани хоҳлаётганини биринчи галда ўзи тушуниб етиши керак. Ҳаммасини қоғозга чизиб, кўрсатиб бермоқда. Муаммоли вазиятлардан чиқиб кетишни имкон қадар ечимини биргаликда топишмоқда.
- Чемпионликни кўзлаётган жамоа сафини ҳам аста-секин яхши ижрочилар ҳисобига тўлдириб бормоқда...
- Ҳа, бу томондан олиб бораётган ҳаракатларимиз чакки эмас. Янги ижрочиларни жалб қилиш борасида катта ҳажмдаги ишларни олиб боряпмиз. Яқинда Славко Лукич билан шартнома имзоладик. Александр Касьян ҳам тўлақонли жамоамиз аъзосига айланди. Шартнома тузишдан аввал ҳар бирининг майдондаги хатти-ҳаракатлари обдон ўрганилиб, мураббийларнинг тавсияси асосий ўринга чиқди. Дарвозабонлар билан ишловчи мураббий сифатида Павель Синельниковни жалб қилдик. Анча йиллар мобайнида “Машъал”да фаолият юритган мураббий. Наманган футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. Эътибор беринг, асосий камчиликларимиздан бири, кейинги йилларда маҳаллий футбол мактабларидан иқтидорли дарвозабонлар етишиб чиқмаяпти. Мана шу Наманган футболининг жиддий камчиликларидан биридир. Яқин кунлар ичида мураббийлар таркиби ҳам кучайтирилади.
- Қайси мутахассисни таклиф этаётганингларни билсак бўладими?
- Дастлаб шартнома имзолайлик, кейин номини эълон қиламиз. Анча таниқли ва малакали мураббий эканлигини қўшимча қилишим мумкин.
- Қишки селекциялар жараёнида энг фаоллардан бирисизлар. Аммо бизни ўйга толдираётган томони, ўзбекистонлик футболчилар билан боғлиқ масаладир. Янги ижрочиларни жалб қилишда кимларнинг тавсиясидан келиб чиқиб иш тутяпсизлар? Ахир Андрей Канчелькис кўп ўйинчиларни таниши учун ҳали фурсати бўлгани йўқ-ку!
- Канчельскис етиб келганидаёқ, октябрь ойида Суперлигадаги барча жамоалар ҳақида видеоролик тайёрлаб беришимизни сўраган ва биз буни тақдим этганмиз. Чемпионатдаги жуда кўплаб учрашувларнинг видеоёзувларини кузатиб чиққан. Шуларнинг ичидан танлаб, 40 нафар футболчининг рўйхатини тузиб берган ва айнан шулар билан музокара олиб боришимизни вазифа қилиб қўйган. Мавсум якунига етиб, уйга кетаётган чоғида рўйхатдаги футболчи билан гаплашиб кўришимизни таъкидлаганди. Мана шу ўйинчилар билан музокарага киришганмиз. Уларни эринмасдан тоифаларга ажратиб чиққан. Ёрдамчиси Беленковнинг ҳам жараёнда фаоллиги намоён бўлди. Айтганча, номзодларни қоғозга тушириш билангина чекланмай, бугунги кундаги ҳолатларини суриштиришимизни сўраган. Яъни, кимнинг қанча йиллик аввалги жамоаси билан шартномасини аниқлаштиришимиз талаб этиларди. Аввал суриштириб, кейин ишга киришилди. Ўзимиздан-ўзимиз тўғри келган ижрочилар билан музокараларга киришганимиз йўқ. Номзодга тўхталишдан аввал мураббийлар штабидаги барча инсонлар билан фикр алмашилиб, якуний қарорга келинган.
- Клуб учун яна бир янгича услуб: яъни, эндиликда таклиф этилаётган футболчилар билан 2+1 кўринишида шартнома имзоланаётганидир. Аввалги камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган кўринасизлар.
- Худди шундай. Қайтаришга мажбурман, ўтган йили бир қатор ишларда камчиликларимиз борлиги кўзга ташланиб қолди. Айниқса, бош мураббийимиз баъзи жабҳаларда виждонсизларча йўл тутгани, охир-оқибат зиёнимизга хизмат қилди. Ўзи таклиф этган аксарият футболчилар билан олти ой ёки бир йиллик муддатли шартномага имзо чектирган. Ҳаммасини олдиндан кўра билгани сезилиб турибди. Мабодо “Навбаҳор”дан кетса, ортидан қолганларни эргаштиришни режалаштириб қўйганлиги шундоқ намоён бўлди. Азиз Турғунбоев масаласида ҳам чигалликлар бўлганини бутун футбол жамоатчилиги эшитди. Яхшики, якун биз учун ижобий чиқди. Лекин ўзи бошқараётган жамоа сафидаги футболчини бошқа жамоага етаклаб олиб бориб, шартнома имзолатганини қабул қилиш қийин. Ҳар бир мураббий ўз ҳаддини билиши керак. Бундай вазиятни хоинликка қиёслаш мумкин. “Пахтакор” билан аста-секин жиддий рақобатга кириша бошлаган бўлсаг-у, етакчи футболчиларимизни уларнинг таркибига қўйиб юборилиши ҳеч мантиққа тўғри келмайдиган ишдир. Мураббийлар штаби билан кенгашган ҳолда келажаги порлоқ деб қаралган футболчилар билан камида уч йил муддатга мўлжалланган битим тузиш ҳақида қарорга келинди. Икки нафар ҳали 18 ёшга тўлмаган ёшларимиз билан беш йилга мўлжалланган битим тузилди. Шу тариқа сафимизни тарк этган футболчилар ўрнига маҳаллий иқтидорларни жалб қилиб бораверамиз. Футболга яқинда кириб келган инсонман. Икир-чикирларини тўлиқ тушунавермайман. Олти ой ёки бир йилга мўлжалланган шартномалар футболда бўлишини энди-энди тушуна бошладим.
- Футбол ичидаги янги раҳбарлардансиз ва бунга ўхшаш ҳолатларга кам дуч келгансиз. Қайсидир номи чиққан ўйинчи билан музокара олиб бориб, келишувга эришдингиз, дейлик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ушбу футболчининг бошқа жамоага ўтганини эшитиб қолсангиз, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Ахир ҳаммасини келишиб бўлгандинглар...
- Дарҳақиқат, сиз айтгандек воқеа яқинда бир футболчи билан олиб борган музокарамиздан сўнг рўй берди.
- “Навбаҳор”га ўтишга ваъда берган ва кейинчалик ОКМК сафида пайдо бўлган Санъат Шиховни назарда тутяпсизми?
- Йўқ. Санъатга нисбатан эътирозим камроқ. Чунки ўзи билан суҳбатлашганимизда айрим масалаларни инобатга олишимиз даркорлигини тушунтирганди.”Навбаҳор”га аниқ ўтаман деб ваъда ҳам бермаганди. Бунга сабаб қилиб, айрим омилларни важ қилиб кўрсатганди. Олдимга келиб, вазиятни тушунтирди ва кейин Олмалиқ клубига ўтди. Мен ҳикоя қилмоқчи бўлаётган футболчи Наманган вилоятидан. Барча масалаларда келишиб, қўл ташлашдик. Жамоага ўтиши деярли ҳал қилинганди. Афсуски, орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, бошқа жамоанинг машғулотларига қўшилганини эшитиб қолдик. Ўша бориб қўшилган “Металлург” раҳбарлари билан учрашганда, воқеани айтиб бердим. Ваъдага вафо қилмайдиган бола эканлигини тушунтириб, эртага уларга ҳам панд бериб қўйиши мумкинлигини тушунтирдим. Икки томонлама “ўйин” олиб бориш йигит кишига ярашмаса керак. Балки футболда янгилигим учун бунга ўхшаш ҳолатларни ҳазм қилишим қийин кечаётгандир. Бундайларни халқ тили билан айтганда, сотқин деб ҳисоблашади. Ўзига ҳам тушунтирдик. Кўпчиликнинг кўнглидан қолиб кетди. Эртага текинга ўйнайман, дея ёнимизга ялиниб келсин, олмаслигимиз аниқ. Ахир лафзида турмайдиган инсон билан яна қандай биргаликда фаолият юритиш мумкин. Биз оддий клуб бўлмай қолганмиз. Олдимизга юксак мақсадлар қўймоқдамиз.
- Қишки селекция жараёнидаги энг катта ютуғинглар, жамоа етакчиси Азиз Турғунбоевнинг олиб қолишга эришилганидир. Бироқ воқеалар ривожи анча чигал кечганини эслаш жоиздир.
- “Пахтакор”нинг асл хўжайинлари мазкур трансферда футболчининг инсонийлик хислатлари асосий ўринда туришига жиддий қарашди. Бу томондан тутган йўлларини олқишлаш керак. Биз сингари соҳага энди-энди кириб келаётганлар шунга ўхшаш вазиятларни тушуниб боришимиз учун вақт керак бўлади, шекилли. “Шерлар” клуби раҳбариятига вазиятни тушунтирганимда, барисини тўғри қабул қилишди. Ўз жамоасида тўп сураётган етакчи футболчини бошқасига олиб бориб шартнома туздириши, инсонийликнинг жирканч кўриниши бўлса керак. Энг муҳими, “Пахтакор” раҳбарияти бизнинг ҳолатимизни тўғри тушунишди. Аҳволни ўрганишиб, бундай ўйинчи бизга керак эмас, деган қарорга келишди. Чунки қалби тоза, тўғри инсонлар ўтиришибди. Қинғирликларни билишмайди. Жаъфар Ирисметов билан Мўминжонов ўзаро келишган ҳолда иш битирганликлари кейинчалик ойдинлашди.
- Ҳар бир трансфер ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди. Керакли ижрочиларни жалб қилишга клубнинг молиявий имкониятлари етарлими?
- “Навбаҳор”нинг доимий ҳомийлари бор. Катта ёрдам бераётганликларини ҳеч иккиланмай айта оламан. Жамоанинг олдига қўйилган вазифани бари теран англамоқда. Ёрдам қўлини чўзишга тайёр, футболни ёқтирадиган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этишади. Алоҳида махсус ҳисоб рақами очилган. Катта миқдорда молиявий кўмак билан амалий ёрдамларини беришади. Ҳеч ким мажбурий тарзда пул ўтказаётгани йўқ. Махсус ҳисоб рақамимиз хоҳловчилар учун. Барибир вилоят ҳокими Хайрулла Ҳайитбоевичнинг кўмаги, футболга бўлган қизиқиши асосий ўринда турибди.
- Янги мавсум бошлангунга қадар жамоанинг режалари қандай?
- Январнинг 20 ёки 21-санасида жамоа аъзолари Қримга йўл олишади. 10 кун давомида пухта тайёргарлик кўришиб, 2 та назорат-синов учрашувида майдонга тушишади. Рақибларимиздан бири Симферополнинг “Таврия”си бўлади. Ўқув-машғулот йиғинларининг навбатдаги босқичини Анталияда ўтказиш ҳақида бир қарорга келганмиз. Ҳозир музокаралар жараёнидамиз. Айрим деталларга ойдинлик киритиш қолди, холос. Февраль ойи охирида Наманганга қайтишади ва чемпионатнинг дастлабки турига қадар тайёргарлик давом эттирилади. Шулар жараёнида селекция ишлари ҳам тўхтаб қолмайди. Яна икки нафар малакали легионер футболчилар сафимизга келиб қўшилиши кўзда тутилган. Ҳозир уларнинг номини айтмай тураман. Хуллас, янги мавсумга пухта ҳозирлик кўриб, бу йил наманганлик футболсеварларни янада хушнуд этамиз, деган ниятимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли суҳбатлашди.
Комментарии