RU

Последние новости

11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  0 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   3 10:55Қоил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  6 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  0 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  7 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6 01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  32 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  3 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  23 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3

Сервер Жепаров: «Миллий терма жамоанинг омадсизлигини унута олмаяпман» Новости

Сервер Жепаров: «Миллий терма жамоанинг омадсизлигини унута олмаяпман»

2014 йилнинг 13 январь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ташкил этиладиган гала маросимда 2012/2013 йилги мавсум якунлари бўйича йилнинг энг яхшилари эълон қилинади.
Кўпчиликнинг диққат эътибори йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийи номинациясига қаратилиши шубҳасиз. Айни пайтда энг яхши футболчи бўлишга 23, энг яхши мураббий номига 10 нафар мутахассис даъвогар бўлиб турибди. Декабрь ойида ФИФА кўп овозга эга бўлган 5 нафар финал иштирокчиларини эълон қилади. Таъкидлаш лозим, 2009 йилдан буён «Олтин тўп»га «Барселона» хужумчиси Лионель Месси эгалик қилиб келмоқда. Бу йил эса анъананинг бузилиши кутиляпти. Вазиятга холис қарайдиган бўлсак, «Олтин тўп»га кўпроқ Криштиану Роналду ҳақлироқ кўриняпти. Айнан унинг голлари Португалия терма жамоасини ЖЧга олиб чиқди. Криштианунинг «Реал»даги ишлари ҳам чакки эмас. Анъанага кўра, бу йил ғолиблар миллий терма жамоалар мураббийлари ва сардорлари берган овозга кўра аниқланади. Ўзбекистонлик футбол ишқибозларини миллий терма жамоамиз сардорининг кимларга овоз бергани қизиқтирса керак. Хўш, Сервер Жепаров кимга овоз берди? Бу ҳақда у билан уюштирган эксклюзив интервьюни ўқиш асносида билиб олишингиз мумкин.   

- Сервер, суҳбатимиз аввалида «Олтин тўп» ва «Йилнинг энг яхши мураббийи» номинацияларида кимни ёқлаганингиз ҳақида маълумот берсангиз.
- Бажонудил. Биринчи ўринга севимли футболчим - Лионель Мессини қўйдим. Иккинчи ўринга Криштиану Роналду, учинчи поғонага эса Златан Ибрагимовични муносиб кўрдим. Бу менинг шахсий танловим. Айримларга ёқмаслиги аниқ. Ҳар кимнинг ўз овози ва танлови бор.

- Мураббийлар масаласида танловингиз қандай бўлди?

- 1.Хосеп Гвардиола. 2.Юпп Хайнкес. 3.Юрген Клопп. Мана менинг танловим.

- Ўз танловларингизни изоҳлаб бера оласизми? Нима учун Роналду эмас Месси, Хайнкес эмас, Гвардиола?
- Менимча, Гвардиола мураббий бўлиш учун туғилгандек. Яратган унга мураббийликни юқтирган. Хайнкес «Бавария»нинг янги асрини бошлаб берди. Бу йил Пеп Мюнхен клуби билан рекордларни янгиламоқда. 23 ноябрь куни Дортмундда кечган ўта муҳим ўйинда «Бавария» ким аслида ким эканини амалда кўрсатиб қўйди. Ўйиннинг натижаси изоҳга ҳожат қолдирмайди. Бу ғалабаларда шубҳасиз Гвардиоланинг ҳиссаси катта. Клопп эса сўнгги икки йил ичида «Боруссия»ни нафақат Германияда, балки бутун дунёда ҳам рақобатбардош клубга айлантирди. Дортмундликлар намойиш этаётган ҳужумкор футбол жуда чиройли ва жозибали чиқмоқда. Бунда Юргеннинг меҳнати ётибди.

Футболчилар бўйича танловимга келсак, Месси ярим йил давомида ўзининг тўпурарлик ва етакчилик қобилиятини намойиш қилди. Энг муҳими, нафақат ўзининг, балки қачонлардир бошқа футбол афсоналари ўрнатган рекордларни янгилашдан чарчамади. Роналду ҳам гол уришдан тўхтамаяпти. Мавсумни бир текис ўтказяпти. Лекин икки кучли футбол юлдузидан бирини танлаш керак. Мен бу вазиятда ўз овозимни Леога бердим. Ибрагимович ҳам голеадорлик маҳоратини намойиш этмоқда. Унинг ҳар бир голини турнинг энг чиройли голи сифатида баҳолаш мумкин. Лекин Златанни Месси ва Роналду билан бир қаторга қўйиб бўлмайди.

- Бугун (суҳбат 27 ноябрь куни бўлган) жамоангиз Корея К-лигасидаги сўнгги тур ўйинини ўтказди. Сафарда «Чуннам Драгонс» клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этдинглар. Эндиги режалар қандай?
- Ҳа, мавсумни ғалаба билан якунладик. Аммо бундан жуда ҳам хурсанд эмасмиз. Ёдингизда бўлса, тўплар нисбатига кўра, биринчи босқичда кучли еттиликка кира олмагандик. Шундай бўлса-да, иккинчи босқич ўйинларини кўтаринки кайфиятда ўтказдик. Жамоадошим Ким Донг Субнинг ягона голи эвазига муҳим уч очкони қўлга киритдик. Биринчи бўлимда 4-1-4-1, танаффусдан сўнг 4-4-2 схемаси асосида ҳаракат қилдик. Бу эса ўз самарасини бериб, 80-дақиқада ғалаба тўпини йўлладик. Суб дарвозабондан қайтган тўпга такрорий зарба бериб, бизга ютуқ келтирди.

- Клуб раҳбарияти ўйиндан сўнг футболчи ва мураббийлар билан гаплашдими?
- Албатта. Бизга айтишларича, келаси мавсумдан клубнинг номи ўзгаради. Шу пайтгача «Сеонгнам Ильва Чунма» деб аталиб келинган клуб номи келаси йилдан FC Seongnam бўлиб ўзгаради.

- Шартномангиз яна бир йил амалда бўладими?
- Келишув 1+1 кўринишида имзоланганди. Ҳозирча шартномам муддати якунлангунига қадар жамоада қолмоқчиман. Чунки, ўйлаб кўриш учун тайинли таклифлар ҳали бўлмади. Кўрамиз, мавсум эндигина якунланди-ку.

- Сервер, Гонконгга қарши кечган ўйиннинг сўнгги 10 дақиқаси мобайнида майдонда ҳаракат қилдингиз. Захирадан ўйинга қўшилишингиз мавсум давомида орттирилган чарчоқ ёки жароҳат билан боғлиқ эмасми?
- Йўқ, ҳаммаси жойида. Ҳеч қандай жароҳат йўқ. Ўзимни ҳеч қачон бунчалик яхши ҳис қилмагандим. Сўнгги 10 дақиқа учун захирадан майдонга тушганимга ўзим ҳам жавоб топа олмаяпман. Бу мен учун катта жумбоқ.

- Демак, ҳаммаси жойида бўлса, бу савол бош мураббийга тегишли экан-да?
- Бўлиши мумкин. Балки, яна кимгадир ҳам.

- Сўнгги ўйинларда мураббийлар штаби ёш футболчиларга урғу қаратяпти ва қайсидир маънода бу ўзгаришлар ўзини оқлаётгандек...
- Йигитларнинг келажаги ёрқин. Вьетнам терма жамоаси билан бўлган ўйинда аъло даражада ҳаракат қилишди. Лекин Вьетнамнинг савияси унчалик баланд эмас. Гонконг эса Европага яқин футбол намойиш этаркан. Мазкур ўйинда ёш футболчиларга халқаро тажриба етишмади. Бу ҳолат кўзга ташланиб қолди. Миллий терма жамоада кўпроқ майдонга тушиб туришса, ҳаммаси яхши бўлади. Дарвоқе, Гонконгга қарши кечган ўйинда миллий терма жамоа либосидаги 99-учрашувни ўтказибман. Юзлик довонини забт этишимга битта ўйин қолди. Балки бу келаси йилнинг 5 март куни Тошкентда БААга қарши ўтказиладиган учрашув бўлар, кўрамиз. 

- Қачонга уйга қайтишни режалаштиряпсиз?
- Келаси ҳафтага қайтсам керак. Эртадан чипта масаласи билан шуғулланаман. Ниҳоят, ҳордиқ чиқараман. Бу йил жуда оғир келди. Миллий терма жамоанинг омадсизлигини унута олмаяпман. Ҳеч қачон ЖЧдан бир қадам узоқда турмагандик. Минг афсус. Худди тушга ўхшайди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика