Санжар Турсунов терма жамоага қайтадими?
07 сен 2022 23:41
Новости
Санжар Турсунов терма жамоага қайтадими?
Санжар Турсуновнинг ўзидан воқеликка муносабат билдиришини сўрадик.
— Санжар ака, "Андижон" билан ўйинда томошабинларга нисбатан провакация бўлдими? Нега кўпчилик сиздан норози?
— Мен мухлисларга нисбатан ҳеч қачон ҳурматсизлик қилмаганман, чунки футбол улар учун ўйналади. Эътибор қилсангиз, ҳар ўйиннинг якунида 2 соат вақтини аямасдан стадионга келган ишқибозларга миннатдорчилик билдириб, кейин майдонни тарк этамиз.
Андижондаги ўйинга келсак, 88-дақиқада захирага олиндим. Майдондан чиқишим билан чапак чалиб, барча мухлисларга раҳмат айтдим. Ўша пайтда трибунадан ҳақоратли сўзлар эштила бошлади. Кимлардир ўртанча бармоғини кўрсатиб, сўкинишда давом этди. Бу ишни мен қилганим йўқ. Уларга жавобан кўрсаткич бармоғимни юзимга тегказиб, "уят" деган маънони ифодаладим холос.
Агар ўша инсоннинг қандайдир гапи бўлса, бемалол Тошкентга келиши мумкин. Ҳар доим шу ердаман. Кўришиб, гаплашиб оламиз.
Ўйиндан олдин "Андижон" фанатлари йигитларни тошбўрон қилиш билан қўрқитмоқчи бўлишди. 1 кун аввал менинг ўзимга ҳам ёзишганди. Биз умуман эътибор қилмадик. Аммо чигилёзди машғулотини ўтказаётганимизда, тўп бурчакдан ўйинга киритилаётган вазиятда трибунадан нарсалар учиб келди. Шунинг учун кимдир узр сўраши керак бўлса, у биз эмасмиз.
Мен битта сўзли боламан. Агар кимнидир ҳақорат қилсам, тан оламан. Бошқалар ҳам тушуниши керак: 50 минг сўм тўлаб стадионга киргани ҳеч кимга футболчининг оила аъзоларини ҳақорат қилиш ёки тош улоқтириш ҳуқуқини бермайди.
— АГМК клубида июль ойидан кейин бир қанча омадсиз ўйинлар бўлди. Айни пайтда жамоа ўзига келиб олди, десак бўладими?
— Шукрки, ғалабали серияни бошлаб олдик. Аниқ хулосани эса чемпионат тугаганидан кейин беришимиз мумкин. Унгача фақат яхшироқ ишлаш талаб қилинади. Айтишади-ку, футболни бугун ва эртага ўйна. Ўтган кундан хулоса олиб, янада кучлироқ бўлишимиз керак.
— Охирги ўйинларда майдонда барчадан ажралиб турибсиз. Узоқ масофадан урилаётган чиройли голлар, муҳим узатмалардан кейин журналистлар Турсуновнинг терма жамоага қайтиши ҳақида гапира бошлашди. Буни мухлислар ҳам хоҳлаяпти. Сизнинг муносабатингиз қанақа бўлади?
— Биласиз-ку, Италия фахрийларига қарши ўйин билан терма жамоадаги фаолиятимни якунлаган эдим. Шунга қарамай, мени яна ўша либосда кўришни хоҳлаётганларнинг барчасига раҳмат айтаман. Бу футболчи учун ёқимли ҳолат.
— Яъни, таклиф бўлса, қабул қилмайсизми?
— Футбол билан шуғулланишни бошлаётган болакайлар ҳам қачондир терма жамоада ўйнашни орзу қилишади. Бу либосни кийиш ўзига хос масъулият юклайди. Чунки ўртада ватан шаъни бор. Энди тасаввур қилинг, қанақасига бу таклиф рад қилиниши мумкин. Мен қаерда, қанақа ҳолатда, қайси вазифада бўлишимнинг аҳамияти йўқ. Қачондир менга эҳтиёж пайдо бўлса, бор кучимни шу иш учун сарфлайман (майдон ташқарисида бўлса ҳам).
Бу ўйланадиган нарса эмас. Чақиришса, ватан шаъни учун борингизни берасиз. Бошқа пайтларда мухлислик қилишда давом этасиз.
— Ҳозир мавсум стартига нисбатан анча яхши кўриняпсиз. Буни қандай изоҳласа бўлади?
— Чемпионат мен учун жароҳат билан бошланганди. 1-турга 10 кун қолганда шикастландим. Шунга қарамай, "Металлург" билан ўйинда майдонга чиққаним учун жароҳат жиддийлашди. Кейин "Сўғдиёна" билан ўйиндаги вазият. Хуллас, 1-давра охиригача жароҳатлар қийнаганди. Ҳозир формага кириб олдим ва жамоамга кўпроқ фойда келтириш учун ҳаракат қиляпман.
— Навбатдаги саволим ёқмаслиги мумкин. Ҳакамлар мавзуси яна муҳокама марказида турибди. Баъзи жамоаларни атайлаб "ўлдиришаётганини" иддао қилаётганлар ҳам бор. Бу фикрга қўшиласизми?
— Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Бу мавзу фақат бизда эмас, хориж чемпионатларида ҳам актуал. Баъзи реферилар инсон фактори туфайли адашишади. Баъзилар эса атайлаб хато қилади. Шуни қаттиқ қоралайман.
Мен ҳар доим ҳалол футбол тарафдориман. Сиз билан олдин суҳбатлашганимизда ҳам айтгандим. Эҳтимол бордир. Шунақа ишлар ҳақида аниқ маълумот топсам ёки кўрсам, албатта, билдираман.
— Январь ойидаги интервьюмизда футбол тўлиқ ҳалоллашмаганини айтгандингиз. "Махарадзе иши" бунинг исботими?
— Тўғрисини айтсам, ўша янгиликларга ҳозирча ишонмаяпман. Кимдир Кахига туҳмат қилаётган бўлиши ҳам мумкинда. Шунинг учун барчаси аниқланмагунча муносабат билдирмаганим яхши.
Муаллифнинг телеграмдаги канали → ФР| футбол АНАЛИЗИ
Комментарии