RU

Последние новости

12:21Про лигани қандай қутқариб қолиш мумкин?  0 11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  2 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  17 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  5 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1

Россия премьер-лигасида пайдо бўлган яна бир ўзбек футболчиси Новости

Россия премьер-лигасида пайдо бўлган яна бир ўзбек футболчиси

Ёхуд Вадим Афонин билан суҳбат

Россия премъер-лигасида янги мавсумдан бошлаб яна бир ўзбекистонлик футболчи пайдо бўлди. Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов қаторида энди Вадим Афонин ҳам тилга олинмоқда. “Оренбург” жамоаси билан биринчи дивизионда муваффақиятли қатнашиб илк бор премъер-лигага йўл олди. Футболчимиз мунтазам равишда жамоасининг асосий таркибидан жой олиб келмоқда. Яқинда Афонин билан боғланиб бафуржа суҳбатлашдик.   

- Дастлабки савол: болалигингиз қандай кечган, биринчи устозингиз ким?
- Тошкентнинг “Трактор” клуби тизимида тарбияланганман. 9 ёшимда отам мени шу ерга олиб келганди. Дастлабки мураббийим Ҳайдар Асқарович бўлган. Афсуски, ҳозир у киши ҳаёт эмаслар. Болалигим “Трактор” мактабида ўтди. Кейинчалик ўсмирлар, ўринбосарлар ва асосий клуб таркибига қадар бўлган йўлни босиб ўтдим. Шундан сўнг “Рубин”га йўл олдим. 


- “Шўртан”да тўп суриб юрган пайтларингизда хаёлингизга бир кун келиб рус премъер-лигасида тўп сураманмикин, деган фикр келганмиди?
- Ҳар қандай ўйинчи омадини иложи борича четда синаб кўришни истайди. Бундай хоҳиш менга ҳам бегона эмасди. Яширмайман, катта футболга кириб келганимдан сўнг кучлироқ биринчиликда тўп суришни ният қилганман. Омадим бор экан, кейинчалик менда ўз кучимни четда синаб кўриш имконияти юзага келди. “Оренбург” таркибига келиб қўшилганимдан сўнг жамоа билан премъер-лигага кўтарилиш ҳақида орзу қилардик. Кўриб турганингиздек, орзу рўёбга чиқди. Айтишим керакки, “Шўртан”да тўп суриб юрган кезларимда ҳам кўрикдан ўтиш учун Россияга боришимга тўғри келган.   

- Аммо Россияда ўзингиз тўп сурган дастлабки клуб “Рубин” ҳисобланади, шундай эмасми?
- Ҳа, биринчи бор Россияда ўзим ўйнаган клуб айнан “Рубин” ҳисобланади. Ўшанда 18 ёшда бўлиб, “Трактор”нинг асосий таркибига энди келиб қўшилган пайтларим эди. “Рубин”да маълум вақт ўйнагач, сўнгра ортга қайтдим. “Шўртан”да уч йил тўп сурганимдан сўнг Белгороднинг “Салют” жамоасига бориб қўшилдим. Тақдир тақозоси билан Оренбургнинг “Газовик” (ҳозирги “Оренбург”) жамоаси аъзосига айландим.   

- Вадим, нима деб ўйлайсиз, “Рубин” клуби сизни кузатяптимикин? Ахир ўтган вақт давомида ўйинингизни анча шакллантирдингиз...  
- “Рубин”да  ўйнаган пайтларим раҳбарият бутунлай бошқача эди. Худди шундай фикрни мураббийлар штаби хусусида ҳам билдиришим мумкин. Боз устига ўринбосарлар билан ишлаётган мураббийлар ҳам ўзгариб кетди. Ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, Қурбон Бердиев Қозонни тарк этган. Ҳозир “Рубин”да бутунлай бошқа одамлар ишлашмоқда. Ўзим билан бирга ишлаган кишилардан ҳозир у ерда ҳеч ким қолмаган бўлса керак.

- “Оренбург”да легионер ўйинчи ҳисобланасизми?
- Ҳа, ахир мен Ўзбекистон терма жамоаси сафида майдонга тушганман. Шундай экан, клуб учун мен легионер ўйинчи ҳисобланаман.


- “Оренбург”да ўйинчилардан қайси бири билан яқин дўстсиз?
- Клубда ҳамма билан муносабатим жуда яхши кўриниш олган. Муҳит ижобий. Бундай шароитда ўзингни худди уйдагидек ҳис қиласан. Игорь Коронов билан жуда яқинман. Бўш пайтларимизни кўпинча бирга ўтказамиз. Шунингдек, Тожикистон терма жамоасининг вакили саналадиган Фарҳод Васиевни яқин дўстим сифатида кўрсатишим мумкин. Умуман олганда, “Оренбург”да барча йигитлар билан муносабатим ижобий кўриниш олган.  

- “Оренбург”нинг премъер-лигадаги дебюти у қадар силлиқ кечмаяпти. Премъер-лигада ғалаба қозониш қийин бўляптими? Жамоа ҳисобида ўтказилган 9-турдан сўнг 4 та дуранг ва 5 та мағлубият бор...
- Дарҳақиқат, биринчи дивизион ва премъер-лига ўртасида катта фарқ бор. Премъер-лига ўз номига мос равишда асосан кучли иштирокчилардан таркиб топган. Ҳар бир клубнинг сафида малакали ва маҳорати юқори бўлган ижрочиларни учратасиз. Ҳа, дастлабки турлар биз учун осон кечмаяпти. Қолаверса, футболда мослашиш деган гаплар бор. Умид қиламанки, бу жараёндан ўтиб олсак, яхши натижалар ўзини узоқ куттириб қўймайди. Умуман айтганда, ўйинлар чоғида ёмон тўп сурмаяпмиз. Рақиблар кучли эканлигига қарамасдан биз ҳам хавфли вазиятларни юзага келтиряпмиз. Шунчаки, сўнгги паллада бироз омадимиз чопмаяпти.   

- Демак, клубга омад кулиб боқмаяпти экан-да?
- Ҳа, шундай. Футболда омад катта аҳамият касб этади. Рақибдан кучли ўйнашингизга қарамасдан омад кулиб боқмаса бари ҳаракатларингиз бесамар кетаверади.

- Вадим, “Оренбург” ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Клубдаги шарт-шароитлар қандай, қаерда яшаяпсиз?
- “Оренбург”да ҳамма нарса премъер-лига иштирокчиси даражасида шакллантирилган. Жамоадаги шарт-шароитлардан нолиш ярамайди. Жамоанинг инфратузилмаси рисоладагидек кўриниш олган. Ўз навбатида раҳбарият ўйинчилар учун майдон ташқарисида ҳам етарлича шароитларни ҳозирлаган. Шаҳар жуда чиройли. Оилам билан шинам квартирада яшаяпман. Бир сўз билан айтганда, турли муаммоларга ўралашиб қолмаган ҳолда бутун диққат-эътиборимни футбол ўйнашга қаратганман. 


- 29 сентябрь санасида туғилгансиз. Қолаверса, яқинда 29 ёшга тўлдингиз. Қизиғи шундаки, футболкангиздаги рақам ҳам айнан 29! Айтингчи, сиз бу рақамни атайин танлаганмисиз?
- Жуда тўғри илғабсиз. 29 сентябрда туғилганим боис клубга келган пайтимда айнан шу рақам остида майдонга тушишни истагандим. Бахтимга 29-рақамли футболка бўш экан. Ҳа, бу рақамни атайин туғилган куним санасига мос тушиши учун танлаганман. Одатда футболчилар ўз хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда ёқтирган рақамларини танлайдилар.   

- Агар янглишмаётган бўлсам, Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги дастлабки ва ҳозиргача охиргиси бўлиб турган ўйинингизни 2012 йили ўтказгандингиз шекилли...
- Ҳа, адашмасам, ўша ўртоқлик мақомидаги ўйин эди. Кейинчалик Эрон устидан сафарда эришилган ғалаба чоғида мураббийлар мени майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатига киритишганди. Ёдингизда бўлса, ўшанда Эрон устидан сафарда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб қайтганмиз. Шунингдек, Жанубий Корея билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилган беллашувда ҳам рўйхатда бор эдим.  

- Бугунги кунда Россия премъер-лигасида тўп суряпсиз. Миллий терма жамоага чақирув олишдан умидвормисиз?
- Ҳар қандай футболчи халқаро майдонда юрт шаънини ҳимоя қилишни истайди. Бундай хоҳиш менга ҳам бегона эмас. Агар терма жамоа мураббийлар штаби таклиф билан чиқса, буни бажонидил қабул қилган ва дарҳол Ўзбекистонга учиб келган бўлардим. Қолаверса, фаолиятим давомида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида ҳам қатор ўйинларда майдонга тушганман. Бундан ташқари, мени олимпия терма жамоасига ҳам чақирганлар.  

- Вадим, сизга охирги пайтларда бирортаси шундай таклиф билан чиқдими? Айтайлик, Самвел Бабаян ёки унинг ёрдамчиларидан бири телефон қилдими?
- Ҳозирча бундай таклиф билан ҳеч ким менга мурожаат қилганича йўқ.

- Охирги марта Тошкентга қачон келдингиз?
- Шу йили, июнда. Биринчи лигада мавсум ниҳоясига етиб премъер-лига йўлланмасига эга чиққанимиздан сўнг Тошкентда бир ой дам олдим. Шу билан бирга Тошкентга қишки таътил чоғида ҳам албатта келиб кетаман. Кўриб турганингиздек, йил давомида Ўзбекистонга икки бор ташриф буюраман.  

- Нима деб ўйлайсиз, миллий терма жамоамиз ўзи учун армон бўлиб келаётган жаҳон чемпионати финал босқичи масаласини бу сафар ижобий ҳал эта оладими? Терма жамоамизнинг 2018 йили Россияда ўтадиган мундиалга бориш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Умид қиламанки, бу сафар ҳаммаси терма жамоамиз учун ижобий якун топади. Устига-устак бугунги кундаги таркиб жуда яхши ижрочилардан иборат. Бундай ўйинчилар билан мундиал йўлланмаларидан бирига эга чиқиш мумкин. Футболда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Яхшилаб ҳаракат қилинса, ҳаммаси кутилган натижани беради. Терма жамоамизда бунинг учун имконият етарли.  

- Аксарият футболчиларнинг ишлари билан шуғулланадиган агентлари бўлади. Сир бўлмаса айтингчи, сизнинг ҳам агентингиз борми?
- Айни чоғда агентга эга эмасман. Албатта, вазият тақозо этиб қолган пайтда менга ёрдам қўлини чўзадиган дўстларим топилади. Аммо юқорида айтиб ўтганимдек, ҳозир ўз агентимга эга эмасман. Бинобарин, замонавий футболда агентларнинг роли анча салмоқли. Шундай экан, футболчи агенти ёрдамида кўп масалаларни ҳал этиши мумкин. Агентга эга бўлган ўйинчи чалғимасдан бутун эътиборини ишга қарата олади. Чунки майдон ташқарисидаги бевосита фаолиятига тааллуқли бўлган қатор масалалар билан агент шуғулланаверади. 


- “Оренбург”га кўчиб ўтмасингиздан олдин “Салют”да ўйнагансиз...
- Хабарингиз бўлса, мазкур жамоа банкрот бўлган. Бундай пайтда бутун жамоа сочилиб кетади. Буни қарангки, кўп ўтмай “Оренбург”дан таклиф олдим. Табиийки, узоқ ўйлаб ўтирмасдан клуб билан шартнома имзоладим. Мана, ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, энди “Оренбург” билан Россия премъер-лигасида ўйнаяпман.  

- Фаолиятингиз давомида кўплаб мураббийлар билан ишлашингизга тўғри келган. Уларнинг орасида бошқалардан кўра ўзингизга кўпроқ фойдаси теккан мутахассис борми?
- Гапингиз рост, фаолиятим давомида қатор мураббийлар билан ишлашимга тўғри келди. Лекин уларнинг орасидан алоҳида бир кишини ажратиб кўрсатишим нотўғри бўларди. Чунки ҳар бири биринчи навбатда инсон, шундан сўнг ўйинчи сифатида янада яхшироқ шаклланишимга ёрдам берган. Ўзим билан бирга ишлаган барча мутахассислардан миннатдорман. Улар билан бирга ишлаш мен учун жуда қизиқарли бўлган. Чунки бундай пайтда ҳар биридан ўйинингизни яхшироқ савияга кўтаришни ўрганасиз. Қолаверса, мураббийларнинг ўзларига яраша фалсафаси бўлади. Бири иккинчисининг хаёлига келмаган ишни амалга ошириши мумкин. Шу ўринда Вадим Абрамовга алоҳида миннатдорчилик билдираман. У менга тўғри йўлни кўрсатди, ёшлигимдан мени тарбиялади. Шу боис ҳаётимда Абрамов алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, Марат Мифтахутдиновга ҳам миннатдорчилигимни билдираман.  

- Россияда ўйнаётган бўлсангиз ҳам чемпионатимиз ва миллий терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни имкон қадар кузатиб бораётганингизни айтиб ўтдингиз. Нима деб ўйлайсиз, четга йўл олганингиздан бери миллий биринчилигимизнинг савияси ўсдими?
- Ҳа, ахир футбол бир жойда қотиб турмайди. Жумладан бизнинг футболимиз ҳам йил сайин ривожланиб бормоқда. Узоққа бориб ўтирмайликда, буни миллий терма жамоа мисолида кўриб чиқайлик. Термамизда легионерлар мақомидаги ўйинчилар доим кўп бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳам ёш иқтидор эгалари бошқалардан ўзлари ҳақида гапиришга мажбур қилмоқдалар. Чемпионат савияси ҳам йил сайин ўсиб бормоқда. Чемпионлик учун бир қанча клублар кураш олиб бормоқда. 


- Яқинда Бразилия ёзги олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик спортчиларнинг чиқишларини кузатиб бордингизми?
- Албатта, кузатдим. Спортчиларимизнинг медалларга эга чиққанларидан жуда қувондим. Бу сафар олдинги олимпиадалардан кўра спортчиларимиз кўплаб медалларга эга чиқишди. Янгиликларни доим кузатиб бордим. Айниқса, юртдошларимизнинг шоҳсупага кўтарилганларини кўрган чоғимда қалбимни ўзига яраша фахр туйғуси чулғаб олди.

- Вадим, футзални ҳам кузатиб борасизми?
- Ҳа, кузатаман. Адашмасам, яқинда футзал бўйича терма жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирок этди.

- Премьер-лигада ўйнаётган Виталий Денисов ва Одил Аҳмедов билан қўнғироқлашиб турибсизми?
- Улар билан асосан жамоаларимиз тўқнаш келган пайтда гаплашаман. Телефон орқали ҳамшаҳрингиз Вагиз Галиулин билан тез-тез қўнғироқлашиб тураман.

- Футболдан бўш пайтларингизда севимли машғулотингиз борми? Масалан, мусиқий асбобларни чалишга қизиқасизми?
- (кулади) Бўш пайтларимни асосан оилам даврасида ўтказишга ҳаракат қиламан. Рафиқам ва қизим билан кино томоша қилишга боришим мумкин. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, мусиқий асбоблардан бирини чалишга уқувим йўқ. Аммо отам гитарани жуда маромига етказиб чалади. Бундан ташқари, отам бинойидек хиргоя қилади. Афсуски, ундаги мусиқий қобилият менга ўтмаган экан.

- Вадим, ўзингизга қандай саволлар билан мурожаат қилишларини хоҳлаган бўлардингиз?
- Бугун сиз билан суҳбатлашар эканман, деярли ҳамма саволларингизга жавоб бериб бўлдим шекилли (кулади).

- Одатда Ўзбекистонликлар ош тайёрлашга уста бўладилар. Айтингчи, палов дамлай оласизми?
- Ош дамлаш қўлимдан келмайди. Аммо аёлим жуда пазанда. У паловни ҳам, мантини ҳам жуда ширин тайёрлайди. Ўзбек таомларини жуда ёқтираман. Лекин кўп эътиборим фаолиятимга қаратилгани боис пазандалик борасидаги қизиқишимни амалда синаб кўриш учун вақт етишмайди.

- Охирги савол: мухлисларимизга қандай тилакларни билдирган бўлардингиз?
- Футболни севинг, бўш пайтларингизда ўзингиз ҳам ўйнанг. Доим соғ бўлинглар, севган клубларингиз сизларни қувонтирадиган натижаларни қайд этишсин. Энг асосийси, терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқсин.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Рейтинг: +28   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика