Қўшниларимиз футболда қандай ютуқларга эришишмоқда?
11 окт 2018 12:23
Новости
Қўшниларимиз футболда қандай ютуқларга эришишмоқда?
Қўшни мамлакатлар Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонда эса футболга бўлган эътибор энди-энди кучайиб бормоқда. Биз ўқувчиларимиз эътиборига мазкур мамлакат терма жамоалари ва клублари эришаётган ютуқлар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
ҚИРҒИЗИСТОН
Қирғизистон терма жамоаси сўнгги йилларда кескин равишда кучайди. 2014 йилдан буён терма жамоани россиялик мураббий Александр Крестинин бошқариб келмоқда. 1978 йилда туғилган ёш мураббийнинг Қирғизистон футболидаги юксалишда катта ўрни бор. Крестинин бошқарувида Қирғизистон терма жамоаси жами 28та ўйин ўтказди ва уларнинг ярмида ғалаба қозона олди. Беш марта рақиблар билан дуранг қайд этилди ва қолган 9та учрашувда имконият бой берилди.
Қўшниларимиз шу йилнинг март ойида 2019 йилги Осиё Кубоги финал босқичига йўлланмага эга чиқишди. 22 март куни Мяьнмани 5:1 ҳисобида мағлуб этган Қирғизистон ўз тарихида илк бор Осиё Кубогига чиқди.
Крестинин шогирдлари саралаш босқичида Ҳиндистон, Мьянма ва Макао билан бир гуруҳда иштирок этишди. 6та ўйинда 4та ғалаба, 1та дуранг ва бир мағлубият қайд этган жамоа Ҳиндистон каби 13 очко билан, қўшимча кўрсаткичларга кўра иккинчи ўринни эгаллаб йўлланмага эга бўлди.
Терма жамоа устози май ойида бўлиб ўтган қуръа ташлаш маросимидан кейин берган интервьюсидаги қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди: - Биз Осиё Кубогида дебютантмиз, яъни тарихда биринчи марта қатнашамиз. Шу боис бошқаларнинг бизга нисбатан қандай муносабатда бўлишини билмайман. Лекин биз ҳам ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Осиё Кубогига чиқиш футболчилар учун ҳам, мухлислар учун ҳам катта воқеилик бўлди. Ўйлайманки, ўйиндан ўйинга ўсиб боряпмиз. Лекин Осиёнинг бошқа жамоалари билан солиштирганда камчиликларимиз кўп. Ҳали Осиё Кубогида шов-шув яратишга ҳаракат қиламиз. Гуруҳимиз оддий эмаслиги кўриниб турибди. Умуман олганда ҳар бир гуруҳ ўзига яраша муракаб. Хитойда дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири Марчелло Липпи ишлаяпти. Жанубий Корея эса Осиёнинг етакчи жамоаларидан бири ҳисобланади. Филиппинда америкалик мутахассис ишлаяпти ва уни яқиндан биламан".
Қирғизистон терма жамоаси Осиё Кубогига тайёргарлик доирасида сентябрь ойида ўз майдонида Фаластин (1:1) ва Сурия (2:1) билан ўртоқлик учрашувларини ўтказди. 16 октябрь куни жамоа Куала-Лумпурда Малайзия билан ўйнайди. Ноябрнинг 20 санасида Тойота шаҳрида Япония билан ўртоқлик учрашуви ўтказишади.
Қўшниларимиз Осиё Кубогида Хитой, Жанубий Корея ва Филиппин билан бир гуруҳдан жой олишган.
Қирғизистон терма жамоаси 2013 йил март ойида ФИФА рейтингида 201-ўринда эди. 2018 апрель ойидаги рейтингда эса жамоа дунёда 75-ўринга чиқиб олди. Бу Қирғизистон учун рекорд бўлди. Бугунги кунда қўшниларимиз 91-поғонада боришмоқда. Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирда ФИФА рейтингида 96-ўриндан жой олган.
Александр Крестинин
Бугунги Қирғизистон терма жамоаси юлдузи Азамат Бойматов ҳисобланади. 1988 йил туғилган ҳимоячи 2017 йил декабрь ойидан буён Индонезиянинг "Борнео" клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бироқ у БААдаги Осиё Кубогида иштирок эта олмайди. 7 июль куни ўз клуби сафида оғир жароҳат олди ва яқинда операция қилинди. Бойматов тахминан 5-6 ой даволаниши керак бўлади.
"Ҳар бир хабарни ўқиб чиқдим! Барчага раҳмат. Оиламга, яқинларимга, мураббийларимга, ҳамкасбларимга, мухлисларга қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат айтаман! Операция қилдирмаслик учун охиригача интилдим, аммо начора. Ҳаёт давом этади. Январь ойида Осиё Кубоги-2019 бўлиб ўтади, ёзда ЖЧ-2022 саралаш баҳслари старт олади, мана шунга мен 200% тайёр бўлишим керак! Таслим бўлмайман. Ҳали Осиё Кубогида иштирок этаман, ахир бу менинг орзум! Ўз мамлакатимни севаман ва терма жамоа аъзоси эканлигимдан фахрланаман", - деди Азамат Бойматов операциядан кейин.
Терма жамоа асосий дарвозабонларидан бири бўлган Павел Матяш 2018 йилни Олмалиқнинг АГМК клубида бошлаганидан хабарингиз бор. Ушбу посбон Виктор Кумиков даврида АГМКнинг асосий дарвозабони бўлганди. Бироқ айни пайтда Матяш Ўзбекистон клубини тарк этган.
Қирғизистон терма жамоаси ҳужумчиси Виталий Люкс Германия тўртинчи лигасида иштирок этувчи "Ульм 1846" клубида тўп тепиб келмоқда. Ярим ҳимоячилар Эдгар Бернхардт Польшанинг "Тихи", Бахтиёр Дуйшобеков Малайзиянинг "Келантан" клуби сафида фаолият олиб боришмоқда. Терма жамоанинг яна бир юлдузларидан бири Антон Землянухин мавсум бошида Олмалиқнинг АГМК клуби сафида кўрикдан ўтганди. Қирғизистонлик ҳужумчи Мирлан Мурзоев Туркиянинг "Сомаспор" клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.
Қирғизистонлик машҳур қанот ҳаками Баҳодир Қўчқоров ўтган ой Тошкентга келган ва Ўзбекистон ҳамда Эрон ўртасидаги ўртоқлик учрашувида ишлаганди. Тажрибали ҳакамдан Қирғизистон терма жамоаси ҳақида сўраганимизда мана шундай жавоб берган эди: - Қирғизистон ўз тарихида биринчи бор Осиё Кубогига чиқди. Демак олдинга силжиш бор. Лекин бугунги кунда ёшларда "пижонлик" кўпайиб кетди. Қирғизистон терма жамоасида пул учун ўйнаш керак эмас, ватан учун майдонда борини бериш керак. Майли ютқазсин, лекин ўша ўйиндан кейин мухлислар олқишлаб кузатиб қўйишсин. Шахсан ўзим Россияга бориб, мундиал баҳсларини стадионлардан кўрдим. Россия терма жамоаси чорак финалда ютқазди, лекин мухлислар футболчиларни халқ қаҳрамони сифатида қўлларида кўтариб юришибди. Қирғизистон терма жамоаси янги тарих яратишига ишонаман. Қирғизистонлик ҳакам Жаҳон чемпионатида ишлади, энди терма жамоа чиқиши керак. Мураббийлар хориж давлатларида ишлашлари лозим, футболчилар ҳам легионер сифатида ўйнашлари керак. Битта жойда ўйнайвериш керак эмас.
Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлари ўртасидаги муносабатни янада яхшилаш мақсадида кўп ишлар қилинмоқда. Шу ўринда жорий йилнинг 9-11 октябрь кунлари Қирғизистон Республикасининг Баткен шаҳрида қўшни давлатлар ўртасидаги алоқаларни спорт орқали ҳам янада мустаҳкамлаш мақсадида илк марта “Фарғона водийси кубоги” бўлиб ўтди. Унда Тожикистоннинг “Хўжанд”, Қирғизистоннинг “Олой” ва Баткен вилояти терма жамоаси, шунингдек, Ўзбекистоннинг “Нефтчи” клублари иштирок этишди. Учрашувлар Баткен шаҳридаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтди. Мусобақада асосий жамоалар билан биргаликда, ушбу клубларнинг 12 ёшгача бўлган тарбияланувчилари ҳам ўзаро ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Июнь ойида Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида Қўчқор-Отанинг ва Фарғонанинг "Нефтчи" клублари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Сентябрь ойида эса Қўчқор-Ота клуби Наманганга келиб "Навбаҳор" билан ўртоқлик ўйинини ўтказди.
Қирғизистон футбол Федерацияси президенти Семетей Султанов бугунги кунда мамлакат футболи ҳақида мана шундай интервью берганди: - Оғир дамларни бошдан кечирган бўлишимизга қарамай, Қирғизистонда футбол секин-аста кучайяпти дея оламан. Умуман олганда, спортнинг бу тури мамлакатимизда биринчи рақамга айланмоқда. Осиё Кубогига чиққанимиздан кейин футболга қизиқувчилар сони янада ошса ажаб эмас. Шу ўринда хоҳлардимки, буёғига ҳукуматимиз молиявий томондан футбол ривожи учун катта ёрдам кўрсатса. Ишонасизми, биз Осиё Кубогига жуда кам маблағ эвазига чиқдик. Кўп қийинчиликларни кўрдик. Пул томонлама муаммолар тез-тез кўзга ташланди. Энди эса мусобақанинг финал босқичида мамлакатимиз ҳукумати ёрдамисиз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Шу боис давлатимиз раҳбарларидан футбол учун федерацияга ва терма жамоага ёрдам беришларини сўраб қоламан.
ТУРКМАНИСТОН
27 октябрь куни 2018 йилги ОФК кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади. Унда Ироқнинг "Ал Қува Ал Жавия" клуби Туркманистоннинг "Олтин Аср" клуби билан куч синашади. Туркманистон клуби тарихда ушбу мусобақа финалига чиқди. Клубни бошқараётган Язгули Хожагелдиев бугунги кунда мамлакат терма жамоасининг ҳам бош мураббийи ҳисобланади. "Олтин Аср" гуруҳ босқичида Марказий Осиё клублари "Истиқлол" (Тожикистон), "Аҳал" (Туркманистон) ва "Олой"ни (Қирғизистон) ортда қолдириб чорак финалга чиқди. Бу босқичда клуб Ҳиндистоннинг "Бенгалуру" жамоасини икки ўйин натижасига кўра жами 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда КХДРнинг "25 апрель" клуби билан иккала учрашувда ҳам дуранг ўйнаган "Олтин Аср" сафардаги гол қоидасига кўра финалга йўлланма олди.
Бу йилги ОФК кубогида клуб ҳужумчиси Алтимурат Аннадурдиев 8та, Воҳит Оразсахедов эса 5та гол уришнинг уддасидан чиқишди. Айнан мана шу ўйинчилар "Олтин аср"нинг бугунги кундаги асосий кучлари ҳисобланади. Турли йилларда "Рубин", "Ростов", "Османлиспор" каби клублрда ўйнаган Оразсахедовни россиялик футбол мухлислари яхши таниади.
"Олтин Аср" клуби
"Олтин Аср"нинг ОФК кубогидаги муваффақиятли юриши эвазига Туркманистон ОФК рейтингида ўз очколарини анчагина кўпайтириб олди. Натижада 2021-2022 йилларда Туркманистон чемпиони Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қитъа чемпионати саралашида Туркманистон терма жамоаси Баҳрайн, Хитой Тайпеи ва Сингапур билан бир гуруҳдан жой олди. 6та учрашувда 10 очко тўплаган қўшниларимиз Баҳрайн билан бирга БААдаги Осиё Кубогига йўлланмани қўлга киритишди.
Туркманистон ўз тарихида иккини бор қитъа чемпионати финал босқичида иштирок этади. Биринчи иштирок 2004 йил Хитойдаги мусобақада содир бўлган. Қизиғи ўшанда ҳам қўшниларимиз Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олишган эди. 2019 йил БААда ўтадиган Осиё Кубогида ҳам Туркманистон биз билан битта гуруҳга тушди.
Язгули Хожагелдиев
Бугунги кунда Туркманистон терма жамоасини Язгули Хожагелдиев бошқариб бораётгани ҳақида юқорида ёздик. 41 ёшли мураббий 2010-2013 йилларда ҳам терма жамоа устози сифатида ишлаган. Мураббийлик фаолиятини 2006 йил 30 ёшида бошлаган Хожагелдиев биринчи йилдаёқ МТТУни мамлакат чемпиони қилди. Сўнгги йилларда Туркманистоннинг энг кучли мураббийларидан бири ҳисобланган Хожагелдиев 2010 ва 2012 йилларда терма жамоани ОФК Чақирув кубоги мусобақасида финалга қадар олиб чиққан. Икки клуб билан олти марта Туркманистон чемпиони бўлган, 4 марта мамлакат кубоги ва 2 бор Туркманистон Суперкубоги соҳибига айланган. Ўзбек мухлислари учун яхши таниш бўлган Гочгули Гочгулиев айни пайтда Туркманистон терма жамоаси мураббийлар штабида ишлаб келмоқда.
Туркманистон терма жамоаси сафида бугунги кунда "Бухоро" клубида ўйнаётган Арслонмурот Омонов етакчи ҳисобланади. Бундан ташқари Чехиянинг "Прибрам" клубида ўйнаётган Руслан Мингазов ҳам жамоада ўз ўрнига эга. Туркманистонлик Элман Тагаев, Илья Тамуркин, Сардорали Атаев, Алтимурат Аннадурдиев каби футболчилар турли йилларда Ўзбекистон клубларида тўп тепишган ёки кўрикдан ўтишган.
Бу йил Туркманистон олий лигасида 8та клуб иштирок этмоқда. 23та турдан сўнг 50 очко тўплаган "Аҳал" клуби пешқадам бўлиб турибди. Ундан иккита кам ўйин ўтказиб 45 очко жамғарган "Олтин Аср" ОФК кубоги туфайли миллий чемпионатда қолдирилган ўйинларини кейинроқ ўтказади.
ТОЖИКИСТОН
Яқинда Малайзияда бўлиб ўтган U-16 Осиё чемпионатида Тожикистон ўсмирлар терма жамоаси барчани хайрон қолдирган ҳолда финалга қадар етиб борди. Зайниддин Раҳимов бошчилигидаги жамоа финалда Японияга имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медалларига эга чиқди. Бундан ташқари Тожикистон кейинги йил Перуда бўлиб ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Қўшниларимиз 2007 йил илк бор ўсмирлар ўртасидаги мундиалда дебют қилганди. Шу тариқа Тожикистон ўсмирлари ўз тарихида иккинчи бор Жаҳон чемпионатига боришади.
Финалдан кейин Тожикистон ўсмирлари бош мураббийи ўз фикрларини билдирди: "Аввало мусобақа аъло даражада ўтгани учун ташкилотчиларга катта раҳмат. Мен шунингдек ўз шогирдларимга ҳамда бизни қўллаб турган мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Шогирдларим билан фахрланаман, улар ажойиб натижа қайд этишди. Биринчи ўйинда Малайзияга 2:6 ҳисобида ютқазиб қўйганимиздан сўнг финалга чиқишимизга кўпчилик ишонмаганди. Биз учун иккинчи ўрин ҳам фахрли натижа".
Ўзбекистон ва Тожикистон клублари ўзаро ўртоқлик учрашувларини ўтказиб туришибди. Шу йилнинг апрель ойида Самарқанд шаҳрида "Динамо" ҳамда Тожикистоннинг "Хўжанд" клублари ўзаро ўйин ўтказишган эди. Сентябрь ойида Хўжанддаги марказий стадионда бу клублар яна бир марта ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди. Учрашувни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода расман бошлаб беришди.
Бугунги кунда Тожикистон клубларида бир қатор ўзбекистонлик легионерлар тўп тепишмоқда. Фурқат Ҳасанбоев, Вусол Магеррамов ва Обид Ҳакимов "Хўжанд" сафида, Жаҳонгир Абдумўминов "Истиқлол" сафида фаолият олиб боришмоқда. Тожикистон чемпионатида 8та клуб иштирок этади. Айни пайтда 18та тур ортда қолган ва Душанбенинг "Истиқлол" клуби 45 очко билан пешқаламлик қилмоқда. Умуман олганда охирги тўрт йилда "Истиқлол" мамлакат чемпионлигини ҳеч кимга бермай келмоқда.
Душанбе клуби 2015 ва 2017 йилларда ОФК кубоги финалига чиққан эди. Иккала сафар ҳам финал Тожикистонда бўлиб ўтган, бироқ шунга қарамай "Истиқлол" ҳар иккала финалда бир хил 0:1 ҳисобларида ютқазган.
Тожикистон 2019 йилги Осиё Кубогига чиқишга жуда яқин келганди. Филиппин, Яман ва Непал билан бир гуруҳдан жой олган қўшниларимиз сўнгги турда Филиппинга ютқазиб қўйишди ва учинчи ўрин билан чекланишди. Акс ҳолда БААдаги қитъа чемпионатига Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон билан бирга Тожикистон ҳам борар эди.
Нарзулла Сайдуллаев
Комментарии