Қай тариқа Роналду Англиянинг нафратига сабаб бўлган?
06 мая 2020 16:56
Новости
Қай тариқа Роналду Англиянинг нафратига сабаб бўлган?
Чорак финалда Португалия пенальтилар сериясида Англияни мағлуб этган ўйиннинг бир эпизодида Руни рақиби Карвальюга жароҳат етказди. Орадан бир лаҳза ўтиб, бош ҳакам Орасио Элисондо бутун бир жамоани четлатиб юбориши ҳам мумкин эди. Барчадан олдинда турган Криштиану Роналду эса англиялик футболчининг жазоланишини истаётганди. Якунда бош ҳакамнинг қўлида қизил карточка пайдо бўлди, жанжал бостирилди, Руни кийим алмаштириш хонаси томон кетди. Роналду шу вазиятдан кейин захира ўриндиғида ўтирган бош мураббийи Луис Фелипе Сколари томон кўзини қисиб қўйди.
Ушбу вазиятдан кейин Англия матбуоти Роналдуни эзиб ташлади, ярим финалда эса Францияга қарши ўйинда Роналдуга ҳар бир тўп тегганида инглиз мухлислари ҳуштак чалиб туришди. Қайд этилишича, англияликлар айнан шунинг учун ўйин чипталарини сотиб олишган экан. Ўшанда "Манчестер Юнайтед"нинг икки футболчисини бир умрлик душманга чиқариб қўйишди ва португалияликнинг жамоадан кетишида бу асосий факт бўлишини айтишди.
Германиядаги мундиалга қадар журналистлар Криштианунинг "Реал"га ўтиши борасида кўплаб хабарлар тарқатишди. Португалиялик инсайдер эса Роналдунинг расмига шундай ҳазилона сўзларни ёзиб қўйди: "Реал" билан шартнома имзолашимни сабрсизлик билан кутяпман. Жаҳон чемпионати тугаши биланоқ буни амалга ошираман".
Ўйинда кейин Руни қисқа, лекин маъноли гапларни айтди: "Роналду билан эркакчасига гаплашиб оламан".
Бироқ Жеррарднинг бу борадаги фикри анчагина жиддий эди: "Роналду Рунига қарата нималар қилганини кўрдим. У бош ҳакамнинг олдига бориб, Рунига қизил карточка кўрсатилишини сўради. Криштиану ўзини Уэйннинг дўсти каби тутмади. Агарда у менинг жамоадошим бўлганида, у билан муносабатларни узган бўлардим.
Уэйн четлатилганидан кейин у бош мураббийига қараб кўзини қисиб қўйди. Бу унинг қанчалар аблаҳ одамлигини кўрсатади. Агарда терма жамоа таркибида жамоадошимга қарши ўйнасам, бундай ҳолатда мен барчасини бош ҳакамнинг ўзига топшириб қўярдим".
Шундан кейин ОАВ тонналаб инсайд маълумотлар топиб ташлади. Шундай маълумотлардан бирида "Манчестер Юнайтед" етакчилари бир-бири билан келиша олишмаётгани, ҳаттоки улар машғулотда қўл бериб сўрашмаётгани айтилди.
Гари Невилл ўша вақтларда Фергюсоннинг хонасига кириб муҳим топшириқ олганини тан олди: Руни ва Роналдуни яраштириш керак. Аслида бу керак эмасдек: бутун бир давлат Криштиануга қарши. Барча ОАВ унга қарши мақолалар ва сарлавҳалар ёзишаётганди. Ўшанда футболчиларга бўлган босим жуда ҳам катта эди, бироқ улар барчанинг олдида бемалол қўл сиқишиб сўрашишди. Худди ҳеч қандай муаммо бўлмагандек эди. Уэйн майдондаги ишларни унинг ташқарисига олиб чиқадиган одам эмасди".
5 апрель куни Руни "Sunday Times" нашрига ўша пайтда бўлган ҳиссиётларини гапириб берди: "Ўшанда қизил карточка берилишини сезиб тургандим. Кийиниш хонасидаги кичкинагина телевизорда ўйинни кўриб ўтириб, ўзимга шундай дедим: "Агарда ютсак, ярим финал ва финалда ўйнамайман, ютқазиб қўйсак, барчаси менинг айбим бўлади".
Ўзимни Роналдунинг ўрнига қўйиб кўрдим. У жамоаси учун қайғураётгани ва ғалабани истаётганини тушундим".
Футболчининг кўз қисиши англияликларнинг асабига тегганди. Роналду эса Сколарининг айтган вазифасини тушунгани учун кўзини қисганини айтди. Албатта, Британия матбуотини бостиришнинг иложи бўлмади.
Ўша лаҳзада Сер Алексдан қандай ҳиссиётлар ўтганини тасаввур қилиш қийин. У ўзининг китобида ёзишича, Криштиану ростдан ҳам 2006 йили "Реал"га ўтишга яқин бўлган, Англияга қарши ўйин ва мухлисларнинг унга бўлаётган нафрати трансферни тезлаштириши керак эди. Лекин ишлар ўхшамади: "Рунининг ўзи Роналдуга қўнғироқ қилиб, ораларида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтди. Уэйн эса мендан бу борада якуний интервью бериб, мухлисларнинг миясидан ўчириб юбориш кераклигига кўндирди. Криштиану эса бундай ҳолатда МЮдан кетиш, кучли футболчининг иши бўлмаслигини айтди".
Орадан бир йил ўтиб, 2007 йилнинг сентябрь ойида матбуот анжуманида Роналдудан Руни билан мунозара ҳақида савол беришди: "Бу жуда ёқимсиз вазият бўлганди, бироқ бундан ўзим учун дарс олдим. Ўша воқеа мени янада кучлироқ қилди. Ҳозир Руни билан муносабатларим аъло даражада. У яхши дўст ва жамоадош. Уэйн билан бир жамоада ўйнаётганимдан лаззат оламан ва фахрланаман".
Ўша мавсум МЮ илк турда "Фулхэм"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Унда Руни дубль қайд этди ва Роналдунинг голига ассист бўлди. Уэйн ушбу ўйинни ёрқин хотиралар билан ёдга олди: "Матбуот ушбу ҳолатни ёз давомида муҳокама қилди, улар ўртамиздаги муаммоларни қидириш билан банд бўлишди. Илк ўйинда "Фулхэм"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этдик, унинг бир голини уришда қатнашдим. Бу эса барчани тинчлантирди".
Миржалол Норматов таржимаси
Комментарии