ПФЛ “Динамо” - “Хоразм” ўйинига нега 15 дақиқа вақт қўшиб берилганини аниқлади
27 авг 2018 20:37
Новости
ПФЛ “Динамо” - “Хоразм” ўйинига нега 15 дақиқа вақт қўшиб берилганини аниқлади
Бунга қадар меҳмонлар ҳисобда олдинда бораётган бўлса, қўшиб берилган дақиқаларда самарқандлик футболчилар 2 та гол уриб, ғалабани илиб кетган. Мазкур ҳолат эса футбол мухлисларида шубҳа уйғотган. Шундан келиб чиқиб, ПФЛ комиссияси “Динамо” — “Хоразм” учрашувини ўрганиб чиқди.
Иккинчи бўлимда тўхталишлар вақти 15 дақиқадан ошиб кетганлиги факт. Мазкур ҳолат видеода ўз ифодасини топган. Меҳмонлар учрашув вақтини очиқчасига чўзишга интилган. Қўшимчасига, бош ҳакам томонидан майдондан четлаштирилган дарвозабон Ғайрат Ўдаевнинг майдондан чиқиб кетишига 6 дақиқа вақт керак бўлган.
Ўдаев учрашувнинг 51-дақиқасида ҳакам қарорига жиддий эътироз билдиргани учун огоҳлантирилган. Мазкур ҳолат видеода яққол кўринган. 63-дақиқага келиб эса дарвозабон тўпни ўйинга киритишни пайсалга солиб, майдон ташқарисидаги футболчи билан гаплашиб тураверган. Кейин эса ҳакам билан “суҳбатини” давом эттирган ва майдондан четлатилган.
Учрашувни ўрганиб чиқиш жараёнида шубҳали бўлиб кўринган қўшимча 15 дақиқа, дарвозабоннинг майдондан четлатилиши, “Хоразм” дарвозасига пенальти белгиланишида ҳакамнинг хатоси кўринмади. Унинг ҳатти-ҳаракати ўйин натижасига ўз таъсирини кўрсатмаган. Бу каби ҳолатларда футболчилар ўз зиммасидаги вазифани бажариши — футбол ўйнаши керак. Ўйин вақтини сунъий чўзиш каби иллатни эса оқлаб бўлмайди. Ўзини ҳурмат қилган, рақиб кўзига тик боқа оладиган ва ўз кучига ишонган футболчилар бундай иллатлардан узоқда бўлиши шарт.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. “Хоразм” футбол клуби Самарқандга бир дона дарвозабон билан ташриф буюрган. Дарвозабоннинг эҳтимолий жароҳатини ҳам инобатга олганда, меҳмонларнинг бу ишини тушуниш қийин. Шунингдек, захира ўриндиғида икки мураббийдан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Клуб ўйинга шифокорсиз келгани учун, “Динамо” клуби шифокорлари ҳар икки жамоа футболчиларига ҳам ёрдамга югурган. Иккинчи бўлимда асосан меҳмонлар “жароҳат олгани” инобатга олинса, “Хоразм” клуби мутасаддиларининг ишини профессионалликка йўйиб бўлмайди.
ПФЛ клублардаги молиявий ҳолатдан хабардор. Шунинг учун ҳам қарздорликлар масаласи куз фаслига қадар чўзиб келинди, клубларга имконият берилди. Ҳақиқат шундан иборатки, клубларга 10—20 йиллар давомида талаб ва муносабат шундай бўлган учун ҳам лигада ўсиш йўқ. Шунинг учун ҳам ПФЛ Про-Лига клубларига Суперлига жамоаларига қўйилган штат-жадвали талабларини юборган. Талаб қаттиқ бўлмаса, ҳозирги ҳолат яна бир неча йиллар давом этиши мумкин.
ПФЛ комиссияси ўйинни ўрганиб чиқиш жараёнида меҳмонлар дарвозабони Ғайрат Ўдаевнинг ҳатти-ҳаракатига ўз эътиборини қаратди. Ўйин вақтини чўзиш, ҳакамнинг ишига ҳалал бериш, провакацияга қўзғаш каби ҳаракатлари учун дарвозабон “Хоразм” иштирокидаги 2 та ўйиндан четлаштирилди ҳамда унга 5 миллион сўм жарима солинди.
Шунингдек, “Хоразм” футбол клуби кейинги учрашувларга ҳам шундай муносабатда бўлиб, ўйинга маъмур ҳамда шифокорсиз ташриф буюрса, клуб футболкалари ўйин учун тайёр бўлмаса — жамоа техник мағлубият қабул қилиб олади ва ўйинга чиқарилмайди. Бу талаб Про-Лиганинг барча клублари учун бирдек тегишлидир. ПФЛ бир ой аввал Про-Лига клублари учун ҳам штат жадвали тақдим этган бўлиб, унда клубда қандай ходимлар бўлиши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Демак, ортиқча саволга ўрин қолмаслиги керак.
Комментарии