Penalty. Санжар Шоаҳмедов: “Санжар исмли машҳурлар кам экан”
25 дек 2015 12:03
Новости
Penalty. Санжар Шоаҳмедов: “Санжар исмли машҳурлар кам экан”
2015 йилги олий лиганинг энг яхши футболчиларидан бири бўлган футболчи байрам арафасида саволларимизга жавоб берди.
Матлуба Саъдуллаева: Суҳбатимизни ёшлигингизни эслашдан бошлаймиз. Мактабда қандай ўқигансиз?
- Ёшлигим Тошкент шаҳридаги, Шайхонтохур туманида ўтган. 9-синфгача 262-мактабда ўқиганман. Ёшликда барча болалар каби кўчада футбол ўйнаб юрардик. Тўғриси мактабдан кўра футболни кўпроқ яхши кўрардим.
Нарзулла Сайдуллаев: Футболга қандай кириб келгансиз?
- Етти ёшимдан буён футбол ичидаман. Ҳам ўқиш, ҳам футболни биргаликда олиб борганман. Биринчи мураббийларим Геннадий Казаков ва Геннадий Денисов. Дастлаб мен ўзимдан катта ёшдаги Марат Бикмаев, Темур Ғаниев, Владимир Аникин каби футболчилар билан машғулотларда қатнашиб юрардим. Бу ерда Казаков мураббий эди. Бир гап айтаман, ўзимдан катта ўйинчилар билан шуғулланганим менга ҳозирда ҳам ёрдам бермоқда. Кейин ўз ёшимдаги жамоада Геннадий Денисов билан бирга ишлаганмиз. Достон Абдураҳмонов ва Зоҳир Пиримов каби футболчилар билан шуғулланганман.
Матлуба: Санжар Шоаҳмедов ўзининг қайси камчилиги борлигини тан олади?
- Барча инсонда камчилик бўлса керак. Идеал одам бўлмайди. Кеч қолмайман, одамларни куттириб қўйишни ёмон кўраман. Лекин кўп ухлашимни тан оламан. Жаҳлдор эмасман, ҳазилларга мойилман. Барчасини ўз ўрнида, мёърида ишлатаман.
Нарзулла: "Олмалиқ"даги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
- 2008 йил “Олмалиқ” илк бор олий лигага чиққанди. Ўшанда жамоа қошида ёшлар жамоаси ташкил этилиши керак бўлган. Чиғатой футбол мактабидан 10 нафар футболчи Олмалиққа кўрикдан ўтиш учун боргандик. 3 ҳафталик йиғиндан сўнг Игорь Шквирин ва Геннадий Денисов бошчилигидаги мураббийлар беш нафар футболчини жамоада олиб қолган. Ўша вақтда Марат Кабаев ёшлар жамоаси мураббийларидан бири бўлган. Дастлабки икки йилда фақат ёшлар жамоасида ўйнадим. 2010 йил Шквирин мени олий лига ўйинларида захирадан майдонга тушира бошлаганди. 2012 йилдан бошлаб “Олмалиқ”нинг асосий футболчисига айлангандим.
Матлуба: Янги йил байрами арафасида қайси кинони мириқиб кўрасиз?
- “Уйда ёлғиз” (кулади). Ёшлигимидан маза қилиб томоша қиламан. Ҳар йили Янги йил байрами арафасида шу кинони қўяди. Ўзбек киноларидан эса “Суюнчи” ёқади. Сабаби бу кино деярли футбол ҳақида (кулади).
Нарзулла: "Локомотив"даги бир йил қандай ўтди?
- Ўтган йил ёзда “Бунёдкор”дан таклиф тушганди. Бироқ “Олмалиқ” билан шартномам борлиги учун жамоадан кетмагандим. Йил тугагач Вадим Абрамов мен билан алоқага чиққан ва “Локомотив”га таклиф қилганди. Мураббийнинг ишончини ҳис қилганим учун ҳам “темирйўлчилар” сафига қўшилишга қарор қилганман. Жамоага тез қўшилиб кета олдим. Футболчилар билан бир оиладек бўлиб кетдик дея оламан.
Матлуба: Нима учун "Локомотив"да 22-рақамни танлагансиз?
- “Олмалиқ”да дастлаб ёшлар жамоасида 10-рақамда ўйнардим. 2013 йил асосий таркибга ўтганимда 10-рақам Мўйдин Мамазулумовга тегишли эди. Шунда 22-рақам бўш бўлгани учун шуни танлаганман. Кейин Мамазулумов клубдан кетгач яна 10-рақамни олганман. “Локомотив”га келганимда бу рақам Бикмаевга тегишли, 22 бўш экан. Шундай қилиб тасодифан танланган 22-рақами мен учун қадрдон бўлиб қолди. Мана силар ҳам айнан 22та савол берар экансизлар-ку (кулади).
Нарзулла: Осиё чемпионлар лигаси қандай мусобақа экан?
- Мусобақада жуда кучли клублар иштирок этади. Осиё чемпионлар лигасида кучли футболчиларга қарши, ажойиб стадионларда ўйнайсиз. Бу йил натижа ижобий бўлгани йўқ, насиб қилса 2016 йил натижани янада яхшилашга уринамиз. Шахсан мен учун энг қийини “Фулад” билан Тошкентдаги баҳс бўлди. Тўғри “Ал Садд”га 2:6 ҳисобида ютқаздик, лекин ўша баҳсда жуда ёмон ўйнамагандик. Шунчаки рақибнинг деярли барча зарбаси дарвозамизга кириб кетаверган. “Фулад” билан ўз уйимизда очко йўқотиб қўйганимиз ёмон бўлган.
Матлуба: Сиз журналист бўлсангиз қайси футболчига қандай савол берган бўлардингиз?
- Агар журналист бўлсам футболчидан “орзуингиз нима?” деб сўраган бўлардим.
- Санжар Шоаҳмедовнинг орзуси нима?
- Жаҳон чемпионатида ўйнаш. Менимча бу барча футболчиларнинг орзуси бўлса керак.
Нарзулла: "Локомотив"даги қайси ёш футболчига кўпроқ эътибор бериш керак деб ўйлайсиз?
- Бу йил Икром Алибоевга мураббийлар ишонч билдиришди. У эса имкониятдан фойдаланиб ўзини яхши томонлама кўрсата олди. Ўсишдан тўхтаб қолмаслиги керак. Бундан ташқари Сергей Прохоров ҳам иқтидорли футболчи. Бежизга уни “Флитвуд Таун” мураббийлари Англияга таклиф қилишмади. Бундан ташқари “Локомотив” мактабида ҳам ёш қобилиятли футболчилар жуда кўп.
Матлуба: 25 ёшга тўлган Санжар Шоаҳмедов қачон турмуш қурмоқчи? Рафиқангиз қандай бўлиши керак?
- Бу йил улгурмаймиз (кулади). Қиз топилса кейинги йил баҳорда ёки ёзда тўйим бўлса керак. Бўлажак турмуш ўртоғим кўнгли очиқ, самимий, барча билан яхши чиқишиб кета оладиган бўлишини истардим.
Нарзулла: Акангиз футзалчи. Интервьюлардан бирида "Агар ҳаракат қилса катта футболда ўйнаб кета олади" дегансиз. Санжар Шоаҳмедовчи футзалга ўтса ўйнаб кета оладими?
- Ёшлигимда футзал ўйнаганман. 14-15 ёшимда “Ардус” йиғинида қатнашганман. Жамоа 2 йиллик шартнома таклиф қилганида буни рад қилгандим. Футзалда жуда кўп югуриш керак, шу боис ҳам алмаштиришлар тез содир бўлади. Катта футболда ҳам жисмонан кучли бўлиш талаб этилади.
Матлуба: Уч нафар энг машҳур адашингизни санаб бера оласизми?
- Санжар Турсунов! Украинанинг “Ворскла” клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Санжар Шодиев –актёр ва режиссёр. “Етти ҳайкал, битта кал” киноси орқали жуда машҳур бўлиб кетди. Учинчисини эслай олмадим. Санжар исмли машҳурлар ҳам кам экан. Мен ўзимни машҳур ёки юлдуз деб ҳисобламайман, мен оддийгина Санжарман.
Нарзулла: Хорижда қайси чемпионатда ўйнашни орзу қиласиз? Қайси клублардан таклифлар тушди?
- Испания чемпионатида ўйнашни истайман. Бу мамлакатда “Барселона” ва “Реал” каби энг кучли клублар қатнашишади. Хориждан таклиф бўлганми? Ўтган йил “Локомотив”га ўтишимдан олдин Баҳрайн клубидан таклиф бўлганди. Хатто Шаҳзодбек Нурматов билан бирга Баҳрайнга бориб кўрикдан ҳам ўтгандик. Бироқ клуб ОЧЛда ўйнамаслиги ва чемпионатда атига 12та клуб қатнашиши боис трансфер амалга ошмай қолганди.
Матлуба: Блиц саволлар: Бу саволларга тез-тез ва қисқа жавоб беришингиз керак бўлади.
- Ёқтирган таомингиз
- Ҳоним.
- Энг чиройли голингиз
- “Локомотив” сафида “Ал Садд”га урган голим.
- Бразилиялик Роналдо ёки Роналдиньо
- Роналдиньо.
- Ёзми қишми?
- Ёз.
- Райхон ёки Шахзода?
- Шахзода.
- Дилноза Кубаева ёки Асал Шодиева?
- Дилноза Кубаева.
Нарзулла: Жаҳон футболида энг ёқтирган футболчингиз Хави эканини биламиз. Испаниялик футболчининг айнан қайси жиҳатлари сизни ром қилган?
- Ёшликдан “Барселона”га мухлисман. Хавини ҳам айнан шу клубдаги ўйинларини кўриб мухлисига айланганман. Унинг ҳужумчиларга оширган ғаройиб паслари менга ёқиб қолган. Унга ўхшашга интиламан, буни тан оламан.
Матлуба: Ўзингиз ўйнаган стадионлар орасида сизга энг ёққани қайси?
- Осиё чемпионлар лигаси доирасида Саудия Арабистонида “Ал Ҳилол” меҳмони бўлганмиз. “Қирол Фаҳд” стадиони жуда замонавий ва ажойиб экан. Стадион майсаси ҳам идеал ҳолатда. Мухлислар ғаройиб муҳитни юзага келтиришганди.
Нарзулла: Қуйидаги мураббийларга таъриф беринг: Геннадий Денисов, Игорь Шквирин, Вадим Абрамов, Самвел Бабаян.
Геннадий Денисов – биринчи мураббийим, яхши устоз. Игорь Шквирин – талабчан, ҳазилкаш. Вадим Абрамов – у ҳам ҳазилкаш, футболчилар билан тез чиқишиб кета олади. Самвел Бабаян – кучли мураббий, талабчан ва иштиёқманд. Аслида барча мураббийлар фаолиятимда жуда катта ва муҳим роль ўйнашган. Барчага катта миннатдорчилик билдириб қоламан.
Матлуба: Янги йил яқин. Қорбобони учратиб қолсангиз унинг қопига сиғадиган қандай совғани сўраган бўлардингиз?
- Нимани сўрасам бўлади? Футболчига нима керак, албатта футбол тўпи (кулади). Тўғриси ҳозир нима сўрашни ҳаёлимга келмаяпти. Ўша пайт ҳам шошиб қолсам керак.
Нарзулла: Орзулар терма жамоаингизни тузиб беринг.
- Дарвозада Икер Касильяс. Ҳимояда Дани Алвеш, Карлес Пуйол, Серхио Рамос, Марсело. Ярим ҳимояда Хави ва Андрес Иньеста. Чапда Неймар, ўнгда Роналду. Ҳужумда Томас Мюллер ва Лионель Месси. Бош мураббий – Жозе Моуриньо. Бу мураббий ўз вақтида ажойиб ютуқларга эришган, шунчаки бу мавсумда омади келмади ва “Челси”дан кетди. Барчада шундай қора кунлар бўлади. Лекин мен учун барибир энг кучли мураббий айнан Моуриньо. Эътибор қилинг, шундай ёмон натижа қайд этса ҳам бир қатор топ клублар унга таклиф билан чиқишга тайёр туришибди.
Матлуба: “Penalty” лойиҳаси ва мухлисларга тилакларингиз.
- Ўзбекистон халқини Янги йил байрами билан табриклайман. Барча ўйлаган ниятларига эришиб юришларини, омад ҳеч қачон уларни тарк этмаслигини тилайман. 2015 йилда эришмаган ютуқларига 2016 йилда эришишларига тилакдошман. Лойиҳага фақат муваффақият тилайман, доим ишлашдан чарчаманглар. Барчага байрам муборак бўлсин!
Нарзулла: Ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси.
- Ўзим умуман пенальти тепмаганман. 2005 йил Туркияда бўлиб ўтган Европа чемпионлар лигаси финалидаги пенальтилар серияси ёдимда қолган. Ўшанда “Милан” биринчи бўлимда 3:0 ҳисобида олдинда чиқиб олганди. Иккинчи бўлимда “Ливерпуль” 10 дақиқада 3та гол уриб ташлаганди. Пенальтилар сериясида Ежи Дудек Шевченконинг зарбасини қайтарганини эслайман.
Матлуба Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди.
Фото: Толибжон Қосимов
Комментарии