Педру Морейра "Ал Садд"га қарши кечадиган баҳс олдидан нималар деди?(тўлиқ матбуот анжумани)
16 фев 16:03
Новости


Педру Морейра "Ал Садд"га қарши кечадиган баҳс олдидан нималар деди?(тўлиқ матбуот анжумани)
- Барчага хайрли кун. Барчангизни кўриб турганимдан хурсандман. Ўйин биз учун жуда муҳим. Мен ушбу жамоага келишимдан аввал, Элит Осиё Чемпионлар лигасидаги ушбу иккита баҳс орқали жамоанинг ҳозирги ҳолатини баҳолаб олишимиз мумкин эканлигини билардим. "Ал Гарафа"га қарши кечган учрашувда яхшироқ ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдик, бироқ натижа биз учун ёмон бўлди. "Ал Садд" қарши ўйинда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз, балки кейинги босқичга чиқиш учун имкониятларимиз сақланиб қолгандир. "Ал Садд" Қатарнинг энг совриндор ва энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Жамоа жуда аҳил ва футболчилар майдонда бир-бирини жуда яхши тушунишади. Рақибимиз асосан "доминант" футболни хуш кўришади. Маҳаллий чемпионатда ҳам яхши натижалар қайд этишмоқда. ОЧЛда "Ал Насср"га қарши кечган сафар учрашувида ҳам жамоа жуда яхши ўйин намойиш этган. "Пахтакор"да бир ойдан бери ишлаётган бўлсам, шу вақт ичидаги барча меҳнатларимизни эртанги баҳсда намойиш этишга интиламиз.
Умар Адҳамзода
- Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Эртага ғалаба қозонишга ва мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Рақибни ўрганиб чиқдик. "Ал Садд"ни биламиз ва уларга қарши ўйнаганмиз.
- "Пахтакор"нинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари "Ал Гарафа"га қарши кечган ўйиндан сўнг кескин камайиб кетди. Сизнинг фикрингизча, жамоа эртага ғалаба қозона олса, плей-офф босқичига чиқиш имкониятларини неча фоиз бўлади?
- "Пахтакор"да ҳар доим ғалаба қозонишга иштиёқ бўлиши керак. Ушбу гапни футболчиларга ҳар доим таъкидлайман. Умар ҳам буни кўп маротаба эшитган, у ҳар бир учрашувда ўйнаб келмоқда. Ўзингиз билсангиз керак, жорий мавсум осон бўлмайди. Олдимизда "Ал Садд"га қарши ўйин ва биз ҳозир фақатгина шу баҳс ҳақида ўйлашимиз керак. "Ал Гарафа"га қарши кечган баҳсдан фарқли ўлароқ, янада яхшироқ ўйин намойиш этиб, ғалаба қозонишимиз керак. Қатарда йўқотган очколаримизни эртанги баҳсда қайтариб олишга ҳаракат қиламиз.
Ўз устимизда ишлашда давом этишимиз керак, натижани ҳисобга олган ҳолда, албатта. Бизни олдинда чемпионат баҳслари ҳам кутиб турибди. Сўнгги бир ҳафта давомида биз жиддий тайёргарлик кўрдик. Футболчилар эртага майдонда барчасини кўрсатиб беради деган умиддаман.
- "Пахтакор" трансферлар ойнасида янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Ҳозирги кунга қадар йиғилган таркибдан қанчалик қониқяпсиз? Масалан, асосан ҳужум чизиғига кўпроқ эътибор қаратилди. Ҳимоя чизиғи эса кучайтирилмади. Агар имкониятингиз бўлганда яна қайси позицияларни кучайтирган бўлардингиз?
- Айни пайтдаги таркибимиз шу. Ихтиёримизда бор футболчилардан фойдалана оламиз. Мени ушбу жамоага чақиришганида, мен "Пахтакор"ни таҳлил қилиб ва клуб тарихини ўрганиб чиққан эдим. "Пахтакор" ҳар доим ғалаба қозонишни мақсад қиладиган жамоа. Клуб ҳеч қачон қуйи лигага тушиб кетмаган. Жамоада иқтидорли футболчилар бор. Умуман олганда, Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Асосан хорижлик футболчиларни ўз сафимизга қўшиб олганимиз, фақат уларни ўйнатамиз дегани эмас. Биз легионерлар ва маҳаллий футболчилардан иборат аҳил жамоа қурамиз. Бундай таркиб яхши балансга эга бўлади. Бу келажак учун ҳам манфаатли бўлишига ишонаман.
- "Пахтакор" бунга қадар бор-йўғи битта расмий учрашувда иштирок этди. Суперлига эса март ойида старт олади. Қатар "Юлдузлар Лигаси" эса ўзининг энг қизғин палласида. "Пахтакор"да мунтазам ўйин амалиёти йўқлиги эртанги учрашув натижасига қанчалик таъсир қилиши мумкин? Жамоалар ўртасидаги ушбу жиҳат қанчалик катта фарқ яратиши мумкин?
- Бу жиҳат жамоалар ўртасидаги фарқни келтириб чиқариши шубҳасиз. Қатарда чемпионат давом этмоқда. Энг муҳими, ҳар бир футболчи ўз вазифасини яхши бажариш. Умарга ва жамоага қандай имкониятларимиз бор эканлигини кўрсатиб ва тушунтириб бердик. Футболчилар бундан хабардор. Ниятимиз рақибни мағлуб этиш. Яна бир бор такрорлайман, сўнгги бир ҳафта давомида биз тўлиқ ушбу ўйинга тайёргарлик кўрдик. Умид қиламанки, футболчилар эртага майдонга "Пахтакор" қандай кучга эга эканлигини намойиш кўрсатиб қўйишади.
Умар Адҳамзодага савол
- "Ал Садд" жамоаси ва Қатар терма жамоасининг етакчиси Акром Афиф Тошкентда келмади, бироқ Қатар жамоаси яқинда бир неча мавсум давомида "Зенит"да ёрқин ўйинлар намойиш этган бразилиялик футболчи Клаудиньони сотиб олди. Клаудиньо Тошкентга келган ва эртага катта эҳтимол билан майдонга тушади. Менинг фикримча, Клаудиньонинг маҳорати Акром Афифникидан паст эмас. Эртанги учрашувда "Пахтакор" ҳимоячиларига қанчалик қийин бўлиши мумкин? Шунингдек, машғулотларда Клаудиньони қандай хавфсизлантириш чоралари кўриб чиқилдими?
- Клаудиньога алоҳида тайёргарлик кўрмадик. Биз асосий эътиборимизни умумий ўйин суръатига ва жамоавий ўйинга қаратдик. Сиз айтиб ўтган бразилиялик футболчидан ташқари бошқа кучли футболчилар ва легионерлар ҳам бор. Биз ўз уйимизда уч очкони қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Эртага қизиқарли ўйин бўлади.
- Эртага "Пахтакор" "Ал Садд"ни мағлуб эта олишига нима сабаб бўлиши мумкин? Масалан, совуқ об-ҳаво ёки "Пахтакор"нинг ғалаба қозонишга бўлган иштиёқи...
- Ҳар бир айтиб ўтган жиҳатларингиз ўйинга ўз таъсирини ўтказади. Агар биз эртанги учрашувда яхши иштиёқ билан майдонга тушсак, ғалаба қозона олишимизга ишончим комил. "Ал Садд" таркибида Афиф, Клаудиньо ва бошқа кучли футболчилар бор. Рақибимизда ҳам камчиликлар кузатилиши мумкин. Улар ҳам кимни асосий таркибда тушириш ҳақида бош қотирмоқда. Биз буларнинг барчасига тайёрмиз. Ўйин давомида рақибнинг юришларидан келиб чиқиб, ўз ўйинимизни ўзгартиришимиз мумкин. Бундай ўйинларда ҳар бир фактор ўз таъсирини ўтказади. Ушбу факторларнинг барчасини бир жойга жамлашимиз ва ғалабага бўлган иштиёқимизни намойиш этишимиз керак. Бунга эриша олишимизга ишонаман.
Футболчилар ўзини қандай намойиш этишаётганидан жуда мамнунман. Мухлисларимиз ҳам эртанги ўйиндан сўнг яхши кайфиятда бўлишади деган умиддаман. Эртага Ўзбекистондаги дастлабки учрашувимни ўтказаман. Дастлабки расмий ўйиним қандай ўтиши мен учун жуда қизиқ. Бу ердаги инсонларнинг ўз ишига бўлган ёндашуви ва самимийлиги менга ёқмоқда.
Похожие новости

Комментарии