"Пахтакор" раҳбариятига таклиф: Қарс икки қўлдан чиқади. Черан клубни чиройли ва муносиб тарк этиши керак
28 ноя 10:45
Новости
"Пахтакор" раҳбариятига таклиф: Қарс икки қўлдан чиқади. Черан клубни чиройли ва муносиб тарк этиши керак
Айниқса, Драган Черан, Сардор Собирхўжаевнинг ўринбосарлар жамоасига юборилганику тушунарсиз вазият. Жамоа рулига қайтган Максим Шацких ОКМК билан ўйиндан сўнг бу мавзуни ёпиш кераклигини ва бошқа важларни келтирди. Бу икки футболчи Дубайга "Истиқлол" билан учрашувга ҳам олиб кетилмади.
Максим Шацких: "Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган"
Черан "Пахтакор"га бугун келиб қолгани йўқ
Жамоанинг ичида, балки раҳбарият балки мураббий билан нима бўлгани бизга қоронғу. Черан "Пахтакор"га бугун ёки кеча келиб қолгани йўқ. Бу клубда 6 йилдан буён фаолият олиб бормоқда ва унча-мунча футболчидан кўп кийим алмаштирган. Миллий чемпионатларимизда бир неча мавсумлардан буён тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб келаётган сербиялик легионер футболчи Драган Черан 2016 йилда "Насаф"га Шимолий Македониянинг "Вардар" клубидан келиб қўшилган. Қаршиликлар сафидаги 2 йиллик муваффақиятли фаолиятидан сўнг 2018 йилда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби сафига кўчиб ўтган. Йиллар кесимида ҳисоблаб кўрсак, Драган Черан миллий чемпионатларимизда кетма-кет 8 мавсумдан буён ўйнаб келмоқда.
"Агар кимдир "Сен Ўзбекистонга йўл олиб, у ерда энг яхши футболчи бўласан" деганида, ишонмаган бўлардим. Барчамизнинг ўз мақсад ва орзуларимиз бор. Ҳамма Европада ўйнашни хоҳлайди, аммо Осиёда бахтли инсонга айландим. Бу тақдир...",- деган эди Драган.
Қарс икки қўлдан чиқиши керак ёхуд сунъий ёшартиришга қаршиман
Нима учундир айнан бу йилнинг охирига келиб Чераннинг кераги бўлмай қолгани жуда ғалати кўринди. Суперлигада 200га яқин ўйинда 140 та гол урган футболчи, "Пахтакор"нинг Суперлига,боз устига жамоанинг асосий фигураси, 37 ёшда Суперлиганинг энг яхши тўпурари бўлиб турган футболчи. Балки клуб раҳбарияти таркибни ёшартириш йўлига ўтаётгандир лекин сунъий шунчаки ёшларни ҳам тушириб юбориш ҳам нотўғри йўл ҳисобланади. Ёшлар ўзидан катталар билан рақобатлашиш орқали ўсишга эришади. Бунда "Пахтакор"да Черан, Собирхўжаев каби "дедлар" катта роль ўйнашади. Драган эса ҳақиқий сардор. Бир пайтлар Илҳом Суюнов, Камолиддин Тожиев, Александр Гейнрих каби футболчилар ёнида Кримец, Козак, Искандеровлар нимадир ўрганган. Майли ўртада нима ўтди, нима бўлди барини унутинг жаноб "Пахтакор" мураббий ва раҳбарлари. Агар кетказиш ниятингиз бўлса, "Бунёдкор" билан ўйинда 15 дақиқага бўлса ҳам имкон беринг. У гол урса, урмаса мухлислар олдида юқори ҳурмат билан хайрлашиши зарур. Бу ерда икки томон зиддияти эмас футболчи ва мухлислар ҳурмат устун бўлсин. "Пахтакор" ўз қадриятлари, анъаналарига эга клуб. Бундай клубга афсоналарни ҳурматсиз оҳангда шунчаки кетказиб юбориш ярашмайди. Шу йилда клуб афсонаси Красницкийни ортда қолдирган Черан "Пахтакор"нинг Ўзбекистон чемпионатларидаги ва юқори лигалардаги энг яхши тўпурарига айланган. Кетма-кет 6 йил мавсумни тўпурар сифатида якунламоқда. У "Пахтакор"даги умрини захирада ёки шунчаки ўтказмади.
Шацкихнинг бошидан ўтган ҳолат
Драган Черандаги вазият бир вақтлар Макснинг бошидан ўтган. Буни танасида ҳис қилган. У ўзининг энг гуллаган даврлари шубҳасиз Киевнинг "Динамо" клубида ўтган. 1999 йил Валерий Лобановский мураббийлигидаги жамоага ўтган Макс ушбу клубда 10 йил ўйнади. Шу вақт ичида икки марта Украина чемпионати тўпурарига айланди. 1999 йил 28 июлида Шацких Европа Чемпионлар лигасидаги дастлабки голини "Жальгирис"га қарши ўйинда урди. Шу тариқа, ҳужумчи ЕЧЛда гол урган дастлабки осиёлик футболчи бўлди. Ундан олдин УЕФА байроғи остидаги мусобақаларда Миржалол Қосимов тўп киритганди. Чемпионлар лигасида ўтказган 9 мавсуми давомида ҳужумчи 11 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Киев жамоасида 1999 йилдан бошлаб ўйнаб келган ҳужумчи ўшандан бери хоҳ Лобановский даврида бўлсин, хоҳ Сабо ёки Демьяненко даврида бўлсин жамоанинг биринчи рақамли хужумчиси эди. Сёмин келгач эса вазият бутунлай ўзгарди. Даставвал секин-аста Максимни захирага мослаштирган Сёмин, кейинчалик уни умуман бу ерга михлаб қўйди. Унинг бу қароридан терма жамоамиз ҳам зарар кўрган эди. Эсингизда бўлса, ЖЧ-2010 саралашининг ҳал қилувчи баҳсларида Максимнинг ўйин амалиётисиз қолиши, термамизнинг натижаларида ҳам салбий бўй кўрсатган эди.
2009 йилнинг 26 майида Киев клуби "Шахтёр"га қарши ўйнади. Ўша ўйин Максим учун бу клуб сафидаги охирги ўйин бўлиб қолиши маълум эди. "Динамо" стадионига мухлислар ҳужумчига атаб ажойиб баннерни осишди. Афсуски, Киев жамоаси бош мураббийи Юрий Сёмин уни ўша баҳсда майдонга туширмаган. Баннерни томоша қилинг.
Украина Премьер Лигаси. 2008/2009 мавсум
30-тур. 26.05.2009. "Валерий Лобановский" стадион. 15 800 томошабин
Бош ҳакам: Евгений Геренда
"Динамо Киев" - "Шахтёр Донецк" 1:0
Гол: Артём Милевский 79
"Динамо Киев": Шовковский, Асатиани, Юссуф, Мандзюк, Эль-Каддури, Вукоевич, Корреа, Алиев, Еременко, Гиоане, Милевский
Захира: Богуш, Допилка, Морозюк, Кравченко, Гусев, Ярмоленко, Зозуля
Бош мураббий: Юрий Сёмин
"Мухлисларга катта раҳмат! Бу ҳолатда оддий қараб бўлмасди. Ўзимни йиғидан зўрға тўхтатдим. Ушбу баннерни эсдалик учун олиб қўйдим", - деганди ўша учрашувдан сўнг Шацких.
Хулоса
Шундай экан бундай шараф билан хайрлашишга мураббий қаршилик қилмаса керак. Танаси бошқа дард билмас деган мақол унга тўғри келмайди. Боиси юқорида айтиб ўтдик. Жаҳон футболида ҳам бундай вазиятлар бўлиб турган. Дейлик, Ван Галнинг Бастиан Шванштайгерни МЮ ўринбосарлар сафига тушириб юборилгани, "Реал"да Касильяс, Раул, Йерро билан шундай ҳолат юз бергани жамоатчиликка маълум. Лекин биз ўзбекмиз ва ҳурматни жойига қўядиган халқмиз. Ўйлайманки, "Пахтакор" раҳбарияти тўғри қарор қабул қилади. Балки Чераннинг ўзидан ҳам хато ўтгандир лекин бундай муҳим паллада ташаббус "шерлар"дан чиқиши тўғри ҳисобланади.
Комментарии