Остон Ўрунов - Европа лигаси мақсади, Самвел Бабаян, "Локомотив"да пайдо бўлган одати ва бошқалар ҳақида
06 июн 2020 00:22
Новости
Остон Ўрунов - Европа лигаси мақсади, Самвел Бабаян, "Локомотив"да пайдо бўлган одати ва бошқалар ҳақида
- Барчаси яхши. Шарт-шароитлар, ҳамма нарса мени қаноатлантиряпти. Жамоадошларим мени яхши қабул қилишди. Бош мураббий ҳам жуда яхши. Унинг ўзи собиқ футболчи бўлгани учун барчасини тушунтира олади. Бу ерда мен энг яхши футболчига айланмоқчиман.
- 20 кун давомида йиғинлар бўлди. Шундай катта танаффусдан кейин Сиз жисмоний юкламаларни қабул қилишда қийналмадингизми?
- Ҳа, қийин бўлди, бироқ чидадик. Чунки ҳозир қийин бўлса, кейинчалик расмий ўйинларда кўп нарсаларда енгиллик сезамиз.
- Нима сабабдан карантин даврида Ўзбекистонга кетмасдан, бу ерда қолдингиз?
- Учиб кетишга кечикдим. Кейинчалик йўллар ҳам ёпилди. Шундан кейин шу ерда қолишга қарор қилдим.
- Уйда ўтириш қийин бўлмадими? Умуман олганда, нималар билан банд бўлдингиз?
- Жуда ҳам зерикарли бўлди. Ўзим машғулот қиламан, қўшиқ эшитаман, "PlayStation" ўйнайман.
- Ўзбекистонни соғиняпсизми? Телефон орқали кимлар билан кўпроқ гаплашиб турибсиз?
- Ота-онам билан ҳар куни гаплашаман. Ўзбекистонда ҳам асосан улардан узоқда яшардим ва бунга кўникиб қолганман. Етти йил бўлди бунга.
- Чемпионатнинг қолган қисмида бизни нималар билан хурсанд қилмоқчисиз?
- Ўйиннинг кўплаб жиҳатларига кўра, ўзимни кўрсатиш ниятим бор. Тўғрисини айтсам, "Уфа" таркибида Европа лигасида ўйнамоқчиман. Худо хоҳласа, ниятимга эришаман.
- Энди кичик саволларга ўтамиз. Тезкор савол-жавоб!
- Бошладик!
- Йиғинлардаги хонадошингиз.
- Юрий Емельянов.
- У билан бирга яшаш қийин эмасми?
- Йўқ, у яхши йигит ва жамоадош.
- Жамоадаги қайси футболчи билан кўпроқ мулоқотда бўласиз?
- Барча футболчилар билан деярли бир хил. Аммо жамоанинг легионерлари менга кўп нарсаларни ўргатишмоқда.
- Коронавирусдан қўрқасизми?
- Йўқ. Бу умуман қўрқинчли эмас.
- Россия совуқми?
- Ҳа, совуқ.
- Ҳозир-чи?
- Чидаса бўлади.
- Ўзбекистонда ҳаво қандай?
- У ерда 40 даража иссиқ.
- Шу 40 даражани нормал ҳолатда қабул қиласизми?
- Йўқ, бу жуда ҳам иссиқ.
- ЦСКАга қарши ўйин вақтида жуда ҳам совуқ бўлганди.
- Ўйинда музлаб қолганман десам ҳам бўлади.
- Исиниш учун нима қилдингиз?
- Совуқлигидан ҳеч нима қила олмадим.
- Энг севимли ўзбек таоми.
- Палов.
- Уфада ушбу таомни еб кўрдингизми?
- Ҳа, лекин унчалик ёқмади. Бироқ бир дўстим бор, у ош қилишни қойиллатади.
- Сирларингиз борми?
- Қандай?
- Масалан, ош қилишда.
- Тўғриси, ош қилишни билмайман.
- Ўзбек тилидаги энг чиройли сўз қайси?
- Бундай сўзлар кўп. Аммо биз "ажойиб" сўзини кўп ишлатамиз.
- Майдонда жамоадошларингиз сизга қарата "ажойиб" сўзини ишлатишадими?
- Албатта. Агарда биз бир рақибни алдасак ёки чиройли хатти-ҳаракатларни амалга оширсак, шу пайтда беихтиёр "ажойиб" сўзи тилимиздан чиқиб кетади. Бу одат "Локомотив"га ўтганимда пайдо бўлди десам адашмаган бўламан.
- Ўзингизнинг энг яхши футбол сифатингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Атрофимдагилар менга дриблингим яхши эканлигини айтишади.
- "Краснодар"га қарши ўйинда Зидан услубидаги финтингизни кўрдик. Буёғига бундан ортиғини кутсак бўладими?
- Ҳозирда финтлар борасида ҳам ишлаяпман. Бунинг самарасини ўйинда кўрсатаман.
- Рус тилида унчалик ёмон гапирмаяпсиз. Рус тилини шу ерга келиб ўргандингизми ёки Ўзбекистонда гаплашиб юрармидингиз?
- Ҳа, мактабда рус тилини ўқиганман. Шунингдек, мураббийим ҳам рус бўлган. Канчельскис, Самвел Бабаян билан ҳам бирга ишладим.
- Самвел Бабаян қандай мураббий?
- Яхши мураббий, психолог. Футболдаги ҳамма нарсани яхши тушунади. Барчага бирдек ёрдам беради. "Локомотив"да ҳам менга катта далда бериб турганди. Одамнинг кўзига қараб, биттада нималар кераклигини билиб олади.
- Ҳозир у қаерда ишлаяпти?
- Хитойда "Чанчунь Ятай" бошқарувини ўз қўлига олган.
- Ажойиб, бу унинг мураббийлигидаги ўсиш бўлса керак.
- Ҳа, унинг олдига катта мақсадлар қўйилган. У жамоани юқори лигага олиб чиқиши керак.
Комментарии