Оливье ЖИРУ: ”Францияни бахтли қилишни истаймиз"
18 июл 2016 23:30
Новости
Оливье ЖИРУ: ”Францияни бахтли қилишни истаймиз"
Учрашувнинг энг яхши фуболчиси деб топилган Жиру ўйин ва чемпионат ҳақида берилган саволларга жавоб қайтарди.
Бош мураббий Дидье Дешам ҳужумчини 60-дақиқада захирага олганда Жирунинг юзида ҳам ўзидан қониқиш, ҳам норозилик акс этди. У голлари ва майдондаги ўйинидан хурсанд бўлса, учрашувни охиригача давом эттирмаганидан норози экани сезилиб турарди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Оливье мазкур беллашув ўзи учун терма жамоада энг яхшиси бўлгани ва жисмоний тарафдан жуда яхши ҳолатда эканини ҳис эканини таъкидлади. Кейинчалик Франциянинг Клерфонтендаги базасида у батафсил интервью берди.
– Очилиш ўйинида Руминияга гол урдингиз, лекин кейин баҳсларни голсиз ўтказдингиз. Исландия билан ўйин бошланганда бунга шубҳа бормиди?
– Ҳеч қандай. Майдонга тушиб, гол уришимни ҳис қилгандим. Майдонда ўз ўрнимни топиб, фойдали ўйнашга эришдим.
– Дидье Дешам сизни ҳамиша қўллаб-қувватлаган.
– Дешам ва унинг ёрдамчиси Ги Стефан доим ўйинимни кузатиб боришган. Улар футболни жуда яхши тушунишади ва мени қўллаб-қувватлашса, демак ишонч билдиришмоқда. Менда инқирозлар рўй берди, лекин мавсумни яхши савияда ўтказдим. Мураббийлар кўмаги кучимга ишончни сақлаб қолади. Бунга яхши ўйин билан жавоб беришни хоҳлайман. Европа чемпионатида эса янада кўпроқ.
– Тажрибангиз ва ёшингизга қарамай, қўллаб-қувватлаш сиз учун шунчалик муҳимми?
– Ҳа, у ҳар бир футболчи учун муҳим. Айниқса, ОАВ ва мухлислар танқидан муносабатда бўлса. Кўмак ишончни билдиради. Ҳар куни энг яхши эканимни эшитишим керак эмас. Бунга умуман эътибор қаратмасликка интиламан.
– Исландияга қарши ўйинда сизни энг яхши деб топишди.
– Жамоанинг ўзи энг яхши бўлди. Франция терма жамоаси Европа чемпионатида шу пайтгача бешта гол урмаганди. Биз жуда яхши савияга чиқдик.
– Бу Германиядан 2014 йилги жаҳон чемпионатидаги мағлубият учун қасос олишга етарли бўладими?
– “Ўч олиш” сўзини ёқтирмайман. Лекин ўша ўйинда қатнашганлар уни ёдга олишса керак. Ўшанда майдонда жуда кам вақт ўтказгандим. Умид қиламанки, бу сафар барчаси менга боғлиқ бўлади. Биз кучимизга ишонамиз, аммо барчасини кичик жиҳатлар ҳал этади.
– Нойер дарвозасига аллақачон гол ургансиз. Уни жаҳоннинг энг яхши дарвозабони деб аташади.
– Бу ҳақиқат, у буюк дарвозабон. Бизнинг Льорис ҳам ундан ёмон эмас, назаримда. Уларнинг иккиси ҳам терма жамоада етакчи футболчилар. Албатта, Нойерни яна ранжитишни истардим. Мен урмасам ҳам кимдир гол уради. Гол уриб бўлмайдиган дарвозабонлар йўқ.
– Франция ва Германия ўртасида ҳамиша оддий бўлмаган муносабат бор. Ўтган йилнинг 13 ноябрь куни ўтган учрашув уни дўстона кўринишга келтирганди (ўша куни Парижнинг бир қатор ҳудудларида теракатлар рўй берган).
– Айтиш қийин. Лекин ўйин бошланган пайтда буни ҳеч ким эсламаса керак.
– Ярим финалга тайёргарлик кўриш учун бор бўлган 4 кун етарлими?
– “Стад де Франс”даги ёмон майдон ва ёмон об-ҳавога қарамай, ўзимни жисмонан яхши ҳис этяпман. Шерикларим ҳақида ҳам шундай дея оламан. Бизда жароҳат олган ёки дисквалификацияга учраган футболчилар йўқ. Мен ижобий шайланганман.
– Италияни мағлуб этган Германиядан фарқли ўлароқ Франция ҳозиргача бирор фаворитга тўқнаш келмади.
– Европа чемпионати етакчи ва қолган жамоалар ўртасидаги фарқ камайганини кўрсатди. Кучсиз термалар тартибли ва бор кучлари билан ўйнашмоқда, кўпларнинг таркибида жаҳон даражасидаги юлдузлар бор. Исландия Англияни ютди! Буни кимдир Европа чемпионатидан олдин тасаввур қила олармиди? Ўз-ўзидан тушунарли, буюк жамоаларни ютмасдан совринни ютиш имконсиз. Германия айнан шундай муносабатда бўламиз. Европа чемпионатини ютишни хоҳлаймиз. Бизда умид, хоҳиш ва куч бор. Францияни бахтли қилишни истаётган ажойиб жамоа мавжуд.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Комментарии