Мухлис минбари. Кейинги йил ПФЛ ҳал қилиши керак бўлган 11 муаммо
17 ноя 2018 20:23
Новости
Мухлис минбари. Кейинги йил ПФЛ ҳал қилиши керак бўлган 11 муаммо
ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграм каналидаги футболчиларнинг қарзлари билан вужудга келаётган муаммолар ҳақида ёзиб ўтди ва шундай муаммолар турганда Суперлига формати ҳақида гапириш тўғри эмаслигини ҳам айтиб ўтди.
ПФЛ раҳбарларидан бирининг муаммо борлигини тан олаётгани бу қувонарли хол. Зеро муаммо тан олинмас экан уни ҳал қилиш йўлига қадам ҳам қўйилмаслиги аниқ.
Лекин, муаммоларни биринчи, иккинчи ёки учунчи даражали қилиб ажратиш ҳам тўғри бўлмаса керак. Сабаб: ПФЛда бир ёки икки ходим эмас, бир неча ходимлар иш олиб боради ва табиийки ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор.
Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак муаммолар кўп ва ПФЛ енг шимариб ишга киришиши керак бўлади.
Қуйида эса бизнинг наздимиздаги муаммоларни санаб ўтишга ҳаракат қиламиз.
1.Суперлига формати
Суперлига формати ўзини оқламагани бу йилги мавсум кўрсатиб берди.
Бу форматнинг энг катта минуси иккинчи олтиликдаги жамоаларнинг ўйинига бўлган қизиқишнинг кескин тушиб кетиши бўлди. Пастки олтилик худди биринчи лигага жамоалар тушиб кетгандай қизиқишни олиб қўйди. Иш шу даражага етиб келдику, хатто жамоаларнинг ўз мухлислари ҳам стадионга келмай қўйишди. Бу формат орқасидан бир неча Суперлига савиясидаги жамолардан айирилган бўлсак. Яна адолатсиз "олтин очко" ҳисобига жамоалар майдонга нима учун чиқаётганларини билмайдиган ўйинлар ҳам бўлди. Масалан гранд жамоалардан жон бериб ўйнаб энг кўп очко олган Нефтчи адолатсиз формат туфайли бу очколардан бирор бир манфаат топа олмади.
Мадомики, жамоалар профессионал экан улар нима учун майдонга чиқаётганини билиши керак. Ҳеч қандай очко бермайдиган ёки кейинчалик олиб ташланадиган очколар маҳалла футболида бўлади, лекин профессионал спортда эмас.
Фараз қилинг икки профессионал жамоа майдонга бир бирига қарши чиқяпти, лекин иккаласи ҳам ҳеч қандай очко эга чиқмаслиги билиб турибти.
Ва бу формат ўз вақтида Россияда ҳам қўлланган эди. Руслар бир мавсумдан сўнг ақлини йиғиб олиб бу форматдан воз кечишган эди.
2. Ҳакамлар масаласи
Олдинги йилларда ҳакамларимиздан жуда кўп нолидик, улар бирор жамоани чемпион қилиш, ёки лигадан тушириб юборишда бевосита иштирок этишгани ҳақида кўп ва хўп гапирдик.
ПФЛга ва ЎФАга янги раҳбарлар келганда бу нарса барҳам топса керак деб умид қилдик. Лекин¸ бу мавсум кўрсатиб бердики ҳакамлик масаласи ҳал бўлмаган.
Ҳакамлар 3 очко масаласини ҳал қилган ўйинларда иштирок этишди, чемпионлик таъсир қилувчи ўйинларда ва лигадан тушириб юбориш, керак бўлганда эса ўйинларда бевосита атай ёки атаймас хатоларга йўл қўйишди. Хатолар шунчалик кўпки улар атай эмаслиги жуда катта шубҳалар бор, албатта.
Бир чет эллик мураббий айтган эди: "Сизнинг ҳакамлар жуда зўр, профессионал, ўйинларни зўр бошқаришади фақат ички чемпионат ўйинини эмас, халқаро ўйинларни".
3. Келишилган ўйинлар
Бу муаммони ҳам олдин кўп ва хўп гапирдик, лекин бу балодан ҳам қутулганимиз йўқ. Айрим ўйинларни кўриб туриб нимага жамоалар футбол ўйнамаятганига ҳайрон қоласан киши. Ёки ҳимояланаётган жамоаларнинг ҳимоячилари ўз зонасидан бошқа зоналарда югуриб юрганини кўриб ҳайрон қоласан киши. ПФЛни келишилган ўйинларга қарши қўмита тузиш пайти келди деб ўйлаймиз. Ва, бу қўмитада футболни тушунадиган, инсофли одамлар бўлишини хоҳлар эдик. Футболни тушунадиган дейишимизни сабаби оддий мухлис ёки журналистларга футболчиларни атай зоналарни очиб бериши ва шунга ўхшаш ҳаракатлари билинмаслиги мумкун. Лекин, ҳақиқий экспертларга эса буларни аниқлаб олиш муаммо эмас. Фақат кўз кўзга тушадику деб юз хотир қилиб юришмаса бўлди.
4. Тотализатор
Бу муаммо ҳам келишилган ўйинга ўхшаб кетади. Фақат фарқи бу ерда бир жамоа мураббийи ёки футболчисини ўзи ҳамма нарсани ҳал қилиб қўйиши мумкин.
Бу муаммони ҳам ҳал қилиш йўли худди юқоридаги каби бир бўлим тузиб, ўйинларни ўрганиш. ПФЛга осон тарафларидан яна бири, одатда шубҳали ўйинларни аниқлайдиган компаниялар бўлади. Ўшалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва иштирокчиларни қаттиқ жазолаш. Керак бўлса футболдан бутун умрга четлатиш. Бу иллат футболни ичидан чиритаётган иллатдир. Унинг жазоси эса ундан бутунлай ҳалос бўлиш.
5. Футболчи ва мураббийларни ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Диёр Имомхўжаев айтгандак бундай муаммолар кўп. Ва ФИФА ПФЛдан сўраяпти ҳам экан: "ўзларинг ҳал қиласанларми ёки биз аралашайликми" деб. Аслида бу иш ФИФАгача етиб боришини ўзи бу борада ПФЛда ҳеч қандай низом ҳам тизим йўқлигини кўрсатиб турибти. Ишлар тўғри йўлга қўйилган футбол лигаларида бу масала бўйича ҳам алоҳида қўмита ёки бўлим шуғулланади ва айнан шу бўлиб керак бўлса футболчининг, мураббийнинг ёки клубнинг манфаатини ҳимоя қилади.
Эсимизда қолгани шуки, олдинги ПФЛ шундай машмашалар билан шуғулланмаслик учун клублардан очиқ ойдин ойликларни контрактда кўрсатмасликни талаб қилар эди. Лекин, энди у ПФЛ йўқ бўлгани билан ўша тизим ҳали ҳам ишлаяпти ва бу муаммоларни ҳал қилиш вақти келди.
6. Про-лига формати
Бу формат ҳақида достонлар ёзиб чиқиш мумкин, лекин шундоқ камчиликлари кўриниб турибди ва бу камчиликлар бартараф қилиниши шарт.
7. Суперлига ва Про-лига жамоаларинг суперлигага чиқиш учун ўйини
Бу форматни ҳам адолатсиз деб ҳисоблаймиз. Сабабини эса қуйидагича деб биламиз.
Фараз қилинг сизнинг жамоа Про-лигада ўйнайди. Бюджет ҳам шунга яраша камроқ. Табиийки сизда маошлар кам бўлгани учун, ёки Про-лигада бўлганингиз учун кўп ҳам ўйинчилар келавермайди. Сизнинг жамоангиз ёшлар билан ва бир иккита ёши ўтган қариялар билан тўлдирилган ва шу таркиб билан суперлигага чиқиш учун курашяпсиз.
Рақибингиз эса Суперлигани пастки жамоаси бўлса ҳам бюджети суперлигада ўйнагани учун сизникидан кўпроқ, футболчилари ҳам кучлироқ. Чунки улар мавсумни суперлигада бошлашган, уларга футболчилар келади. Сизга эса Про-лигада бўлганингиз учун ҳеч ким келмайди.
Шунга қарамай сиз ўзаро ўтиш ўйинига чиқдингиз, раҳбарлар агар ўтиш ўйинидан ўтсангиз бюдеж кўпайтирилишини, исталган ўйинчини олиб келиб беришлигини ваъда қилишяпти. Лекин¸ лекин сиз қандай қилиб суперлига ўйинчиларига қарши ёш боллар ва бир икки ёши ўтган қариялар билан туриб берасиз?
Айнан шу нарсани билган суперлига жамоалари ҳам унчалик хавотир олишмаяпти. Чунки улар аниқ билишадики, ўтиш ўйинидан улар бемалол ўтишади. Сиз йиғлаб қолаверасиз, йиғлаб қолаверасиз ва вақти соати келиб сабри тугаган раҳбарлар жамоага умум пул бермай қўйишади.
Бизнингча ўтиш ўйинини умуман олиб ташлаб, тўғридан тўғри тушиб кетадиган ва тўғридан тўғри суперлигача чиқадиган қилиш керак.
Бу суперлигадаги ўйинлар шиддатини қандай орттирса Про-лигадаги шиддатни ҳам худди шундай орттиради.
Ўтиш ўйинидан ўтолмайдиган Про-лига жамоаларига Про-лигада ўйнаш умуман қизиқ бўлмай қолиши мумкин.
8. Про-лигадаги тотализатор
Тотализатор энг авж олган мусобақа бу про лига десак адашмаган бўлсак керак.
Фақат тотализатор деб мусобақада қатнашаётган жамоалар ҳам бор десак ҳам бўлади.
9. Про-лигадаги ҳакамлик
Бу мусобақадаги ҳакамликни гапириш билан иш битмаса керак. Буни албатта кўриш керак.
10. Энг катта муаммо бу клубларнинг молиявий аҳволи
Айтишингиз мумкин, ПФЛнинг футбол клубларининг молиявий аҳволига нима алоқаси бор деб. Бир қарашда алоқаси бўлмаслиги керак. Лекин, ЎФАнинг олдинги президенти қилган ишларни эсланг, Мираброр Усмонов клублар молиясиз қолиб кетмаслик учун жудда катта ҳажмдаги ишни бажарган эди. Натижада клубларимиз баққуват ҳомийларга эга бўлишган эди. Шундан келиб чиқиб ва вазиятга шундай ҳеч нарса қилмасдан қараб турилса футболимиз жуда катта жудоликка учрашини ҳисобга олсак бу муаммони ПФЛ эмас шахсан ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов ёки ЎФА Президенти Ачилбай Раматовлар ҳал қила олишса керак. Сабаби эса оддий, моддий муамоларга эга бўлган клубларга бир қаранг.
"Бунедкор", "Насаф", "Бухоро". Ана энди олимпия терма жамоаси ва терма жамоа футболчиларига қаранг. Аксари "Бунёдкор" ва "Насаф"дан. Ўзбек клублари орасида энг олчи академиялардан айнан шу клуб акадамиялари киради. Буларни олдига "Пахтакор"ни қўшса бўлади. Энди фараз қилинг "Бунёдкор" ва "Насаф" йўқ. "Пахтакор"ни бир ўзи эплай олармикан? Албатта йўқ. Бу клубларни ва бошқа клубларни йўқотиш Ўзбек футболини ривожланишини камида 10 йил орқага қайтаради. Ва агар, мабодо шунақа бўлиб қолса бу юқоридаги икки раҳбар даврида бўлган бўлади ва бу уларни Ўзбек футболи тарихида қолишлигига сабаб ҳам бўлади.
11. Футбол майдонлари
2018 мавсум кўрсатдики жамоларимизнинг аксари ўз майдонларига бепарво. Ҳамма нарсага пул ажратган жамоалар майдонга келган пул қизғонишяпти. Ваҳоланки майдонга унчалик кўп маблағ ҳам кетмайди. Қилиниши керак бўлган нарса бор йўғи майдонга жавоб берадиган ҳақиқий мутахасис керак холос.
2019 йилдан майдони талабга жавоб бермайдиган жамоаларни уй стадионида ўйнатмаслик керакдир балки? Балки ана ўшанда клубларимиз бу ишга жиддий қарашар?
ПФЛ 2018 мавсум бошида жуда жиддий ишга киришгандак кўриндию, лекин кўп нарса барибир қоғозда қолиб кетди.
Умид қиламизки 2019 мавсум қоғоздаги ишлар амалга ҳам кўчади.
Сайтингиз ўқувчиси Самвел.
Комментарии